Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Ҳазрат Али Акбар (а.с) тарихи ҳақида қисқача маълумот

Ҳазрат Али Акбар (а.с) тарихи ҳақида қисқача маълумот

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Шаъбон ойининг 11 куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларидан бўлган ул ҳазратнинг суюкли неваралари ва шаҳидлар саййиди Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг тўнғич ўғиллари, ёшларнинг энг чиройли ва энг яхши тимсоли бўлмиш ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом)нинг туғилган кунига тўғри келади.

Ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом) энг яхши хулқ-атворга эга бўлган, маънавий ва инсоний камолот ва барча фазилатларнинг соҳиби эди. Ул ҳазрат чиройли, хушмуомала, ҳурматга сазовор ва жуда холис художўй инсон эди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Карбало шаҳидларидан бўлган обрў-эътиборли бу ёш йигит ҳақида шундай деб марҳамат қиладилар:

«У Бошқаларга нисбатан калом, ахлоқ ва ташқи кўриниш жиҳатидан Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ўхшарди. Қачонки Биз Пайғамбар (с.а.о) дийдорига муштоқ бўлиб қолсак, албатта Али Акбарга қарардик».

Шаъбон ойининг 11 куни ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом)нинг баракотли таваллуд куни муносабати билан барча мусулмонларни муборакбод этамиз.

Ислом тарихидан маълум бўлишича, ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом) ҳижрий қамарий 43 йил Шаъбон ойининг 11 куни Мадинаи Мунавварада дунёга келди. Ул ҳазратнинг падари бузрукворлари имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва муҳтарама оналари эса Лайло хоним аслу насабга эга бўлган оиладан эди.

Ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом)нинг муборак вужуди энг яхши одамлар бағрида тарбия топди ва одамлар яхшилик билан эслайдиган бир етукли ёш йигитга айланди. Ёшлик даврининг аввалиданоқ ул ҳазратнинг сиймосидан фазилат, шон-шараф ва буюклик нури порларди. Ул ҳазрат обрў-эътиборли, шижоатли, довюрак мўмин, тақволи, меҳрибон ва яхши хулқ-атвор соҳиби бўлган инсон эди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) бундай бир йигитга эга бўлганларидан Аллоҳ таолодан миннатдор эдилар ва ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом) ҳам барча залворли ва оғир пайтларда бузруквор оталарининг ёнида тўриб, имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг куч-қудрати эди.

Шайх Аббос Қуммий «Мунтаҳал-Омол», яъни «Орзуларнинг ниҳояси» номли китобида ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом)нинг юксак шахсияти ҳақида шундай ёзади:

«У ўта чиройли, чеҳраси очиқ, нутқи гуё ва шижоатли бир ёш йигит эди ва чеҳрасининг ўхшашлиги, хислат ва хулқ-атвор ҳамда сийрат нуқтаи назаридан Расули Акрам салаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва салламга ўхшарди ва шунингдек шижоат ва жасоратни ўз бобоси Али бин Аби Толиб (алайҳис салом)дан мерос олган эди. У камолот, яхшилик ва гўзалликнинг яққол намунаси эди».

Намуна сифатида айтадиган бўлсак, Куфа халқининг чақириғи биноан ҳазрат Али Акбар оталари билан ўша замин томон келаётганларида йўл оралиғидаги Саълабия манзилида имом Ҳусайн (алайҳис салом) бир оз уйқуга кетадилар ва уйқудан бедор бўлиб, тушимда бир нидо қилувчининг: «Сизлар тезлик билан ўтиб бормоқдасиз, аммо ўлим тезлик билан сизларни жаннат томон олиб боради» деганини эшитдим, дедилар.

Шунда Али Акбар: «Биз ҳақ эмасмизми?», – деди.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом): «Ўғлим Худо ҳақки биз ҳақмиз», – дедилар.

«Ундай бўлса ўлимдан хавотир йўқ», – деди Али Акбар.

Шунда имом Ҳусайн (алайҳис салом): «Эй ўғлим, Аллоҳ сенга Отанинг ўғлига қиладиган энг яхши мукофотини ато этсин», – дедилар.

Ёш бир йигит агар ҳаётида ўзи учун покликни танлаган бўлса ва ҳаётнинг чиройли жилваланган моддий лаззатларидан ўзини маҳрум этган бўлса, у учун Парвардигорнинг раҳмат ва меҳр-муҳаббат эшиклари очилади. Бундай ёш йигит ўзининг пок қалби билан тўғри йўлни оғиш йўлдан аниқлай олади ва ҳаром нарсалардан узоқда бўлгани сабабли Аллоҳ таоло унга огоҳлик, сергаклик ва илму маърифат ато этади. Поклик ва холисликнинг тимсоли бўлмиш ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом) шу жиҳатдан Парвардигори каримнинг фазлу марҳаматига ноил бўлди. Ул ҳазрат тўғри йўлдан борди ҳамда маънавий ва инсоний юксак фазилатлар йўлида ўз умрининг охирига қадар курашди.

Тарихда ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом)нинг ҳаётидан бизга жуда оз маълумот етиб келган. Ул ҳазратнинг оила қурганлари, фарзандлари бор ёки йўқлиги, умр йўлдошлари ким эканлиги ҳақида ёзилган бирор бир ҳужжат бизгача етиб келгани йўқ. Аммо олтинчи пешвоимиз имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг томонларидан ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом) ҳақида баён қилинган «Зиёратнома»да айтилишича, ул ҳазрат оила қурганлар ва битта ёки ундан кўпроқ фарзандлари бўлган. Мазкур «Зиёратнома»да «Сен, сенинг оиланг, сенинг отанг ва фарзандларингга Худонинг дуруду саломи бўлсин», – дейилган сўзлар ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом) оила ва фарзандли эканлигини кўрсатади.

Ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом)да зулму адолатсизликка нисбатан бадбинлик, одолатхоҳлик, ҳақиқатни талаб қилиш руҳияти ўзининг энг юқори даражасида мужассамлашган эди. Ошуро куни душманларнинг юзага келтирган ўта қурқинчли жангда ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом) инсоний юксак қадриятлар ва фазилатларни ҳимоят этиш учун урушнинг аввалидан бошлаб душманларга қарши жанг майдонига боришни оталаридан сўрардилар. Аммо имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг вафоли ёронлари бу талабни қабул қилмай, токи биз тирик эканмиз, бани Ҳошим авлодидан ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларидан ҳеч бир киши жанг майдонига чиқишига йўл қўймаймиз, деб айтишарди.

Бироқ Карбало чўлида имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг вафоли ёронлари бирин-кетин ҳаммалари шаҳид бўлгач, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларидан жиҳод майдонига чиққан биринчи шахс – бу ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом) эди. Ул ҳазрат улкан шижоат ва довюраклик кўрсатиб, душманларнинг бир қанчасини ҳалокатга учратганларидан сўнг ўзлари ҳам шаҳидликнинг юқори даражасига эришиб, бани Ҳошим авлодининг Карбало заминидаги биринчи шаҳиди бўлдилар.

Тарихда айтилишича, ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом) падари бузрукворлари имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳузурларига келиб, жангга чиқиш учун изни майдон сўрайдилар. Шунда имом Ҳусайн (алайҳис салом) маъюс нигоҳ билан Пайғамбарга ўхшаган ўғиллари Али Акбар (алайҳис салом)га қараб иккала кўрсатиш бармоқларини осмонга ишора қилиб, дедилар:

«Худоё Сен Ўзинг ушбу қавмга гувоҳ бўлгинки, мен улар олдига шундай бир йигитни юбораяпманки, ташқи кўриниш, хулқ-атвор ва нутқ сўзлашда ҳаммадан кўра Расулинг Муҳаммад (с.а.о)га ўхшашдир. Қачонки биз Пайғамбаринг дийдорига муштоқ бўлсак, Али Акбарга боқардик».

Али Акбар (алайҳис салом) майдонга чиқиб ўзларининг ҳалокатли зарбаларини душманга етказиб, душман лашкаридан 120 нафарни ҳалокатга етказадилар. Ҳавонинг иссиғи оқибатида ташналик юз тутиб, оталари олдларига келиб айтадилар:

«Отажон, ташналик ва қуролнинг оғирлиги мени қийнамоқда!»

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) йиғлаб фарзандларига буюрдилар:

«Эй қалбим маҳбуби, озгина сабр қилгин, кўп қолмади, яқинда бобомиз Расулуллоҳ (с.а.о) ўзлари сени сероб қилажаклар»

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) муборак бармоқларини Али Акбар (алайҳис салом)нинг оғизларига қўйиб буюрдилар:

«Бармоғимни оғзингга қўйиб ол ва душман томонга қайтгин».

Али Акбар (алайҳис салом) жонларидан воз кечиб шижоат билан душман томонга қайтдилар. Ҳар томондан, ўнг ва сўлдан душманга ҳамла қилиб, улардан бир неча нафарини жаҳаннамга равона қилдилар, ногаҳон душманнинг бир ўқи Али Акбар (алайҳис салом)нинг муборак томоқларига келиб тегди. Лекин шунга қарамай, шабиҳи Пайғамбар сабр қилдилар, қиличлар, ўқлар ва найзалар зарбалари ул ҳазратнинг муборак баданларига санчилиши оқибатида отдан йиқилдилар ва баланд овоз билан:

«Эй отажон, Сизга саломим бўлсин, энди мен жаддим Расулуллоҳ (с.а.о) ҳузурларига шарафёб бўлдим, зудлик билан биз томонга келинг. Мени жаддим Пайғамбарнинг ўзлари сероб қилиб энди ҳеч қачон ташна бўлмайсан, дедилар».

Ҳазрат Али Акбар (алайҳис салом)нинг қабри Карбалода, оталари имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қабри ёнида қарор топган.

Икки қўлимизни дуога кўтариб Аллоҳ таолодан бу дунёда у буюк ва муқаддас зотларнинг зиёратини ва охиратда эса уларнинг шафоатини бизга насиб этишини сўраб қоламиз! Омин!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.