Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Шиалик тафаккури қачондан бошланган? (4)

Шиалик тафаккури қачондан бошланган? (4)

Иккинчи омил: имом Али (алайҳис салом) нинг имомат ва вилоят (пешволик)ларига далолат қилувчи оятлар;

Қуръони Каримга мурожаат қилишимиз билан имом Али (алайҳис салом) ва қолаверса бутун Аҳли-Байт (алайҳимус салом)нинг имомат ва вилоят (пешволик)ларига далолат қиладиган оятларни мушоҳада қиламиз. Шу ўринда уларнинг баъзиларини келтирамиз:

1. Вилоят (пешволик) ояти

<إِنَّمَا وَلِيكُمُ اللهُ وَ رَسُولُهُ وَالَّذِينَ آمَنُوا الَّذِينَ يقِيمُونَ الصَّلاةَ وَ يؤْتُونَ الزَّكاتَ وَ هُمْ رَاكِعُونَ>

«Дарвоқе, сизларнинг валийингиз (раҳбар ва йўлбошчингиз) фақатгина Аллоҳ, Унинг Расули ва иймон келтирганлардир, улар намозни тўкис адо этадиган ва рукуъ қилган ҳолларида закот берадиган зотлардир.» (Моида сураси; 55-ояти.)

Ушбу ояти кариманинг шаъни нузули ҳақида тарих, тафсир ва ҳадис китобларида қуйидагича айтилган: Кунларнинг бирида фақир-муҳтож бир киши Масжидун-Набийга келиб: «эй мусулмонлар, мен муҳтож ва мискинман, менга ёрдам беринглар» – деб одамлардан ёрдам сўради. Аммо ҳеч ким унга эътибор бермай, унинг томон ёрдам қўлини чўзмади. Шунда ҳазрат Али (алайҳис салом) намоз ўқиётиб рукуда турган ҳолларида, бармоқларидаги қимматли узукни садақа сифатида унга бердилар. Шу пайт, ушбу ояти карима ҳазрат Жаброил (алайҳис салом) орқали пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нозил қилинди.

Ибн Касир саҳиҳ санад билан Салама ибн Куҳайлдан нақл қилиб айтади: Ҳазрат Али (алайҳис салом) ўз узукларини рукуда турган ҳолларида садақа бергач, ушбу ояти карима нозил бўлди: <إِنَّمَا وَلِيكُمُ اللهُ>[1]

Ибн Асокир ҳам худди шу мазмунда саҳиҳ санад билан имом Али (алайҳис салом) дан ривоят қилган.[2]

Ушбу муҳим воқеани Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ўн нафар саҳобалари ривоят қилганлар ҳамда эллик кишидан ортиқ аҳли суннат уламолари уни ўз китобларида нақл қилиб келтирганлар. Мисол тариқасида, Табароний,[3] Абу Бакр Жассос,[4] Воҳидий,[5] Замахшарий[6] ва бошқалар.

Юқоридаги ояти каримадан мўъминлар амири Али (алайҳис салом) нинг имомат ва вилоят (пешволик)ларини бошқа бир йўл билан ҳам исботлаш мумкин. Ушбу йўл шундан иборат: Мазкур ояти каримада Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг вилоятларидан мурод ҳаммага йўлбошчилик қилиш ва мусулмонларга уларнинг ўзларидан ҳам ҳақлироқ ва сазоворроқ эканидир. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг бошқа оятида шундай айтилади:

<أَلنَّبِي أَوْلَيٰ بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنفُسِهِمْ>

«Пайғамбар мўъминларга уларнинг ўзларидан ҳам ҳақлироқ ва сазоворроқдир» (Аҳзоб сураси, 6 – оят) Сарвари олам ушбу оятга биноан, Ғадир куни тўпланган саҳобаларга қараб шундай марҳамат қилдилар:

«أَلَسْتُ أَوْلَي بِکُمْ مِنْ أَنْفُسِکُمْ؟»

«Мен сизларга нисбатан ўзларингиздан ҳам устунроқ ва ҳақлироқ эмасманми?» Шунда улар; ҳа шундай – дея тасдиқлашди. Шу пайт, ул ҳазрат шундай дедилар:

«فَمَن کُنتُ مَوْلَاهُ فَعَلِي مَوْلَاهُ»

«Мен кимнинг мавлоси ва раҳбари бўлсам, демак, бу Али унинг мавлоси ва раҳбаридир.»

2. Таблиғ ояти;

<يا أَيهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنزِلَ إِلَيكَ مِن رَّبِّكَ وَإِن لَّمْ تَفْعَلْ فَمَا بَلَّغْتَ رِسَالَتَهُ وَاللّهُ يعْصِمُكَ مِنَ النَّاسِ إِنَّ اللّهَ لاَ يهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ>

«Эй, Расул! Раббингиздан Сизга нозил қилинган нарсани (одамларга) етказинг! Агар (бу ишни) қилмасангиз, Унинг рисолатини (пайғамбарлик вазифасини) охирига етказмаган бўлурсиз. Аллоҳ Сизни одамлар(нинг муҳтамал хатари ва зарари)дан сақлагай. Албатта, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай.» (Одамларнинг душманликларидан қўрқманг, Аллоҳ ўзи ҳимоя қилувчидир. Борди-ю, эълон қилмасангиз, рисолатни, яъни пайғамбарлик вазифасини охирига етказмаган бўлурсиз.) (Моида сураси; 67-оят)

Ибн Асокир саҳиҳ санад билан Абу Саъид Худрий (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилиб айтадики, ушбу ояти карима «Ғадири Хум» номли маконда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га имом Али (алайҳис салом) шаънлари ҳақида нозил бўлди.[7]

Ушбу ҳақиқатни саҳобалардан саккиз нафар ва аҳли суннат уламоларидан ўн тўрт киши нақл қилганлар.

3. Диннинг комил бўлгани ҳақидаги ояти карима;

<… أَلْيوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَ أَتْمَمْتُ عَلَيكُمْ نِعْمَتِي وَ رَضِيتُ لَكُمُ الْإِسلَامَ دِينًا…>

«Бугун мен сизлар учун динингизни комил қилдим ва сизларга неъматимни тўла-тўкис қилиб бердим ва сизлар учун ислом дин бўлишига рози бўлдим.» (Моида сураси, 3 – ояти).

Ғадир кунида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) узун ва муфассал хутба ўқиб, ўзларидан кейин мўъминлар амири Али (алайҳис салом)ни ворис ва йўлбошчи этиб тайинлагач, юқоридаги ояти карима нозил бўлди ва Сарвари оламнинг ворис ва ўринбосарлари тайин этилиши билан ислом дини комил бўлганлиги ҳаммага эълон қилинди.

Хатиби Бағдодий саҳиҳ санад билан Абу Ҳурайрадан ривоят қилиб шундай айтади:

«من صام يوم ثمان عشر من ذي الحجة کتب له صيام ستِّين شهرًا. وهو يوم غدير خمٍّ، لمَّا أخذ النَّبي (ص) بيد علي بن أبي طالب، فقال: ألست ولي المؤمنين؟ قالوا: بلي يا رسول الله (ص) قال: «فَمَن کُنتُ مَوْلَاهُ فَعَلِي مَوْلَاهُ». فقال عمر بن خطَّاب: بخٍّ بخٍّ يابن أبي طالب، أصبحت مولاي و مولي کلِّ مسلم. فأنزل الله: <أَلْيوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ …

«Кимки Зул-ҳижжа ойининг ўн саккизинчи куни рўза тутса, унга олтмиш ой рўза тутганлик савоби ато этилгай. Ўша кун Ғадири Хум кунидир. Ушбу Ғадири Хум кунида Набий (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Али (алайҳис салом) нинг қўлини тутиб шундай дедилар: Мен мўъминларнинг валийси (пешвоси) эмасманми? У ерда тўпланганлар: ҳа, худди шундай, деб жавоб қайтаришди. Шунда Сарвари олам: «Мен кимнинг мавлоси ва раҳнамоси бўлсам, демак, бу Али унинг мавлоси ва раҳнамосидир.» деб буюрдилар. Шунда Умар ибн Хаттоб имом Али (алайҳис салом)га табрик айтиб деди: Муборак бўлсин, муборак бўлсин, эй Абу Толибнинг ўғли, сиз менинг мавлоим ва йўлбошчим ҳамда бутун мусулмонларнинг мавлоси ва йўлбошчиси бўлдингиз. Шу пайт, Аллоҳ таоло мазкур оятни нозил қилди: Бугун мен сизлар учун динингизни комил қилдим»[8]

Ибн Асокир ҳам худди шу мазмундаги ҳадисларни бир неча саҳиҳ санадлар билан[9] ва шунингдек ўн беш кишидан ортиқ аҳли суннат уламолари ҳам уларни ўз китобларида нақл қилиб келтирганлар.


Фойдаланилган манбалар:

[1]. Ибн Касир, «Тафсири Ибн Касир», 2 – жилд, 67 – бет.

[2]. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 42 – жилд, 356 – бет.

[3]. Табароний, «Мўъжамул авсат», 7 – жилд, 10 – бет, 6228 – ҳадис.

[4]. Абу Бакр Жассос, «Аҳкомул Қуръон», 2 – жилд, 446 – бет.

[5]. Воҳидий, «Асбобун – нузул», 133 – бет.

[6]. Замахшарий, «Ал-Кашшоф», 1 – жилд, 649 – бет.

[7]. Ибн Асокир, «Таржамату имом Али», 2 – жилд, 86 – бет.

[8]. Хатиби Бағдодий, «Тарихи Бағдод», 8 – жилд, 290 – бет.

[9]. Ибн Асокир, «Таржамату имом Али» Тариху мадинати Дамашқ китобидан, 575 ва 578 ва 585 – рақамлар.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.