Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Масад сураси / Масад сурасининг таржимаси ва тафсири (1)

Масад сурасининг таржимаси ва тафсири (1)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Қуръоннинг 111-Масад сурасининг тафсири билан хизматингиздамиз.

Ушбу суранинг биринчи қисми тафсирида қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз:

Шу вақтгача Абу Лаҳаб номи билан танишмисиз? Нега унинг номи Қуръонда зикр қилинган?

«Ҳаммаалатал-ҳатоб», яъни ўтин кўтарган аёл калимаси кимга нисбат берилган ва нима учун?

Сурадаги ушбу оят: فِي جِيدِهَا حَبْلٌ مِّن مَّسَدٍ «Фий жийдиҳаа ҳаблумиммиммасад» Абу Лаҳаб хотинининг қайси хусусиятига ишора қилади?

Бу саволларга жавоб бериш учун Масад сураси тафсири билан бизга ҳамроҳ бўлинг!

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

تَبَّتْ يَدَا أَبِي لَهَبٍ وَتَبَّ ﴿١﴾‏ مَا أَغْنَىٰ عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ ﴿٢﴾‏ سَيَصْلَىٰ نَارًا ذَاتَ لَهَبٍ ﴿٣﴾‏ وَامْرَأَتُهُ حَمَّالَةَ الْحَطَبِ ﴿٤﴾‏ فِي جِيدِهَا حَبْلٌ مِّن مَّسَدٍ ﴿٥﴾‏

  1. Абу Лаҳабнинг икки қўли кесилсин! Ҳалок бўлсин!
  2. Унга на бойлиги, на қўлга киритган нарсаси фойда бермади.
  3. У тез орада алангали дўзах оловига киради.
  4. Ва унинг ўтин ташувчи ҳолда хотини ҳам дўзах оловига киради.
  5. Ҳолбуки, у аёлнинг бўйнида хурмо пўстлоғидан бўлган арқон бордир.

Бу сура «Таббат» ва «Масад» номи билан танилган. Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) айтадилар: «Қачон бу сурани ўқисангиз, Абу Лаҳабни лаънатланг».

Аллоҳ таоло томонидан وَأَنذِرْ عَشِيرَتَكَ الْأَقْرَبِينَ﴿ «Ўз яқин қариндош-уруғларингни [исломга даъват қилиб, уларни Аллоҳнинг азобидан] огоҳлантиргин», деган оят нозил бўлгач, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қариндош-уруғлари ва яқинларини чақириб, уларга Аллоҳ таолонинг юборган ваҳийни етказдилар. Шунда ул ҳазратнинг амакиси бўлган Абу Лаҳаб у зотга қараб: «تَبًّا لَكَ» «Сенга ҳалокат бўлсин!», деди. Шу пайт ушбу сура нозил бўлди ва унинг сўзини ўзига қайтарди.

Бу лаънат амалга ошиб, Абу Лаҳаб ва унинг хотини кофир ҳолда оламдан ўтгани учун бу сурада Абу Лаҳаб ҳақида олдиндан хабар берилганлиги ҳам маълум бўлади.

Оятдаги «تَبَّتْ» “Таббат” сўзи «تَبَّ» “Табба” ўзагидан олинган бўлиб, зарар-зиён ва ҳалокат маъносини англатади ва оятдаги «يَدٌ» “йад” сўзининг маъноси зоҳирий қўл эмас, балки инсоннинг куч-қудрати ва саъй-ҳаракати воситасига ишорадир. Бинобарин, оятнинг маъноси шундай бўлади: Абу Лаҳабнинг саъй-ҳаракатлари зое бўлиб, у зиён ва зарарга дучор бўлди.

Тарихда айтилишича, Аллоҳнинг Ҳабиби ва Расули ҳазрати Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) одамларни «لَا إِلَهَ إلَّا الله» “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” калимасига даъват қилганларида, Абу Лаҳаб у зотни орқаларидан ёлғончига чиқариб, у зот томонларига тош отарди.

Баъзан Макка зиёратчилари Абу Лаҳабнинг ёнига келиб, ундан Ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳақида сўраганларида, у: «Муҳаммад мажнун ва телба бўлиб қолган ва биз уни даволаяпмиз», деб жавоб берарди.

Абу Лаҳаб зинҳор Пайғамбарга қаршилик кўрсатишдан ва у зотнинг мухолифлари билан ҳамкорлик қилиб фитна уюштиришдан тўхтамади. Абу Лаҳаб хотини билан Сарвари коинотга нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатар эди ва зора шунинг учун ҳам у иккисининг номи Қуръонда тилга олингандир.

Бу суранинг оҳанги шу қадар кучли эдики, ҳамма уни ёд олди ва бу эса Абу Лаҳабга қаттиқ зарба бўлиб, у вафот этгунига қадар уйидан чиқа олмай қолди. Оқибат, қолган кофирлар ҳам мабодо уларга қарши бирор сура нозил бўлмасин, деб қилмоқчи бўлган ишларининг ҳисоб-китобини ўйлаб ўлчадилар.

Ушбу сурадан шундай хулоса олинадики, қавм-қариндошчилик, боғлиқлик ва оилавий муносабатлар кишининг иймон ва эътиқодига путур етишига олиб келмаслиги керак:

تَبَّتْ يَدَا أَبِي لَهَبٍ وَتَبَّ ﴿١﴾

  1. Абу Лаҳабнинг икки қўли кесилсин! Ҳалок бўлсин!

Абу Лаҳаб ва унинг хотини ўлган ва суяклари чириган бўлса ҳам, лекин бу оятлар бошқаларга сабоқ бўлиши ҳамда Аллоҳ таолонинг қаҳру-ғазаби ва азоби уларга зиёда бўлиши учун яна ўқилиши керак.

Абу Лаҳабнинг Ҳазрати Ҳамза Саййидушуҳадо ва Ҳазрати Абу Толиб каби яхши оға-инилари ҳамда Абдулмутталибдек яхши отаси бор эди, лекин ҳар бир кишининг эътиқод ва дунёқараши ҳамда қилган амалига яраша ўз ўрни ва ҳисоби бўлади.

Илгари замонларда териб олинган ўтин буталарини арқон билан боғлаб, уни елкада кўтариб юришарди. Абу Лаҳабнинг хотини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га азият-озор етказиш учун у зотнинг йўлларига ўтин ташлар эди. Шунинг учун Қуръони Каримда: «Унинг хотини қиёматда ҳам дўзах оловининг ўтини бўлиб, ўтин йиғиш учун фойдаланган арқонлари эса қиёмат кунида унинг бўйнига осиб қўйилган бўлади», деб айтилган.

Абу Лаҳабнинг Лаҳаб исмли фарзанди бўлмаган, шояд юзи қизариб тургани учун уни Абу Лаҳаб деб атаганлар. Абу Лаҳабнинг хотини шоир эди. Унинг исми Умми Жамил бўлиб, Абу Суфённинг синглиси ва Муовиянинг аммаси эди. Абу Лаҳабнинг хотини Умми Жамилнинг Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нисбатан азалдан гина-кудрати бор бўлиб, у Пайғамбар (с.а.в) йўлларига тикан ташлар ва ул ҳазратни камситиб, масхара қилиб шеърлар ёзар эди. Умми Жамил доимо одамларнинг қалбида Сарвари коинотга қарши адоват ўтини ёқиб юргани учун Қуръон уни «ўтин кўтарувчи» деб сифатлади ва дўзахга ҳам эри билан бирга худди шу ҳолида кириши ҳақида хабар берди.

Масад сурасидан қуйидаги сабоқларни олиш мумкин:

Қиёмат кунида мол-дунё ҳам, бойлик ҳам инсонга фойда бермайди:

﴿مَا أَغْنَىٰ عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ﴾‏

«Унга на бойлиги, на қўлга киритган нарсаси фойда бермади» (Масад сураси, 2-оят).

مَا أَغْنَىٰ عَنِّي مَالِيَهْۜ ﴿٢٨﴾‏ هَلَكَ عَنِّي سُلْطَانِيَهْ ﴿٢٩﴾‏

«Қиёмат кунида инсон: «Менга молу мулким ёрдам бера олмади. Менинг салтанат ва ҳукмронлигим ҳам йўқ бўлиб кетди [яъни менга ҳеч бир фойда бермади]», дейди» (Ал-Ҳоққа сураси, 28 ва 29-оятлар).

﴿مَا أَغْنَىٰ عَنكُمْ جَمْعُكُمْ﴾

«Молу дунё тўплашингиз сизларга асқотмабди-ку!» (Аъроф сураси, 48-оят).

﴿لَّن تُغْنِيَ عَنْهُمْ أَمْوَالُهُمْ وَلَا أَوْلَادُهُم مِّنَ اللَّهِ شَيْئًا ۚ أُولَٰئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ ۖ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ﴾‏

«Уларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳнинг ғазаби қаршисида уларга сира асқотмас. Улар дўзах эгаларидир. Улар у ерда абадий қолувчидирлар» (Мужодала сураси, 17-оят).

يَوْمَ لَا يَنفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ ﴿٨٨﴾‏ إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ ﴿٨٩﴾

«У кунда [Қиёмат кунида] на молу-давлат фойда берур ва на бола-чақа. Фақат Аллоҳнинг ҳузурига пок қалб ила келган кишигина фойда кўрур» (Шуаро сураси, 88 ва 89-оятлар).

Масад сураси тафсирининг давомини кейинги суҳбатимизда тақдим этамиз. Яна учрашгунча ягона Зот бўлган Аллоҳнинг паноҳида омон бўлинг!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.