Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Пайғамбарлар бизга ўргатадиган нарсаларни биламизми ёки йўқми?

Пайғамбарлар бизга ўргатадиган нарсаларни биламизми ёки йўқми?

Ассалому алайкум. Саволим шуки, пайғамбарлар бизга ўргатадиган нарсаларни биламизми ёки йўқми? Агар биладиган бўлсак, унда пайғамбарларнинг юборилишига нима ҳожат бор? Лекин иккинчи ҳолатда эса ақлимиз етмайдиган масалаларда пайғамбарларга итоат қилишимиз зарурми? Бошқа тарафдан қараганда, ўз ихтиёримизни биров ихтиёрига топшириб қўйишимиз тўғри бўладими? Агар пайғамбарлар ҳам оддий одам бўлсалар, уларга итоат қилишнинг нима фойдаси бор?

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Ва алайкум ассалом. Ушбу саволингизга жавоб бериш учун бир неча масалани ўрганиб чиқиш лозим;

  1. Билишимиз керакки, бизнинг илму-маълумотларимиз жуда чегаралангандир. Гарчи илму-фан тараққий этиб инсониятнинг илми анча ривожланган бўлса-да, бироқ биладиганларимиз билмайдиганларимиз олдида денгиздан бир қатрадир, холос. Бошқача айтганда, бизнинг маълумотларимиз фақат ақлимиз қудрати етадиган тор доирададир ва бу доирадан ташқаридаги маълумотлардан буткул бехабармиз. Пайғамбарлар ўзларининг ваҳийга асосланган таълимлари билан маълумотларимизнинг тор доирасини кенгайтирадилар. Дарҳақиқат, ақлимиз ёруғ нур каби бўлса, лекин пайғамбарларнинг келтирган ваҳийлари қуёш кабидир. Қайси биримиз қўлидаги фонусга ишора қилиб, менга бунинг нури етади ва қуёшга эҳтиёжим йўқдир, -деб айта олади?

Аниқроқ тушунтирмоқчи бўлсак, дунёдаги ҳодисаларни уч қисмга бўлишимиз мумкин: маъқул, номаъқул ва номаълум. Ҳеч бир пайғамбар «номаъқул» нарсани айтмайди, агар ақлга зид нарсани айтадиган бўлса, у ҳолда пайғамбар бўлмайди. Ўтмишда «ақлимиз бор, шунинг учун пайғамбарларга эҳтиёжимиз йўқ» дейишган бўлса, бугунги кунда «фан-тахника тараққий этган, шунинг учун пайғамбарларнинг кераги йўқ»– дейдиганлар топилади. Бундайлар на илм-фаннинг аҳволидан бохабарлар ва на пайғамбарлар юборилишининг моҳиятидан хабарлари бор. Уларни биринчи синфни тугатиб олиб: «ҳарфларни ўргандим, менга ўқитувчининг кераги йўқ» дейдиган болага ўхшатиш мумкин. Ваҳоланки, эндиликда унинг муаллимга бўлган эҳтиёжи бир неча баробар ортгандир.

  1. Ҳеч ким «пайғамбарга итоат қилиш – бу озодлик ва ихтиёрни қўлдан бериб қўйишдир»,- деб айтмайди. Ҳамма масала шундаки, пайғамбарлар Аллоҳ билан алоқада бўлганлари учун биз инсонлар жону-дилимиз билан уларнинг таълимотларини ўрганиб амал қилишимиз зарурдир. Албатта, аввало уларнинг ҳақиқий пайғамбар эканликларини исботлашимиз керак. Агар тажрибали шифокорнинг айтганларини тузалишимиз учун бажарадиган бўлсак, ихтиёримизни қўлдан чиқарган бўламизми?! Пайғамбарлар инсониятнинг руҳий шифокорларидирлар. Ёки агар устозимизнинг ҳикматли сўзларига қулоқ солиб айтганларини бажарсак, номаъқул иш қилган бўламизми? Пайғамбарлар бутун инсониятнинг буюк устозидирлар. Пайғамбарлар юборилишининг нақадар зарурий эканлигини билишимиз учун учта далилни кўриб чиқамиз;

1. Таълим жиҳатдан бўлган эҳтиёжимиз;

Бизлар агар афсонавий бир кемага минсак ва унинг тезлиги нур тезлигида (бир дақиқада 300 000 километр) бўлса, бу ёруғ жаҳоннинг фақат кичик бир қисмини томоша қилишимиз мумкин, у ҳам агар умримиз ҳазрат Нуҳ (алайҳис салом) умрлари каби узоқ бўладиган бўлса. Бу кенг олам ўзидан-ўзи беҳудага яратилмаган ва шунингдек, бу кенг оламнинг борлиги Аллоҳ таоло учун ҳеч қандай фойдаси йўқдир. Чунки, Худо беҳожат ва бениҳоятдир. Шундай экан, яратишдан кўзланган мақсад бу дунё ва унда яшайдиган мавжудотларнинг эҳтиёжларини бартараф этиб уларни камолотга етказишдир.

Масалан; осмондаги қуёш биздан беҳожатдир, лекин биз унга муҳтожмиз. Бизнинг қуёшга қандай ҳам фойдамиз тегиши мумкин? Бошқа тарафдан қарасак, бизнинг олган билим ва маълумотларимиз камолот сари етаклаб комил инсон бўлишимиз учун етарлими? Биз жаҳоннинг сир-асрорларидан қанчалик бохабармиз? Қачонгача бу дунёда қолажакмиз? Ижтимоий масалаларда ҳам деярли барча олимларнинг назариялари ўзаро ихтилофга эгадир. Масалан; баъзилар жамият тузишда капитализмни тавсия қилсалар, бошқа баъзилар социализм ва коммунизмни тавсия этадилар. Баъзилар эса ҳар иккала тузумни қоралаб бошқа нарсани илгари сурадилар. Худди шундай ихтилофлар бошқа масалаларда ҳам мавжуддир.

Инсон бу назариялар қаршисида ҳайрон қолади. Қайси бирига эргашиш кераклигига ақли етмайди. Шунинг учун одамни камолотга етказадиган ҳамда хато ва камчиликлардан холи бўлган таълимотга эҳтиёж сезилади. Бундай таълимот фақат Аллоҳ таолонинг таълимоти бўлиб пайғамбарлар орқали инсониятга етказилади.

2. Ижтимоий ва ахлоқий масалаларда раҳбарга бўлган эҳтиёжимиз;

Ҳаммамизга маълумки, вужудимизда ақл ва тафаккурдан ташқари турли ғариза (инстинкт) ва табиий мойилликлар мавжуд. Масалан, ўзни яхши кўришлик ғаризаси, ғазаб ғаризаси, шаҳват ғаризаси ва бошқа шунга ўхшаш ғаризалар. Шубҳасиз, агар биз ушбу ғаризаларимизни жиловламасак, ақлу-идрокимиз буларнинг асирига айланади. Тарихдан маълум бўлишича, ситамгар ва золим кимсалар ўз ғаризаларини жиловламаганлари учун ваҳший бўрилар ва ҳатто улардан ҳам хавфлироқ мавжудотга айланган эдилар.

Демак, ахлоқий нуқтаи назардан тарбияланишимиз учун юксак мартабали мураббийга муҳтождирмиз, токи, уларнинг юриш-туришлари бизлар учун гўзал намуна бўлсин ва биз уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳамда тутган йўлларига эргашайлик.

Бизларнинг фасод ва қоронғиликларга тўлиб-тошган бу дунёда қўлимиздан тутадиган, ғаризаларимиз (табиий майлларимиз) туғён қилиб, ўз ҳаддидан ошишининг олдини олиш учун уларга қарши курашиш йўлларини бизга кўрсатадиган ва ўз амали ва сўзи билан ахлоқий фазилатларни бизнинг жону дилимизга сингдириб, шижоатли ва жасур бўлишни, инсонсеварликни, кечиримли ва мурувватли бўлишни, вафодорлик ва тўғриликни ҳамда омонатдор, покдомон ва ҳаёли бўлишни ҳаётда кўрсатиб, ушбу олий хислатларни бизнинг руҳимизда парваришлайдиган, бизларни тўғри йўлга бошлайдиган ва ҳар томонлама тарбия топган юксак ва комил инсоннинг бўлиши зарурдир.

Ана шу айтилган оғир вазифаларни барча гуноҳлардан йироқ бўлган пайғамбарлардан ўзга ким ўташи мумкин?! Шунинг учун раҳмли ва меҳрибон Аллоҳ биз инсонларни пайғамбарларнинг раҳнамолигидек буюк неъматдан маҳрум қилмаган.

3. Қонун чиқаришда пайғамбарларга эҳтиёжимиз

Биламизки, инсон ҳаётидаги ҳамма муваффақиятлари ва бутун соҳаларда қўлга киритган ютуқлари унинг такомил йўлидаги ижтимоий ҳаётидан келиб чиққан.

Бирлашиб қилинган фаолиятлар сабабли маданият ва тамаддун чироғи оламга нур таратмоқда, биргалашиб қилинган саъй-ҳаракатлар туфайли илмий кашфиётлар ва тараққиёт рўй бермоқда.

Бироқ бу ижтимоий ҳаётнинг фойдалари қаршисида, унинг ўзига яраша камчиликлари ҳам бордир. У ҳам бўлса, одамлар манфаатлари ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг бир-бири билан тўқнашуви бўлиб, гоҳида бир-бирларига тажовуз қилиш ва ҳатто қонли урушларгача борганлар.

Мана шу ерда қонун-қоидалар ва дастуриламалларга бўлган эҳтиёжимиз ошкор бўлади, нима учун деганда, қонун-қоидалар ҳаётдаги учта катта мушкулни бизга ҳал қилиб беради:

  1. Қонун ҳар бир шахснинг жамият олдидаги вазифасини, жамиятнинг ҳар бир инсон баробаридаги вазифасини аниқлаб, инсонлар истеъдодининг гуллаб-яшнашига ва уларнинг саъй-ҳаракатларининг бир-бири билан уйғунлашишига сабаб бўлади.
  2. Қонун одамларнинг ўз вазифаларини қанчалик бажаётганликлари устидан назорат қилишга йўл очиб беради.
  3. Қонун инсонларнинг бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилишларининг олдини олиб, тартибсизликка ва шахс ва гуруҳларнинг тўқнашувига барҳам беради. Керакли ўринларда эса қонундан бўйин товлаган тажовузкорларга қилмишига муносиб жазо беришни тайин этади.

Энг яхши қонун-қоидаларни инсонлар учун чиқармоқчи бўлган шахс қуйидаги сифатларга эга бўлиши лозим:

  1. Инсоннинг қандай хусусиятга эгалигини тўлиқ ва мукаммал танимоғи, унинг ғаризалари (табиий майллари ва ҳис-туйғулари)дан ва эҳтиёжларидан ҳамда ҳаётдаги муаммоларидан тамоман огоҳ ва хабардор бўлмоғи лозим.
  2. Инсонларда мавжуд бўлган барча истеъдодларини ва яроқли хусусиятларини назарга олиб, уларнинг юзага чиқиши учун қонун-қоидалар чиқармоғи даркор.
  3. Келажакда инсон жамиятида рўй берадиган ҳодисаларни олдиндан кўра олиш қобилиятига эга бўлиб, бу ҳодисалар қаршисида қандай чора-тадбирлар кўриш кераклигини билиши керак.
  4. Қонун чиқарувчи шахс жамиятда ўз манфаати учун бирор нарсани кузламайдиган бўлмоғи лозим, токи қонун чиқараётганда ўзининг шахсий манфаатини ёки қавм-қариндошлари ёхуд ўз тоифасининг фойдасини назарга олмасин.
  5. Қонун чиқарувчи инсонларнинг қўлга киритиши мумкин бўлган илмий ихтиролар ва ривожланишлардан ёки тубанликка юз тутишлар ва инсоний таназзулга учрашлардан бохабар ва огоҳ бўлиши керак.
  6. Қонун чиқарувчи унутувчанлик ва саҳв-хатога йўл қўйиш хусусиятидан юқори даражада сақланган ва дахлсиз бўлмоғи даркор.
  7. Ниҳоят, қонун чиқарувчи шундай куч-қудратга эга бўлмоғи лозимки, жамиятдаги қудрат ва мақом соҳибларининг ҳеч биридан қўрқмайдиган, айни ҳолда инсонларга меҳрибон ва жонкуяр бўлиши керак.

Юқорида санаб ўтилган шароитларнинг ҳаммаси кимда мавжуд?

Инсон энг яхши қонун чиқарувчи бўла оладими?

  • Шу пайтгача бирор ким одамзотни тўла-тўкис таний олганми? Асримизнинг буюк донишмандларидан бири инсон хусусида муфассал бир китоб ёзиб, унга «Инсон танилмаган мавжудотдир», деб ном берган. Шундай бир даврда инсонни яхши таниб олдик, дея оламизми?
  • Инсонларнинг ҳамма руҳий хусусиятлари, табиий майллари, ғаризалари ва ҳис-туйғулари тўлиқ ўрганиб чиқилганми?
  • Инсониятнинг жисмий ва руҳий эҳтиёжлари, яратган Тангридан бошқа бирор кимга маълум бўлганми?
  • Жамиятда оддий инсонлар орасида маълум бир фойда-манфаатларга эга бўлмаган бирор шахсни топа оласизми?
  • Ёки оддий инсонлар орасидан саҳв-хатога йўл қўймайдиган, ҳеч нарсани унутмайдиган ва инсонлар жамияти мубтало бўладиган турли-хил муаммолар ва масалаларга огоҳ шахсни танийсизми?

Шундай экан, Аллоҳдан ўзга ва Унинг йўллаган ваҳийи асосида жамиятни бошқарадиган пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким инсонлар жамияти учун яхши, ҳар томонлама ва мукаммал қонун чиқара олмайди!

Шунга асосланиб, қуйидаги хулосага келамиз: Башариятни такомил топиш йўлини тутиши учун яратган Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга бошлаш учун муайян инсонларни (пайғамбарларни) тайин этмоғи лозим, то улар инсонларнинг моддий ва маънавий манфаатларини таъминловчи Аллоҳнинг муфассал ва мукаммал қонун-қоидаларини уларга етказсинлар.

Муҳаққақки, инсонлар ушбу қонун-қоидалар Аллоҳ таоло томонидан эканлигини билсалар, чуқур ишонч ва эътимод билан уларни ҳаётга татбиқ этадилар. Бошқа сўз билан айтганда; инсонларнинг огоҳ бўлиши ушбу илоҳий қонун-қоидалар улар орасида жорий бўлишининг гаровидир.

Пайғамбарлик ва пайғамбарлар ҳақида муфассалроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, сайтимизнинг кутубхонасига мурожаат қилиб ҚУРЪОНДА ЭЪТИҚОД АСОСЛАРИНИ ЎРГАНАМИЗ номли китобимизни ўқиб чиқишингизни тавсия этамиз.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.