Home / Ақоид ва Калом / Адл / Ал-Амру Байнал Амрайн Нима Дегани?

Ал-Амру Байнал Амрайн Нима Дегани?

 

1. Жабр назариясига тескари бўлган тафвиз (ўз ҳолига қўйилиш) эътиқоди

  Ҳаддидан чиқиш томонида турган жабр назарияси қарсида тамоман тескариси ўлароқ сустлик томонини тутган тафвиз, яъни ўз ҳолига қўйиб қўйиш ғояси вужудга келган эди.

«Тафвиз», яъни ўз ҳолига қўйиб қўйиш назарияси тарафдорларининг эътиқоди бўйича, Аллоҳ бизларни яратгандан кейин ҳамма нарсани бизнинг ихтиёримизга бериб қўйган ва бизнинг амал ва кирдикоримиздан бутунлай бегонадир. Шунинг учун одамлар ҳамма ишларида мутлақо мустақил ва озоддирлар.

Бешак, бу этиқод тавҳид (яккахудолик)га зиддир. Чунки, тавҳид таълимоти бўйича, бутун жаҳон Аллоҳнинг мулкидир ва ҳеч нарса унинг назари ва ҳокимиятидан четда эмас, ҳатто амалларимизни бажаришда ихтиёр ва иродамиз ўз қўлимизда бўлгани билан Аллоҳнинг қудрати ва ҳукуматидан ташқарида эмасдир. Акс ҳолда Аллоҳга ширк келтирганимиз шубҳасиздир.
 Бошқача айтганда, биз икки худога: Бири бутун борлиқни яратган буюк Худога ва иккинчиси эса буюк Худо унинг амалига ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайдиган ва ирода-ихтиёри мутлақо ўз қўлида бўлган мустақил ва эркин бўлмиш кичик худога, яъни инсонга эътиқод қила олмаймиз.Бу эътиқод бир неча илоҳга сиғиниш бўлиб, ширкдан холи эмас.
Биз ҳам инсонни эрк, ирода ва ихтиёр соҳиби, деб билишимиз ва ҳам Аллоҳни инсон ва унинг амали устидан ҳукмрон, деб билишимиз муҳим бир масаладир.

2. Мўтадил назария мактаби

 Бизнинг этиқодимиз икки хил назарияларнинг (жабрия ва тафвиз) орасидаги этиқоди бўлиб, ҳам Аллоҳнинг одиллигини тўла-тўкис қабул қилиб, бандалар учун «озодлик ва масъулият» борлигини эътироф этамиз ва ҳам тавҳид (яккахудолик), яъни Аллоҳ бутун борлиққа ҳукмрон эканига ишонамиз, ҳам инсоннинг қиладиган амалларида озод эканлигига бовар қиламиз, ҳамда Аллоҳнинг ягоналиги ва мутлақ ҳокимият эгаси эканлигига имон келтирамиз. Бундай этиқодга «Ал-амру байна амрайн» дейилади.
 Бу масала бироз тушунилиши қийин бўлгани учун содда мисол келтирмоқчимиз. Фараз қилинг сиз трамвай ҳайдовчисисиз. Электр сими трамвай билан электр манбаини улаб туради. Агар бирор дақиқага электр инергияси етмай қолса, трамвай дарҳол юришдан тўхтаб қолади. Албатта сиз ҳайдовчи сифатида йўлингизнинг истаган ерида тўхтаб ёки тўхтамасдан ҳаракат қилишингиз мумкин. Лекин озодлик ва ихтиёр соҳиби бўлишингизга қарамай, трамвайингизни бошқаришингиз учун электр инергиясини етказиб берувчи куч борки, агар у сизни электр инергиясидан маҳрум қилса, у ҳолда сиз трамвайни бошқара олмай, тўхтаб қоласиз, негаки, сизнинг бутун куч ва қудратингиз ўша электр инергияга боғлиқ бўлиб, унинг тугмаси ўша кучнинг қўлидадир.
 Агар бу мисолга диққат билан назар солсак, кўрамизки, ҳайдовчининг айни озод қудратга эга пайтида уни бу озодлигидан маҳрум қила оладиган қудрат бордир. Бу икки куч бирга бўлиши ҳеч зиддиятга сабаб бўлмайди. Зероки, бири нисбий озод бўлса, бири эса мутлақа озоддир.
   Бошқа мисол:
 Фараз қилинг: Бирор бир шахс юз берган ёмон ҳодиса ёки хасталангани сабабли асаб тузими ишдан чиқиб қолиб, қўлини қимирлатиш қудратига эга бўлмаса, шунда агар бир мулойим ва енгил электра энергияга улаб қўйиб, унинг асаби кучлантирилса, қўлини ҳаракатлантиришга қурби етади.
Мазкур шахс ўша кучга кирган қўли билан бирор бир жиноий ишга қўл урса, масалан; Бирор кимсанинг юзига тарсаки тушурса ёки бегуноҳнинг қалбига пичоқ урса, шубҳасиз, қилган жиноятида жавобгарликка тортилади. Негаки, мазкур жиноятга ҳам кучи етган ва ҳам ўз ирода ва ихтиёри билан ушбу жиноятни амалга оширган. Шунинг учун куч-қудрат ва ирода-ихтиёрга эга бўлган ўша шахс амал ва кирдикорининг баробарида масъулдир.
 Лекин шунга қарамасдан ўша шахсга электра энергия орқали қудрат ва куч яратган табиб унинг устидан ҳукмрон бўлиб, эркин ҳолатида ҳам табибнинг қудрати остида экани шубҳасиздир.
 Энди эса асл масалага қайтсак. Аллоҳ бизга куч-қудрат, ақл-ҳуш ва жисмоний соғлиқни бериб, ҳар лаҳза бу неъматларни бизга етказиб беради. Агар Худо ўз марҳаматини биздан бир лаҳзага бўлса-да дариғ тутса, шубҳасиз, биз нобуд бўламиз. Агар биз бирор ишни бажаришга қодир бўлсак, фақат Унинг қудрати туфайлидир. Ҳатто бизнинг ирода ва ихтиёримиз ҳам Унинг тарафидан берилгандир. Шундай экан, биз озод бўлишимиз билан, айни пайтда Ундан қудрат олиб, такомиллаша борамиз ва зинҳор Унинг ҳокимият чегарасидан четга чиқа олмаймиз.
 Шу боис, ирода-ихтиёр ва эркинликка молик бўлишимиз билан Аллоҳнинг қудрати остида эканимиз ва Унинг ҳокимияти чегарасидан ташқарида эмаслигимиз ва куч-қудратимиз бўла туриб, Унга боғлиқлигимиз ва Унингсиз ҳеч нарса эмаслигимиз муқаррардир.
 «Ал-амру байна амрайн» деган сўзнинг маъноси ана шудир. Биз инсонни «мутлақо озод» демаймиз, зеро ширк келтирган бўламиз ва инсонни бутун амалларида «мажбур», деб айтмаймиз, зеро унга зулм қилган бўламиз.
 Бу дарсни биз пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) ва у зотнинг «Аҳли-байтлари»дан ўрганганмиз. Улардан Жабр ва Ихтиёр орасида йўл борми? деб сўрашганда: «Ҳа ер ва осмончалик кенгликда йўл бор»- деб жавоб берганлар.

3. Қуръонда жабр ва ихтиёр масаласи

 Инсоннинг иродаси озод эканлиги Қуръони Каримнинг юзлаб оятларида келгандир:
 «Амр ва наҳий қилувчи», яъни яхшиликка буюрувчи ва ёмонликдан қайтарувчи оятларнинг ҳаммаси инсоннинг ирода-ихтиёри озод эканлигига далолат қилади. Негаки, агар инсон мажбур бўлганида эди, уни яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш беҳуда ва фойдасиз бўларди. Ҳолбуки, ҳикматли Тангридан беҳуда ва фойдасиз иш содир бўлмайди.
«Фосиқларни маломат ва солиҳларни мадҳ қилувчи оятлар барчаси инсон иродасининг озод эканига яққол далилдир. Чунки, инсон мажбур бўлган тақдирда ёмон амали учун уни койимоқ ёки солиҳ амали сабабли уни қадрламоқ маъносиз бўлади.  
«Қиёматдаги савол-жавоб ва муҳокама қилиниши ҳақидаги оятлар ва шунингдек, жаннатда бериладиган ажр-мукофотлар ва жаҳаннамдаги азоблар ҳақидаги оятлар инсон ирода-ихтиёрининг озодлигига очиқ далилдир. Чунки, мажбур бўлган тақдирда буларнинг барчаси тушунарсиз бўлиб, ёмонларни жазолаш очиқ зулм ҳисобланади.
«Инсон қиладиган амалига яраша муомалада бўлиниши ҳақидаги оятлар инсоннинг ирода-ихтиёри озод эканига ёрқин далилдир;» Мисол учун қуйидаги оятлар:

«كُلُّ نَفْسٍ بِمَا كَسَبَتْ رَهِينَةٌ»

  Ҳар бир шахс ўзи (ҳаёти дунёда) бажарган (яхши ва ёмон) амали билан гаровлидир (ушланувчидир). (Муддассир сураси, 38-оят)

«كُلُّ امْرِئٍ بِمَا كَسَبَ رَهِينٌ»

 Ҳар бир кимса ўзи касб қилган иши билан гаровга олинувчидир (ушланувчидир). (Тур сураси, 21-оят)

«إِنَّا هَدَيْنَاهُ السَّبِيلَ إِمَّا شَاكِراً وَإِمَّا كَفُوراً»

 Дарҳақиқат, Биз унга (инсонга) хоҳ у шукр қилувчи (мусулмон) бўлсин ва хоҳ ношукр (кофир) бўлсин, йўл кўрсатдик. (Даҳр сураси, 3-оят)
 Мазкур оятлар қилган даъвомизга очиқ далилдир.
Қуръоннинг айрим оятларида келган иборалар «Ал-амру байна амрайн» таълимотига ёрқин далил бўлиб, гоҳида баъзи огоҳ бўлмаган шахслар ўша ибораларни «Жабр назарияси»га йўйишган. Масалан:

«وَمَا تَشَاؤُونَ إِلَّا أَن يَشَاءَ اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيماً حَكِيماً»

  (Эй, инсонлар,) Аллоҳ хоҳласагина, сизлар ҳам хоҳларсиз. Шубҳасиз, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. (Даҳр сураси, 30-оят )
 Маълумдирки, бу ва бунга ўхшаш оятлар инсон ирода ва ихтиёри соҳиби эмаслигини баён этмайди, балки «сиз инсонлар ирода ва ихтиёрингиз ўз қўлингизда бўла туриб, Аллоҳнинг фармони остидадирсиз», деган ҳақиқатни исботлайди. Бу хусусида юқорида батафсил изоҳ бердик.
 Мазкур оятнинг мазмуни «инсонлар ирода-истак соҳиби бўлишлари билан бир қаторда шу пайтнинг ўзида Аллоҳнинг изну иродаси остидадирлар», демакдир.

 

Share

Check Also

Irоda va iхtiyorga оid aniq dalil

1. Jami insоnlarning vijdоni jabrni inkоr qiladi;   Ilоhiy dоnishmand va faylasuflarning insоn iхtiyoriga оid …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.