Home / Ақоид ва Калом / Имомат / Имомат пайғамбаримиз суннатларида

Имомат пайғамбаримиз суннатларида

  Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг муборак ҳадисларига оид китобларни хусусан «Аҳли суннат» биродарларимизнинг ҳадис манбаларини кўздан кечириб, мутолаа қилсак, ул ҳазратнинг Али (алайҳис салом) халифа ва пешво эканлиги ҳақидаги ҳадисларининг нақадар кўплигини ошкора кўрамиз.

   Айниқса «Аҳли суннат»нинг ҳадис китобларида бу мавзунинг жуда кўп ҳадислар билан кенг ёритилганини ва бу борада ҳеч бир шак-шубҳага ўрин йўқлигини кўриб, шунча нарсаларни ўқиб туриб ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг халифа, имом ва пешво эканликларини қабул қилмасликларига ҳайрон қолмай иложимиз йўқ. Ахир шунча ҳадисларни ёзиб битган «Аҳли суннат» биродарларимиз нима учун «Аҳли байт»нинг йўлидан эмас, бошқа йўлдан кетганларига нима дейиш мумкин?!

  Ғадир ҳадиси сингари баъзи ҳадислар юзлаб санадга эга, баъзи ҳадислар ўнлаб санад билан, баъзилари эса ўнлаб машҳур китобларда нақл қилинган. Агар у ёки бу шахсларнинг сўзларини эътиборга олмай, сўзсиз тақлидларни чеккага суриб қўйсак, имомат ва хилофат масаласи шу қадар ойдин ва ошкорки, бошқа далилларга асло ҳожат қолмайди.

  Биз бу ўринда бу масаланинг нақадар очиқ баён қилинганлигини исботлаш учун жўда кўп ҳадислар орасидан айрим машҳур ҳадисларни намуна сифатида келтирамиз. Бу мавзуда чуқурроқ маълумотга эга бўлишни истаганлар учун батафсил сўз юритган манбаларни таништириб ўтамиз.[1]

1. Ғадир ҳадиси

  Кўплаб Ислом тарихчи олимларнинг ёзишларича, ҳазрат Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муборак умрларининг охирида ўз саҳобалари билан биргаликда сўнгги ҳаж маросимини бажарадилар. Ул ҳазрат ҳаж маросимидан сўнг жуда кўп сонли қадимги ва янги саҳобалари ҳамда ҳаж амалларини бажариш учун бутун Ҳижоз минтақасидан келган ошиқ мусулмонлар билан бирга қайтаётганларида Макка ва Мадина шаҳарлари орасида жойлашган «Жуҳфа» диёри яқинидаги қуруқ ва жазирама иссиқ биёбондаги «Ғадир Хум» номли ерга етиб келдилар.

  Ушбу макон ҳаждан қайтаётган мусулмонларнинг турли тарафга бўлиниб кетадиган айрилиқ йўли ҳисобланарди. Бу ерга етиб келган Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамма мусулмонларга тўхташни буюрдилар. Олдинга ўтиб кетган карвонлар орқага қайтишга чақирилди ва орқада қолиб кетганлари эса етиб келишди. Кун жуда иссиқ эди ва саҳрода ҳеч бир соябон кўзга кўринмасди. Мусулмонлар Пайғамбаримизга иқтидо қилиб зуҳр (пешин) намозини ўқишди, улар иссиқдан тоқатсизланиб чодирларининг ичига кириб кетмоқчи бўлганларида Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) янги ва ўта муҳим бир хабарни муфассал маъруза қилиш билан етказмоқчи эканликларини билдирдилар.

  Туяларнинг жиҳози ва тўқимидан дарҳол бир минбар ясаб олдилар. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу минбарга чиқиб хутба ўқий бошладилар.[2] Аввало яратувчи Тангрига ҳамду-санолар айтиб, сўнгра эса халойиққа қараб шундай марҳамат қилдилар:

  «Мен тез орада Роббимнинг даъватини ижобат қилиб сизларнинг орангиздан кетажакман. Мен масъулдирман ва сизларнинг ҳар бирингиз ҳам масъулдирсизлар. Мен ҳақимда қандай шаҳодат бергайсизлар?»

  Шунда халойиқ баланд овоз билан:

«نَشْهَدُ أَنَّکَ قَدْ بَلَّغْتَ وَ نَصَحْتَ وَ جَهَدتَّ فَجَزَاکَ اللهُ خَيْراً»

  «Шаҳодат берамизки, сиз Аллоҳнинг рисолатини (Алоҳнинг йўллаган ваҳйини) бизга етказдингиз, хайрхоҳ-ларча насиҳат қилдингиз ва бизларни Аллоҳ сари ҳидоят қилишда тиришдингиз. Аллоҳ Ўзи ажрингизни берсин»– деб жавоб беришди.

  Шунда Пайғамбаримиз сўрадилар: «Сизлар Аллоҳнинг ягоналигига, Менинг пайғамбарлигимга, қиёмат кунининг ҳақ эканлигига ва ўша кунда ўлганларнинг қайта тирилишига гувоҳлик берасизларми?» Ҳамма халойиқ бир сўз билан: «Ҳа, гувоҳлик берамиз» – дейишди. Шу пайт Пайғамбаримиз: «Аллоҳим! Ўзинг гувоҳ бўл… » – дедилар.

  Сўнгра ул зот: «Эй халойиқ! Овозимни эшитяпсизларми?» деб марҳамат қилдилар. Улар: «Ҳа, эшитаяпмиз» – деб жавоб беришди. Шундан сўнг бутун биёбонни жимжитлик ва сокинлик қамраб олди ва елнинг эсишидан ўзга товуш қулоққа эшитилмас эди. Ҳазрат хутбаларини давом эттириб буюрдилар: «Энди айтингларчи Мен сизларга қўйиб кетаётган бу икки арзирли ва қимматбаҳо нарса билан қандай муносабатда бўласизлар?»

  Шунда одамлар орасидан бир киши баланд товуш билан: «Қайси қимматбаҳо икки нарса, ё Расулуллоҳ?» – деб сўради. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) жавоб бердилар: «Биринчиси- оғирроқ в қимматроқ бўлиб, Аллоҳнинг китоби Қуръондир. Ундан узоқлашманг. Акс ҳолда залолатга учрагайсиз. Иккинчи қимматбаҳо нарса- бу Менинг хонадоним аҳлидир. Меҳрибон ва огоҳ Зот бўлмиш Аллоҳ Менга берган хабарга кўра, бу икки қимматбаҳо нарса жаннатда Менинг ҳузуримга кириб келгунга қадар бир-биридан ажралмаслар. Бу иккисидан олдинга ошиб ўтмангизким, оқибат ҳалок бўлгайсиз ва бу иккисидан орқада ҳам қолиб кетмангиз, у ҳолда ҳам ҳалок бўлгайсиз.»

  Баногоҳ Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) атроф-теваракларига назар солиб, кимнидир қидирардилар ва кўзлари Али (алайҳис салом)га тушиши биланоқ эгилиб, унинг қўлидан тутиб юқорига кўтардилар. Ҳаттоки, ҳар иккалаларининг қўлтиқ ости оқлиги кўриниб кетди ва барча халойиқ уни кўриб танидилар.

  Бу ўринда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) баландроқ овоз билан:

«أَيُّهَا النَّاسُ! مَنْ أَوْلَي النَّاسِ بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنفُسِهِمْ؟»

  «Эй халойиқ! Мўъминлар учун ўзларидан кўра ким ҳақлироқ ва сазоворроқдир?» – деб сўрадилар.

  Улар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир» – деб жавоб беришди.

  Шунда Пайғамбаримиз буюрдилар: «Аллоҳ менинг мавлоим ва раҳбаримдир. Мен эса мўминларнинг мавлоси ва раҳбариман ва уларга ўзларидан кўра ҳақлироқ ва сазоворроқдирман.» Сўнгра ул ҳазрат шундай марҳамат қилдилар:

«فَمَن کُنتُ مَوْلَاهُ فَعَلِيٌّ مَوْلَاهُ»

  «Мен кимнинг мавлоси ва раҳбари бўлсам, демак, бу Али унинг мавлоси ва раҳбаридир.» Бу жумлани Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уч марта ва баъзи ровийларнинг айтишича тўрт маротаба такрорладилар. Сўнгра кўкка юзланиб:

«أَللَّهُمَّ وَالِ مَنْ وَالَاهُ، وَ عَادَ مَنْ عَادَاهُ، وَ أَحِبَّ مَن أَحَبَّهُ، وَ أَبْغِضْ مَنْ أَبْغَضَهُ، وَ انْصُرْ مَنْ نَصَرَهُ، وَ اخْذُلْ مَنْ خَذَلَهُ، وَ أَدِرِ الْحَقَّ مَعَهُ حَيْثُ دَارَ»

  «Аллоҳим, ҳар ким Алини яхши кўрса Сен ҳам уни яхши кўр, ҳар ким унга адоватли бўлса Сен ҳам унга душман бўл! Уни севганларни Сен севгин, кимки ундан аразлаб, қалбида гина-кудурат сақласа ундан аразлаб ғазаб қилгин, унга ёрдам берганларга Ўзинг мададкор бўлгин, ундан мададини дариғ тутиб уни тарк этганларни Сен ҳам тарк айла! Али қаерда бўлса Ҳақни унинг билан бирга ҳамроҳ қилгин!»– деб дуо қилдилар.

  Кейин одамларга юзланиб: «Бу ерда ҳозир бўлганлар ғойибларга менинг айтган сўзларимни етказсинлар»– деб буюрдилар.

  Шу пайт йиғилган халойиқ ҳануз тарқалиб кетмасдан Аллоҳнинг амин ва ишончли ваҳий элчиси бўлмиш ҳазрат Жаброил (алайҳис салом) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ҳузурларига келиб, ушбу ояти каримани туширди:

<… أَلْيَوْمُ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَ أَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِى وَ رَضِيتُ لَكُمُ الْإِسلَامَ دِينًا…>

  «Бугун мен сизлар учун динингизни комил қилдим ва сизларга неъматимни тўла-тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим». (Моида сураси, 3-ояти).

  Ушбу ояти шарифа нозил бўлгач, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) буюрдилар:

«أَللهُ اَكْبَرُ عَلَى اِكْمَالِ الدِّينِ وَإِتمَامِ النِّعْمَةِ وَ رِضَا الرَّبِ بِرِسَالَتِى وَ الْوِلايَةِ لِعَلِىٍّ مِنْ بَعْدِى»

  «Аллоҳ динни комил қилишда ва неъматни тўкис қилиб беришда ва Парвардигор менинг пайғамбарлигимга ва мендан сўнг Алининг валий, раҳнамо ва пешволигига рози-хушнуд бўлишда Буюк Зотдир».

  Шу вақт одамлар орасида шов-шув кўтарилди. Ҳамма саҳобалар, жумладан Абу Бакр ва Умар Али (алайҳис салом) нинг олдига бориб, халифалик ва раҳбарлик мақоми билан уни табриклашди. Умар тўпланган халойиқ ҳузурида имом Алини ушбу ибора билан табриклади:

بَخٍ بَخٍ لَکَ، يَابْنَ أَبِى طَالِبٍ أَصْبَحْتَ وَ أَمْسَيتَ مَوْلاىَ وَ مَوْلَى كُلِّ مُؤمِنٍ وَ مُؤْمِنَةٍ.

  «Эй Абу Толиб ўғли хилофат ва пешволик мансаби сизга муборак бўлсин! Сиз менинг мавлоим ва раҳбарим ҳамда ҳар бир мўъмин ва мўъминанинг мавлоси ва раҳбари бўлдингиз![3]»

   Юқоридаги ҳадисни турли иборалар билан баъзан муфассал баъзан эса қисқартириб мухтасар шаклда буюк тоифадаги Ислом уламо ва донишмандларининг кўпчилиги ўз китобларида келтириб, нақл қилишган. Бу ҳадис мутавотир ҳадислар сирасидан бўлиб, ҳеч ким бу ҳадиснинг Пайғамбаримиздан содир этилгани ҳақида шак-шубҳага борма олмайди. Аллома Аминий ўзининг «Ғадир» номли китобларида бу ҳадисни бир юз ўн саҳоба нақл қилганлигини ва шунингдек бу ҳадис уч юз олтмиш донишманд тарафидан турли китобларда келтирилганлигини баён қилганлар.

  Ушбу ҳадис аҳли суннат олимларининг тафсир, тарих ва ҳадис китобларининг кўпларида келган. Ҳатто буюк бир гуруҳдан иборат Ислом уламолари мазкур «Ғадир ҳадиси» ҳақида мустақил китоб битганлар. Жумладан қимматли, арзирли ва нодир китобнинг муаллифи бўлмиш аллома Аминий ушбу китобида «Ғадир ҳадиси» ҳақида алоҳида китоб ёзган Ислом уламоларидан йигирма олти нафарнинг номини келтирган.

  Ҳадиснинг санадини инкор қилиб бўлмаслигини кўрган баъзилар мазкур «Ғадир ҳадиси»нинг имом Али халифа, пешво ва раҳбар эканликларига далолат қилишида шак-шубҳа туғдириб, ҳадисдаги «мавло» сўзининг маъносини ўзгартириб «раҳбар» ва «йўлбошчи» эмас, балки «дўст» деган маънони англатишини айтиб, ўзларича саъй-ҳаракат қилганлар. Ҳолбуки, ҳадиснинг маъно-мазмунига, айтилган вақти ва маконига ва содир этилган ҳолат ва шароитига ҳамда қолган белги ва нишоналарга диққат билан назар ташласак, ушбу хутба ва ҳадисдан кўзланган мақсад; имомат ва вилоят (пешволик) масаласи ва бутун мусулмонларга ҳар томонлама раҳбарлик қилиш мавзуси эканлиги яққол ошкор ва намоён бўлади:

  1. 1. Олдинги дарсда кўриб чиққанимиз Таблиғ оятининг Ғадир воқеасидан олдин нозил бўлиши ва ушбу оятдаги таҳдид оҳанги ва бошқа белги-нишоналар оддий бир дўстлик масаласи эмас, муҳимроқ масала ҳақида суҳбат кетаётганлигини билдиради. Негаки, дўстлик масаласида хавотирланишга ўрин бўлмай, бу даражада аҳамият бериб, таъкидлашга ҳожат йўқ эди. Шунингдек, бунинг устига диннинг комил бўлиши ҳақидаги ояти кариманинг Ғадир воқеасидан сўнг нозил бўлиши Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейинги халифалик ва раҳбарлик масаласи каби ўта муҳим ва фавқулодда бир хабар етказилганлигидан далолат беради.
  2. 2. Ҳадиснинг одамларга етказилиш услуби, чулу биёбоннинг жазирама иссиқ ҳавосида турли чора-тадбирлар билан узун ва муфассал хутба ўқиб халифалик ва раҳбарлик хабари аҳамият билан айтилгани ҳамда замон ва макон жиҳатидан ўта қалтис шароитда халойиқдан иқрор ва эътироф олинишининг ҳаммаси бизнинг фикримиз тўғри ва ҳақлигига очиқ-ойдин ва қатъий далилдир.
  3. 3. Турли шахслар ва гуруҳларнинг ҳазрат Али (алайҳис салом)га билдирган табриклари ва шунингдек ўша куни Ғадир воқеасидан сўнг ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг халифа ва пешво бўлишлари муносабати билан шоирларнинг айтган шеърлари ва шунга ўхшаш ҳодисаларнинг барчаси Али (алайҳис салом) нинг юксак имомлик ва раҳбарлик мақомига тайин қилинганлигига ошкора далолат қилади.

[1]. Муфассал маълумот олиш учун Ал-Мурожаот, Ал-Ғадир, Далоилус сидқ китобларига мурожаат қилинг.

[2]. Бу хутба жуда мукаммал бўлиб турли китобларда «Ҳажжатул видо хутбаси» номи билан машҳурдир.

[3]. Мазкур сўзнинг манбаи:

  1. 1. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснаду Аҳмад ибн Ҳанбал», 2-ж, 281-б.
  2. 2. Ҳофиз Ҳасконий, «Шавоҳиддут танзил», 1-ж, 157-158-бетлар.
Share

Check Also

Qayta tirilishning fitratdagi o`rni

 O`tgan darslarda aytib o`tganimizdek, хudоshunоslik insоnning fitrati va tabiatida jоy оlgan. Agar insоnning ichki dunyosidagi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.