Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Адолатни барпо этмоқ- Пайғамбаримизнинг асосий мақсадлари (1)

Адолатни барпо этмоқ- Пайғамбаримизнинг асосий мақсадлари (1)

  Ислом дини зуҳуридан олдин терининг ранги, ирқ ва қабила каби айрим зоҳирий афзалликлар сабабли қудрат адолатсизлик билан айримларнинг қўлига ўтарди ва улар бошқалар устидан ҳукмронлик қилиб, бошқаларни ўзлари учун хизмат қилишга мажбур қилишарди.

Арабистон ярим ороли ва бошқа мамлакатларда бойлик ва қудрат эгалари қулдорликни оддий бир маданият ва одатга айлантиришган эдилар. Уларнинг қуллари умрларининг охирагача хўжайинлари учун ишлашлари керак эди. Қуллар ҳеч қанақа ҳақ-ҳуқуққа эга эмас эдилар.

  Пайғамбарнинг ижтимоий адолатни барпо этиш хусусидаги муҳим рисолат (вазифа)ларидан бири ирқчилик ва камситишларга қарши курашиш ва уларни бартараф қилиш эди. Ислом Пайғамбари ўша вақтларда мавжуд бўлган зарарли расм ва удумларни бекор қилдилар. Ул ҳазрат Абузар Ғифорий ва Аммор Ёсирга қандай муносабатда бўлсалар, Салмоний Форсий, Суҳайл Румий ва Билол Ҳабашийга ҳам шундай муносабат билдириб, қавмий мутаассиблик мусулмонлар орасида бўлмаслиги учун саъй-ҳаракат қилардилар.

  Исломнинг Буюк Пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) ушбу мақсад учун ҳижратнинг биринчи йилида Макка муҳожирлари ва Мадина аҳолисидан бўлган ансорлар ўртасида биродарлик битимини тузадилар. Ушбу битимда уларнинг қайси қабиладан ва ирқдан эканликлари ва ижтимоий мавқеларига умуман эътибор қаратилмаган. Масалан, Пайғамбарнинг амакилари Ҳамза ва ул ҳазратнинг озод этилган қули Зайд бин Ҳориса ўртасида биродарлик аҳд-паймони тузилади.

  Имом Содиқ (алайҳис салом) Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) нинг сиратлари (тутган йўллари ва хатти-ҳаракатлари)даги адолат кўлами бобида шундай буюрган эдилар: «Ислом Пайғамбари ҳатто ўз нигоҳларини асҳоблари ўртасида тенг бўлиб, барчага бир хил боқардилар.»

  Пайғамбаримиз ҳукуматлари даврида барча асосий принцип ва усуллар, жумладан, адолатга риоя этишга, ҳатто энг оғир шароитларда ҳам қаттиқ эътибор бериларди. Одамийлик принципларига риоят қилиш уруш ва тўқнашувлар пайтида, ҳатто душманга нисбатан ҳам кузатиларди.

  Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) ислом лашкарларига доимо қари ва ёш болаларни ўлдирмасликни, ҳийла ва найранг ишлатмасликни, ўғирлик қилмасликни, озиқа учун зарурат сезилмаса, гўшти ҳалол бўлган ҳайвонларни ўлдирмасликни ва зарурат бўлмаса, дарахтларни кесмасликни буюрганлар.

  Ул ҳазрат шундай таъкидлардилар: «Аввал душманларни Ҳақ динга эргашиш ва издошлик қилишга даъват этинглар ва сизлар биринчи бўлиб уруш бошламанглар. Мен жиҳоддан сизларни оталари ва эрлари ўлдирилган бир гуруҳ болалар ва аёллар билан қайтишингизни эмас, балки сизни Исломга юз тутган одамлар билан қайтишингизни кўпроқ хоҳлайман.»

  Ушбу топшириқларда Исломнинг Буюк Пайғамбари учун адолат ва инсофнинг аҳамияти қанчалик муҳим эканлигини яққол сезиш мумкин.

  Ул ҳазрат жамиятда адолатни жорий қилиш учун маҳкама ва муҳокама қилишнинг одилона тизимини яратадилар ва исломий ҳукуматнинг биринчи қозиси ул зотнинг ўзлари эдилар.

  Ислом Пайғамбари қонун ижросида ҳеч вақт Аллоҳнинг ҳукмини бажармаган ҳолатлари бўлмаган.

  Ул ҳазрат биров учун адолатни ижро этишда ва ҳатто ўз яқинлари гуноҳкор бўлсалар-да, уларни одилона ҳукм этишда ҳеч вақт сусткашлик қилмаслик учун, Аллоҳ номи билан қасам ичардилар.

  Тарихий ҳужжатларда келтирилишича, Маккани фатҳ этиш вақтида бани Махзум қабиласидан бир аёлнинг ўғирлик қилгани исботланади.

  Ушбу аёлга жазо қўллаш қабила обрўсини тўкиши мумкин бўлгани боис, унинг қариндошлари Усома бин Зайд деган обрў-эътиборли бир кишини воситачилик қилиши учун, Пайғамбар ҳузурларига юборишади. Улар ўғри аёлга Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) жазо бермаслигини хоҳлардилар.

  Усома бин Зайд Пайғамбар ҳузурларида ҳам иззат ва эътиборга эга эди. У Расулуллоҳга бани Махзум хоҳишлари борасида сўз очганида, Пайғамбар бирданига безовталаниб кетиб буюрадилар: Қонунни ижро этмай бўладими? Олдинги қавм ва миллатлар қонунга ҳурмат ва аҳамият кўрсатишмаганлари боис, таназзулга учрадилар. Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, қонун ижросида жинояткор яқинларим бўлса ҳам, сусткашлик қилмагайман.

  Маълумки, иқтисодий адолат ҳам ижтимоий адолат каби муҳим мавзулардан бири ҳисобланади ва жамият аъзолари ўртасида хотиржамлик ва осойишталик омилини яратади.

  Ислом монополияни инкор қилиб, жамиятда маблағ айланиши лозимлигини таъкидлаб, исломий ҳукумат даврида айрим маблағларни халқнинг умумий фойдаланиши учун ҳукумат ихтиёрига топширган.

  Аллоҳнинг Расули ва Ҳабиби иқтисодий манбалар ва мавжуд маблағларни одилона тақсимлаб, сиёсий ва иқтисодий майдонларда зодагон ва тўраларнинг адолатсизликларига барҳам берардилар.

  Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) фақирлик йўқсилликни бартараф қилиш ва жамиятда мавжуд сарват (бойлик)лардан ҳамма баҳраманд бўлиши учун, бир қатор чора-тадбирларни амалга оширардилар. Ушбу тадбирлардан бири мусулмонлар ўз маҳсулотларини сотиш учун бозорлар ташкил қилиш ва улардан солиқ олмаслик эди. Зеро, мушрик ва яҳудийлар ўз маҳсулотларини мусулмонларга қиммат сотишарди ва гоҳида кам сотишарди. Рибохўрлик тақиқланганидан олдин ҳам, улар мусулмонлардан катта фойдалар кўришарди. Мусулмонлар учун бозорлар ташкил қилиш ҳам, ушбу иллатларни бартараф этиш учун эди.

  Анфол ерларини фақир ва мужтожларга ижарага бериш ҳам, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) томонидан бўлган муҳим тадбирлардан эди.

  Сарвари олам учун муҳим саналган масалардан бири молларни мусулмонлар ўртасида тенг бўлиш, табақавий ихтилофларни бартараф этиш ёки энг қуйи нуқтасига етказиш эди.

  Исломнинг Буюк Пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) Мадинадаги ўн йиллик ҳукуматлари даврида адолатхоҳликни халқ орасида бир маданият ва ахлоқнинг юксак хислати сифатида ривожлантириш учун мислсиз хизматлар қилдилар.

Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.