Home / Шариат қонунлари / Талоқ / Исломда талоқ ва ажрашиш (1)

Исломда талоқ ва ажрашиш (1)

  Илк навбатда шуни билмоқ лозимки, ажрашиш, талоқ ва эр-хотинлик риштасини узмоқ ғайритабиий ва яратилиш қонун-қоидаларига муxолиф бўлган бир ишдир.

Агар бирор жамиятда ажрашишлар ва оилалар бузилишининг сони ортиб борса, бу эса, ўша жамият яшашнинг табиий қонун-қоидаларидан чеккага чиқиб, йўлдан озганини кўрсатади.

  Психолиглар, жамиятшунослар ва ҳуқуқшунослар ажрашиш ва талоқнинг сабаблари ҳақида бир талай тадқиқотлар олиб бориб, оила қулаши билан ёшлар одоб-ахлоқи ва шахсиятининг ўртасидаги алоқани кашф этиб, ушбу мавзуни муҳокама қилиб, бу борада ўз назарларини билдирганлар, ажралиш ва талоққа фақат жуда зарур ҳоллардагина рухсат этиш кераклигини таъкидлаганлар. Негаки, талоқ ва ажрашишнинг натижасида самимий бир оила қулайди, оила қуришнинг самараси бўлмиш болалар маънавий ва руҳий зарбалар остида қолиб, турли фасод ва бузғунликлар, руҳий ва фикрий оғишларга дучор бўладилар. Шу боис, жамиятшунос ва руҳшунос олимлар-нинг қилган таклифларига биноан, оила муносабатлари шундай бир шаклда тартибга келтирилиши лозимки, бунинг натижасида ажралиш ва талоқ имконлари энг оз миқдорга чеклантирилсин ва бу хусусда қаттиққўлликлар амалга оширилиб, бунга энг зарур вазиятларда йўл қўйилсин.

  Тўғрики, талоқ ва ажрашиш ахлоқий ва руҳий жиҳатдан номаъқул ва қабиҳ бўлса-да, бироқ айрим ҳолатларда шароит тақозосига биноан, талоқ ва ажрашиш зарур бўлади. Агар маълум сабабларга кўра, эр ва хотиннинг бир-бирлари билан келишиб, бирга яшашлари мумкин бўлмаса, унда нима қилмоқ керак? Бундай оилалар умрларининг охиригача руҳий безовталик ва баxтсизлик ўтида ёниб, оғир аҳволда ҳаёт кечиришлари керакми? Йўқса, бундай оилаларга чора-тадбир йўлини кўрсатиб, ушбу вазиятда эр-хотинлик риштасини узиб, ички низо-тотишувлар ва руҳий азоблардан халос бўлиш учун имкон яратиш зарур бўлмайдими?

  Бундай истисно ҳолларда ажрашиш ва талоқни тақиқлаган насронийликдан фарқли ўлароқ, ислом дини муайян шароитда бунга ижозат беради. Агар эр ва хотиннинг бирга яшашлари чидаб бўлмас даражага етиб борса, уларга ажралиш имконини бермоқ лозим бўлади. Гарчанд ажрашиш ва талоқ Аллоҳ наздида жуда ҳам ғазабланарли ишлардан бўлса-да, аммо бунга таслим бўлмоқ лозим бўлади. Негаки, бундай ҳолда эр ва хотиннинг ҳаётини сақлаш ошкора мағлубият ҳисобланиб, бу борада қанча қистовга олинса, мағлубият янада ортади ва ушбу вазиятда оила ҳаётини қайта тиклаб бўлмайди.

  Шоядки, эр ва хотин ўртасидаги жудолик ва ажралиш уларнинг қалбида янги ҳаёт учун рағбат ва истак ҳиссиётини уйғотар, эрнинг хотинига нисбатан меҳр-муҳаббати аввалги ҳолига қайтиб, унинг жароҳатланган ҳис-туйғуси битар, аёлнинг идда сақлаш муддати мобайнида эркак ва аёл ўзларига янги оила қуриб, осуда яшай олсалар.

  Бошқа тарафдан эса, никоҳнинг қўриқланиши ва оиланинг мустаҳкамлантирилишига ислом динида хос диққат ва эътибор қаратилган. Шунинг учун, оила тузуми ва жамиятни муҳофаза этиш учун, ислом дини баъзи озодликларни чеклаган. Масалан, ажрашиш ва талоқда аёлнинг ихтиёрини чеклаб, талоқ қилиш ҳуқуқини ундан мутлақо олиб қўйган. Дарҳақиқат, ислом бунинг билан, аёлнинг манфаати нафсоний истаклар ва ҳою ҳавасларга тобе бўлиб, оёқ ости бўлишининг олдини олган. Маълумки, агар ажрашиш ва талоқ қилиш ихтиёри икки нафарнинг, яъни эр ва хотиннинг қўлида бўлса эди, ажралиш эҳтимоли икки баробар ошарди, ҳар икки томондан бузиш мумкин бўлган никоҳда икки тарафнинг бир-бирига бўлган ишончи тебранувчан ҳолатда бўлади ва уларнинг ҳар бири ўзи хоҳлаган вақтда аҳамиятсиз тортишувлар оқибатида оиланининг бузилиб кетмаслиги учун, талоқ қилиш ихтиёри фақат уларнинг бирининг қўлида бўлмоғи лозим. Бу ихтиёр у иккаласидан фикрлаш қобилияти кучлироқ ва кўнгилсиз ҳодисалар қаршисида чидамлироқ бўлган ҳамда ажрашиш вақти назарда тутилан маҳрни тўлашга доир зарарлар ва болаларни ўз қарамоғига олиш масъулияти унинг зиммасига тушган шахсга топширилса, яхшироқ бўлади.

  Шак-шубҳасиз, аёл ва эркак жисмининг тузилишида очиқ-ошкор ва кескин фарқлар мавжуд бўлиб, уларнинг руҳий ва ахлоқий хусусиятларини бир-биридан ажратиб туради. Ҳар иккала аёл ва эркакнинг фитрий ва жисмий xусусиятлари шундан иборатки, фикр юритиш қобилияти эркакларда кучли бўлади ва аёлларда эса, ҳис-туйғу ва ҳаяжонларга берилиш ҳолати яққол кўзга ташланади.

  Таниқли биология мутахассиси доктор Олексис Корл бу борада айтади:

  «Эркак ва аёлнинг баданларидаги бирма-бир ҳужайралар ва улардаги жинсий фарқлар ва шунингдек, уларнинг бутун бадан организмининг бир-биридан фарқланиши, хусусан уларнинг асаб тизимининг хилма-хиллиги бир қатор масалаларни келтириб чиқаради.

  Таълим ва тарбия соҳасининг мутаxассислари эркак ва аёл зотининг жисмий ва руҳий тафовутини ва уларнинг табиий вазифаларини инобатга олмоқлари даркор. Ушбу нозик фикрга эътибор қаратмоқ бизнинг келажакдаги тамаддунимизни барпо этишда ўта аҳамиятли масала саналади. Мазкур фарқларга эътиборсиз бўлиш оқибатида хотин-қизлар ҳаракатининг тарафдорлари аёл ва эркак бир хил таълим ва тарбия олиш қобилиятига эга ҳамда айни савияда ишфаолиятлар юритиб, бир даражада турли маъсулиятларни ўз зиммаларига қабул қила оладилар, деб, ўйлайдилар[1].»

  Ушбу ҳақиқатни назарга олиб, ислом дини эркак ва аёлнинг ҳақ-ҳуқуқлари, жамиятдаги вазифалари ва масъулиятлари кўплаб ўринларда фарқ қилишини таҳлил қилиб, ушбу аниқ ҳисоб-китобга кўра, шундай ҳукм этади: «Талоқ қилиш эркакнинг иxтиёридадир[2].»

  Демак, ҳаёжон ва ҳис-туйғуларга тўлиб тошган аёл кишининг қобилияти ва руҳий xусусиятларини эътиборга олсак, маълум бўладики, аёл кишига талоқ бериш ҳуқуқи топширилганида эди, у эри билан биргаликда ҳаёт кечириш мумкин бўлмай қолган зарур ўринларда талоқ ҳаққидан фойдаланиш ўрнига, энг кичик баҳона унинг учун оила асосини қулатиб, оилавий ҳаётга барҳам беришига кифоядир.

  Шунинг учун ҳам, ажралиш ва талоқ қилиш иxтиёри эркакка берилади. Ислом дини уйланиш ва оила қуриш масалаларида қанчалик осонлик ва соддалик яратиб, оила қуришга ғов бўладиган мушкулларни ўртадан кўтарган бўлса, ажрашиш, оила тузумининг бузилиши ва талоқ қилиш ишларига нисбатан шунчалик қаттиққўллик кўрсатиб, бу ишнинг амалга ошишига қийинчилик ва тўсиқлар яратган. Ислом дини оила ўчоғининг сўнишини истамайди, тарқоқлик ва ажралишларга рози эмас. Исломнинг мақсади шуки, оилалар эсон-омонликда бир-бирларини тушуниб яшасинлар, қалблар осуда ва хотиржам ҳамда виждонлар пок ва тўғри бўлсинлар, эр ва хотин бир-бирлари билан келишиб яшасинлар.

  Шунинг учун, ислом дини биринчи навбатда бутун жидду жаҳди билан муқаддас оила тузумининг мустаҳкамлигини сақлаб қолишга тиришади. Илло оилани тузатиш ва ислоҳ этишдан маъюсланганда ажрашиш ва талоққа ижозат беради Қуръони Карим эркакларга xитобан шундай буюради:

<…وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا>

  «Улар билан [аёллар билан] хушмуомала бўлиб, яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, балким ўша сизлар ёқтирмаган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўп яхшиликларни қилиб қўйгандир.» (Нисо сураси, 19-оят)


[1]. Инсон танилмаган мавжудот, 84 ва 87-бетлар.

[2]. Жавоҳирул калом, талоқ китоби.

Share

Check Also

Исломда талоқ ва ажрашиш (2)

  Дарҳақиқат, эркакларнинг баъзи вақтларда аёлларга нисбатан уйғонган ёқтирмаслик ва нафрат ўтини ўчириш ва эркакларнинг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.