Home / Қурони Карим / Қуръон ва Аҳли-Байт / Қуръон ва имомат (1)

Қуръон ва имомат (1)

  Қуръон бу биз мусулмонларнинг буюк самовий ва илоҳий китобимиз бўлиб ҳар тарафлама ҳидоятга бошловчи ва ҳар қандай мушкул ва муаммони ҳал қиладиган бебаҳо манбадир. Қуръони Карим имомат масаласида ҳам чуқур маъно-мафҳумни баён айлаб, имоматнинг турли қирраларини изоҳлаган. Биз бу буюк китобга мурожаат қилиб, имоматга оид ҳар хил шубҳаларни ҳал қила оламиз.

  1. Қуръон имоматни Аллоҳ тарафидан деб билади:

  Олдинги мақолаларда бут синдирувчи ва қаҳрамон бўлмиш ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) қиссаларини кўриб чиққан эдик. Қуръони Карим ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) нинг имомат ва пешволик мартабасига эришишларини расул ва набийлик мақомига ноил бўлгач оғир ва қийин имтиҳон ва синовлардан яхши ўтганларидан сўнг деб уқтиради, яъни ул зот расул ва набий бўлганларидан сўнг буюк ва оғир имтиҳон ва синовлардан олий ва шарафли ўтганларидан кейин имомлик мартабасига кўтарилган эдилар. Қуръон бу ҳақда шундай дейди:

<وَإِذِ ابْتَلَى إِبْرَاهِيمَ رَبُّهُ بِكَلِمَاتٍ فَأَتَمَّهُنَّ قَالَ إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَاماً قَالَ وَمِن ذُرِّيَّتِي قَالَ لاَ يَنَالُ عَهْدِي الظَّالِمِينَ>

  «Эсланг: Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қилганида, у уларни мукаммал ва батамом адо этди. Шунда (Аллоҳ): «Мен албатта, сени одамларга имом (пешво) қилгувчидирман»деди. (Иброҳим) «Зурриётимдан ҳамми? (зурриётимдан ҳам бундай улуғ ва юксак мақомга эришишларини истайман)»деб сўради. (Аллоҳ) айтди: «Золимлар Менинг аҳдимга ҳаргиз эриша олмаслар. (сенинг зурриётинг орасидаги золим кимсалар Менинг имомат аҳдимга эриша олмаслар.)». (Бақара сураси; 124-оят)

  Турли Қуръоний ва тарихий хужжатларнинг гувоҳлик беришича, ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) Бобул бутпарастларига қарши курашиш, Шом диёрига ҳижрат қилиш, Каъба уйини қурмоқ ҳамда ўз ўғиллари ҳазрат Исмоил (алайҳис салом) ни қурбонгоҳга элтиб қурбон қилиш ишларини ўта мукаммал ва шарафли бажарганларидан сўнг бу мартабага эришдилар.

  Набийлик ва расуллик мақоми Худо тарафидан тайинланадиган бўлса, халқни ҳар томонлама бошқариш ва раҳнамолик қилиш бўлган раҳбарликнинг энг такомил топган чўққиси ҳисобланмиш имомлик ва пешволик мартабаси ҳам Аллоҳ тарафидан тайинланишга сазовор-роқдир ва бу юксак масъулият одамлар сайлаши билан аниқланиши мумкин эмасдир.

  Қуръон имомат мақоми тайин этилиши борасида шундай дейди: إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَاماً «Мен сени одамларга имом (пешво) қилувчиман», яъни Аллоҳнинг ўзи ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом)ни имом ва пешво қилиб танлади. Ва шунингдек, Қуръоннинг Анбиё сурасида Аллоҳнинг буюк пайғамбарлари ҳақида уларнинг имом ва пешво қилинганликлари айтилади:

<وَوَهَبْنَا لَهُ إِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ نَافِلَةً وَكُلّاً جَعَلْنَا صَالِحِينَ (72)‏ وَجَعَلْنَاهُمْ أَئِمَّةً يَهْدُونَ بِأَمْرِنَا وَأَوْحَيْنَا إِلَيْهِمْ فِعْلَ الْخَيْرَاتِ وَإِقَامَ الصَّلَاةِ وَإِيتَاء الزَّكَاةِ وَكَانُوا لَنَا عَابِدِينَ>

  «Биз (Иброҳимга) Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам (набира қилиб) қўшиб бердик ҳамда барчаларини солиҳ кишилар қилдик.» (Анбиё сураси; 72-оят.)

  Ва уларни Бизнинг амримиз билан (одамларни) ҳидоят этадиган имомлар ва пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўла адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик. Улар Бизгагина ибодат қилувчи бўлдилар.» (Анбиё сураси;73-оят).

  Юқорида келтирилганимиз оятлардан ва уларга ўхшашлардан маълум бўлишича, имомлик ва пешволик мартабаси фақат Аллоҳ таоло тарафидан тайин этилиши лозим.

  Бундан ташқари, ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) имом ва пешво бўлганликлари ҳақидаги ояти кариманинг давомида ул зот ўз насллари ва зурриётларидан бўлган айрим инсонларнинг ҳам ушбу юксак мартабага ноил бўлиш-ларини Тангри таолодан сўрайдилар. Аллоҳ таоло ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) га жавобан шундай буюради: لاَ يَنَالُ عَهْدِي الظَّالِمِينَ «Золимлар Менинг аҳдимга ҳаргиз эриша олмаслар.», Яъни сенинг дуо ва тилагинг Аллоҳнинг даргоҳига мустажоб бўлди. Аммо сенинг зурриётинг орасидаги гуноҳ ва зулмга йўл қўйган кимсалар Менинг имомат аҳдимга (бу юксак ва юқори мақомга) эриша олмаслар. Демак, бу мартаба ва мақом зулм қилмаганларга ато этилиши айтилади. Бу ерда зулм дейилганда турли хил гуноҳ назарда тутилиб, имом ҳар қандай гуноҳлардан пок ва маъсум эканлигига ишора этилади.

  Луғатда ва шунингдек, Қуръон мантиғида золим сўзининг маъноси кенг қамровли бўлиб, бутун гуноҳларни хоҳ ошкор ширк бўлсин хоҳ махфий ва яширин ширк бўлсин ёки ўзига ва бошқаларга раво кўрадиган ҳар қандай зулм-ситам бўлишидан қатъий назар, ҳаммасини ўз ичига олади ва бу ҳақиқатни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким тўлиқ била олмаслигини назарда тутган ҳолда шу хулосага келамизки, имомлик ва халифалик мартабасини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина танлай олади. Негаки, фақат Унинг Ўзигина инсонларнинг ниятидан ва уларнинг ботинидан хабардордир.

2. Таблиғ ояти

  Моида сурасининг қуйидаги оятига эътиборингизни жалб этамиз:

<يَا أَيُّهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنزِلَ إِلَيْكَ مِن رَّبِّكَ وَإِن لَّمْ تَفْعَلْ فَمَا بَلَّغْتَ رِسَالَتَهُ وَاللّهُ يَعْصِمُكَ مِنَ النَّاسِ إِنَّ اللّهَ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ>

  «Эй, Расул! Раббингиздан Сизга нозил қилинган нарсани (одамларга) етказинг! Агар (бу ишни) қилмасангиз, Унинг рисолатини (пайғамбарлик вазифасини) охирига етказмаган бўлурсиз. Аллоҳ Сизни одамлар (нинг муҳтамал хатари ва зарари)дан сақлагай. Албатта, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай.» (Одамларнинг душманликларидан қўрқманг, Аллоҳ ўзи ҳимоя қилувчидир. Борди-ю, эълон қилмасангиз, рисолат-пайғамбарликни охирига етказмаган бўлурсиз.)(Моида сураси; 67-оят)

  Оятнинг таҳдид оҳангидан муҳим ва оғир бир иш ва маъмурият ҳақида суҳбат кетаётганлигини ҳамда бу оғир маъмурият Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг зиммаларига юкланганлигини тушуниш мумкин. Зеро, агар бу маъмурият амалга оширилмаса, Пайғамбаримиз шунча йиллик чеккан азоблари ва машаққатлари бефойда бўлиб қолар эди. Шу боис, маълум бир хавотирланишлар ул ҳазратни ҳар томондан қамраб олган эди. Бу шундай хабар эдики, уни одамларга етказиш осон иш эмас эди. Негаки, бир тоифа мусулмонлар ушбу хабарни эшитишлари билан ошкора қаршилик кўрсатишлари мумкин эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло мазкур ояти каримада Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ушбу маъмуриятни етказишларини таъкидлаган ҳолда буюради ва ул ҳазратга муҳтамал хавф-хатарлар ва хавотирланишлар баробарида ишонч бағишлайди.

  Аниқки, бу муҳим масала ширк ва тавҳид ёки яҳуд ва мунофиқлар каби душманларга қарши курашиш ҳақида эмас эди, негаки, ўша вақтга қадар, яъни Моида сураси нозил бўлган пайтда бу масала бутунлай ҳал бўлган эди.

  Ислом динининг оддий ва содда аҳкомини етказиш ҳам бу қадар хавотирланиш ва аҳамиятга эга эмас эди. Зероки, юқоридаги оятнинг маъносига қараганда ушбу масаланинг аҳамияти рисолат ва пайғамбарликка тенг ва баробар келадиган бўлиб, уни етказмаслик пайғамбарлик вазифаси ва ҳаққини адо этмаслик билан баробар бўлади. Айтган сўзларимизни инобатга олган ҳолда мана шу ўта муҳим масала Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг халифа ва ворисларини тайин этишдан бошқа нарса бўла оладими? Алалхусус ушбу ояти карима Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаётларининг охирларида нозил бўлганини ва халифалик масаласи пайғамбарликка монанд ва уйғун эканлигини назарга олсак, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг набийлик ва расуллик мартабаларининг давоми бўлмиш халифалик ва ўринбосарликдан ўзга масала бўлиши мумкинми?

  Бунга илова, яна бу ҳақда кўплаб ҳадислар Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг кўпгина саҳобалари тарафидан нақл қилинганини ҳисобга олсак, ҳеч бир шак-шубҳага ўрин қолмайди. Жумладан; Зайд бин Арқам, Абу Саид Худрий, Ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий, Абу Ҳурайра, Ҳузайфа ва Абдуллоҳ ибн Масъудларни санаб ўтишимиз мумкин. Ушбу ҳадислардан баъзилари ўн бир санад ва услубда бизга етиб келган бўлиб тафсирчи, ҳадисчи ва тарихчи олимлардан иборат аҳли суннат уламоларидан буюк бир гуруҳ мазкур ҳадисларни нақл қилиб, юқоридаги ояти карима Ғадир кунида ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг халифа ва пешволиклари ҳақида нозил бўлганини таъкидлашган.[1]

  Демак, жуда кўп сондаги ҳадисларга асосан, юқоридаги ояти карима ҳажжатул видо (сўнгги видолашув ҳажи)дан қайтиб келаётганда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га «Ғадир Хум»[2] номли маконда ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг хилофат ва имоматлари ҳақида нозил бўлган.

  Биз «Ғадир» ҳақидаги воқеани Аллоҳнинг изну иродаси билан, «ҳадислар ва суннат» ҳақида баҳслашганимизда айтиб ўтамиз. Бу ерда фақат шу нарсани эслатиб ўтамизки, юқоридаги ояти карима сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муборак умрларининг охирида сўнгги ҳаждан қайтиб келаётганларида ҳаммага Али (алайҳис салом)ни расмий равишда ўзларидан кейинги халифа ва раҳбар сифатида таништириб тайинлашга маъмур этилганликларига очиқ далилдир.


[1]. Бу борада чуқурроқ маълумот олиш учун «Иҳқоқул Ҳақ», «Ал-Ғадир», «Ал-Мурожиот» ва «Далоилус сидқ» китобларига мурожаат қилишингиз мумкин.

[2]. «Ғадир» сўзи арабчада кўл маъносини англатади. «Ғадир Хум»нинг маъноси Хум номли кўл бўлиб, ҳожилар ҳаж сафаридан қайтаётганда ўша ерда тўхтаб дам олишган.

Share

Check Also

Qur’оn va imоmat

  Qur’оn bu biz musulmоnlarning buyuk samоviy va ilоhiy kitоbimiz bo`lib, har taraflama hidоyatga bоshlоvchi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.