Home / Ақоид ва Калом / Адл / Ирода ва ихтиёрнинг озодлигига аниқ далил

Ирода ва ихтиёрнинг озодлигига аниқ далил

 

 1. Жами инсонларнинг виждони жабрни инкор қилади;

 Илоҳий донишманд ва файласуфларнинг инсон ихтиёрига оид кўп далиллари бор. Лекин биз энг яққол далилни келтиришни лозим топдик. Бу далил башариятнинг виждонидир.

  Ҳар қандай жамият, диндор бўладими ёки йўқми, ғарбий ёки шарқий бўладими, қадимдами ёки ҳозирги замондами, бадавлат ёхуд фақир-муҳтожми тараққий этган ёки тараққийлашмаган, ҳар қандай маданият соҳиби бўлишидан қатъий назар, ушбу ҳақиқатдан огоҳдирки, жамият учун қонун-қоида тузилиши зарурдир. Ҳар бир одам ана шу қонун-қоида олдида жавобгар бўлиб, қонунга хилоф қилганлар, албатта жазосини олишлари керак.
 Мухтасар қилиб айтганда, қонун ҳокимлиги, унинг баробарида жавобгарлик ва қонун бўйича жазоланиш масаласида оламнинг барча ақл-идрок эгалари ўзаро иттифоққа эришганлар ва бу уч муҳим масалани маданиятдан йироқ бўлмиш ваҳший тоифагина тушуна олди, холос. Бунинг ўзи инсоният виждони одамнинг ирода-ихтиёр соҳиби эканлигини эътироф этишини англатади. Нега деганда, агар инсон ўз амалида ирода-ихтиёрга эга бўлмаса, қандайига қонун олдида масъул, деб айта оламиз? Ёхуд беихтиёр ва мажбур бўлган ҳолда бажарган иши сабабли қонун олдида жазоланиши мумкин?! Қонунга хилоф иш қилгани учун зиндонга ёки ўлимга қандай қилиб ҳукм қилишимиз мумкин? Бу ҳолда қилган ишимиз одамларнинг ҳаётига хавф солиб, тоғдан думалаб тушаётган тошларни муҳокама қилгандек бўламиз.
 Тўғрики, инсоннинг тошдан жуда ҳам катта фарқи бор. Бироқ инсон ўз ирода-ихтиёрида озод эканини инкор қилсак, инсон билан тош ўртасида фақатгина зоҳирий фарқ бўлиб, ҳар иккаласи жабрий куч таъсири остида амалини бажарган бўлади. Тош ернинг тортиш кучи таъсири туфайли йўл ўртасига думалаб тушган бўлса, жабрийлар этиқоди бўйича, жинояткор, қотил ва қонунбузар шахс, жабрий омиллар таъсирида қўл урган жиноятига мажбур бўлган. Жабрийлар эътиқодига мувофиқ тош ва инсон ўртасида натижа туқтаи назаридан ҳеч қандай фарқ йўқдир. Зероки, уларнинг ҳеч бири ўз ирода-ихтиёри билан ишни бажармаган. Нимага бири муҳокама қилинсин-у ва бошқаси муҳокама қилинмасин?!
  Биз икки йўл қаршисида бирини танлашимиз керак: Ё барча одамлар виждонини саҳв-хатога йўйиб, бутун қонун ва адлия маҳкамалари ва жинояткорларнинг жазоланишини беҳуда ва фоидасиз, балки зулм ва шафқатсизлик, деб ҳисоблашимиз керак. Ёхуд «Жабрия» назариясини инкор қилишимиз лозимдир. Албатта иккинчи йўлни танлаш маъқулроқдир.
  Ажабланарлиси шундаки, ақлий-фалсафий нуқтаи назаридан «жабр назарияси»га ёндашадиган ва уни исботлаш учун далил келтирадиган шахслар кундалик кечирадиган ҳаётларида инсон ўз ирода-ихтиёрида озод эканини амалда кўрсатиб бериб, ирода-ихтиёр озодлиги тарофдори бўлиб кўринадилар.
 Зероки, агар бирор шахс уларнинг ҳақ-ҳуқуқини оёқ ости қилса ёки уларга азият-озор берса, ўша шахсни маломатланиш ва жазоланишга сазовор, деб билиб, унинг устидан адлия маҳкамасига шикоят қилишади ва гоҳида дод-фарёд кўтариб шовқин солишади ва қонунбузар жуноятчини қонун баробарида жазога тортмагунларича орқага чекинишмайди!
  Агар чиндан ҳам инсон ирода-ихтиёр соҳиби бўлмаса, жиноятчини койимоқ ва унинг устидан шикоят қилмоқ ва ўз ҳақ-ҳуқини ундириш учун шовқин-сурон кўтариб фаёд этмоқ нима маънони англатади?!
  Ҳар ҳолда, ақл-идрок эгаси бўлган барча жаҳон инсонларининг виждони инсон ирода-ихтиёр соҳиби эканига ёрқин далил бўлиб, улар бу ҳақиқатнинг мавжудлигини бутун вужудлари билан тасдиқлайдилар ва бу эътиқодларида вафодор ва мустаҳкам бўлиб келганлар. Ҳатто бир кунга бўлса ҳам, бу эътиқодларидан кўз юмиб, ижтимоий ва шахсий ҳаётларини бошқаришдан ожиздирлар.
Ислом оламининг буюк файласуфи бўлмиш Хожа Насириддин Тусий «жабр ва ихтиёр» масаласини қисқа бир ибора билан шундай баён қилганлар:

 والضرورة قاضية باستناد أفعالنا إلينا

 «Зарурий идрок этишимиз ва виждонимиз ҳукми бўйича, барча амалимиз ўзимизга боғлиқдир.»

2. Жабр тушунчасининг дин мантиқига зидлиги

  Юқорида келтирган далилимиз одамларнинг диний этиқодидан қатъий назар уларнинг виждонига асосланган эди. Бироқ диний тафаккурга таянган ҳолда ундан келиб чиққан жабрияга қарши қатъий далилимиз бордир.
  Зеро диний этиқодлар жабрия назарияси» га мувофиқ эмас. Жабрия назариясини қабул қилиш билан дин таълимотларининг ҳаммаси пучга чиқади. Ахир қандай қилиб олдинги дарсларда ёритиб исботлаганимиз Аллоҳнинг адолатини жабр эътиқодига татбиқ эта оламиз?! Қандайига Худо бандасини бирор ёмон ишга мажбурлаб, сўнгра уни бу ишни қилгани учун «Нимага бу ишга қўл урдинг», деб жазолаши мумкин?! Бу мантиққа асло тўғри келмайди.
  Бинобарин, жабрия назариясини қабул қилсак, ажр-мукофот ва жазо, жаннат ва жаҳаннам тушунчалари маъносиз бўлиб қолади.
  Шунингдек, Қуръон оятларида зикр қилинган номаи-амал, охиратдаги ҳисоб-китоб, солиҳларни қадрлаш, фосиқларни жазолаш каби таълимларнинг ҳаммаси асоссиз бўлиб қолади. Чунки, жабр эътиқодига кўра, на солиҳлар ва на фосиқлар амалларни ўз ихтиёрлари билан бажаришмаган.
  Бундан ташқари, биз дин деганда аввало «вазифа ва масъулият»ни тушунамиз. Агар ҳеч бир инсон қиладиган амалида ихтиёрга эга бўлмаса, унда вазифа ва масъулият қабул қилиш нима маънони англатади?! Агар бирор кишининг қўллари унинг ирода-ихтиёридан ташқари ҳолда қалтираса, «қўлларингни қалтиратма»- дея оламизми? Ёки тепаликдан сирғаниб пастга думалаб кетаётган одамга «тўхта!»- деб буюруқ бера оламизми?
  Мана шунинг учун муъминлар амири Али(алайҳис салом) машҳур хутбада «жабрия назарияси» бутпарастлар ва шайтон гуруҳининг тутган йўли экани ҳақида шундай деганлар:

«تلک مقالة إخوان عبدة الاوثان و خصماءِ الرَّحمان و حزبِ الشَّيطان»

 «Бу (жабр эътиқоди), бутпарастлар биродарларининг ва Худо душманларининг ва шайтон ҳизбининг сўзидир.»

 

Share

Check Also

Irоda va iхtiyorga оid aniq dalil

1. Jami insоnlarning vijdоni jabrni inkоr qiladi;   Ilоhiy dоnishmand va faylasuflarning insоn iхtiyoriga оid …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.