Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Қисқа Муддатли Ғайбат ёки Суғро Ғайбати

Қисқа Муддатли Ғайбат ёки Суғро Ғайбати

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ 

«Суғро Ғайбати» деганда ўн иккинчи пешвоимиз ва сарваримиз Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин)нинг оталари Имом Ҳасани Аскарий (алайҳис салом) оламдан ўтганларидан сўнг имомат ва пешволикка етишлари билан бошланган Қисқа Муддатли Ғайбат (кўздан ғойиб бўлиш) назарда тутилади.

 «Суғро Ғайбати»нинг муддати етмиш йилдан узоқ давом этмади. «Суғро Ғайбати»нинг муддати Ҳижрий Қамарийнинг 260-йилидан бошланиб 329-йилигача давом этди. Ушбу муддат мобайнида хос ноиблар Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин)нинг ҳузурларига шарафёб бўлар, халқнинг саволларини ва Имомнинг жавобларини уларга етказиб берар эдилар. Имомнинг ҳузурларига шарафёб бўлиш ифтихорига муяссар бўлган хос ноиблар тўрт нафардан иборат бўлиб, улар «Нуввоб Хос» ёки «Махсус Ноиблар» унвони билан танилганлар.

Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин)нинг хос ноибларининг биринчиси Усмон ибн Саид Асадийдир. У афтидан ҳижрий қамарийнинг 260-йилидан сўнг вафот этган ва Бағдод шаҳрида дафн этилган. Усмон ибн Саид ўнинчи ва ўн биринчи имомларнинг ишончли шогирдлари ва ёр-асҳобларидан бўлиб, у киши имомларнинг таълим ва тарбиялари остида парвариш топган етук ва баркамол инсон эди.

Муҳаммад ибн Усмон Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин)нинг иккинчи хос ноиблари бўлиб, биринчи ноиб Усмон ибн Саиднинг ўғилларидир. Бу зот ҳижрий қамарийнинг 305-йилида вафот этиб, Бағдод шаҳрида дафн этилганлар. Муҳаммад ибн Усмон ҳазратларининг ноиблик муддати қирқ йил давом этади.

Ҳусайн ибн Руҳ Навбахтий Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин)нинг учинчи хос ноиблари бўлиб, ул ҳазрат Ҳижрий Қамарийнинг 326-йилида вафот этганлар. Бу буюк инсоннинг ноиблик муддати йигирма бир йил давом этади.

Али ибн Муҳаммад Самурий Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин)нинг тўртинчи хос ноиблари бўлиб, Ҳижрий Қамарийнинг 329-йилида вафот этганлар ва Бағдод шаҳрида дафн этилганлар. Бу улуғ зотнинг қабрлари буюк олим ва муҳаддис Муҳаммад ибн Яъқуб Кулайний ҳазратлари мақбарасининг яқинида қарор топган.

Юқорида зикр этилган тўрт хос ноиблар тақводор, парҳизкор ва маърифатли етук диний олимлар бўлиб, улар «Суғро Ғайбати» даврида кўзлардан ғойиб бўлаган Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин) билан халқ орасида воситалик вазифасини ўтаганлар. Улар халқнинг турли муаммо ва мушкулларини Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин)га етказиб бериб, халқнинг мушкулларини ҳал этишда улкан хизматлар кўрсатганлар.

Тўртинчи Хос Ноиб Али ибн Муҳаммад Самурий ҳазратлари вафот этиши билан  «Суғро Ғайбати» ҳам якун топади ва Аллоҳ таолонинг амри билан ўн иккинчи пешвоимиз ва сарваримиз Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин)нинг Узун Муддатли Ғайбатлари (кўздан ғойиб бўлишлари) бошланади.

Ушбу иккинчи Ғайбатнинг муддати узоқ вақт давом этгани сабаб «Кубро Ғайбати» деб номланган. Ушбу «Кубро Ғайбати» даврида Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин) ўзлари билан халқ орасида махсус кишиларни уларнинг номини айтиш билан «Хос Ноиб» этиб тайинламадилар, балки Аллоҳ таолонинг амри билан ул ҳазратга энг яқин бўлган фақиҳ ва мужтаҳидларни «Умумий Ноиб» этиб тайинладилар.

Шунинг учун «Кубро Ғайбати» даврида фақиҳ ва мужтаҳидларга эргашиш айнан Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин)нинг айтганларига бўйсуниш ва кўрсатган йўлларидан боришдир.

«Кубро Ғайбати»дан сўнг Имом Маҳдий (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин) зуҳур қилиб (ғойиблик пардаси ортидан чиқиб) бутун ер юзида «АДОЛАТЛИ ДАВЛАТ» тузадилар.

🤲 Ўша Кунни кўришни Тангри таоло ҳаммабизга насиб этсин! Омин!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.