Home / Долзарб мавзулар / Олимлар ҳаёти ва ижоди / Буюк Муҳаддис Шайх Кулайний ҳақида

Буюк Муҳаддис Шайх Кулайний ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўн биринчи пешвоимиз ва имомимиз ҳазрат Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг асрида яшаган Ислом дунёсининг буюк ҳадисшуноси ва донишманди, «Ал-Кофий» китобининг муаллифи «Сиқатул Ислом» Муҳаммад бин Яъқуб Кулайний Рей шаҳрида таваллуд топди ва ўзининг арзирли ва қимматли асарлари билан Ислом дунёсига катта хизмат кўрсатди.

Аллоҳ тоало ато этган чиройли кунлардан бирида Рей шаҳри қишлоқларидан бирида Яъқуб Кулайнийнинг хонадони янги туғилган чақалоқ нури ила равшан ва мунаввар бўлди. Янги туғилган ушбу чақалоқ кейинчалик Шайх Кулайний деб ном олди. Шайх Кулайний Рей шаҳридан 38 километр узоқликда жойлашган Теҳрон атрофидаги қадимий қишлоқлардан бири бўлмиш Кулайн қишлоғида ва Имом Аскарий (алайҳис салом)нинг замонида дунёга келди. Шу боис, Шайх Кулайний Рей шаҳрига мансуб бўлгани учун бу олимга «Розий» лақабини ҳам берганлар.

Шайх Кулайнийнинг отаси Ислом динининг суюкли пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га бўлган иззат ва эҳтироми баланд бўлгани сабабли ўғлига Муҳаммад деб ном қўйди ва ўша кундан бошлаб Муҳаммад ибн Яъқуб Кулайний илм-маърифат ва маънавиятга тўла хонадонда таълим ва тарбия олиб етиша бошлади. Унинг отаси тақводор, зоҳид ва фазилатли олим эди. Кулайн қишлоғида ҳамма уни иймонли ва диёнатли инсон деб биларди. Онаси ҳам мутаҳҳар олима аёл бўлиб, буюк донишманд ва раббоний оилалардан эди. Аллоҳ таолоннинг пок бандалари бўлган бундай доно ва билимдон ота-она ҳимояси остида таълим ва тарбия олган Муҳаммад бин Яъқуб Кулайний ўша болалик давридан бошлаб илму маърифат ва маънавият билан улфат топди ҳамда поклик ва холислик билан тарбияланди. Шунинг учун ҳам унда Аҳли-Байт (алайҳимус салом) нинг илмларини ўрганишга катта қизиқиш ва иштиёқ пайдо бўлди.

Муҳаммад ўз отаси ва тоғаси наздида таълим ва тарбия олганидан сўнг ўз илмини мукаммаллаштириш учун Рей шаҳрига йўл олиб у ерда Абулҳасан Муҳаммад бин Асадий Куфийнинг илмидан баҳраманд бўлади. Кейин эса Қум шаҳрига бориб Аҳли-Байтнинг маъсум имомлари билан суҳбатдош бўлган буюк муҳаддис ва ҳадисшунос уламолардан ҳадислар тўплайди. Шайх Кулайний Қумда Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо Ашъарий Қуммий, Аҳмад ибн Идрис Ашъарий Қуммий ва «Қурбул-Аснод» китобининг муаллифи Абдуллоҳ бин Жаъфар Хумайрий каби буюк алломаларнинг илмларидан баҳра олди. У ўз илмини айниқса ҳадис ва калом (илоҳиёт) илмини янада мукаммал ўрганиш учун Ироққа сафар қилиб, Куфа шаҳрида Ибн Уқда Куфийдан юз минг ҳадис тўплайди. Сўнгра Бағдодга бориб, у ерда шиа мазҳаби учун улкан аҳамиятга эга бўлган китобларни таълиф этишга киришади. У чиндан ҳам Машҳад, Димашқ, Рей, Қум, Куфа ва Бағдод каби илм-маърифат марказлари бўлган шаҳарларга сафар қилади ва ўзининг ушбу сафарларида турли мазҳабларнинг эътиқодий, фиқҳий, тарихий ҳамда ҳадис бўйича кўплаб тортишув ва мубоҳасаларини яқиндан мушоҳада этади ва кўп устозларнинг илмларидан баҳра олади.

Юқорида айтганимиздек Сиқатул Ислом Кулайний Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) даврида таваллуд топади ва шунингдек ўн иккинчи пешвоимиз, замонамиз Соҳиби ва Пешвоси бўлмиш ҳазрат Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг Ғайбати Суғро, яъни қисқа муддат ғойибликлари даврида ул ҳазрат билан мусулмонлар ўртасида алоқа ўрнатган тўрт нафар махсус элчи ва вакиллар билан асрдош эди. Барча одамлар Шайх Кулайнийни ҳадисларни тўлиқ ва мукаммал ўрганган, кенг маълумотга эга бўлган тўғри сўз ва ростгўй инсон деб билардилар.

Тарихда айтилишича, Аҳли суннат ва шиа мазҳабидаги мусулмонлар фатво олиш учун буюк аллома Шайх Кулайнийга мурожаат этишарди ва бу буюк аллома ҳар иккала мазҳабнинг ишончи ва кафолатига айланган эди. Шунинг учун унга «Сиқатул Ислом», яъни Исломнинг ишончли олими деб ном берилди. У Ислом дини уламолари орасида бу унвонни олган биринчи олим эди ва ҳақиқатдан ҳам ушбу унвонга арзийдиган шахс эди.

Шайх Кулайнийнинг юксак шахсияти ҳақида Аҳли суннатнинг муҳим ва буюк уламоларидан бири бўлган Ибн Асир ўзининг «Жомеъул-Усул» номли китобида шундай деб ёзади:

«Кулайний Розий Аҳли-Байт мазҳабининг пешвоси бўлиб, номи дунёга таралган буюк ва фозил донишманд эди».

Ибн Асир бу сўзни айтганидан сўнг Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан бир ҳадисни ривоят қилиб келтиради. Унда Сарвари коинот шундай марҳамат қиладилар:

«Ҳар бир асрда мумтоз бир шахс юзага чиқади ва динда катта хизмат кўрсатиб, юқори мартабали шахсга айланади».

Сўнгра Ибн Асир ҳар бир асрда мумтоз бўлган шахсларнинг номларини келтира бошлайди ва биринчи юз йилликда Имом Муҳаммад ибн Али Ал-Боқир (алайҳис салом), иккинчи юз йилликда эса Имом Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом) ва учинчи юз йилликда бўлса Муҳаммад ибн Яъқуб Кулайнийни тилга олади. Кулайний кўп асарларнинг муаллифи эди. Буюк донишманд ва Рижол илми олими Нажжоший ўзининг «Шайх Кулайнийнинг ҳаёти ва асарларининг шарҳи» номли китобида ва Шайх Тусий ўзининг «Ал-Феҳрист» номли китобида Шайх Кулайнийга тегишли бўлган бир неча китобларни эслатиб ўтишади. Улар жумласидан «Илми рижол» китоби саналади.

Шайх Кулайнийнинг калом (илоҳиёт) илмида ёзган бошқа асари «Ар-Радду алал-Қаромата» деб номланган. Бу китобнинг номидан ҳам маълумки, ушбу китоб ботил ақидаларни рад ва инкор этиш учун ёзилган асар ҳисобланади. Шайх Кулайнийнинг ёзган яна бир бошқа асари «Маа қийла фил-аима (а) минаш-Шеъри» деб номланган. Шайх Кулайний бу асарда буюк шоирларнинг Аҳли-Байтдан бўлган маъсум имомлар ҳақида ёзган шеърларини тўплаган. Шунингдек, «Ар-Расоил» ва «Ал-Кофий» китоблари Шайх Кулайний таълиф этган асарлар орасида энг муҳими ва энг мўътабари саналади.

Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ҳамда ул ҳазратнинг Аҳли-Байтларидан бўлган маъсум имомларимиздан ривоят қилинган эътиқодий, фиқҳий ва ахлоқий мазмундаги саҳиҳ ҳадисларни ўз ичига олган «Ал-Кофий» китоби Аҳли-Байт издошлари наздида ўта қимматли ва кутуби арбаъа, яъни ҳадис соҳасида битилган 4 та аслий китобларнинг биринчиси ва энг мўътабари деб қабул қилинган. Шайх Кулайний «Ал-Кофий» китобини ёзишда жуда кўп исломий ўлкаларга сафар қилиб, баракотли умрининг 20 йилини сарфлаган.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Саидризо Ализода (1887-1945)

Саидризо Ализода 1887 – йил, 15 – февралда Самарқандда таваллуд топган. Отаси ҳожи мир Махсум …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.