Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг таваллудлари ҳақида

Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг таваллудлари ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Марҳум Шайх Садуқ ва Шайх Тусий (раҳматуллоҳи алайҳимо) ривоят қиладилар:

Бушр ибн Сулаймон айтади: Имом Али ибн Муҳаммад ал-Ҳодий (алайҳис салом)нинг хизматкори менинг ёнимга келиб: Имомнинг сизга айтадиган сўзлари бор экан, деди. Мен Имомнинг ҳузурларига келдим. Ул ҳазрат юнон тилида бир мактуб ёзиб, ичида 220 олтин танга бўлган ҳамён билан бирга уни менга бериб, шундай марҳамат қилдилар:

«Фалон кун Бағдодга бориб, Фурот дарёси лангаргоҳида бўлгин. Асирларни қирғоққа олиб келишганида, Амр ибн Зайд исмли қул сотувчи кишини топиб уни кузат. У сотиш учун бирма-бир чўри аёлларни олиб келади».

Имом Ҳодий (алайҳис салом) ўша каниз аёлнинг хусусиятларини баён қилиб дедилар:

«У чўри аёл мижозларни унга қарашларига ёки унинг баданига тегишларига йўл қўймай: «Мен ўзим мижозни танлашим керак» деб айтади. Шу пайт сен олдига бориб, менинг мактубимни ўша каниз аёлга бер ва уни сотиб ол».

Бушр ибн Сулаймон айтади: Имом ҳазратларининг айтганларидек қилдим. У каниз аёл мактубга кўзи тушиши биланоқ, кўп йиғлади-да, сўнг Амр ибн Зайдга деди:

«Бу мактубни келтирган кишига Мени сот. Агар шундай қилмасанг, ўзимни нобуд қиламан, дея онт ичди».

Бушр ибн Сулаймон айтади: Мазкур канизни ўша ҳамёндаги тилла тангалар билан сотиб олдим ва Бағдоддаги уйимга етиб келгач, ушбу каниз аёл имом Ҳодий (алайҳис салом)нинг мактубларини олиб ўпар ва кўзларига суртар эди. Мен бу ҳолатдан ҳайратланиб: «Қандай қилиб мактубнинг эгасини танимай уни ўпаяпсан», – дедим.

Шунда у чўри аёл менга: Сўзларимга қулоқ тут, токи бошимдан ўтган нарсаларни сенга сўзлаб берай, деди;

Мен Рим салтанатининг подшоси бўлмиш Қайсарнинг фарзанди, Яшуъойнинг қизи Меликоман. Онам ҳазрат Ийсо пайғамбарнинг вориси Шамъун ибн Ҳаммун ибн Сафонинг наслидандир.

Ёшим ўн учга тўлганда, Рим салтанатининг Подшоси ва Қайсари бўлмиш бобом мени ўз оғайнисининг ўғлига никоҳламоқчи бўлди. Шу мақсадда насроний уламолар, лашкарбошилар ва юқори обрў-эътиборга эга кишилардан иборат кўп халойиқни ўз қасрига тўплади. Унинг буйруғи билан оғайнисининг ўғли учун қимматбаҳо жавоҳир тошлардан ясалган катта бир тахт ўрнатилди, бут-санамлар ва хочларни юқорига илиб чиқишди. Сўнг эса ўз оғайнисининг ўғлини тахт устига чиқарди.

Аммо насроний руҳонийлар инжил китобларни қўлларига олиб ўқимоқчи бўлганларида, бутлар ва хочлар қулаб тушди ва ушбу тахт ағдарилди-да, куёв тахтдан ерга йиқилиб ҳушидан кетди. Насроний роҳиблар бу ҳолатни кўришлари билан қўрқувга тушишди ва Подшодан уларни бу ишдан озод қилишини сўрашди. Бобом ҳам бу ишни ёмон маънога суриб, роҳибларга тахтни яна бир бор тиклашни ва бутларни ўз жойига қўйишни буюрди.

Бу гал эса ўша бахти қаро куёвнинг акасини тахтга ўтқазишди. Руҳонийлар яна инжилларни очиб ўқишни бошлаганларида, яна бир марта тахт ағдарилиб бутлар, хочлар ва куёв ҳам ерга қулаб тушди. Халойиқ иккинчи маротаба ҳам бу ҳолатни кўргач, тарқалиб кетишди ва бобом ҳам ўзининг саройига қайтди.

Ўша кеча туш кўрдим. Тушимда ҳазрат Ийсо пайғамбар, Шамъун ва бир гуруҳ ҳаворийлар (ҳазрат Ийсо (алайҳис салом)нинг саҳобалари) бобомнинг қасрида тўпланишган экан. Куёв учун тикланган ўша тахтнинг жойида нурдан бўлган бир МИНБАРни ўрнатишди. Ушбу минбарнинг баландлиги осмон томон кўтарилганди. Сўнг ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз вориси ва куёви Али ибн Абу Толиб ва фарзандлари бўлмиш имомлар билан бирга қасрга кириб келдилар. Ҳазрат Ийсо пайғамбар одоб ва эҳтиром-ла ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни кутиб олиб ул зотни қучоқлади.

Ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрат Ийсо пайғамбарга:

«Эй Руҳаллоҳ, Биз ворисингиз Шамъун қизини фарзандим учун истаб совчиликка келдик», – дедилар-да, Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)га ишора қилдилар – ўша Сен мактубини менга олиб келган кишининг ўғлига. Шундан сўнг ҳазрат Ийсо (алайҳис салом) Шамъунга қараб: «Икки оламнинг шарофати Сенга юзланибди», деб марҳамат қилдилар.

Шамъун ижобий жавоб бергач, ҳаммалари ўша минбарга чиқдилар ва ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хутба ўқиб Ийсо пайғамбар билан бирга Мени Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)га никоҳладилар. Эрталаб уйқудан уйғонганимда, кўрган тушимни бобомга айтмадим, бироқ имомат қуёши бўлмиш Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг муҳаббатидан сабру қароримни қўлдан бердим. Еб-ичиш ва уйқудан буткул ажралиб қолдим ва оқибат бемор бўлдим. Топган ҳар бир табибларини мени даволаш учун бошимнинг устига олиб келишди. Аммо ҳеч фойда қилмади.

Яна бир кеча уйқуда туш кўрдим. Аёлларнинг сарвари ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) Мени кўришга келдилар ва ҳазрат Марям (алайҳос салом) жаннатий бўлган минг чўри билан биргаликда ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг хизматларида эдилар. Шунда ҳазрат Марям (алайҳос салом) менга дедилар: «Бу хоним аёлларнинг сарвари ва сенинг умр йўлдошинг онасидир». Мен ул ҳазратнинг этакларига осилиб: «Нимага фарзандингиз Мени кўришга келмайди», – деб шикоят қилдим. Ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо): «Қандай қилиб фарзандим сени кўришга келсин, ҳолбуки, Сен насронийсан», деб жавоб қайтардилар. Шунда ул ҳазрат Менга «шаҳодатайн калимасини» (яъни икки ҳақиқатга гувоҳлик бериш; Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳ ва Ашҳаду анна Муҳаммадан-Расулуллоҳ)ни ўргатдилар. Мен «шаҳодатайн калимасини» айтишим биланоқ ул ҳазрат оғуш очиб Мени қучоқладилар. Шундан кейин Мен ҳар кеча ҳазрат Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)ни тушимда кўрардим.

Шунда Бушр ибн Сулаймон: хоним Меликодан қандай қилиб асир тушдинг, дея сўради? Хоним Мелико шундай жавоб қайтарди:

Кечаларнинг бирида Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) менга: «Фалон кун бобонг мусулмонлар билан жанг қилиш учун бир қўшин юборади ва ўзи ҳам уларнинг ортидан йўлга тушади. Шунда Сен ҳам нотаниш ҳолда чўрилар ва хизматкорлар орасида бобонг ортидан йўлга чиқ».

Мен шу ишни қилдим. Токи, мусулмонлар қўшинининг пиёда аскарлари бизга дуч келишди ва бизни асир олишди. Уруш ғаниматларини бўлганда, Мени кекса ёшли бир кишига беришди. У Менинг исмимни сўраганида, «исмим Наржис», деб жавоб бердим. Шунда у «бу канизларнинг исми», деди.

Бушр ибн Сулаймон айтади: Мен уни Сомиррога, Имом Али ибн Муҳаммад ал-Ҳодий ан-Нақий (алайҳис салом) ҳузурларига олиб бордим. Ул ҳазрат уни кўришлари билан унга дедилар: «Қандай ҳам Аллоҳ таоло Сенга Ислом динининг азизлигини ва Насроний дини хор-залил эканлигини ҳамда Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул ҳазрат авлодларининг шарафли инсонлар эканликларини кўрсатди?». «Сиз Мендан кўра яхшироқ билган нарса ҳақида нима дея олардим?», – деб жавоб берди у.

Сўнг ул ҳазрат шундай марҳамат қилдилар: «Сенга ўн минг ашрафий беришимга розимисан ёки абадий шарофатни Сенга башорат берайми?». «Мен абадий шарофат ва улуғворликни истайман», – деб жавоб берди у. Шунда Имом Ҳодий (алайҳис салом) унга шундай марҳамат қилдилар:

«Сенга шундай бир ўғил фарзанд башорати бўлсинки, олам шарқу ғарбининг Подшоси бўлгай ва ер юзи зулм ва ноҳақликларга тўлиб тошгандан сўнг ер юзини адолат ва ҳақиқатга тўлдиргай».

Сўнг ул ҳазрат хизматкорини чақириб унга: «Синглим Ҳакимани чақириб кел», деб буюрдилар. Ҳакима хоним кириб келгач, ул ҳазрат унга дедилар: «Бу ўша Сенга унинг ҳақида айтганим каниздир. Уни уйингга олиб бор ва Ислом дини аҳкомларини унга ўргат. У Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг умр йўлдоши ва Имом Маҳдий (а.ж)нинг онаси бўлгай».

Сиқатул Ислом Кулайний (раҳматуллоҳи алайҳ) Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг қайси санада дунёга келганлари ҳақида Ал-Кофий китобида ёзади:

وُلِدَ لِلنِّصْفِ مِنْ شَعْبَانِ، سَنَةُ خَمْسٍ وَخَمْسِينَ وَمِأَتَيْنِ

«Имом Маҳдий (а.ж) Шаъбон ойининг яримида ҳижрий қамарий 255 йил дунёга келди».

Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) қандай дунёга келганлари ҳақида марҳум Шайх Садуқ ва Шайх Тусий (раҳматуллоҳи алайҳимо) ривоят қиладилар:

Ҳазрат Ҳакима хоним айтадилар: Бир куни Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг уйларига борган эдим. Кун ботгунга қадар ул ҳазратнинг ёнларида эдим. Қайтмоқчи бўлганимда Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) Менга шундай дедилар:

«Аммажон, бу кеча бизнинг ёнимизда қолинг. Бу кеча шундай бир фарзанд дунёга келадики, Аллоҳ таоло у орқали Ер аҳлини кофирлик ва гумроҳлик ривож топиши натижасида ўлганидан кейин илму иймон ва ҳидоят билан тирилтиради».

Мен Наржис хонимда ҳомиладорлик белгиларини кўрмаяпман, деб жавоб қайтардим. Шунда ул ҳазрат дедилар: «Аллоҳ таоло унинг ҳомиласини ҳазрат Мусо пайғамбар онасининг ҳомиладорлиги каби пинҳон қилган».

Ҳазрат Ҳакима хоним сўзларининг давомида дедилар:

Ўша кеча Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг уйларида қолдим. Рўзамни очиб ифтор қилдим-да, тунда дам олиш пайти Наржис хонимга яқин ётдим ва доим унинг ҳолидан хабардор бўлиб турдим. У тинч ухларди ва мен эса ҳайратда эдим. Бу кеча шаб (таҳажжуд) намози учун тезроқ турдим. Витр намозига етганимда, Наржис хоним уйқудан туриб вузу олди-да, шаб намозини ўқиди. Осмонга қарадим, субҳи козиб (алдовчи тонг) бўлган эди ва субҳи содиқ (ҳақиқий тонг) яқин эди. Шак ва иккиланиш қалбимда пайдо бўлишига оз қолган эди. Ногаҳон Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) ўз хоналаридан туриб: «Аммажон, шубҳага борманг, берган ваъдам яқиндир», дея буюрдилар. Шу пайтда туғиш дардининг белгилари Наржис хонимда пайдо бўлди. Шунда Мен Аллоҳнинг номини унга ўқидим. Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом): «Унга Қадр сурасини ўқинг», деб буюрдилар.

Менг Қадр сурасини ўқий бошладим ва чақалоқ онасининг қорнида Мен билан бирга сурани ўқиди. Сўнг менга салом берди. Мен қўрқдим. Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) баланд товушда: «Аммажон, Аллоҳ таолонинг қудратидан ҳайратланманг. Аллоҳ таоло Бизнинг тилимизга гўдаклик чоғимизда ҳикматни жорий этади ва катта ёшда эса Бизни ер юзида Ўзининг Ҳужжати қилади», деб марҳамат қилдилар.

Имомнинг сўзлари тугаши билан, Наржис хоним менинг кўзимдан ғойиб бўлди. Шошиб Имом томонга бордим. Ул ҳазрат: «Қайтинг, уни топгайсиз», деб буюрдилар. Қайтганимда ҳазрат Наржис хонимда шундай бир нурни кўрдимки, кўзимни қамаштирди ва ҳазрат Маҳдий (а.ж)ни кўрдимки, қибла томон саждага бориб тиз чўкиб ўтирди ва кўрсаткич бармоқларини юқорига кўтариб деди:

«أَشْهَدُ أَنْ لَا اِلهَ إلَّا الله، وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، وَأَنَّ جَدِّي رَسُولُ اللهِ وَأَنَّ أَبِي أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ وَصِيُّ رَسُولِ اللهِ»

«Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги бўлмаган ягона Зотдир ва шубҳасиз, бобом Аллоҳнинг Расули ва отам Али Расулуллоҳнинг ворисидир, деб гувоҳлик бераман».

Сўнгра ул ҳазрат маъсум имомларнинг номларини бирма-бир тилга олдилар. Ўзларининг муборак номлари (Маҳдий)га етиб келганда шундай марҳамат қилдилар:

«اَللَّهُمَّ أَنْجِزْ لِي وَعْدِي، وَأَتْمِمْ لِي أَمْرِي، وَثَبِّتْ وَطْأَتِي، وَامْلَإِ الْأَرْضَ بِي عَدْلًا وَقِسْطًا»

«Эй Аллоҳим, Менинг ваъдамни Мен учун руёбга чиқар, Менинг ишимни Мен учун комил қил, босадиган қадамимни мустаҳкам қил ва Мен орқали Ер юзини адолат ва ҳақиқатга тўлдир».

Шу пайт Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) чақириб: «Аммажон, фарзандимни келтиринг», деб марҳамат қилдилар. Мен чақалоқни қўлимга олганимда, ўнг қўлининг билагига ушбу оят ёзилган эди:

جَآءَ الْحَقُّ وَزَهَقَ الْبَاطِلُ إِنَّ الْبَاطِلَ كَانَ زَهُوقًا

«Ҳақ келди ва ботил нобуд бўлди. Албатта, ботил нобуд бўлувчидир». (Исро сураси, 81-оят)

Чақалоқни ул ҳазратнинг ёнларига олиб борганимда, уни қўлларига олиб: «Эй фарзандим, Аллоҳнинг қудрати ила сўзла», дедилар. Шунда Соҳибул амр Имом Маҳдий илк бора ушбу оятни ўқидилар:

وَنُرِيدُ أَن نَّمُنَّ عَلَى الَّذِينَ اسْتُضْعِفُوا فِي الْأَرْضِ وَنَجْعَلَهُمْ أَئِمَّةً وَنَجْعَلَهُمُ الْوَارِثِينَ ﴿٥﴾ وَنُمَكِّنَ لَهُمْ فِي الْأَرْضِ وَنُرِيَ فِرْعَوْنَ وَهَامَانَ وَجُنُودَهُمَا مِنْهُم مَّا كَانُوا يَحْذَرُونَ

«Биз ер юзида кучсиз саналган кишиларга неъмат беришни, уларни (кучсизликдан чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиришни ва уларни (ер юзининг) ворислари қилишни истаймиз. Ҳамда Биз уларга ер юзида қудрат беришни, Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарларига улар (Бани Исроил)дан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз». (Қасас сураси, 5 ва 6-оятлар)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.