Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий (а.ж) ғойиблигининг маъно-мазмуни ва унинг сабаблари ҳақида

Имом Маҳдий (а.ж) ғойиблигининг маъно-мазмуни ва унинг сабаблари ҳақида

Бисмиллаaҳир Роҳманир Роҳийм

Кириш

Шубҳасиз, ҳар бир замоннинг Имоми ва Пешвоси бўлиб, уни таниш ва унга эргашиш вожиб ва зарурдир. Уни танимаслик эса шу даражада зарар ва зиён ҳисобланганки, жоҳилият давридаги кофирлик ҳолатига мубтало бўлган ҳолда оламдан ўтиш билан баробар экани кўпгина ҳадисларда айтилади. Бу борада олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) боболари Русулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар:

قال أبوعبد اللّه (ع) قال رسول الله (ص): «مَنْ مَاتَ‏ وَ هُوَ لَا یَعْرِفُ إِمَامَ‏ زَمَانِهِ‏ مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً»

«Кимда ким ўлса-ю, ваҳоланки ўз замонасининг имоми ва пешвосини танимай ўтса, жаҳолат ўлими билан ўлган бўлади».

Манба: Шайх Ҳур Омилий, Муҳаммад ибн Ҳасан, «Исботул Ҳудо», Байрут, Аъламий нашриёти, ҳижрий 1425 йил, 1-жилд, 153-бет.

Шу мақсадда биз ҳам замонамиз Имоми ва Пешвоси бўлмиш Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин)ни баҳоли қудрат яхши таниб олиб ул ҳазратнинг кўрсатган йўлларидан боришимиз учун ушбу мақолани ёзишга жазмландик.

Имом Маҳдий ҳақида айтилган сўзлар ва баҳслар бизнинг замонамизга ёки бирор бир даврга хос бўлмай, балки Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларининг ўзидаёқ ваъда қилинган Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг келиши ва ул ҳазратнинг кимлиги, бутун дунё бўйлаб тузадиган адолатли ҳукумати ҳамда қандай ҳолда яшаши ҳақида Сарвари коинотдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

Бутун асрлар давомида то бизнинг замонимизга қадар бу борада кўп ва турли мавзулар айтилиб ва илмий асарлар ёзилиб келмоқда. Имом Маҳдий (а.ж) билан боғлиқ мавзулардан бири – бу Имомнинг одамлар кўзига кўринмай ғойиб бўлган ҳолда яшаши бўлиб, ушбу мавзуни тўғри баён қилиш ва англаб етиш лозим. Токи ҳақиқатни яширмоқчи бўлган айрим ғанимлар Имом Маҳдийнинг ғойиблигини ул ҳазрат дунёга келганидан кейин йўқолиб қолгани ёки икки тоғнинг орасига кириб кетгани ва у ердан ҳеч қачон чиқмагани ёхуд уйқуга боргани ё тамоман бошқа бир оламда яшаётгани ёки «жазиратул хазро», яъни яшил орол деган жойга беркиниб олгани каби маъноларга суриб пуч, асоссиз ва бемаъна тушунчаларни кўтариб чиқишга мажол топа олмасинлар.

Аллоҳ таолонинг сўнгги Ҳужжати ва Валийси, замонамиз Соҳиби ва Пешвоси бўлмиш Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин)ни таниш бобида энг муҳим бўлган масала ул ҳазрат ғайбати ва ғойиблигининг маъно-моҳиятини ҳамда ушбу ғойибликнинг сабабларини чуқур ўрганиш ва билишдан иборат. Зероки, ғойиб бўлишнинг маъно-мазмуни ва унинг сабаблари маълум бўлмагунча, кўзлардан ғойиб бўлган Имом Маҳдий (а.ж)га ишониш ҳамда ул ҳазратнинг зуҳури, яъни кўзларга кўриниб ҳаммага намоён бўлишини кутиш муносиб шаклда инсон учун тушунарли бўлмай, ул ҳазратга эътиқод қилишдан оғиш ва адашиш ҳолатини юзага келтириши мумкин. Шунинг учун ушбу мақоламизда мухтасар шаклда дастлаб ғойиб бўлишнинг маъно-мазмуни, сўнгра унинг сабабларини ўрганиб чиқамиз.

А. Ғайбат ва ғойиб бўлишнинг маъно-мазмуни ҳақида✍️

Эътиқодий маъно ва тушунчага эга бўлган сўзларнинг маъносини тўғри фаҳмлаш ақлий оғишлардан сақланиб қолиш учун улкан аҳамиятга эга. Худди шундай масаланинг акси бўлганда, яъни бир сўзнинг маъносини нотўғри тушуниш кишининг оғишига сабаб бўлади. Шунга ўхшаб, «ғайб» ва «ғойиб бўлиш» сўзининг маъносини тўғри англаб етиб, кейин уни Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг сифатларидан бири деб билиб, ўрганиб чиқадиган бўлсак, «ғайб» ва «ғойиб бўлиш» сўзининг маъносини тўғри тушунмаслик қандай ҳам баъзи одамларнинг Имом Маҳдий (а.ж)га бўлган эътиқодига салбий таъсир кўрсатганини кўриш мумкин. Айримларда одамларнинг кўзидан узоқ яшайдиган бундай Имомнинг мавжудлигида бирор таъсир йўқдек кўриниб бу борада шак-шубҳа туғилган. Шунинг учун авваламбор, «ғайб» ва «ғойиб бўлиш» сўзининг луғатдаги ва истилоҳий (терминологик) маъносини ўрганиб чиқиш зарур топилди.

«Ғайб» ва «ғойиб бўлиш» сўзи луғатда; бор ва ҳозир бўлишнинг акси бўлиб пинҳон бўлмоқ ва яширинмоқ маъносидадир ва кўзлардан пинҳон бўлиб, қалбларда қолиш тушунилади.

Манба: «Ақрабул маворид», 4-жилд, 80 ва 81-бетлар.

Ёки кўзлардан пинҳон ва яширин бўлмоқ маъносидадир хоҳ қалбда қолган бўлсин ёки қолган бўлмасин. Ҳаттоки «Ғайб» ва «ғойиб бўлиш» сўзи товуши парда ортидан эшитилиб, лекин унинг жойлашган жойи маълум бўлмаган ўринда ҳам қўлланилган.

Манба: Ал-Муъжамул-Васит 1-жилд, 667-бет.

«Ғайб» ва «ғойиб бўлиш» сўзи истилоҳда икки маънода ишлатилган:

  1. Ҳаттоки ақл ва нақл (ҳадис) ҳам унга йўл топа олмайдиган ўта махфий нарса (мутлақ ғайб-оккултация).
  2. Ақл ёки нақл (ҳадис) ёрдамида алоқа қилиш мумкин бўлган махфий нарса (нисбий ғайб)

Манба: «Истилоҳул ъулуми вал фунун» (Фан ва технология атамаси) 2-жилд, 1256-бет).

Б. Ғайбат ва ғойиб бўлишнинг маъносини Имом Маҳдий (а.ж)га татбиқ этиш ҳақида✍️

«Ғайб» ва «ғойиб бўлиш» сўзининг маъносига зарур миқдорда изоҳ бергандан сўнг, энди унинг маъносини Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)га нисбатан қўлланишини кўздан кечирсак, ушбу ҳақиқат маълум бўладики, «Ғайб» ва «ғойиб бўлиш»нинг Имом Маҳдий (а.ж) билан боғлиқ маъноси маълум даражада ўша луғатдаги маъно, яъни кўзлардан пинҳон ва яшириниш бўлиб, қалбларда қолиш маъносига ва шунингдек, иккинчи истилоҳий маънога, яъни нисбий ғайб-оккултацияга тўғри келади. Сўзимизнинг тасдиғи сифатида Аҳмад ибн Зиёд Аздийнинг еттинчи пешвоимиз ва имомимиз ҳазрат Мусо ибн Жаъфар ал-Козим (алайҳис салом)дан сўраган саволи ва ул ҳазратнинг жавобини шу ерда келтирамиз;

Аҳмад ибн Зиёд Аздий айтади: Имом Козим (алайҳис салом)дан ушбу оятнинг маъноси ҳақида сўрадим:

«وَأَسْبَغَ عَلَيْكُمْ نِعَمَهُ ظَاهِرَةً وَبَاطِنَةً ۗ»

«(Аллоҳ таоло) сизларга Ўзининг зоҳирий ва ботиний неъматларини комил қилиб берган» (Луқмон сураси, 20-оят).

Имом Козим (алайҳис салом) саволимга жавобан шундай марҳамат қилдилар:

فَقَالَ عَلَيْهِ السَّلَامُ: النَّعْمَةُ الظَّاهِرَةُ الْإمَامُ الظَّاهِرُ وَالْبَاطِنَةُ الْإمَامُ الْغَائِبُ فَقُلْتُ لَهُ: وَيَكُونُ فِي الْأئِمَّةِ مَنْ يَغِيبُ؟

«Зоҳирий неъмат» ҳозир ва намоён бўлган Имомдир ва «ботиний неъмат» эса кўзлардан ғойиб бўлган Имомдир». Шунда Мен: «Имомлар орасида кўзлардан ғойиб бўладиган Имом ҳам бўладими?», – деб сўрадим. Ул ҳазрат шундай жавоб бердилар:

قَالَ عَلَيْهِ السَّلَامُ: «نَعَمْ، يَغِيبُ عَنْ أَبْصَارِ النَّاسِ شَخْصُهُ وَلَا يَغِيبُ عَنْ قُلُوبِ الْمُؤْمِنِينَ ذِكْرُهُ، وَهُوَ الثَّانِي عَشَرَ مِنَّا يُسَهِّلُ اللهُ لَهُ كُلَّ عَسِيرٍ وَيُذَلِّلُ لَهُ كُلَّ صَعْبٍ وَيُظْهِرُ لَهُ كُنُوزَ الْأَرْضِ وَيُقَرِّبُ عَلَيْهِ كُلَّ بَعِيدٍ وَيُبِيرُ بِهِ كُلَّ جَبَّارٍ عَنِيدٍ، وَيُهْلِكُ عَلَى يَدِهِ كُلَّ شَيْطَانٍ مَرِيدٍ، ذَلِكَ ابْنُ سَيِّدَةِ الإِمَاءِ الَّذِي تُخْفَى عَلَى النَّاسِ وَلَادَتُهُ، وَلَا يَحِلُّ لَهُمْ تَسْمِيَتُهُ حَتَّى يُظْهِرَهُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ فَيَمْلَأُ الْأَرْضَ قِسْطاً وَعَدْلاً كَمَا مُلِئَتْ جَوْراً وَظُلْماً»

«Ҳа, Имомнинг шахси одамларнинг кўзидан ғойиб бўлади, аммо уни эслаш мўминларнинг қалбидан ғойиб бўлмагай. У Биздан бўлган ўн иккинчи Имомдир. Аллоҳ таоло у учун ҳар бир қийинни осон қилади, ҳар бир мушкулни унга енгиллаштиради, ер хазиналарини унинг учун ошкор этади ва ҳар бир узоқни унга яқин қилади, ҳар бир қайсар зўравонни у орқали йўқотади ва ҳар бир ўжар шайтонни унинг қўли билан ҳалок килади. Ушбу (Имом) дунёга келиши одамларга пинҳон бўлган канизлар сарварининг ўғлидир. Унинг исмини тилга олиш одамларга жоиз бўлмагай, токи Аллоҳ Азза ва Жалла уни (ғойибликдан чиқариб) ошкор қилур ва у ер ёвузлик ва зулмга тўлиб тошганидек ерни адолат ва ҳақиқатга тўлдиради».

Манба: 1. Шайх Садуқ, «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», 368 ва 369-бет.

2. Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 51-жилд, 150-бет.

Юқоридаги ҳадисдан келиб чиқиб айтамизки, Аҳли-Байт издошларининг эътиқодида Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) кўзлардан ғойиблигининг асл маъноси шуки, ул ҳазратнинг ғайбат (ғойиблик) пайтидаги имомат ва пешволиги худди ҳамма учун ҳозир ва намоён бўлган маъсум Имом сингари ҳидоят қилувчи ва йўл-йўриқ кўрсатувчи таъсирга эга. Фақатгина фарқи шундаки, ҳозирча Худонинг ҳикмат ва донолиги ҳамда тадбирининг тақозоси билан ҳамма ҳам Имом Маҳдий (а.ж)нинг ҳузурига шарафёб бўлиб ул ҳазратни кўришга лойиқ эмас ва эътиқодий нуқтаи назардан, маъсум Имомнинг ғойиблик пайтидаги вужуди айнан унинг ҳозир ва намоёнлик вақти сингари Аллоҳ таолонинг одамлар учун фазлу раҳмати ва лутфидир. Аллома Ҳиллий (раҳматуллоҳи алайҳ) бу борада айтадилар:

«أنَّ الإمام لطف في حال غيبته وظهوره»

«Шубҳасиз, Имомнинг ғойиблик ҳолати ҳам, ҳозирлик ҳолати ҳам Аллоҳ таолонинг лутфидир».

Манба: Аллома Ҳиллий «Ал-Фитан», 1-жилд, 99-бет.

Мўъминлар амири ҳазрат Имом Али (алайҳис салом) сўзлари ҳам айнан шу маънони ифодалайди:

«اللَّهُمَّ بَلَىٰ لَا تَخْلُو الأَرْضُ مِنْ قَائِمٍ لِلَّه بِحُجَّةٍ ـ إِمَّا ظَاهِراً مَشْهُوراً وإِمَّا خَائِفاً مَغْمُوراً»

«Ҳа шубҳасиз, Аллоҳнинг ҳужжатлари ва очиқ-ойдин белгилари пучга чиқмаслиги учун ҳеч вақт ер юзи Аллоҳнинг ҳужжатини барпо этувчи кишидан; хоҳ ошкор ва зоҳир ҳолда кўзга кўринсин ёки хавфли ҳолда (Аллоҳ изни ила) пинҳон бўлсин, холи бўлмайди» (Наҳжул Балоға; 147-Ҳикмат).

Демак, ер ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг Ҳужжатидан холи бўлмайди. Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) Худонинг сўнгги Ҳужжати сифатида одамлар учун ҳозир ва бор бўлиб, ул ҳазрат илоҳий Ҳужжатнинг зиммасидаги вазифаларни бажаришга буюрилганлар. Шубҳасиз, Аллоҳнинг Ҳужжати тўлиқ ихтиёр ва ваколатга эга бўлиб, ғойиб ҳолда барча саҳналарда ҳозир ва нозирдир. Бу борада тўртинчи пешвоимиз Имом Али ибн Ҳусайн Зайнулобидин бу борада шундай марҳамат қиладилар:

عَنْ عَلِیِّ بْنِ الْحُسَيْنِ عَلَيْهِ السَّلَامُ فِي حَدِيثٍ قَالَ: «لَمْ تَخْلُ الْأَرْضُ مُنْذُ خَلَقَ اللهُ آدَمَ مِنْ حُجَّةٍ لِلّٰهِ فِيهَا ظَاهِرٌ مَشْهُورٌ، أَوْ غَائِبٌ مَسْتُورٌ، وَلَا تَخْلُو إِلَىٰ أَنْ تَقُومَ السَّاعَةُ مِنْ حُجَّةٍ لله فِيهَا، وَلَوْلَا ذٰلِكَ لَمْ يُعْبَدِ اللهُ».

«Худо Одам Атони яратганидан бери, ер юзи Аллоҳнинг Ҳужжатидан холи бўлмаган. Ўша Ҳужжат ё ошкор ва намоён ҳолда бўлади ёки кўзлардан ғойиб ва пинҳон ҳолда. То Қиёмат қоим бўлгунига қадар ер юзи ҳеч қачон Аллоҳнинг Ҳужжатидан холи бўлмайди. Агар шундай бўлмаса эди, Аллоҳ таолога ибодат қилинмасди».

Манба: Шайх Ҳур Омилий Муҳаммад ибн Ҳасан, «Исботул Ҳудо», Байрут, Аъламий нашриёти, ҳижрий 1425 йил, 1-жилд, 168-бет.

Замонамиз Соҳиби ва Пешвоси бўлган Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) шиалардан бири сўраган саволга жавобан тавқийъ (саволга жавоб тариқасида ёзилган нома)да айнан мана шу маънога ишора қилиб айтадилар:

«إنَّ أَبِي عَلَيْهِ السَّلَامُ‏ عَهِدَ إِلَيَّ أَنْ لَا أَوْطِنَ مِنَ الْأَرْضِ إِلَّا أَخْفَاهَا وَ أَقْصَاهَا إِسْرَارًا لِأَمْرِي وَ تَحْصِينًا لِمَحَلِّي لِمَكَايِدِ أَهْلِ الضَّلالِ وَالْمَرَدَةِ»

«Менинг отам (Имом Ҳасан Аскарий Аллоҳнинг салому дурудлари ул зотга бўлсин) Менга ҳаёт кечиришим учун фақат ер юзидаги энг яширин ва энг узоқ жойнигина танлашни буюрдилар, токи менинг ишим (одамлар нигоҳидан) пинҳон қолсин ва яшаш жойим залолат ва гумроҳлик аҳли бўлган душманларнинг макру ҳийласидан омонда бўлсин деб».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 52-жилд, 35-бет.

Яна бир муҳим мавзуни бу ерда баён қилишни ўринли деб биламиз. У ҳам бўлса, Имом Маҳдий (а.ж)нинг муборак ҳаётлари ва имоматлари даврида ул ҳазрат учун икки ғайбат (кўзлардан ғойиб бўлиш) ҳолатининг юзага келишидир. У буюк зот кўзлардан ғойиб бўлган маъсум Имом ва Аллоҳ таолонинг сўнгги Ҳужжати ва Валийси эканлигида ҳеч қандай шак-шубҳамиз йўқ. Ҳадисларда ҳам Имом Маҳдий қиём қилишидан (оёққа туришидан) олдин икки хил ғайбатга эга бўлган Қоим (адолат ва ҳақиқатни барпо қилувчи) Имом сифатида таниттирилган. Ҳаттоки ул ҳазрат ғайбатининг икки турда эканлиги тафсилоти баён қилиниб, биринчи ғойиблиги қисқа муддатли бўлса, иккинчиси эса узоқ вақт давом этиши айтилган. Бу ҳақдаги ҳадисларнинг сони жуда кўп бўлиб, биз бу ерда фақат бир нечта ҳадисни намуна сифатида келтирамиз.

Исҳоқ ибн Аммор ас-Сайрафий айтади: Мен Абу Абдуллоҳ (Имом Содиқ) (алайҳис салом)дан шундай айтаётганларини эшитдим:

عنْ إِسْحَاقَ بْنِ عَمَّارٍ الصَّيْرَفِيِّ قَالَ سَمِعْتُ أَبَا عَبْدِ اللهِ عَلَيْهِ السَّلَامُ‏ يَقُولُ:‏ «لِلْقَائِمِ غَيْبَتَانِ إِحْدَاهُمَا طَوِيلَهٌ وَالْأُخْرَىٰ قَصِيرَهٌ فَالْأُولَىٰ يَعْلَمُ بِمَكَانِهِ فِيهَا خَاصَّهٌ مِنْ شِيعَتِهِ وَالْأُخْرَىٰ لَا يَعْلَمُ بِمَكَانِهِ فِيهَا إِلَّا خَاصَّةُ مَوَالِيهِ فِي دِينِهِ».

«Қоимнинг икки ғайбати бўлур; улардан бири узоқ давом этади ва бошқаси эса қисқа муддатлидир. Биринчи ғайбат (узоқ давом этадиган Кубро Ғайбат)да унинг хос шиалари ул ҳазратнинг жойи (қаерда экани)ни биладилар ва бошқа ғайбатда (қисқа муддатли Суғро Ғайбат)да эса унинг ўрнини фақатгина ул ҳазратнинг дин йўлидаги хос дўст-ёронлари билишади».

Манба: Абу Абдиллоҳ, Муҳаммад ибн Иброҳим ан-Нуъмоний, «Китобул-Ғайбаҳ», 170-бет.

Бир ҳадисда бешинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

قَالَ سَمِعْتُ أَبَا جَعْفَرٍ عَلَيْهِ السَّلَامُ‏ يَقُولُ:‏ «إِنَّ لِصَاحِبِ هَذَا الْأَمْرِ غَيْبَتَيْنِ»

«Албатта, бу иш эгаси (Имом Маҳдий) учун икки ғайбат бор».

Юқоридаги манба.

Бошқа бир ҳадисда Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) муборак Мулк сурасининг 30-ояти:

قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِنْ أَصْبَحَ مَاؤُكُمْ غَوْرًا فَمَن يَأْتِيكُم بِمَاءٍ مَّعِينٍ

«(Эй Расулимиз Муҳаммад, кофирларга) айтгин: Хабар беринглар-чи, агар (ер юзидаги ичар) сувларингиз (ер тубига) сингиб кетса, у ҳолда (Аллоҳдан ўзга) ким сизларга оқар сувни келтира олур?!» Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг кўзлардан ғойиб бўлиши замонига тааллуқли эканини айтиб, ушбу ояти кариманинг таъвилини (ботиний маъносини) шундай баён қиладилар:

عن أَبِي‏ بَصِيرٍ عَنْ‏ أَبِي‏ جَعْفَرٍ مُحَمَّدِ بْنِ‏ عَلِيٍّ‏ عَلَيْهِمَا السَّلَامُ‏‏ فِي‏ قَوْلِ‏ اللَّهِ‏ تَعَالَى‏ قُلْ‏ أَرَأَيْتُمْ‏ إِنْ‏ أَصْبَحَ‏ ماؤُكُمْ‏ غَوْراً فَمَنْ‏ يَأْتِيكُمْ‏ بِماءٍ مَعِينٍ‏ قَالَ‏ نَزَلَتْ‏ فِي‏ الْإِمَامِ‏ فَقَالَ‏ إِنْ‏ أَصْبَحَ‏ إِمَامُكُمْ‏ غَائِباً عَنْكُمْ‏ فَمَنْ‏ يَأْتِيكُمْ‏ بِإِمَامٍ‏ ظَاهِرٍ يَأْتِيكُمْ‏ بِأَخْبَارِ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ‏ وَبِحَلَالِ‏ اللَّهِ‏ تَعَالَىٰ‏ وَ حَرَامِهِ‏» ثُمَّ‏ قَالَ‏ «أَمَا وَاللهِ‏ مَا جَاءَ تَأْوِيلُ‏ هَذِهِ‏ الْآيَةِ وَلَا بُدَّ أَنْ‏ يَجِي‏ءَ تَأْوِيلُهَا»

«Бу оят Имом ҳақида нозил бўлган. Агар (Аллоҳнинг Ҳужжати бўлган маъсум Имомингиз) сизлардан ғойиб бўлса, у ҳолда ким сизларга Имомни ошкор ва намоён қилади, токи Имомингиз сизларга осмон ва ернинг хабарларини келтириб, Аллоҳ таолонинг ҳалоли ва ҳаромини баён қилсин?!»

Сўнгра ул ҳазрат сўзларини давом эттириб дедилар: «Огоҳ бўлингиз, Аллоҳга онт бўлсинки, бу оятнинг таъвили келмаган ва шак-шубҳасиз, унинг таъвили келажакдир».

Манба: Шайх Тусий Муҳаммад ибн Ҳасан, «Ал-Ғайбаҳ», 158-бет.

Саккизинчи пешвоимиз Имом Ризо (алайҳис салом)дан Аҳли-Байтдан бўлган Қоим Имом (а.ж) ким эканлиги ҳақида сўралганда, ул ҳазрат шундай деб марҳамат қилганлар:

قَالَ عَلِيُّ بْنُ مُوسَى الرِّضَا عَلَيْهِمَا السَّلَامُ فَقِيلَ لَهُ يَا ابْنَ رَسُولِ اللهِ وَ مَنِ الْقَائِمُ مِنْكُمْ أَهْلَ الْبَيْتِ قَالَ عَلَيْهِ السَّلَامُ: «الرَّابِعُ مِنْ وُلْدِي ابْنُ سَيِّدَةِ الْإِمَاءِ يُطَهِّرُ اللهُ بِهِ الْأَرْضَ مِنْ كُلِّ جَوْرٍ وَيُقَدِّسُهَا مِنْ كُلِّ ظُلْمٍ‏ وَهُوَ الَّذِي‏ يَشُكُ‏ النَّاسُ‏ فِي‏ وِلَادَتِهِ‏ وَ هُوَ صَاحِبُ‏ الْغَيْبَةِ قَبْلَ‏ خُرُوجِهِ‏ فَإِذَا خَرَجَ‏ أَشْرَقَتِ الْأَرْضُ بِنُورِ رَبِّها، وَوُضِعَ مِيزَانُ الْعَدْلِ بَيْنَ النَّاسِ، فَلَا يَظْلِمُ أَحَدٌ أَحَدًا»

«У (Имом Маҳдий) фарзандларимдан тўртинчиси бўлиб, канизлар сарварининг ўғлидир. Аллоҳ таоло у орқали ерни ҳар қандай жабру жафодан поклайди ва ерни барча ёвузлик ва зулмдан тозалайди. У шундай кишики, одамлар унинг дунёга келгани ҳақида шак-шубҳага борадилар ва у чиқиш қилишидан олдин ғайбат (кўзлардан ғойиб бўлиш) соҳибидир. У чиқиш қилганида (зуҳур қилиб кўзларга намоён бўлганида), ер Парвардигорининг нури ила ёришади ва инсонлар ўртасида адолат тарозиси ўрнатилади. Оқибат, ҳеч ким бирор кишига зулм қилмайди».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 52-жилд, 321 ва 322-бетлар.

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) Имом Маҳдий (а.ж)нинг ғайбати узоқ вақт давом этишини уқтириб шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ‏ أَبِی‏ عَبْدِ اللهِ عَلَيْهِ السَّلَامُ: «إنَّ لِلْقَائِمِ‏ مِنَّا غَيْبَةً يَطُولُ‏ أَمَدُهَا».

«Шубҳасиз, биздан бўлган Қоим учун муддати узоқ давом этадиган ғайбат бўлур».

Юқоридаги манба, 52-жилд, 90-бет.

Ушбу ҳақиқатни таъкидлаб айтамизки, Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) кўзлардан ғойиб эканлигининг маъноси ул ҳазрат мутлақо пинҳон ва махфий ҳолда яшайди дегани эмас, балки ул ҳазратнинг ғойиблиги нисбий маънодадир. Яъни, ҳамма кишилар учун ҳам ул ҳазратнинг дийдорларига ноил бўлиш имкони йўқ, аммо ул ҳазратнинг имомат ва пешволигининг таъсири ўз ўрнида бардавом ва барқарордир.

Бошқача айтганда, Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) кўзлардан ғойиблигининг асл маъноси шуки, ғайбат асрида умумий ҳолда кўпчилик одамлар Имом Маҳдийни кўришдан ёки кўриб таниб олиш маҳрумдирлар, аммо ул ҳазратнинг одамлар билан алоқаси узилмаган, балки ул ҳазрат ўз ёр-дўстлари ва шиаларининг барча ишлари ва ҳолатларидан огоҳ ва хабардор бўлиб, уларни назорат қиладилар. Агар одамлар Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)нинг ҳозиру нозир ва бор эканини идрок эта олмасалар, бунинг маъноси ул ҳазрат ҳозиру нозир ва бор эканлигини инкор қилиш керак дегани эмас.

Аллоҳ таолонинг сўнгги Ҳужжати ва Валийси ҳамда замонамиз пешвоси ва бошлиғи бўлган Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг ғайбати, яъни кўзлардан ғойиблиги ҳақида сўз юритганда, бунинг маъноси ул ҳазрат туғилганидан кейин йўқ бўлиб кетган ёки икки тоғнинг орасига кириб кетган ва у ердан ҳеч қачон чиқмаган ёхуд уйқуга борган-у ҳалигача уйғонгани эмас ё буткул бошқа бир оламда яшаётибди, ер юзида эмас ёки ер юзидаги «жазиратул хазро», яъни яшил орол деган жойга беркиниб олган ёхуд ҳали дунёга келмаган, кейинчалик охираззамонда дунёга келади дегани эмас.

Имом Маҳдий (а.ж)нинг ғойиблиги тўғрисида айтилган бундай ақийда ва тушунчаларнинг ҳаммаси мутлақо хатодир.

Имом Маҳдий (а.ж)нинг айрилиғида ҳар жума куни эрталаб ўқиладиган «Нудба» дуосида айтилганидек:

«بِنَفْسي اَنْتَ مِنْ مُغَيَّبٍ لَمْ يَخْلُ مِنَّا»

«Жоним сизга фидо бўлсин, сиз кўзлардан пинҳон бўлгансиз, аммо бизнинг орамиздан ташқарида эмассиз»

Аллома Мажлисийнинг сўзига кўра, олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан ривоят қилинган мазкур «Нудба» дуосида айтилганидек, Имом Маҳдий (а.ж) бизнинг орамиздалар ва муносиб бўлган ҳар жойларга келадилар.

Энди чуқур таҳлил қилиб ўрганишимиз лозим бўлган масала шуки, кўзлардан пинҳон бўлган ғойиб киши қандай қилиб ғойиблик чоғида биз инсонларнинг орасида сезилар ҳолда ҳозир ва нозир бўла олади?

Ушбу саволга аниқ ва равшан жавоб бериш учун бу борада маъсум имомларимиздан ривоят қилинган айрим ҳадисларни кўздан кечирамиз.

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан ривоят қилинган ҳадисда ул ҳазрат айтадилар:

يَتَرَدَّدُ بَينَهُم وَيَمْشِي فِي اَسْواقِهِم وَيَطَأُ فُرُشَهُمْ، وَلَايَعْرِفُونَهُ حَتَّىٰ يَأْذَنَ اللهُ لَهُ أَنْ يُعَرِّفَهُمْ نَفْسَهُ، كَمَا أَذِنَ لِيُوسُفَ حَتَّىٰ قَالَ لَهُ إِخْوَتُهُ: (أَإِنَّكَ لَأَنْتَ يُوسُفُ قالَ أَنَا يُوسُفُ).

«Имом Маҳдий одамлар орасида бўлади, уларнинг бозорларида юради ва гиламларига қадам қўяди, лекин уни танимайдилар. Токи Аллоҳ таоло унга ўзини одамларга таништириш учун изн бергач, уни танигайлар. Худди Юсуф пайғамбарга рухсат берилгандан сўнг акалари уни таниб унга: Сен албатта, Юсуфсан дейишгани, у Мен Юсуфман дегани каби».

Манба: 1. Сиқатул Ислом Кулайний, «Ал-Кофий», Исломия чопи 1-жилд, 337-бет ва Дорул ҳадис чопи 2-жилд, 148-бет.

2. Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 52-жилд, 154-бет.

Биринчи имомимиз мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом)дан ривоят қилинган ҳадисда эса ул ҳазрат Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг одамлар орасида ва улар билан бирга эканини уқтириб шундай марҳамат қиладилар:

قَالَ أَمِيرُ الْمُؤْمِنِينَ عَلَيْهِ السَّلَامُ: «فَوَرَبِّ عَلِيٍّ إِنَّ حُجَّتَهَا عَلَيْهَا قَائِمَةٌ مَاشِيَةٌ فِي طُرُقِهَا، دَاخِلَةٌ فِي دُوَرِهَا وَقُصُورِهَا، جَوَّالَةٌ فِي شَرْقِ هَذِهِ الْأَرْضِ وَغَرْبِهَا، تَسْمَعُ الْكَلَامَ، وَتُسَلِّمُ عَلَى الْجَمَاعَةِ، تَرَىٰ وَلَا تُرَىٰ إِلَى الْوَقْتِ وَالْوَعْدِ، وَنِدَاءِ الْمُنَادِي مِنَ السَّمَاءِ أَلَا ذَلِكَ يَوْمُ سُرُورِ وُلْدِ عَلِيٍّ وَشِيعَتِهِ».

«Алининг Парвардигорига қасамки, шубҳасиз, ер юзидаги Аллоҳнинг Ҳужжати унинг устида турибди, унинг йўлларида юрийди, уй-ҳовлиларга киради, ернинг шарқида ва ғарбида айланиб юради, одамларнинг сўзларини эшитади ва одамлар жамоатига салом беради, у (Имом Маҳдий) одамларни кўради, лекин одамлар ул ҳазратни кўрмайдилар то ваъда қилинган вақтга ва осмондан чақирувчининг нидоси келгунига қадар. Огоҳ бўлингизким, ўша кун Али фарзандларининг ва шиаларининг шодмонлик кунидир».

Манба: Абу Абдиллоҳ, Муҳаммад ибн Иброҳим ан-Нуъмоний, «Китобул-Ғайбаҳ», 144-бет.

Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) ҳозир бўладиган ва иштирок этадиган жойлардан бири ҳаж маросимидир. Мўътабар ҳадисларга кўра, Имом Маҳдий (а.ж) ҳар йили ҳаж амалларини бажариш учун Макка шаҳрига келадилар ва қолган ҳожилар билан бирга ҳаж амалларини бажарадилар. Ул ҳазрат одамларни кўрадилар, лекин улар Имомни кўрмайдилар. Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:

مُحَمَّدُ بْنُ يَحْيى ، عَنْ جَعْفَرِ بْنِ مُحَمَّدٍ، عَنْ إِسْحَاقَ بْنِ مُحَمَّدٍ، عَنْ يَحْيَى بْنِ الْمُثَنّى، عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُكَيْرٍ، عَنْ عُبَيْدِ بْنِ زُرَارَةَ، قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا عَبْدِ اللهِ عليه‌السلام يَقُولُ: «يَفْقِدُ النَّاسُ إِمَامَهُمْ، فَيَشْهَدُ الْمَوْسِمَ، فَيَرَاهُمْ وَلَا يَرَوْنَهُ».

«Одамлар ўз имомини йўқотадилар. Ҳолбуки, уларнинг Имоми (ҳазрат Маҳдий) ҳаж маросимига (ҳар йили) қатнайди ва уларни у ерда кўради, аммо одамлар уни кўрмайдилар».

Манба: 1. Сиқатул Ислом Кулайний, «Ал-Кофий», Исломия чопи 1-жилд, 337 ва 338-бетлар ва Дорул ҳадис чопи 2-жилд, 150-бет.

2. Шайх Садуқ,«Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», 346-бет.

3. Шайх Тусий Муҳаммад ибн Ҳасан,«Ал-Ғайбаҳ», 161-бет.

4. Абу Абдиллоҳ, Муҳаммад ибн Иброҳим ан-Нуъмоний,«Китобул-Ғайбаҳ», 175-бет.

5. Аллома Мажлисий,«Биҳорул Анвор», 52-жилд, 151 ва 156-бет.

Юқорида келтирилган саҳиҳ ва мўътабар ҳадисларга кўра, Имом Маҳдий (а.ж) кўп жойларда, хусусан турли дуо-илтижо ва муножот мажлисларида ҳамда диний маросимларда ва ҳаж мавсимида одамлар орасида ҳозиру нозир бўлиб, уларни кўрадилар ва уларга салом берадилар, лекин одамлар ул ҳазратни кўрмайдилар.

Демак, ҳадисларга кўра, Имом Маҳдий (а.ж)нинг одамлар кўзидан ғойиб эканликларининг бир маъноси ул ҳазрат одамлар орасида бўладилар ва уларни кўрадилар, аммо улар Имомни кўрмайдилар ва фақат Имом уларни кўрадилар. «Ғайбат» ва «ғойиб бўлиш»нинг бу маъносини тушуниш мушкул иш эмас.

Бу ерда бир савол туғилиши мумкин; қандайига бир киши бир жойда бўлса-ю, лекин одамлар уни кўришмаса? Бу ҳолат қандай юз бериши мумкин?

Бу саволга жавобан шуни айтамизки, бу иш Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати олдида мумкин бўлган бир ишдир ва тарихда ҳам бундай ҳолат рўй берган. Ҳатто Аҳли суннат ҳадисларида ҳам бу мавзу баён қилинган. Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг муқаддас ва шарафли жонлари Макка шаҳрида хатар остида қолганда, «Лайлатул мабийт» кечаси ул ҳазратнинг кўрсатмалари билан мўъминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом) Пайғамбарнинг жойларида ётдилар. Тарихнинг гувоҳлик беришича, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уйларидан чиқиб кетаётганларида, мушриклар уйнинг атрофини ўраб олиб, ўша ерда қараб турган эдилар, бироқ улар Сарвари коинотнинг уйни тарк этиб кетаётганини пайқамадилар.

Аҳли суннатнинг таниқли олимларидан бўлган Ибн Ҳишом ўзининг «Ас-Сийратун набавийяҳ» номли китобида айтади:

Абу Лаҳабнинг хотини (унинг ўзи ҳам, хотини ҳам Қуръони Каримда маломат қилиниб лаънатланган) Пайғамбарни кўриши билан оғзига келган ҳақоратли сўзларни айтиб, ул ҳазратга густохлик қиларди. Бир куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобалар билан ўтирган эдилар. Абу Лаҳабнинг хотини уларнинг ёнидан ўтаётиб, уларга бир қаради-да, у ерда ўтирган саҳобаларни кўрди ва Пайғамбар ҳам улар билан бирга эдилар, лекин у ҳеч нарса демай, ўтиб кетди. Бу ҳолатни кўрган саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ, қандай бўлиб бугун Абу Лаҳабнинг хотини сизни кўрди-ю, аммо сизга бўлган ичидаги нафратини сочиб беадаблик қилмади?!», – дейишди.

Шунда Сарвари коинот уларга жавобан: «Аллоҳ таоло бугун унинг кўзини мени кўришдан маҳрум қилди ва мени кўришга изн бермади. Сизлар мени кўриб турасиз, аммо у мени кўрмагай. Шу боис, у ҳеч нарса демай ўтиб кетди», деб марҳамат қилдилар.

Бинобарин, бир кишининг бир жойда бўлиши, лекин одамлар кўзига кўринмаслиги ҳам Аллоҳнинг қудратидан келиб чиқа олади ва ақлий нуқтаи назардан ҳам тамоман мумкин бўлган бир ишдир. Ва шунингдек, ташқи оламда ҳам тажриба жиҳатидан бундай ҳолатлар кўп рўй берган бўлиб, биз фақат икки воқеа-ҳодисани намуна сифатида келтирдик.

Айрим ҳадиси шарифларда «ғайбат» ва «ғойиб бўлиш» учун яна бир маъно айтилган. Бу маънонинг ҳам диққатга сазовор бўлган ўта ингичка ва қизиқ томонлари бор. Баъзи ҳадисларда айтилишича, Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) одамлар орасига келадилар ва юқорида айтилганидек, турли дуо-илтижо ва муножот мажлисларида ҳамда диний маросимларда иштирок этадилар, ҳар йили ҳаж мавсимига келиб, ҳаж амалларини бажарадилар ва шунингдек, Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара, Нажаф, Карбало, Козимайн, Машҳад ва Сомирро каби муқаддас зиёрат маконларига доим келиб турадилар, ҳаттоки кўча-куйларда ва бозорларда ҳам одамлар орасида юриб уларга салом берадилар, уларни кўрадилар ва танийдилар. Аммо ул ҳазрат одамларга олдиндан таниш бўлмаганлари учун улар ул зотни нотаниш бир киши сифатида кўрадилар ва шунинг учун танимайдилар.

«Ғайбат» ва «ғойиб бўлиш»нинг иккинчи маъноси учун ҳазрат Юсуф пайғамбар мисол қилиб келтирилган. Зероки, Қуръони Каримда баён қилинишига кўра, ҳазрат Юсуф (алайҳис салом) умрларининг маълум бир муддатида ғойиб бўладилар. Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) мўътабар ҳадисда айтганларидек, ҳазрат Юсуф (алайҳис салом) Миср диёрида «Азизи Миср», яъни Миср давлати хазинасининг бошлиғи лавозимида бўлган вақтларида Миср халқини ҳамда Мисрга қўшни халқларни Қуръони Каримда ҳам айтилганидек махсус идора ва бошқарув билан етти йил давом этган қаҳатчиликдан қутқазадилар. Ўша пайтда одамлар ҳазрат Юсуф (алайҳис салом)ни кўрардилар ва ул ҳазрат билан юзма-юз бўлардилар, лекин ул зотни бир пайғамбар деб эмас, балки ҳикматли ва доно бир киши деб ўйлардилар. Яъни одамлар ҳазрат Юсуф (алайҳис салом)нинг пайғамбар эканлигидан бехабар эдилар, фақатгина ул ҳазратни бир ҳаким ва донишманд деб билардилар. Бир сўз билан айтганда, одамлар ул ҳазратни кўрардилар, аммо танимасдилар.

Бинобарин, «ғайбат» ва «ғойиб бўлиш» учун ҳадиси шарифларда икки маъно баён қилинган бўлиб, ҳар иккаласи ҳам Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)да рўй бериши мумкин. Баъзида «ғайбат»нинг биринчи маъноси ва гоҳида эса иккинчи маъноси амалга ошади. Гоҳида Имом Маҳдий (а.ж) одамлар кўзига кўринадилар, аммо уларга нотаниш бўлиб кўринадилар ва натижада одамлар ул ҳазратни танимайдилар. Баъзан эса Имом Маҳдий (а.ж) асосан одамлар кўзига кўринмайдилар ҳам, аммо ул ҳазрат ўзлари одамларни кўрадилар.

Демак, Имом Маҳдий (а.ж) кўзлардан ғойиб эканлигини ул ҳазрат буткул бошқа бир сайёрда ёки бошқа бир муҳитда ёхуд инсон бора олмайдиган «жазиратул хазро», яъни яшил орол деган жойда яшайди, деб тушунтирмаслик керак. Балки юқорида келтирилган саҳиҳ ҳадисларга кўра, ул ҳазрат одамлар орасида бўладилар, одамлар жамоатига салом берадилар. Фақат одамлар ул ҳазратни ё кўрмайдилар ёки кўрсалар ҳам, танимайдилар.

Бу борада пешвоимиз ва сарваримиз ҳазрат Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг бизга марҳамат қилган қимматли сўзларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

إنّا غيرُ مُهْمِلِينَ لِمُرَاعَاتِكُمْ، وَلَا نَاسِينَ لِذِكْرِكُمْ، وَ لَوْلَا ذَلِكَ لَنَزَلَ بِكُمُ الْبَلَاءُ، وَاصْطَلَمَكُمُ الْأَعْدَآءُ، فَاتَّقُوا اللهَ جَلَّ جَلَالُهُ وَظَاهِرُونَا

«Биз сизларнинг ҳолингизни кузатишда ва назорат қилишда эътиборсиз бўлмагаймиз ва сизларни ёдга олишни унутмагаймиз, агар шундай бўлмаса эди, бало-мусибатлар ҳар томондан сизларга ёғилган бўларди ва душманлар сизларни нобуд қилган бўлар эдилар. Демак, Аллоҳ таолодан қўрқингиз ва бизга ҳомийлик қилингиз».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 53-жилд, 175-бет.

Имом Маҳдий кўзлардан ғойиб бўлганининг сабаблари✍️

Олдинги сўзимизда «ғайб» ва «ғойиб бўлиш» сўзининг маъносини қисқача ўрганиб чиқиб Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг оддий инсонлар кўзига кўринмай пинҳон ва ғойиб ҳолда бўлишининг маъноси ул ҳазрат мутлақо ҳаммадан пинҳон ва бехабар ҳолда яшайди дегани эмаслигини тушуниб етгач, энди яна ўша «ғайб» ва «ғойиб бўлиш» сўзининг маъносини ўрганиш давомида Имом Маҳдий (а.ж)нинг оддий инсонлар кўзига кўринмай ғойиб ҳолда яшашининг ҳикмати ва сабаблари нима? деган саволга дуч келамиз ва ушбу саволнинг жавобини ўрганиб чиқамиз.

Аллоҳ таоло маълум бир далил ва сабабларга кўра, замонамиз пешвоси ва сарвари Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)ни ғайбат пардаси ортида қолишига (кўзлардан ғойиб бўлишига) қарор қилди. Пайғамбаримиз ва маъсум имомларимиздан ривоят қилинган ҳадислардан Имом Маҳдий (а.ж) ғайбатининг айрим далил ва сабабларини билиб олиш мумкин. Дастлабки имомия уламоларининг асарларида ўн иккинчи Имомнинг ғайбати учун учта далил ва сабаб келтирилган. Мазкур далиллар имомларнинг диний ва сиёсий фаолиятларидаги янги усулларини кўрсатади.

Биз бу ерда мазкур далил ва сабабларни бирма-бир ўрганиб чиқамиз.

1. Ҳаёти ва жонини сақлаб қолиш учун кўзлардан ғойиб ҳолда яшаш✍️

Ҳадиси шарифларда Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг инсонлар кўзига кўринмай ғойиб ҳолда яшашининг сабабларидан бири жонини сақлаб қолиш ёки душманлардан хавфсираш дейилган. Зероки, душманлар Имом Маҳдий (а.ж)ни кўришга кўзлари бўлмай, илоҳий Раҳбар ва Имомнинг борлигини ўзларининг зўравонлик ва истилочиликка асосланган ҳокимият ва қудратлари давом этишига зид деб билишарди.

Агар Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг имомат ва пешволик даврига назарга солсак, Аббосий халифа Муътамиднинг Имомга ва ул ҳазрат оиласига кўрсатган золимона муносабати, Имомнинг уйларида ўғил бола туғилишидан хабар топиб уни ўлдириш учун ул ҳазратнинг уйини назорат остига олиб уйининг атрофида айғоқчи қўйиши, вақти-бевақт текшириш учун ул ҳазратнинг уйларига бостириб кириб безовта қилишларини кўрамиз.

Бу ишларнинг барчаси ўша вақтдаги золим ва мустабид ҳукмдорлар Аллоҳ таолонинг сўнгги Ҳужжати ва Валийси бўлган Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)ни ўлдириш кетидан эканликларини билдиради. Худонинг ғоибона мадади ҳамда Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг зийракона бошқаруви билан Аллоҳ таолонинг охирги захираси бўлган Имом Маҳдий дунёга келди ва ул ҳазратнинг отаси Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) замонида Имом Маҳдий муборак умрининг беш йили пинҳон ҳолда сир тутилди ва душманлар ул ҳазратнинг дунёга келганидан хабар топмадилар.

Манба: 1. Сиқатул Ислом Кулайний, «Ал-Кофий», 1-жилд, 329-бет.

2. Шайх Муфид, «Ал-Иршод», 2-жилд, 339-бет.

Ҳижрий қамарий 260 йил, Муътамид Аббосийнинг буйруғи билан Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) шаҳид қилинганидан сўнг Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг имомат ва пешволик даври ул ҳазратнинг инсонлар кўзига кўринмай ғойиб ҳолда бўлиши билан бошланди. Бунинг сабаби ул ҳазратнинг жони душманлар ёмонлигидан сақланиб қолиши эди. Бу борада олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) боболари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ушбу ҳадисини ривоят қиладилар:

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ: «لا بُدَّ لِلْغُلَامِ مِنْ غَيْبَةٍ فَقِيلَ لَهُ وَلِمَ يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ يَخَافُ‏ الْقَتْلَ»‏

«У боланинг кўзлардан ғойиб бўлишидан ўзга чора йўқ. Ул зотдан: Нега эй Аллоҳнинг Расули? деб сўралди. Ул ҳазрат дедилар: Зероки, у ўлдирилишдан қўрқади».

Манба: Шайх Садуқ, «Илалуш-Шаройиъ», 1-жилд, 243-бет.

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг энг олий мартабали ёр-асҳобларидан бири бўлган Зурора ул ҳазратдан шундай ривоят қилади:

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) айтадилар:

«لِلْقَائِمِ غَيْبَةٌ قَبْلَ قِيَامِهِ، قُلْتُ: وَلِمَ؟ قَالَ: يَخَافُ عَلَىٰ نَفْسِهِ‏ الذِّبْحَ»‏.

«Қоим (ҳақиқат ва адолатни барпо қилувчи Имом Маҳдий) учун қиём қилишидан (оёққа туришидан) олдин кўзлардан ғойиб бўлиш даври бўлади. Мен (Зурора) Нега? деб сўрадим: Ул ҳазрат: У сўйилишдан қўрқади, дедилар».

Манба: Шайх Садуқ, «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», 481-бет.

Бошқа бир ҳадисда Зурора бешинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан шундай ривоят қилади:

Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) айтадилар:

«إنَّ لِلْقَائِمِ غَيْبَةً قَبْلَ ظُهُورِهِ، قُلْتُ: وَلِمَ؟ قَالَ: يَخَافُ وَ أَوْمَىٰ بِيَدِهِ إِلَىٰ بَطْنِهِ» قَالَ زُرَارَةُ: يَعْنِي الْقَتْلَ.

«Албатта, Қоим (ҳақиқат ва адолатни барпо қилувчи Имом Маҳдий)нинг зуҳур қилишидан (ғойиблик ҳолатидан чиқиб ҳаммага намоён бўлишидан) олдин кўзлардан ғойиб бўлиш даври бўлади. Мен: «Нега?» – деб сўрадим: Ул ҳазрат: У қўрқади, деб қўллари билан қоринларига ишора қилдилар». Зурора айтади: Яъни ўлдирилишдан қўрқади.

Манба: Шайх Садуқ, «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», 481-бет.

Айрим пайғамбарларнинг ҳам кўзлардан ғойиб бўлгани ҳақида✍️

Жонини сақлаб қолиш учун кўзларга кўринмай ғойиб бўлган ҳолда яшаш масаласи Имом Маҳдий учун юзага келган бир янги масала эмас, токи бирор киши нега Аллоҳ таоло Ўз Ҳужжати ва Валийсининг жонини ўша замондаги инсонлар у буюк зотнинг дийдорига етиш неъматидан маҳрум бўлмасликлари учун душманлар макру ҳийласидан сақлаб қолмайди? деб айта олсин. Балки ушбу масала барча пайғамбарларнинг ҳаётида узоқ тарихга эга. Пайғамбарларнинг кўплари душманларнинг фитналаридан ўз жонларини сақлаб қолиш учун одамлар кўзига кўринмай ғойиб бўлиб яшашни танлаганлар.

Бошқа таъбир билан айтганда, «ғайб» ва «ғойиб бўлиш» Аллоҳнинг олдинги пайғамбарларга нисбатан жорий этган суннатларидан биридир. Суннат деганда ўзгармас қонун-қоида ва услуб тушунилади. Аллоҳнинг ирода-истаги пайғамбарлар тизмасида кўзлардан пинҳон ва ғойиб бўлиш ҳолати рўй беришига тааллуқ топган. Кўп пайғамбарлар умрларининг маълум бир муддатини ўз умматларининг кўзидан пинҳон ва ғойиб бўлганлар. Албатта, пайғамбарларнинг ғойиблик муддати Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг ғойиблик муддатига қараганда озроқ бўлган ёки ғойиблик ҳолати ва шакли фарқли бўлган. Аммо муҳими шуки, Аллоҳнинг олдинги ҳужжатлари ва пайғамбарларида одамлар кўзидан пинҳон ва ғойиб бўлиш ҳолати рўй берган.

Мисол қилиб келтирадиган бўлсак, Миср подшоси Фиръавн ва унинг одамларидан қўрққани туфайли ҳазрат Мусо (алайҳис салом)нинг яширин ҳолда туғилиши ва бир муддат одамлар кўзига кўринмай ғойиб бўлган ҳолда яшаши ҳақида Қуръони Каримда ва шунингдек, ҳадиси шарифларда батафсил айтилган. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилган:

فَأَصْبَحَ فِي الْمَدِينَةِ خَائِفًا يَتَرَقَّبُ فَإِذَا الَّذِي اسْتَنصَرَهُ بِالْأَمْسِ يَسْتَصْرِخُهُ ۚ قَالَ لَهُ مُوسَىٰ إِنَّكَ لَغَوِيٌّ مُّبِينٌ 

«Бас, у (Мусо) эрта тонгда шаҳарда қўрққан ҳолида кўз тутиб кетаётган эди, баногоҳ кеча ундан ёрдам сўраган (бани Исроил қавмидан бўлган) киши яна уни ёрдамга чақириб қолди. Мусо унга: «Албатта, сен очиқ-ойдин гумроҳдирсан», деди» (Қасас сураси, 18-оят).

Ва шунингдек бошқа бир оятда бу борада шундай дейилади:

فَخَرَجَ مِنْهَا خَائِفًا يَتَرَقَّبُ ۖ قَالَ رَبِّ نَجِّنِي مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ 

«Бас, у (Мусо) қўрқувга тушиб, (орқасидан етиб келиб қолишларига) кўз тутган ҳолда у ердан чиқиб: «Эй Раббим, мени бу золим қавмдан қутқаргин», деди» (Қасас сураси, 21-оят).

Шунингдек, «Шуъаро» сурасида шундай дейилади:

فَفَرَرْتُ مِنكُمْ لَمَّا خِفْتُكُمْ فَوَهَبَ لِي رَبِّي حُكْمًا وَجَعَلَنِي مِنَ الْمُرْسَلِينَ

«Сўнг сизлардан қўрқиб қочиб кетдим. Кейин Раббим менга ҳикмат – илм ато этди ва мени пайғамбарлардан қилди». (Шуъаро сураси, 21-оят).

Демак, душмандан қўрқиб, жонини сақлаб қолиш учун қочиб кетиш ва маълум бир муддат одамлар кўзига кўринмай ғойиб бўлиб юриш масаласи пайғамбарларнинг ҳаётида, жумладан Улул-азм пайғамбар (янги шариат келтирган пайғамбар) ҳазрат Мусо (алайҳис салом)нинг ҳаётида ҳам рўй берган ва ушбу кўзлардан пинҳон ва ғойиб бўлиш масаласи у буюк пайғамбарнинг маънавий мақомига зид эмас. Худди шундай Аллоҳ таолонинг сўнгги Ҳужжати ва Валийси, замонамиз Соҳиби ва Пешвоси бўлган Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) ўзларининг муборак ва муқаддас жонларини душманларнинг макру ҳийла ва фитналаридан сақлаб қолиш учун одамлар кўзидан пинҳон ва ғойиб бўлиб юришлари у буюк зотнинг имомат ва пешволигига ҳеч қандай зарар етказмайди.

Бинобарин, кўзлардан пинҳон ва ғойиб бўлиш ҳолати биринчи марта Имом Маҳий (а.ж)да юз бергани эмас, балки олдин ҳам рўй берган. Киши пайғамбарлар тарихини ўқиган бўлса-ю, лекин у учун одамлар кўзидан пинҳон ва ғойиб бўлиш ҳолати нотаниш ва илгари рўй бермаган бўлиб кўриниши ўта ҳайратланарлидир.

Бу борада Саид ибн Жубайр тўртинчи пешвоимиз Имом Зайнулобидин (алайҳис салом)дан қуйидаги ҳадисни ривоят қилади: Ул ҳазрат шундай марҳамат қиладилар:

عبد الله بن موسى بن جعفر بن محمّد بن عليّ بن الحسين بن عليّ بن أبي طالب عليهم ‌السلام قال: حدّثنا أبو عليّ محمّد بن همّام قال: حدّثنا أحمد بن محمّد النوفليِّ قال: حدّثنا أحمد بن هلال، عن عثمان بن عيسى الكلابيّ، عن خالد بن نجيح، عن حمزة بن حمران، عن أبيه [حمران بن أعين]، عن سعيد بن جبير قال: سمعت سيِّدَ العابدين عليّ بن الحسين عليهما ‌السلام يقول: «في القائم منا سنن من الأنبياء [سنة من أبينا آدم عليه‌السلام، و] سنة من نوح، وسنّة من إبراهيم، وسنّة من موسى، وسنّة من عيسى، وسنّة من أيُّوب، وسنّة من محمّد صلوات الله عليهم، فأمَّا (من آدم و) نوح فطول العمر وأمَّا من إبراهيم فخفاء الولادة واعتزال النّاس، وأما من موسى، فالخوف والغيبة وأمّا من عيسى فاختلاف النّاس فيه، وأمّا من أيّوب فالفرج بعد البلوى، وأمّا من محمّد صلى ‌الله ‌عليه ‌و آله فالخروج بالسَّيف».

«Биздан бўлган Қоим (адолат ва ҳақиқатни барпо этувчи Имом Маҳдий)да пайғамбарлардан қолган суннатлар (тутган йўллари) бор; Бобомиз Одам (алайҳис салом)дан бўлган бир суннат, Нуҳдан бўлган бир суннат, Иброҳимдан бўлган бир суннат, Мусодан бўлган бир суннат, Исодан бўлган бир суннат ва Айюбдан бўлган бир суннат ва Муҳаммаддан бўлган бир суннат – уларга Аллоҳнинг салавоту дурудлари бўлсин. Аммо Одам ва Нуҳдан бўлган суннат узоқ умр кўришдир. Аммо Иброҳимдан бўлган суннат яширинча дунёга келиш ва одамлардан узоқлашишдир (зеро, Намруд Иброҳим пайғамбарни дунёга келишидан олдин ўлдириш кетида эди, шу учун ул ҳазратнинг дунёга келиши яширинчи бўлган ва худди шу ҳолат ҳазрат Мусода ҳам бўлган). Аммо Мусодан бўлган суннат қўрқув ва ғайбат (одамлар кўзидан узоқда ғойиб ҳолда бўлиш)дир. Аммо Исодан бўлган суннат одамларнинг унинг ҳақида ихтилоф қилишларидир. Аммо Айюбдан бўлган суннат бало-мусибатлардан сўнг фараж (кушойиш ва енгиллик) ҳосил бўлишидир. Ва аммо Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан бўлган суннат эса қилич билан (қуролли) чиқиш қилишдир».

Манба: Шайх Садуқ, «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», 322-бет.

Таъкидлаб айтамизки, айрим ҳадисларга кўра, ҳазрат Мусо (алайҳис салом) ҳам Имом Маҳдий (а.ж) каби икки марта кўзлардан пинҳон ва ғоиб бўлганлар, бири қисқа муддатли бўлса, иккинчиси узун муддат давом этган. Уларнинг бирида Мусо пайғамбарнинг 25 йил кўзлардан пинҳон ва ғойиб бўлгани айтилган.

Демак, ҳазрат Мусо, ҳазрат Юсуф, ҳазрат Ийсо ва ҳазрат Солиҳ пайғамбар умрларининг маълум бир муддатини ўз умматларининг кўзидан пинҳон ва ғойиб бўлганлар. Ва бу эса кўзлардан пинҳон ва ғойиб бўлиш Аллоҳ таолонинг олдинги пайғамбарлари ва ҳужжатларида ҳам рўй берган ҳолат ва жараён эканидан дарак беради.

2. Ҳеч бир золим ҳокимнинг байъатини ва ҳокимиятини қабул қилмаслик✍️

Имом Маҳдий ғайбати (кўзлардан ғойиблиги)нинг иккинчи сабаби шуки, ул ҳазратдан олдинги имомлар зоҳирда ва ночорликдан ўз замоналаридаги ҳукмдорларнинг байъатида бўлганлар ва уларга байъат-қасамёд қилиш имомларнинг бўйинларида бўлган, аммо ўн иккинчи имом ўзини одамлардан яширган, то вақти соати келганда Худонинг амри билан қуролли қиём қилиб (оёққа туриб) ер юзида адолат ва яхшиликни барқарор этсин ва ўша пайтда ул ҳазратнинг бўйнида ҳеч бир золим ҳоким ва подшонинг байъати бўлмагай.

Бу ҳақда имомларимиздан бир неча ҳадис ривоят қилинган бўлиб, биз намуна сифатида иккита ҳадисни келтирамиз. Биринчи ҳадисни Абдул Азим Ҳасаний тўққизинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Тақий (алайҳис салом)дан ривоят қилади ва ул ҳазрат оталари Имом Ризо (а.с)дан, ул ҳазрат оталари Имом Мусойи Козим (а.с)дан, ул ҳазрат оталари Имом Жаъфар Содиқ (а.с)дан, ул ҳазрат оталари Имом Муҳаммад Боқир (а.с)дан, ул ҳазрат оталари Имом Зайнулобидин (а.с)дан, ул ҳарат оталари Имом Ҳусайн (а.с)дан ва ул ҳазрат эса оталари амирулмўъминин Али ибн Аби Толиб (а.с)дан ривоят қиладилар. Мўъминлар амири Али (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

حدّثنا عبد العظيم بن عبد الله الحسنيُّ رضي‌الله‌عنه، عن محمّد بن عليّ بن موسى بن جعفر بن محمّد بن عليِّ بن الحسين بن عليّ بن أبي طالب عليهم‌السلام، عن أبيه، عن آبائه، عن أمير المؤمنين عليهم‌السلام قال: للقائم منّا غيبة أمدها طويل كأنّي بالشّيعة يجولون جولان النعم في غيبته، يطلبون المرعى فلا يجدونه، أَلَا فمن ثبت منهم على دينه ولم يَقْسُ قلبه لطول أمد غيبة إمامه فهو معي في درجتي يوم القيامة ثمّ قال عليه‌السلام: إنَّ القائم منّا إذا قام لم يكن لأحد في عنقه بيعة فلذلك تخفى ولادته ويغيب شخصه.

«Биздан бўлган Қоим учун узоқ вақт давом этадиган ғайбат (кўзлардан ғойиб бўлиш даври) бўлажак. Гўё Мен шиаларнинг (ўша замондаги) ҳолини кўриб турганимдек. Улар Имом Маҳдийнинг ғайбатида чорвалар каби яйловни қидирган ҳолда саргардон бўлиб юрадилар, аммо уни тополмайдилар. Огоҳ бўлингизким, шиалардан кимки ўз динида собитқадам қолса ва Имомининг ғайбати узоқ вақт давом этгани учун бағри тош бўлиб қолмаса, у қиёмат кунида мен билан бирга менинг даражамда бўлур». Сўнгра ул ҳазрат сўзларини давом эттириб дедилар: «Биздан бўлган Қоим (адолат ва ҳақиқатни барпо этувчи Имом Маҳдий) қиём қилганида (оёққа турганида) унинг бўйнида ҳеч кимнинг байъати бўлмагай ва шунинг учун, унинг дунёга келиши яширинча ва шахси эса ғойиб бўлур».

Манба: Шайх Садуқ, «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», 303-бет.

Ўн иккинчи Имомнинг ёр-асҳобларидан бўлган Исҳоқ ибн Яъқуб айтади: Мен Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг иккинчи ноиблари Муҳаммад ибн Усмон Амрийга мурожаат қилиб, менга мушкул бўлган бир неча масалалар ечимини сўраб ёзган мактубимни Имом Соҳибаз-Замон (а.ж)га етказишини сўрадим. Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) менинг саволларимдан бирига жавобан шундай марҳамат қилдилар:

وأما علّة ما وقع من الغيبة فإنَّ الله عزَّ وجلَّ يقول: ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَسْأَلُوا عَنْ أَشْيَاءَ إِن تُبْدَ لَكُمْ تَسُؤْكُمْ﴾ إنَّهُ لم يكن لأحدٍ من آبائي عليهم‌السلام إلَّا وقد وقعت في عنقه بيعةٌ لطاغية زمانه، وإنِّي أخرج حين أخرج، ولا بيعةَ لأحدٍ من الطَّواغيت في عنقي.

«Ва аммо рўй берган ғайбатимнинг (одамлар кўзидан ғойиб бўлганимнинг) сабабини айтадиган бўлсам, Аллоҳ Азза ва Жалла шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар, турли нарсалар ҳақида сўраманглар. Агар улар сизларга очилса, сизга ёмон бўлур» (Моида сураси, 101-оят). Шубҳасиз, барча ота-боболаримнинг бўйнида ўз замонасидаги тоғут ҳукмдорларнинг (ўзларига бўйсундириш учун олган) байъати бўлган. Аммо Мен оёққа туриб чиқиш қилганимда, тоғутлардан ҳеч бирининг байъти менинг бўйнимда бўлмагай».

Манба: 1. Шайх Садуқ, «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», 485-бет.

2. Абу Абдиллоҳ, Муҳаммад ибн Иброҳим ан-Нуъмоний, «Китобул-Ғайбаҳ», 292-бет.

3. Имом Маҳдий (а.ж)нинг ғайбати билан мўъмин бандалар синаладилар✍️

Айрим ҳадисларда Имом Маҳдий кўзлардан ғойиб бўлганининг учинчи сабаби Аллоҳ таоло мўъмин бандаларни синовдан ўтказиши деб айтилган. Ўн иккинчи илоҳий пешвоимиз Имом Маҳдий кўзлардан ғойиб бўлган замонда ул ҳазратнинг имомат ва пешволигига эътиқод қилишда ким мустаҳкам ва собитқадам қолган-у, ким қолмагани маълум бўлиши учун ушбу масала Аллоҳ таоло томонидан белгиланган синовдир.

Бу борада маъсум имомлардан ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, биз бу ерда уларнинг айримларини кўздан кечирамиз. Бешинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) ва ул ҳазрат ўғиллари олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан лафз ва маъно жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган икки ҳадис ривоят қилинган. Биз ҳадиснинг ҳар иккала матнини келтирамиз.

محمد الحميري، عن أبيه، عن أيوب بن نوح، عن العباس بن عام، عن الربيع بن محمد المسلي قال: قال لي أبو عَبْدِ اللهِ عَلَيْهِ السَّلَامُ: «وَاللهِ لَتُمَحَّصُنَّ، وَاللهِ لَتُغَرْبَلُنَّ كَمَا يُغَرْبَلُ الزُّؤَانُ مِنَ الْقَمْحِ».

وأخبرنا علي بن أحمد، قال: حدثنا عبيد الله بن موسى العلوي العباسي، عن أحمد بن محمد عن الحسن بن علي بن زياد، عن علي بن أبي حمزة، عن أبي – بصير قال: سمعت أبا جعفر محمد بن علي (عليهما السلام) يقول: «وَاللهِ لَتُمَيَّزُنَّ، وَاللهِ لَتُمَحَّصُنَّ، وَاللهِ لَتُغَرْبَلُنَّ كَمَا يُغَرْبَلُ الزُّؤَانُ مِنَ الْقَمْحِ».

«Аллоҳга онт бўлсинки, шак-шубҳасиз, сизлар (Имомингиз кўзлардан ғойиб бўлган замонда) синовдан ўтказилгайсиз ва Аллоҳга қасамки, шак-шубҳасиз, ҳаммангиз ғалвирдан ўтказилажаксиз (токи яхши ва холислар, холис бўлмаганлардан ажралсин) худди аччиқ дона ғалвирдан ўтказилиб буғдойдан ажратилганидек».

Манба: 1. Шайх Тусий Муҳаммад ибн Ҳасан, «Ал-Ғайбаҳ», 340-бет.

2.  Абу Абдиллоҳ, Муҳаммад ибн Иброҳим ан-Нуъмоний, «Китобул-Ғайбаҳ», 205-бет.

3. Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 52-жилд, 102-бет.

Бошқа бир ҳадисда Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

سَمِعْتُ أَبَا عَبْدِ اللهِ عَلَيْهِ السَّلَامُ‏ يَقُولُ: «أَمَا واللهِ لَيَغِيبَنَّ إِمَامُكُمْ سِنِيناً مِنْ دَهْرِكُمْ، ولَتُمَحَّصُنَّ حَتَّىٰ يُقَالَ: مَاتَ؟ قُتِلَ؟ هَلَكَ؟ بِأَيِّ وادٍ سَلَكَ؟ وَلَتَدْمَعَنَّ عَلَيْهِ عُيُونُ الْمُؤْمِنِينَ، وَلْتُكْفَؤُنَّ كَمَا‌ تُكْفَأُ السُّفُنُ فِي أَمْوَاجِ الْبَحْرِ، فَلَا يَنْجُو إِلاَّ مَنْ أَخَذَ اللهُ مِيثَاقَهُ، وكَتَبَ فِي قَلْبِهِ الْإِيمَانَ، وأَيَّدَهُ بِرُوحٍ مِنْهُ».

«Огоҳ бўлингиз, Аллоҳга онт бўлсинки, шак-шубҳасиз, албатта, Имомингиз узоқ йиллар давомида кўзлардан ғойиб бўлгай. Шак-шубҳасиз, сизлар (шундай замонда) синовдан ўтказилгайсиз, токи У (Имом) ўлдимикан? Ўлдирилдимикан? Ҳалок бўлдимикан? У қайси диёрга боргандир? деб айтилади. Шак-шубҳасиз, мўминларнинг кўзлари унга (Имомга ул ҳазратнинг айрилиғида) кўп кўз ёш тўкажаклар. Ва шак-шубҳасиз, кемалар денгиз тўлқинларида ағдарилгани каби сизлар ҳам ағдарилгайсиз. Фақат Аллоҳ таоло ундан аҳд-паймон олган, қалбига иймон битган ва Ўз томонидан бўлган руҳ билан уни қўллаб-қувватлаган кишигина нажот топгай».

Манба: Сиқатул Ислом Кулайний, «Ал-Кофий», Исломия чопи 1-жилд, 336-бет ва Дорул ҳадис чопи 2-жилд, 146 ва 147-бетлар.

Жобир ал-Жуъфий Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан ривоят қилади: Мен Абу Жаъфарга: – Аллоҳнинг салому дуруди ул ҳазратга бўлсин, сизнинг фаражингиз (Имом Маҳдийнинг ғойиблик пардаси ортидан чиқиши) қачон бўлади? деб сўрадим. Шунда ул ҳазрат саволимга жавобан шундай марҳамат қилдилар:

وَرُوِيَ عَنْ جَابِرٍ الْجُعْفِي قَالَ: قُلْتُ لِأَبِي جَعْفَرٍ عَلَيْهِ السَّلَامُ مَتَىٰ يَكُونُ فَرَجَكُمْ؟ فَقَالَ: «هَيْهَاتَ هَيْهَاتَ لَا يَكُونُ فَرَجُنَا حَتَّىٰ تَغَرْبَلُوا ثُمَّ تَغَرْبَلُوا ثُمَّ تَغَرْبَلُوا، يَقُولُهَا ثَلَاثًا، حَتَّىٰ يُذْهِبَ (اللهُ تَعَالَىٰ) الْكَدِرَ وَيَبْقَىٰ الصَّفْوُ».

«Жуда узоқдир узоқ! Бизнинг фаражимиз (Имом Маҳдийнинг ғойиблик пардаси ортидан чиқиши) амалга ошмагай, токи (ҳаммангиз) ғалвирдан ўтказилгайсиз, кейин ғалвирдан ўтказилгайсиз, сўнг ғалвирдан ўтказилгайсиз» Имом бу сўзни уч маротаба айтиб, сўзларини шундай давом эттирдилар: «Токи Аллоҳ таоло (бу синов ва ғалвирдан ўтказиш билан) чиркинликни кетказади ва холислар қолади».

Манба: Шайх Тусий Муҳаммад ибн Ҳасан, «Ал-Ғайбаҳ», 339-бет.

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг асҳобларидан бўлган Мансур ривоят қилган ҳадисда ул ҳазрат айтадилар:

حَدَّثَنَا أَبِي رَضِيَ ‌اللهُ عَنْهُ قَالَ: حَدَّثَنَا عَلِيٌّ بْنُ إِبْرَاهِيمَ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ مُحَمَّدٍ بْنِ الْفُضَيْلِ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ مَنْصُورٍ قَالَ: قَالَ أَبُوعَبْدِاللهِ عَلَيْهِ السَّلَامُ‏: «يَا مَنْصُورُ إنَّ هَذَا الْأَمْرَ لَا يَأْتِيكُمْ إِلَّا بَعْدَ يَأْسٍ، لَا وَاللهِ [لَا يَأْتِيكُمْ] حَتَّى تَمَيَّزُوا، لَا وَاللهِ [لَا يَأْتِيكُمْ] حَتَّى تَمَحَّصُوا، وَلَا وَاللهِ [لَا يَأْتِيكُمْ] حَتَّى يَشْقَى مَنْ شَقِيَ وَيَسْعَدُ مَنْ سَعِدَ».

«Эй Мансур, шубҳасиз, бу масала (Имом Маҳдийнинг ғойиблик ҳолатидан чиқиши) фақат ноумидликдан кейингина сизга келади. Йўқ, Аллоҳга қасамки, Имом Маҳдий то бир-бирингиздан (холисларингиз нохолисдан, яхшиларингиз ёмондан) ажралмагунингизча келмагай. Йўқ, Аллоҳга онт бўлсинки, Имом Маҳдий то сизлар синалмагунингизча сизларга келмагай. Йўқ, Аллоҳга қасамки, Имом Маҳдий ҳаргиз сизларга келмагайдир то бахти қаро киши бахти қаро бўлгунига ва саодатли киши саодатли бўлганига қадар».

Манба: Шайх Садуқ, «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», 346-бет.

4. Одамларнинг ношукрлиги сабабли Имом Маҳдий (а.ж) кўзлардан ғойиб бўлди✍️

Агарчи биз юқорида имомия уламоларининг асарлари ва ҳадисларга асосланиб Имом Маҳдий ғайбатининг далил ва сабабларини учта деб баён қилган бўлсак-да, бироқ масаланинг яна бир сабабини айтиш мумкин. У ҳам бўлса, одамларнинг ношукрлиги ва Худонинг буюк неъматини оёқ ости қилишларидир. Сўзимизни бир мисол билан ёритишга ҳаракат қиламиз.

Агар электр таъминоти бўлими одамларнинг осойишталиги учун кўчада ўн битта чироқни ўрнатиб қўйса-ю, аммо одамлар уларни синдириб ташлашса, шунда ҳикматли, доно ва ақилли киши: «Биз энди ўн иккинчи чироқни бермаймиз, чунки, одамлар ўн биттасининг қадрига етмай, уларни синдириб ташладилар», – деб айтади.

Энди ўзингиз айтинг-чи, ўта Раҳмли ва Меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло инсонларга доим ёруғ ҳидоят йўлини кўрсатадиган ўн битта маъсум имомни тайинлаган эди, лекин улар имомларнинг қадрига етмай, уларни ўлдирдилар ва бу билан Аллоҳ таолонинг ўта буюк неъматларини оёқ ости қилиб ношукрлик қилдилар. Шак-шубҳасиз, бунинг жазоси жуда оғир бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли каломи бўлмиш Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ۖ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

«Ва Раббингиз сизга: «Қасамки, агар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, сизга (неъматларимни) зиёда қилурман. Энди агар куфрони неъмат қилсаларинг, албатта, азобим жуда оғирдир», деб билдирганини эсланг». (Иброҳим сураси, 7-оят)

Шунинг учун, Худо ўн иккинчи Имом ҳазрат Маҳдий (алайҳис салом)ни одамлар кўзидан узоқлаштириб, ғойиблик пардаси ортида қолишни буюрди. Энди қачонки Имом Маҳдий ғойиблик пардаси ортидан чиқишлари учун шароит ва замин муҳайё бўлсагина кўзларга намоён бўлиб чиқиш қиладилар.

Имом Маҳдийнинг ғайбати Аллоҳнинг сир-асрорларидандир✍️

Баъзи ҳадисларда Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) кўзлардан пинҳон ва ғойиб бўлишининг сир-асрори ул ҳазрат ғойиблик пардаси ортидан чиқиб ҳаммага намоён бўлганларидан кейин ошкор бўлади, дейилган. Бунинг маъноси юқорида Имом Маҳдий (а.ж)нинг кўзлардан пинҳон ва ғоиб бўлгани учун баён қилинган далил ва сабаблар нотўғри дегани эмас, балки ул ҳазратнинг ғайбати кўп сир-асрорларга эга бўлиб, уларнинг айримлари маъсум имомларимиз томонидан айтилган ва баъзилари эса ул ҳазратнинг зуҳуридан сўнг маълум бўлади.

Бу борада олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан Абдуллоҳ ибн Фазл ал-Ҳошимий қуйидаги ҳадисни ривоят қилади. Ул ҳазрат шундай марҳамат қиладилар:

وَعَنْ‏ عَبْدِ اللَّهِ‏ بْنِ‏ الْفَضْلِ‏ الْهَاشِمِي‏ قَالَ‏ سَمِعْتُ‏ الصَّادِقَ‏ عَلَيْهِ السَّلَامُ‏ يَقُولُ‏: «إِنَّ لِصَاحِبِ‏ هَذَا الْأَمْرِ غَيْبَةً لَا بُدَّ مِنْهَا يَرْتَابُ‏ فِيهَا كُلُّ‏ مُبْطِلٍ‏ قُلْتُ‏ لَهُ‏ وَلِمَ‏ جُعِلْتُ‏ فِدَاكَ‏؟ قَالَ‏ الْأَمْرُ لَا يُؤْذَنُ‏ لِي‏ فِي كَشْفِهِ‏ لَكُمْ‏ قُلْتُ‏ فَمَا وَجْهُ‏ الْحِكْمَةِ فِي‏ غَيْبَتِهِ‏؟ قَالَ‏: وَجْهُ‏ الْحِكْمَةِ فِي‏ غَيْبَتِهِ ‏- وَجْهُ‏ الْحِكْمَةِ فِي‏ غَيْبَاتِ‏ مَنْ‏ تَقَدَّمَهُ‏ مِنْ‏ حُجَجِ‏ اللَّهِ‏ تَعَالَىٰ‏ ذِكْرُهُ‏ إِنَّ‏ وَجْهَ‏ الْحِكْمَةِ فِي‏ ذَلِكَ‏ لَا يَنْكَشِفُ‏ إِلَّا بَعْدَ ظُهُورِهِ‏ كَمَا لَمْ‏ يَنْكَشِفْ‏ وَجْهُ‏ الْحِكْمَةِ لِمَا أَتَاهُ‏ الْخَضِرُ مِنْ‏ خَرْقِ‏ السَّفِينَةِ وَ قَتْلِ‏ الْغُلَامِ‏ وَ إِقَامَةِ الْجِدَارِ لِمُوسَىٰ‏ عَلَيْهِ السَّلَامُ‏ إِلَىٰ‏ وَقْتِ‏ افْتِرَاقِهِمَا يَا ابْنَ‏ الْفَضْلِ‏ إِنَّ هَذَا الْأَمْرَ أَمْرٌ مِنَ‏ اللَّهِ‏ وَسِرٌّ مِنْ‏ سِرِّ اللهِ‏ وَغَيْبٌ‏ مِنْ‏ غَيْبِ‏ اللهِ‏ وَمَتَىٰ‏ عَلِمْنَا أَنَّهُ‏ عَزَّ وَ جَلَّ‏ حَكِيمٌ‏ صَدَّقْنَا بِأَنَّ أَفْعَالَهُ‏ كُلَّهَا حِكْمَةٌ وَإِنْ‏ كَانَ‏ وَجْهُهَا غَيْرَ مُنْكَشِفٍ»‏

«Албатта, бу иш эгаси (Имом Маҳдий) учун зарур ва чорасиз ҳолда кўзлардан ғойиб бўлиш даври бўлади. Ҳар бир ботил аҳли унда (Имом ғойиблигида) шубҳага боради». Шунда мен ул ҳазратдан жоним сизга фидо бўлсин: «Нима учун?» деб сўрадим: Имом Содиқ (алайҳис салом)«Бу масалани сизларга очиб беришга менга рухсат этилмаган», дедилар. Мен: «Ул ҳазратнинг ғойиблигида нима ҳикмат бор?», деб сўрадим. Ул ҳазрат шундай деб жавоб қайтардилар:

«Имом Маҳдий ғойиблигининг ҳикмати айнан Аллоҳ таолонинг олдинги ҳужжатлари (пайғамбарлари) ғойиблигининг ҳикмати кабидир. Шубҳасиз, Имом Маҳдий ғойиблигидаги ҳикмат унинг кўзларга кўриниб намоён бўлганидан кейингина ошкор бўлади. Шунингдек, Хизир (алайҳис салом) кемани тешгани, ёш болани ўлдиргани ва деворни қайта тиклаганининг ҳикмати Мусо (алайҳис салом) учун у иккиси бир-биридан ажралиш вақтигача маълум бўлмаганидек.

Эй Фазл ўғли, шубҳасиз, бу иш (Имом Маҳдийнинг ғайбати) Аллоҳ таолонинг амридир, Аллоҳнинг сир-асроридан бўлган бир сирдир ва Худонинг ғайбидан бўлган бир ғайбдир. Қачонки, Биз Аллоҳ азза ва жаллани ҳикматли Зот, деб билдикми, демак, Унинг барча ишларини ҳикмат юзасидан деб тасдиқлаймиз, агарчи бунинг далили бизга ошкор бўлмаса-да.»

Манба: Аҳмад ибн Али Табарсий, «ал-Иҳтижож», Машҳад, Муртазо нашриёти, ҳижрий 1403 йил, 2-жилд, 376-бет.

Имом Маҳдийнинг ғойиблик пайтидаги хайру баракоти ҳақида✍️

Ғойиблик пайтида Имом Маҳдийнинг вужуди нафақат шиалар учун, балки бутун бошли борлиқ олам учун хайру баракот келтирувчидир. Агар биз ўзимизни Аллоҳ таолонинг охирги Ҳужжати бўлмиш Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин)га яқинлаштирсак, ул ҳазратнинг марҳамати, хайру баракоти ва ҳидоятидан баҳраманд бўламиз ва агар биз у буюк зотдан узоқлашсак, шубҳасиз, залолат ва гумроҳликка дучор бўламиз. Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қиладилар:

عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ عَلَيْهِ السَّلَامُ‏ قَالَ: «مَا تَرَكَ اللهُ الْأَرْضَ بِغَيْرِ إِمَامٍ قَطُّ مُنْذُ قَبَضَ اللهُ آدَمَ يَهْتَدِي بِهِ إِلَى اللهِ وَهُوَ الْحُجَّةُ عَلَى الْعِبَادِ، مَنْ تَرَكَهُ هَلَكَ وَ مَنْ لَزِمَهُ نَجَىٰ حَقًّا عَلَى اللهِ عَزَّوَجَلَّ‏».

«Аллоҳ таоло Одамни яратганидан бери ҳеч қачон ер юзини Имомсиз қолдирмаган. Инсон ўша Имом орқали Аллоҳ томон ҳидоят топади ва у (Аллоҳнинг) бандаларга бўлган Ҳужжатидир. Кимки илоҳий Ҳужжатни тарк этса, ҳалок бўлгай ва у билан бирга бўлган киши эса нажот топгай ва бу Аллоҳ азза ва жалланинг зиммасидаги Ҳақдир».

Манба: Аҳмад ибн Али Табарсий, «ал-Иҳтижож», Машҳад, Муртазо нашриёти, ҳижрий 1403 йил, 1-жилд, 169-бет.

Нафақат шиалар, балки бутун борлиқ олам у буюк зотнинг вужудидан ҳатто ўзлари хабардор бўлмасалар-да, баҳра оладилар, худди булут ортидаги қуёш бизга нур ва ёруғлик бериб хайру баракот келтирганидек, агарчи кўпчилигимиз бундан бехабар бўлсак-да. Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг ғойиблик пайтидаги вужуди ҳам худди шундай!

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан «одамлар қандай қилиб кўзлардан пинҳон ва ғойиб бўлган Ҳужжатдан наф кўрадилар?» деб сўралганида, ул ҳазрат шундай деб жавоб қайтардилар:

وَعَنِ‏ الصَّادِقِ عَلَيْهِ السَّلَامُ‏ أَنَّهُ‏ سُئِلَ «كَيْفَ‏ يَنْتَفِعُ‏ النَّاسُ‏ بِالْحُجَّةِ الْغَائِبِ‏ الْمَسْتُورِ؟» فَقَالَ: «كَمَا يُنْتَفَعُ بِالشَّمْسِ إِذَا سَتَرَهَا السَّحَابُ‏».

«Булутлар қуёшни қоплаб олган вақтда қуёшдан фойдаланганларидек, кўзларга кўринмайдиган ғойиб Имомдан ҳам баҳра олишади».

Юқоридаги манба, 1-жилд, 168-бет.

Натижа

Юқорида айтилган маълумотлардан келиб чиқиб шу хулосага келамизки, Биз Аҳли-Байт издошлари аввало «ғайб» ва «ғойиб бўлиш» сўзининг маъносини мукаммал тушуниб олишимиз, ундан кейин эса Ислом дини таълимотларидан фойдаланиб, Аллоҳ таолонинг сўнгги Ҳужжати Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) зуҳур қилишларининг олдини олувчи тўсиқларни ўртадан кўтариш учун қўлимиздан келгунча саъй-ҳаракат қилишимиз керак.

Пайғамбаримиз ва маъсум имомларимиздан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларга кўра, Имом Маҳдий (а.ж)нинг ғайбат пардаси ортидан чиқишлари барча ишларнинг бошида турган энг зарур ва улкан аҳамиятли масаладир. Шу учун, Имом Маҳдий (а.ж) ғойиблик ҳолатидан чиқиб зуҳур қилишларининг интизорида бўлган Биз Аҳли-Байт издошлари томонидан ташланиши керак бўлган энг биринчи қадам – бу маъсият ва гуноҳ бўлган барча ишларни қилмасликдир ва ундан кейин эса яшаб турган жамиятимизни фаҳш ишлардан, ахлоқсизлик ва бузуқликлардан тозалашдир.

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қиладилар:

قَالَ الصَّادِقُ عَلَيْهِ السَّلَامُ: «مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَكُونَ مِنْ أَصْحَابِ الْقَائِمِ فَلْيَنْتَظِرْ وَلْيَعْمَلْ بِالْوَرَعِ وَمَحَاسِنِ الْأَخْلَاقِ، وَهُوَ مُنْتَظِرٌ»

«Кимки Қоим (Имом Маҳдий)нинг ёронларидан бўлишни истаса, унинг (ғайбат пардаси ортидан чиқишини) кутсин ва (интизорлик ҳолатида) тақво-парҳизкорлик ва хушмуомалалик ила амал қилсин. Шундай киши мунтазир (кутувчи)дир».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 52-жилд, 140-бет.

Шуни унутмайликки, Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) зуҳур қилганларида дунёнинг моҳияти ўзгаради ва инсонларнинг ақли такомил топиб уларнинг хулқ-атвори ва юриш-туриши тубдан ўзгаради. Бу борада Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

عن محمد بن عيسي، عن صفوان، عن المثني، عن أبي خالد الكابلي عَنْ أَبِي جَعْفَرٍ عَلَيْهِ السَّلَامُ‏ قَالَ: «إِذَا قَامَ قَائِمُنَا وَضَعَ يَدَهُ عَلَى رُؤُسِ الْعِبَادِ فَجَمَعَ بِهِ عُقُولَهُمْ وَأَكْمَلَ بِهِ أَخْلَاقَهُمْ».

«Қачонки Бизнинг Қоимимиз (ер юзида адолат ва ҳақиқатни барпо қилувчи Имом Маҳдий) қиём қилса (оёққа турса) қўлини бандаларнинг бошига қўяди ва шу тариқа уларнинг ақлларини жамлаб марказлаштиради ва ахлоқларини (юриш-туришларини) комил қилади».

Ушбу ҳадиснинг маъно-мазмунига кўра, Имом Маҳдий (а.ж) зуҳур қилиб ягона илоҳий ҳокимият тузган даврда Аллоҳ таоло инсонларга ўз фазлу марҳаматини кўрсатиб, уларнинг ақлларини юксалтиради ва Ўзининг чексиз қудрати билан уларнинг онги ва фикрини такомиллаштиради.

Манба: 1. Сиқатул Ислом Кулайний, «Ал-Кофий», Исломия чопи 1-жилд, 25-бет ва Дорул ҳадис чопи 1-жилд, 56 ва 57-бетлар.

2. Шайх Садуқ, «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», 675-бет; Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 52-жилд, 336-бет.

Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) зуҳур қилганларида илм-фан ва маърифат жуда шиддатли ва кенг кўламли ҳолда ривожланади. Бу борада Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

موسى بن عمر، عن ابن محبوب، عن صالح بن حمزة، عن أبان عن أبي عبدالله عَلَيْهِ السَّلَامُ‏ قَالَ: «الْعِلْمُ سَبْعَةٌ وَعِشْرُونَ حَرْفًا فَجَمِيعُ مَاجَاءَتْ بِهِ الرُّسُلُ حَرْفَانِ فَلَمْ يَعْرِفِ النَّاسُ حَتَّى الْيَوْمِ غَيْرِ الْحَرْفَيْنِ، فَإِذَا قَامَ قَائِمُنَا أَخْرَجَ الْخَمْسَةَ وَالْعِشْرِينَ حَرْفًا فَبَثَّهَا فِي النَّاسِ، وَضَمَّ إِلَيْهَا الْحَرْفَيْنِ، حَتَّى يَبُثَّهَا سَبْعَةً وَعِشْرِينَ حَرْفًا».

«Илм ва донишмандлик 27 ҳарфдан иборатдир. Илоҳий пайғамбарлар одамизотга келтирган барча билимлар эса фақат икки ҳарфдан иборат эди. Одамлар шу кунга қадар икки ҳарфдан ташқари бирор нарсани била олмаганларҚачонки Қоимимиз (ер юзида адолат ва ҳақиқатни барпо қилувчи Имом Маҳдий) қиём қилса (оёққа турса) қолган 25 ҳарфни ҳам ошкор этиб, уларни одамлар орасида ёяди. Аввалги 2 ҳарфни ҳам унга қўшиб, 27 ҳарфдан барча одамларни огоҳ этади».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 52-жилд, 336-бет.

Сўзимиз ниҳоясида пешвоимиз ва сарваримиз ҳазрат Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг қуйидаги ҳадиси шарифда бизга кўрсатган нуроний йўлларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

«وَ لَوْ اَنَّ أَشْيَاعَنَا وَفَقَّهُمُ اللهُ لِطاعَتِهِ، عَلَى اجْتِماعٍ مِنَ الْقُلُوبِ فِي الْوَفاءِ بِالْعَهْدِ عَلَيهِمْ، لَمَا تَأَخَرَّ عَنْهُمُ الْيمْنُ بِلِقَائِنَا، وَلَتَعَجَّلَتْ لَهُمُ السَّعَادَةُ بِمُشَاهَدَتِنَا، عَلَىٰ حَقِّ الْمَعْرِفَةِ وَ صِدْقِهَا مِنْهُمْ بِنَا، فَمَا يَحْبِسُنَا عَنْهُمْ إِلَّا مَا يَتَّصِلُ بِنَا مِمَّا نُکْرِهُهُ».

«Агар шиаларимизнинг қалблари – Аллоҳ таоло уларни Ўзининг итоатига муваффақ этсин – ўз аҳд-паймонларига вафодор қолиб уларни бажаришда бирлашса эди, ҳеч қачон биз билан учрашиш бахти улардан кечиктирилмас, балки бизнинг дийдоримизга етиш бахти улар учун бизга нисбатан ҳақиқий маърифат ва садоқатга эга бўлган ҳолда тезлаштирилган бўлар эди. Бизни улардан тўсадиган ягона нарса биз ёқтирмаган ножўя ишларнинг улардан бизга етишидир, холос».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 53-жилд, 177-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.