Home / Ислом тарихи / Мусулмонлар ҳижратининг бошланиши

Мусулмонлар ҳижратининг бошланиши

  Кун ботган пайти эди, Пайғамбар бошқа кунлардек, Арқамнинг уйи сари юзландилар. Бошларини эгиб, кеча ул зотга нозил бўлган оятларни оҳиста ўқирдилар ва чуқур ўй-фикрга чўмгандилар:  Пайғамбар дедилар: Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган шахс, ер юзида кўплаб тинч ва кенг маконларни топгай. Кимки, ўз диёридан чиқиб, Аллоҳ ва Унинг Расули сари ҳижрат қилса…

  Узоқ муддат ранж-машаққат ортидан Парвардигори карим мусулмонларга нажот даричасини очган эди. Энди эса кимлар, қандай, қайси диёр сари кўчишлари борасида уларнинг ўзи фикр юритишлари замони етиб келганди. Бунинг ўзи оғир бир синов эди, ҳар ким ҳам бунга бардош бера олмасди. Ёр-биродар, диёр, мол-мулк ва қавм-қариндошлардан умид узиб, узоқ сафар ранж-машаққати ва хатарини қабул қилиш, узоқ ва ёт-бегона диёрда ҳаёт кечириш осон иш эмасди. Балки чуқур имон-ишонч ва мустаҳкам азм-қарор талаб қиларди.

  Гарчи Пайғамбарнинг издошлари бу беш йил давомида кўп қийинчиликларини енгиб ўтган бўлсалар-да, бироқ ҳамма бир хил эмасди. Демак, олдиндан бу йўлнинг қийинчиликлари уларга айтилиши керак эди.   Пайғамбарнинг ўзлари Қурайш азият-озоридан бебаҳра эмасдилар, лекин уларнинг ул зотга нисбатан қўполлиги чексиз эди. Бироқ Худонинг ул зотдан мушриклар қалбига солган қўрқуви ҳамда ул ҳазратнинг амакиси Абу Толибнинг ҳомийлиги уларга унчалик Пайғамбарга озор етказиш имконини бермасди. Аммо ул зотнинг паноҳсиз ёронлари оғир машаққатга дучор бўлгандилар, Расулуллоҳ эса уларни ҳимоя қила олмасдилар.   Ҳайратланарлиси шундаки, эндиликда сиқув ва азият-озор ҳамма мусулмонларни – қуллар ва қўл остидагилардан тортиб, то тўралар ва зодагонларгача қамраб олган эди. Арқамнинг уйига яқинлашиш билан, Пайғамбар қадамларини секинлатдилар.

  Шунда, кўчанинг буримида бошларини ўгириб орқага қарадилар: Кун ботишининг ғира-ширасида, Сафо тоғининг қуйни томон оқсаб секин бораётган жулдур кийимли кекса чолдан бошқа ҳеч ким кучада кўринмасди.   Ривоятчи айтади: Пайғамбар эшик болғачаси томон қўл узатишларидан олдин, Зайд бин Арқам эшикни ул зотга очди. Уйнинг катта хонасида ва унинг томон йўл бўлган ёнидаги хонада, эркаклар тартибга солинган сафларда кутиб турардилар.   Шом намози ва ундан кейинги дуо тугагач, ҳамма каттароқ хонага йиғилишдилар ва Расулуллоҳ сўз очдилар:   Дастлаб парвардигори каримга ҳамду сано айтдилар. Сўнгра ҳижрат борасидаги туширилган оятларни илгари сурдилар: Ҳижрат маъқул кўрилган суннат бўлиб, улардан олдин ҳам бошқа қавм, эллар ва Худопарастлар орасида расм бўлган. Бирор халқнинг ҳаёти ўз ота диёрида қийин аҳвол тушганда ва улар унинг баробарида ўз чидамларини қўлдан берганларида бу ҳижрат энг яхши услуб эди. То улар ўз дин ва жонларини хавф ва хатардан қутқазардилар.

  Аввалида, иш анча оғир ва унинг келажаги номаълум туюларди. Бироқ, яхши оқибат унинг ортидан амалга ошарди.   Мусонинг қавми Мисрдан қилинган буюк ҳижрат натижасида, эркинлик, юксаклик ва буюкликка эришиб, донғи таралди. Ғор эгалари (асҳоби каҳф) имонларини сақлаб қолиш мақсадида, ўз оила ва шаҳарларини тарк этганлари учун, ундай шаклда қодир Парвардигорнинг паноҳида қарор топдилар. Шу даражага етиб бордики, уларнинг мақбараси зиёрат масканига айланди. Бундан ташқари, Макканинг ўзи ҳам, Ҳожар ва Исмоилнинг ҳижрати билангина юзага келмадими? Қурайшнинг Маккага бошлиқлиги уларнинг ушбу маконга кўчиши ва ҳижрати самараси эмасми? Яратилишнинг аввалидан бошлаб, инсон яхшироқ яшаш мақсадида, узлуксиз ҳижратда бўлган. Демак, нимага улар бундай қилмасликлари керак эди?

  Аллоҳ элчисининг сўзлари қалбларда ҳаяжон ҳиссини вужудга келтирди ва эркакларни фикрга чўмдирди: Мусулмонлар на куч-қудратга эга ва на ўз душманларига қарши курашиш рухсатига эга бўлган бир пайтда, бу ишга киришишлари яхшироқ эди. Мусулмонлардан бири: эй Аллоҳнинг элчиси, сизнинг сўзингиз маъноси шуки, биз ҳам олдинги умматларнинг айримларидек ҳижрат йўлини тутайликми? деди.

  Пайғамбар дедилар: Аллоҳнинг бу фармони ҳамма учун эмас ва ҳеч ким уни бажаришга мажбур ҳам эмас. Ҳар ким ўз ҳолига қарасин, токи, қолиш ёки бориш унинг фойдасига эканини тушуниб етсин ва шунга қараб, бир иш кўрсин. Иккинчи мусулмон: Сиз ўзингиз қайси ишни кўргайсиз, эй Аллоҳнинг элчиси? Пайғамбар жавоб бердилар: Менинг вазиятим ва вазифам сизларники билан бир эмас. Шунинг учун, менинг ҳижратимга Аллоҳнинг фармони келмагунча, Маккада қоламан.   Учинчи мусулмон: Аммо қаерга борайлик, то кофирлар ва мушрикларнинг таъқиби ва адоватидан омон-эсон қолайлик?

  Пайғамбар дедилар: Аллоҳнинг ери кенгдир, унинг ҳар минтақаси турлича. Шундай ерни танлангизким, Аллоҳга кўпроқ ибодат қилиш тавфиғи сизларга муяссар бўлсин. Ривоятчи айтади: Пайғамбарнинг оғизларидан бу сўз чиққач, ҳасрат оҳ-ноласи ҳамманинг кўксидан кўтарилди.

  Негаки, бошқа қийинчиликлардан ташқари, бирма-бир уларнинг қалбларида бир кун етиб келишининг орзу-истаги қолган эди, то улар ўша кунда ҳеч бир қўрқувсиз, озодларча муносиб бўлган шаклда ўз Парвардигорларига сиғиниб, Унинг динидаги ҳукмларни амалга ошира олсинлар. (Учинчи мусулмон): Эй Пайғамбар, сиз яхши биласиз, бизларнинг кўпчилигимиз ўз диёримизда йўқсил ва қашшоқ шахслармиз ва оғир ҳаёт кечирамиз. Қандай қилиб ёт диёрда умргузаронлик қилайлик? Ривоятчи айтади: Пайғамбар унга жавоб беришларидан олдин, Абдуллоҳ ибн Масъуд Аллоҳнинг каломи билан унга жавоб қайтарди. Абдуллоҳ ибн Масъуд деди: Кимки, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўп неъматлар ва озодликларга эришади. Бизлардан кўпчилигимизнинг йўқсиллиги нотавонлик ёки нолойиқликдан эмас, балки қонун-қоидаларнинг нотўғрилигидан ва жамият устидан ҳукм сураётган фикрнинг хатолигидан келиб чиққан. Бошқача айтганда, манфаат ва бошлиқлиги ушбу ҳолат ва вазиятга боғлиқ бўлган кимсалар уни бизнинг устимиздан ҳукмрон қилганлар.

  Бошқача фикр ва қонунларга эга жамиятда кўпчилигимизнинг турмуши ўзгариши мумкин. Ривоятчи айтади: Абдуллоҳ ибн Масъуднинг сўзи ҳамиша мустаҳкам эди. Сўнгра бу борада ҳеч бир сўз очилмади. Энди эса, бутун саволлар қайси диёрга бориш мумкинлиги ҳақида эди. Токи иш Аллоҳнинг элчиси айтганидек амалга ошсин.   Маккага энг яқин бўлган шаҳр, Тоиф эди. Бироқ, у ерга боришнинг имкони йўқ эди. Негаки, у ернинг халқи ҳам Макка аҳолиси сингари кофир ёки мушрик эди. Шунингдек, йирик бут Уззо сиғиниладиган ибодатхона ўша шаҳарда эди ва Аллоҳ таоло Қуръонда ушбу бутни ёмонлаб тилга олган эди. Шунинг учун, улар ҳам Маккаликлар каби Пайғамбар ва ул зот издошларини душман деб, билардилар. Бошқа томондан эса, Тоиф йўлининг яқинлиги Қурайш бошлиқларининг тўхтовсиз муҳожирлар изидан тушиб, уларга азият-озор етказишларига сабаб бўларди.

  Усмон ибн Мазъун деди: Яманга ёки Форс диёрига ҳам бориб бўлмайди. Негаки, Яман ҳукмдори Касрога бўйин эгади ва Хусрав Парвиз эса, худбин ва ўз манфаатини кўзловчи бир қиролдир. У ҳар қандай янги диндан нафрат ва қўрқувдадир. Бундан ташқари, Форс ва Рим диёрлари Маккадан жуда узоқдир.   Убайдуллоҳ бин Жаҳш деди: Ясриб Тоифдан яхшироқ, Форс ва Рим диёрларидан кўра яқинроқ бўлса-да, бироқ, у ер ҳам бу ишга ярамайди. Зеро, Авс ва Хазраж қабилалари ўртасидаги узоқ муддатли низо ва жанжаллар ушбу шаҳар ҳалқининг ҳаётини оғирлаштирган. Омир ибн Рабиъа деди: Бундан ташқари, Ясрибда бизга паноҳ йўқ. Ҳимоячисиз ҳар қаерга борсак ҳам, Қурайшнинг таъқиби ва азият-озоридан омонда эмасмиз.   Ривоятчи айтади: Аввалда, Аллоҳнинг изни билан, ҳижрат йўли очилгани боис, ҳамма уни осон иш топган эдилар. Шунда, улкан қувонч тўлқини эзилган ва жабрланганлар қалбига югурган эди. Аммо энди эса, иш улар ўйлаганидек осон эмаслигини тушуниб етгандилар. Шунда, сукут ва жимжитлик орага тушди ва эркаклар ўй-фикрга чўмдилар.   Шу пайт, Пайғамбар сўз очдилар:

  Агар Ҳабашага борсаларинг, сизларнинг фойдангизга бўлгай. Ҳабаша яхши диёрдир. У ерда одил ва қудратли подшо ҳукмронлик қилади ва унинг ўлкасида ҳеч кимга зулм қилинмайди. Аллоҳ нажот ва қутулиш йўлини сизларга кўрсатгунча ўша диёрда бўлингиз. Сўнгра, агар хоҳласаларинг, яна менинг ёнимга келинглар.   Ривоятчи айтади: Пайғамбар айтганларидек бўлди; Ҳабаша Форс, Рим ва Қурайш нуфузидан узоқда эди. Агарчи у ернинг халқи кофир бўлса-да, лекин айрим ғайриинсоний фикрлар, эгриликлар ва худбинликлардан йироқ эди. Бундан ташқари, Нажошийнинг ўлкаси қизил денгизнинг у тарафида эди, Қурайш эса, кема бошқариш ва денгизда урушишни билмасди. Демак, ушбу диёрда мусулмонлар ҳар жиҳатдан осуда бўлардилар.

  Маккалик тижоратчилар узлуксиз Ҳабашага қатнаб турардилар. У ерга турли молларни элтардилар ва ундан бошқа молларни келтирардилар. Маккадаги кўпгина қуллар ҳабашалик эди. Шунинг учун, маккаликлар ушбу диёр ва унинг халқини яхши танирдилар. Ҳабашадан Маккагача сув йўли билан, уч кун чамаси эди. Демак, Шом ва Яманга қараганда яқинроқ эди. Ҳабашанинг Нажоший номли ҳукмдори эса, доно ва равшан фикрли бир киши бўлиб, насроний динида эди. Лекин имон-ишончи кўркўрона ва хурофотга асосланган эмасди. Узлуксиз ҳақиқатни изловчи бир инсон эди. Бошқа сўзларни эшитишга қулоғини беркитмаган эди. Шунинг учун, бошқа динларнинг издошларига босим ўтказмас эди ва улар унинг давлатида эркин ҳаёт кечирардилар. Нега энди, мусулмонлар билан шундай муносабатда бўлмас экан?

  Ривоятчи айтади: Икки йўлнинг бошида; бири тўғри Жадда бандаргоҳига борарди ва бошқаси эса, бир оз шимол томон қайрилиб, қизил денгиз қирғоғидаги Шуъайба бандаргоҳига етиб борарди. Бани Абуддорнинг гўзал қоматли ёш йигити туядан тушди.

  Оч қолган эди. Хуржинидан Хадича унга қўйиб берган ўрама бир таомини чиқарди; бир неча думалоқ нон, хурмоли ҳалво, бир идишда зайтун ёғи, неча бурда қуритилган гўшт ва туз бор эди. Пайғамбарнинг умр йўлдоши ўз қизи Руқайя ва куёви Усмон ибн Аффонга қўйиб йўллаган ўша таомлардан ҳамма муҳожирларга ҳам берган эди. Расулуллоҳ ҳам, уларни бирма-бир кузатишга келиб, уларни дуо қилган эди.   Мусъаб бир бурда гўштни олди-ю, таом тугунчагини ёпиб, ейишга киришди.

  Тун аста-секин яримга яқинлашарди. Бир неча вақт олдин, мулойим шабада шарқ томонидан эса бошланган ва ўзи билан денгиз намининг ҳидини келтирар эди.   Ражаб ўнлигининг илк ойдин ойи тиниқ ёлқинланарди ва қумли йўл эса, унинг нурида кумушга йўғирилган чизиқ каби порларди.   Мусъаб ибн Умайр эҳтиёт юзасидан ўзининг омонатга олган туясини қум тепалигининг орқасига элтиб, тиз чўктирди ва ўзи ҳам унинг ёнида турди. Кўзларини Макка сари тикди, токи, ҳамсафарлари бирма-бир етиб келгач, Шуъайба бандаргоҳи томон борадиган йўлни кўрсатсин. Азиз ўқувчилар, мақоламиз шу ерда ниҳоясига етади. Воқеанинг давомини кейинги мақоламизда эътиборингизга ҳавола этамиз. У вақтгача, ҳаммангиз Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.

2014-01-23

18:10:01

Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.