Home / Ақоид ва Калом / Маод / Қиёмат маҳкамасининг бир намунаси вужудимизда мавжуддир

Қиёмат маҳкамасининг бир намунаси вужудимизда мавжуддир

  Ўлимдан кейинги қайта тирилиш ва қиёмат кунидаги улкан суд муҳокамасининг ташкил этилиши бу дунёнинг чамбарагида тутқунликка учраган биз одамлар учун янги бир масала бўлиб кўрингани боис, Аллоҳ таоло виждон муҳокамаси деб аталмиш бундай суд муҳокамасининг

кичик бир намунасини шу дунёда бизга кўрсатиб қўйган. Бироқ унутмаслигимиз керакки, бу бир кичик намунадир, холос.   Энди бу ҳақда бир оз муфассалроқ сўз юритсак яхши бўларди: Инсон қиладиган амаллари учун бир неча маҳкамаларда муҳокама қилинади; Биринчи маҳкама ўзимиз билган оддий ва инсоний судлов органлари бўлиб, камчилик ва заъф-нуқсонларга тўладир. Бу органлар тузумида камчилик ва нуқсонлар бўлганлиги билан инсон ҳаётида бағоят муҳим саналиб, жиноят ишлари озайишида диққатга сазовор таъсирга эгадир. Аммо шунга қарамай, бундай органларнинг асос ва пойдеворининг тузулмасига биноан, уларда адолатнинг комил ва тўлиқ шаклда ижро этила олмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Зеро, агар қонунлар яхши бўлмай, қозилар ҳам носолиҳ бўладиган бўлса, таниш-билишчилик, порахўрлик, нохолислик ва ноҳақсизликлар рўй беради ва унинг жамиятдаги таъсири чиппакка чиқади. Хуллас, бундай маҳкамаларнинг бўлганидан бўлмагани яхши. Негаки, уларнинг бўлиши худбин зўравонларнинг мақсади амалга ошишига ёрдам беради.   Бордию қонунлар нисбатан яхши ва одилона бўлиб, қозилар ҳам доно, солиҳ ва тақводор бўладиган бўлишса янада айрим моҳир жинояткорлар борки, ўзларининг жиноят изларини усталик билан йўқотадилар ва тергов органлари уларни топишдан ожиз қоладилар ёки шундай чора-тадбирларни кўриб, режалар уюштирадиларки, қозининг қўл-оёғини боғлаб қўйиб, маҳкама қонунларининг куч ва таъсирини йўққа чиқарадилар.   Иккинчи маҳкама ҳисоб-китоби аниқроқ бўлиб, «амалларнинг жазоси» деб номланади. Бизнинг қилган амалларимиз ўзидан асар ва таассурот қолдириб, эртами ёки кечми бизни қамраб олажак. Гарчи бу маҳкама умумий бўлса-да, бироқ кўпчиликни ўз ичига олади.   Зулму ситам ва зўравонликка асосланган ҳукуматларнинг кўпини кўрганмиз. Улар қўлларидан келган жабру жафони ўз халқига раво кўрганлар ва охир-оқибат ўзлари тўқиган тузоққа ўзлари илиниб, уларнинг амалларининг инъикоси ва акссадоси намоён бўлиб, инқироз ва ҳалокатга учраганлар. Улардан қолган асар фақат нафрат ва лаънат билан эслашдир, холос. Қайтар дунё деб шунга айтадилар. Амалларнинг жазоси ўзаро чамбарчас боғлиқ алоқага эга бўлгани боис саҳналаштириш йўли билан унинг чангали-дан қочиб қутулганларнинг сони жуда оздир.   Бундай маҳкаманинг айб-нуқсони умумий бўлмаслигида ва аниқлик даражасида ҳаммага бир хил эмаслигидадир. Шунга кўра, бизни қиёмат кунининг улкан маҳкамасидан беҳожат қила олмайди.   Учинчи маҳкама юқорида айтилганлардан ҳам аниқроқ ва ҳисоб-китоби чуқурроқ бўлиб, бу маҳкаманинг номи – «виждон»дир.   Дарҳақиқат, қуёш сайёраси ўзининг ҳайратланарли тузилмаси билан ғоят кичик бир шаклда бир атомнинг ичида сиғдирилгани сингари ички оламимиздаги виждонни ҳам қиёматдаги суд маҳкамасининг кичиклаш-тирилган мокетидир, деб айтишимиз мумкин.   Зеро, ҳар бир инсоннинг ички оламида жумбоқли бир куч мавжуд бўлиб, мусулмон файласуфлар уни «амалий ақл» деб атасалар, Қуръони Каримда эса «нафсул лаввома» деб номланган. Эндиликда уни «виждон» деб айтадилар.   Инсон яхши ёки ёмон ишга қўл уриши биланоқ бу маҳкама зудлик билан шовқин-суронсиз, аммо жиддий суратда ўз ишини бошлайди. Яхши амал бажарган бўлса, инсоннинг руҳини кўтаради, аммо бирор ёмон амал қилган бўлса виждон азоби билан қийнайди.   Гоҳида бу виждон қийноқлари шундай кучли ва шиддатли бўладики, жинояткорни ичидан шаллоқ уриб, руҳий қийноққа солади ва оқибат ўлимни очиқ оғуш билан қаршилаб олиб, яшашдан кўра ўлишни афзал кўради ва ўзининг васиятномасида: «Агар мен ўз жонимга суиқасд қилган бўлсам, бунинг сабаби виждон азобидан қутулиш эди», деб ёзади.   Баъзан яхши ва эзгу амал қилган инсонни эса виждон шундай руҳлантириб, завқ-шавқ ва қувноқ ҳолатга келтирадики, инсон қалби чуқур ором ва осудалик топиб, хотиржамликка эришади. Бу осудалик ва хотиржамлик бағоят ғайратлантирувчи бўлиб, унинг лаззати ва шукуҳи тавсифлаб бўлмайдиган ва ҳеч баёнга сиғмайдигандир.

  Виждон маҳкамасининг ўзига хос хусусиятлари ва ғаройиб нишоналари бор:

  1. Бу маҳкамада қози, ҳукм қилувчи ва шоҳид ҳам бир ерда жамланган. Яъни қози ҳам, шоҳид ҳам, ҳукм қилувчи ҳам виждоннинг ўзидир. Виждоннинг ўзи шаҳодат беради ва муҳокама қилади, сўнгра енг шимариб, ўз ҳукмини ижро қилади.   2. Бу маҳкаманинг муҳокамаси бошқа судлов органларига ўхшаб шов-шув билан маълум муддат ва баъзан ҳатто йиллар давом этмасдан балки яшин тезлигида ўз ишини кўради. Албатта гоҳида жиноят иши ҳужжатларини исботлаш ва ғафлат пардаси кўз олдидан четга сурилиши учун бир оз вақт керак бўлиши мумкин, аммо керакли ҳужжатлар тўплангач, дарҳол кескинлик билан ҳукм содир этилади.   3. Бу маҳкамада ҳукм бир босқичда амалга оширилиб, қайта кўриб чиқиш ва янгитдан муҳокама қилиш каби босқичлар йўқдир.   4. Бу маҳкамада фақат жазо берилмайди, балки ўз вазифасини шарафли ўтаганларга мукофот ҳам берилади. Бошқача айтганда; бу маҳкамада ҳам солиҳ амаллар ва ҳам жиноятлар кўриб чиқилиб, ҳар бирига мутаносиб равишда ажр-мукофот ёки жазо берилади.   5. Бу маҳкаманинг жазолари бошқа маҳкаманинг жазоларига ўхшамай қамоққа ҳибсга олиниш, шаллоқ уриш, дорга осиш каби жазолар йўқдир, аммо одамнинг ичини шундай куйдириб, зиндонга ташлайдики, дунё бутун кенглиги билан одам учун тор бир қамоқдаги бир кишилик камерадан кўра даҳшатлироқ ва хавфлироқ қилиб қўяди.   Хуллас, бу маҳкама бу дунёнинг судлови туридан эмас, балки охиратда ташкил этиладиган маҳкаманинг бир кўринишидир.   Виждон қанчалик муҳим маҳкама эканлигини Қуръонда унга қасам ичилганидан ва қиёматнинг маҳкамаси ёнида зикр қилинганидан ҳам билиб олиш мумкин. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилган:

لَا أُقْسِمُ بِيَوْمِ الْقِيَامَةِ  وَلَا أُقْسِمُ بِالنَّفْسِ اللَّوَّامَةِ  أَيَحْسَبُ الْإِنسَانُ أَلَّن نَجْمَعَ عِظَامَهُ  بَلَى قَادِرِينَ عَلَى أَن نُّسَوِّيَ بَنَانَهُ

 1. Қиёмат кунига қасамёд этурман.  2. Шунингдек, уйғоқ виждон ва маломатчи нафсга қасамёд этурманки, (қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар!)  3. Инсон унинг (чириб кетган) суякларини сира тўплай (тиклай) олмаслигимизни Биздан гумон қилурми?!  4. Йўқ, Биз унинг бармоқларини (ҳар бир шахсга хос бўлган унинг бармоқ изларини ҳам) тиклаб қўйишга қодирмиз! (Қиёмат сураси; 1-4 оятлар).   Албатта виждон маҳкамаси юқорида айтилган ҳамма яхши хусусиятларга эга бўлиши билан бирга дунёвий бўлгани учун бизни қиёматнинг маҳкамасидан беҳожат қила олмай қуйидаги нуқсон ва камчиликларга ҳам эгадир:  1. Виждоннинг ҳудуди ва доираси ҳамма нарсани ўз ичига олмай, инсоннинг ақлу идроки ва фикрлашига боғлиқдир.  2. Гоҳида моҳир ва фирибгар инсон ҳатто ўз виждонини ҳам алдаб қўйиши мумкин. Бошқача таъбирда; ўз виждонига фириб бера олади.  3. Баъзи гуноҳкорларда виждон нидоси шунчалик заифлашиб қоладики, ҳатто эгаси бу садони эшитмайди.   Шунинг учун тўртинчи маҳкама, яъни қиёмат кунида бутун оламнинг буюк маҳкамаси ташкил этилишига сўзсиз эҳтиёж борлиги ёрқин тарзда аён бўлади.

Share

Check Also

Ruhning bоqiyligi охirat bоrligidan dalоlatdir

  Оdamzоt qachоndan beri ruh haqida fikr yuritishni bоshlaganini hech kim bilmaydi. Faqat shuni ayta …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.