Home / Ақоид ва Калом / Маод / Қайта тирилишнинг фитратдаги ўрни

Қайта тирилишнинг фитратдаги ўрни

  Ўтган дарсларда айтиб ўтганимиздек худошунослик инсоннинг фитрати ва табиатида жой олган. Агар инсоннинг ички дунёсидаги огоҳ ва ноогоҳ қисмини тинтиб кўрсак, бу жаҳонни мақсад, режа-дастур ва илм узра яратган Тангри таолога нисбатан унинг имони, ишончи ва муҳаббатини фаҳмлаб оламиз.

  Бироқ фақат тавҳид, худошунослик ва худога сиғиниш туйғуси фитрий бўлибгина қолмай, балки усули дин (диннинг асоси) ва фуруи дин (диннинг таълимоти ва аҳкоми) инсоннинг фитратида бўлмоғи даркор. Акс ҳолда шариат қонунлари билан хилқат ва борлиқ қонунлари орасида ҳеч вақт уйғунлик ва мутаносиблик ҳосил бўлмаган бўлур эди. (диққат қилинг!)   Агар биз қалбимизга қулоқ солсак ва руҳ ва жонимизнинг тубини титкилаб кўрсак, у ҳолда қалбимизнинг: «Ўлим инсон ҳаётининг ниҳояси ва тугаши эмас, балки ўлим бу дунёдан бошқа бир боқий оламга ўтиладиган даричадир!» дейишини эшитамиз.   Бу ҳақиқатни фаҳмлаш учун эса қуйидаги масалаларга эътибор қаратишимиз керак:

1. Мангуликка бўлган иштиёқ

  Агар чиндан ҳам инсон фоний ва йўқ бўлиш учун яратилганида эди, умрининг охирида ўлимдан лаззатланиб, ҳеч вақт фоний ва йўқ бўлишдан ҳайиқмаган бўлар эди. Ҳолбуки, нест-нобуд бўлиш маъносидаги ўлимнинг қиёфаси инсон учун ҳеч вақт ёқимли бўлмаган, балки инсон бор имконияти ва бутун вужуди билан ўлимдан қочиб келган.   Умрни узайтиришга бўлган интилишлар ва ёшликни сақлаб қоладиган дори-дармонлар кетидан қилинадиган югуришлар фикримизни тасдиқлайди. Мангуликка бўлган иштиёқ шу нарсани исботлайдики, биз инсонлар мангу ва абадий ҳаёт учун яратилганмиз. Агар биз фоний ва нест-нобуд бўлиш учун яратилганимизда эди, абадиятни бунчалик яхши кўриб, севишимизнинг маъноси бўлмас эди.   Қалбимизда мавжуд бўлган барча асосий ва ҳақиқий ишқ-муҳаббатлар бизнинг вужудимизни баркамол этиш учун хизмат қилади, шу жумладан абадият ва мангу ҳаётга бўлган ишқ-муҳаббатимиз бизни такомиллаштиради.   Шу нарсани унутмаслик керакки, биз қиёмат ва охират ҳақида ҳикматли ва доно зот бўлмиш Аллоҳнинг борлигини қабул қилгандан кейингина баҳслар юритамиз. Бизнинг эътиқодимизча, Аллоҳ таоло бизнинг вужудимиз ва фитратимизда ниманики яратган бўлса, ҳикмат ва ҳисоб-китоб асосидадир. Шунга кўра, инсоннинг абадият ва мангуликка бўлган иштиёғи ва муҳаббати маълум бир ҳисоб-китоб ва ҳикмат узра бўлмоғи даркор, у ҳам бўлса бу дунёдан кейинги нариги оламда мангу ва абадий ҳаёт кечиришдан ўзга нарса бўла олмас.

2. Қайта тирилиш ва қиёмат тушунчаси олдинги қавмлар орасида

  Инсоният тарихининг гувоҳлик беришича, қадим замонлардан бери одамлар орасида динга эътиқод қилмоқ мавжуд бўлган. Бу эса улар ҳам «ўлимдан кейинги охират ҳаёти»га чуқур ишонганликларига очиқ гувоҳдир.   Қадимги инсонлардан ҳатто эрамиздан илгариги инсонлардан қолган тарихий асарлар ва обидалардан, айниқса қабрларни қуриш усулларидан ва мурдаларнинг қай тарзда дафн этилишидан ушбу ҳақиқат маълум бўладики, улар ҳам ўлимдан кейинги ҳаётга имон ва ишончлари бўлган.   Башарият орасида ҳамиша бўлиб келган чуқур илдизли бундай эътиқодни оддий бир нарса деб ўйлаб, ёки талқин қилиш ва уқтиришлар натижасида вужудга келган, деб ҳисоблаб бўлмайди. Зеро, ҳар вақт бир эътиқодни илдизли шаклда ва инсонлар жамиятининг тарихи бўйлаб давом этиб келаётганини кўрсак бу ҳолат ўша эътиқод инсониятнинг фитратида жой олганидан дарак беради, деб билмоғимиз лозим. Зеро, фақат фитрат ва табиатгина замон ўтиши ва ижтимоий ва фикрий ўзгаришлар қаршисида бардош бериб, худди шундай мустаҳкам ва букилмас ҳолда қолаверади. Демак, узоқ-узоқ муддатлардан бери давом этиб келаётган ўта теран ва негизли эътиқодни оддий урф-одат, талқин қилинишлар ва уқтиришлардан келиб чиққан дея олмаймиз. Негаки, урфу одатлар ва талқин қилинишлар вақт ўтиши ва замон ўзгариши билан ўзгаради ва инсонлар ёдидан кўтарилади.   Фалон хил кийимни кийиш бир одат ёки расм-русумнинг бўлаги ҳисобланади, шу боис, муҳит ўзгариши ва замон ўтиши билан у ҳам ўзгаради.   Аммо онанинг фарзандига бўлган ишқу муҳаббати ғаризий, фитрий ва табиий ҳис-туйғу бўлгани учун на муҳитнинг ўзгариши унинг шуъласини сўндира олади, на вақт ўтиши унинг унутилиши ва йўқолишига олиб келади. Ҳар қандай ботиний «Ҳис-туйғу, табиий майл ва интилиш» мана шундай ҳолатда бўлса, инсоннинг фитрати ва табиатида жой олганидан ёрқин далолат беради.   Тадқиқотчи олимларнинг қилган изланишларидан қўлга киритилган маълумотларга кўра, «инсонларнинг дастлабки тоифаларида ҳам динга ва охиратга имон ва ишонч мавжуд бўлган… Шунинг учун, улар мурдаларни махсус усуллар билан дафн қилишган ва мурдаларнинг керакли асбоб-анжомларини уларнинг ёнига қўйишган. Шу йўсинда нариги оламга бўлган ўз эътиқодларини исботлаганлар.»   Биз ушбу илмий татаббудан келиб чиқиб, бу ибтидоий инсонлар ўлимдан кейинги ҳаётни қабул қилганликларини яққол тушуниб оламиз, ҳарчанд улар хатога йўл қўйиб, охиратдаги ҳаёт ҳам худди бу дунёнинг ҳаётига ўхшаш бўлиб, дунёвий асбоб-ускуналар керак деб ўйлаганлар.

3. Виждон деб номланган қалбдаги маҳкаманинг борлиги охиратнинг фитрий эканлигига гувоҳдир.

  Бундан аввал ҳам айтиб ўтганимиздек ҳаммамиз яхши ҳис қиламизки, ички дунёмизда виждон деб номланган кучли бир ҳисоб – китоб қилувчи маҳкама мавжуд бўлиб, бизнинг амалларимизни назорат қилиб туради ва қиладиган яхши амалларимиз учун бизни мукофотлайди, оқибат шундай ботиний осудалик ва хотиржамликни ҳис қилиб, руҳимиз шодлик ва қувончга тўлиб тошадики, унинг лаззатини ҳеч қандай баён ва қалам билан тасвирлаб бўлмайди. Қабиҳ ва ёвуз амаллар, хусусан буюк гуноҳлар туфайли шундай жазолайдики, яшашни инсонга аччиқ ва азоб-уқубатли қилиб қўяди.   Кўп вақтлар одам ўлдириш каби оғир жиноятга қўл уриб, терговдан қочиб кетган баъзи жиноятчилар маълум муддат ўтгач, ўз ихтиёри билан келиб қонуний маҳкамаларга ўзларини таништириб, ўлим жазосига таслим бўлганлар. Улардан нима учун ўзларини қонун баробарида таслим қилганликлари ҳақида сўралганда, улар виждон азобидан қутулмоқчи эканликларини айтганлар.   Инсон ўзининг ички дунёсидаги маҳкамани мушоҳада қилиб, ўзидан сурайди: «Қандайига мендек кичик бир инсоннинг замирида шундай кучли маҳкама бўлса-ю, аммо буюк ва кенг борлиқ оламнинг ўзига хос ва муносиб маҳкамаси бўлмаса-я?»   Шу тартибда уч хил йўл билан маодга ва ўлимдан кейинги охират ҳаётига бўлган ишонч ва эътиқоднинг фитрий эканлигини исботлай оламиз:

  •  Мангуликка бўлган муҳаббат йўли билан.  

  • Башарият тарихининг ҳамма даврида охиратга ишонч ва эътиқод бор бўлганлиги йўли билан.

  • Инсон қалбидаги охиратнинг кичик намунаси бўлмиш виждон деб номланган маҳкаманинг мавжудлиги орқали.

Share

Check Also

Ruhning bоqiyligi охirat bоrligidan dalоlatdir

  Оdamzоt qachоndan beri ruh haqida fikr yuritishni bоshlaganini hech kim bilmaydi. Faqat shuni ayta …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.