Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нима учун Худо ҳақида ўйлаймиз?

Нима учун Худо ҳақида ўйлаймиз?

Ассалому алайкум. Саволим шуки, ози нима учун Худо ҳақида ўйлаймиз?

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Ва алайкум ассалом. Саволингизга тўлиқроқ жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Жавобни диққат билан ўқиб чиқиб тегишли хулосалар чиқарасиз,- деб умид қиламиз.

1. Дунёнинг яратилиши ҳақида билишга интилиш фитратимизда бор.

Ҳар бир инсон қуйидаги саволларга жавоб олишни истайди:

Бу бепоён осмон ва унинг зебо юлдузлари, бу кенг замин ва ундаги гўзалликлар қаердан келган? Бу чиройли манзараларнинг моҳир рассоми кимдир? Мен ўзи қаердан келдим? Қаерда ва нима учун яшаяпман? Қаерга кетажакман?

Юқоридаги саволларнинг охирги учтасига жавоб топа олсак, нақадар бахт-саодатли бўлар эдик. Бизнинг ҳамма нарсани билишни ёқтирадиган руҳимиз бизга ором бермай, саволларга керакли жавобларни топгин, деб ундаётгандай бўлади. Баъзан йўл ҳаракати ҳодисасига учраган ҳайдовчини шифохонага элтиб қўйишганида, бир оз ўзига келган ҳайдовчи биринчи сўрайдиган нарсаси Мен қаердаман? Нега мени бу ерга келтиришди? Бу ердан қачон кетаман?

Бу саволлар қаршисида жим ўтира олмаслик инсон учун табиий ҳолдир. Шундай экан, инсонни оламнинг яратувчиси томон йўллайдиган омил ҳам ана шундай тиниб тинчимас ҳолда билишга ташна руҳимиздир.

2. Шукр қилиш ҳиссиёти;

Фараз қилингки, сизни обрўли бир хонадонга меҳмончиликка даъват қилишди. У ерда сизнинг фароғатингизни ўйлаб ҳамма нарсани тахт қилиб қўйишган бўлса, лекин сиз бу зиёфатга акангиз орқали таклиф этилган бўлиб уй эгасини яхши танимайсиз, у ҳолда сизни шунчалик иззат-икром билан кутиб олган хонадон соҳибини таниб унга миннатдорчилик изҳор этишни исташингиз табиий ҳолдир. Худди шундай биз инсонлар ҳам бу дунёдаги нозу-неъматларга тўла дастурхоннинг меҳмони эканмиз, эшитгувчи қулоқ, кўрувчи кўз, ақл-ҳуш, куч-қудрат, турли покиза ризқ-рўз соҳиби бўлар эканмиз, бу неъматлар соҳибини танишни истаймиз ва унга ўзимизнинг миннатдорчилигимизни билдириб қўйгимиз келади.

3. Зарар ва фойдани ўзаро солиштириш;

Фараз қилингки, сиз бир йўловчисиз. Чорраҳага етиб келганингизда, ҳар тарафдан бу ерда тўхтаб турма, юр- деган овозлар эшитилиб турибди. Зеро, у ерда турмоқ хавфлидир. Лекин шу билан бирга ҳамма ўзи турган тарафга чақириб, у йўлнинг энг яхши эканлигини айтади. Шундай бир ҳолатга тушиб қолганимизда, ўзимизга: «Қайси йўл билан бўлса ҳам кетавер»,- деб айта оламизми? Ёки ақлимизга ўша ерда қимирламай туриш керак, деган фикрни сиғдира оламизми? Албатта, йўқ!

Қайтанга ақлимиз бизга тезроқ суриштириб ҳар бир тарафнинг айтганларини тарозига солиб кейин бир тўхтамга келиш кераклигини буюради ва танлаган йўлимиздан олға кетмоқни амр этади.

Бу дунёдаги ҳаётимиз ҳам худди шунга ўхшаш ҳолатни бошдан кечиради. Турли хил мазҳаб ва фирқалар бизни ўз тарафига чақиради, лекин бизнинг бахтли ёки бахтсиз бўлишимиз, тараққий этишимиз ёки таназзулга учрашимиз- ҳамма ҳаммаси бизнинг қайси йўлни танлаганимизга чамбарчас боғлиқдир. Бу ҳам бизни ўрганиб чиқиб ҳақиқатни топишга ундайдиган муҳим омиллардан биридир.

Худони таниш ва Унинг ҳақида ўйлаш борасида кўпроқ маълумотга эга бўлмоқчи бўлсангиз, сайтимизнинг кутубхонасига мурожаат қилиб ҚУРЪОНДА ЭЪТИҚОД АСОСЛАРИНИ ЎРГАНАМИЗ номли китобимизни ўқиб чиқишингизни тавсия этамиз.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.