Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (2-қисм)

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (2-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

ИККИНЧИ БОБ:

ИЖТИМОИЙ МУНОСАБАТЛАРДА ЭҲТИЁЖ СЕЗИЛГАН ХУСУСИЯТЛАР;

1. Чиройли хулқ-атвор;

Чиройли хулқ-атвор ва меҳрли муомала қилиш ижтимоий муҳит билан алоқада эҳтиёж сезилган энг зарурий хусусиятлардандир. Баъзида энг кучли далил-исботлар ёрдамида амалга ошмаган иш яхши ва чиройли хулқ-атвор билан қилинган муомала орқали қисқа бир вақт ичида мумкин бўлади.

Маданиятнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланган муомала қилиш тариқаси ижтимоий-сиёсий лидерлар учун алоҳида аҳамиятга эга. Ахлоқий нормаларга мос келмайдиган хатти-ҳаракатлар лидернинг имижига путур етказади, унинг ижтимоий таянчларини тебратади.

Шунга биноан, Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг чиройли хулқ-атворига доир кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилган ҳамда кўплаб асарлар ёзилган. Ушбу ҳақиқатни исботловчи энг кучли далиллар эса Қуръон оятларидан иборатдир. Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат қилади:

وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٍ

«(Эй Расулимиз,) шак-шубҳасиз, сен улкан хулқ соҳибисан» (Қалам сураси, 4-оят).

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللَّـهِ لِنتَ لَهُمْ ۖ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ

«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, тош бағир бўлсанг эди, шубҳасиз, атрофингдан тарқаб кетардилар» (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг тинглаш қобилияти шунчалик юқори эдики, мунофиқлар ул зотни «қулоқ» дейишар ва айтилган ҳар нарсага ишонишини гумон қилишар эди. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилади:

وَمِنْهُمُ الَّذِينَ يُؤْذُونَ النَّبِيَّ وَيَقُولُونَ هُوَ أُذُنٌۚ قُلْ أُذُنُ خَيْرٍ لَّكُمْ

«(Мунофиқларнинг) баъзиси Пайғамбарга озор бериб: «У қулоқдир» дейдишади. (Уларга) айтгин: «У сизлар учун яхши қулоқ (тутувчи)дир» (Тавба сураси, 61-оят).

Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Мадина шаҳрига ҳижрат қилганида, мадиналик мусулмонлар ул ҳазратни катта тантана билан кутиб олиб, ҳар ким ўз уйига даъват этарди. Ул ҳазрат эса ҳеч кимни ранжитмаслик учун туялари қаерга бориб ўтирса, ўша жойда қўноқ бўлишларини айтдилар. Туя Абу Айюб Ансорийнинг уйи ёнида ўтиргани сабаб, Пайғамбар ҳам бир муддат ўша уйда яшайдиган бўлдилар[1].

Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бошқа подшоҳ ва султонлардан фарқли ўлароқ, ўта камтарин, меҳрибон, жонкуяр ва ғамхўр бир раҳбар эдилар. Ул ҳазрат жоме масжиди қурилишида ҳамма қатори ишлар, ер қазар, тупроқ ташир эдилар[2]. Ўз саҳобалари билан бирга ўтирганда мажлиснинг юқори ва қуйи томонлари билинмаслиги учун ҳаммани айлана шаклда ўтқизар ва улардан ажралиб турмас эдилар.

Бир кун сафарга чиққанда бир қўй сўйиб, таом тайёрламоқ керак бўлди. Саҳобалардан бири: «Мен сўяман», – деди. У бириси: «Мен терисини шилийман», – деди. Яна бириси: «Пишириш менинг бўйинимга», – деди. Пайғамбар: «Ўтинни мен йиғиб келаман», – дедилар. Саҳобалар сўз очиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўтинни ҳам биз йиғиб келамиз, сиз заҳмат чекманг», дейишди.

Пайғамбар уларга жавобан: «Бу ишларни қилишингизни биламан, лекин сизлардан фарқланиб туришни истамайман. Аллоҳ бундай бандаларни яхши кўрмайди», деб марҳамат қилдилар[3].

Мусулмонлар янги туғилган фарзандларини Пайғамбар (с.а.о) ёнларига олиб келиб уларга исм қўйиб, дуо қилишларини сўрардилар. Баъзан шундай бўлардики, Сарвари коинот уларни қучоғларига олганда, улар ул зотнинг кийимларини нажас қилиб қўйишарди. Шунда ота-оналар асабийлашиб болага бақиришса-да, аммо ул зот ўзларидан ҳеч бир ранжиш ҳолатини кўрсатмай, улар кетгач кийимларини ювиб олардилар[4].

Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) одатда мушки анбар атиридан фойдаланар, ул зотнинг хушбўй ҳиди узоқдан келиб турар эди ва саҳобалар ул ҳазратни кўрмасалар-да, таралиб турган хушбўй ҳидларидан келганларини билардилар. Уйдан чиқаётганда сочларини тараб тартибга келтирардилар[5].

Ул ҳазрат баъзан саҳобалар билан ҳазиллашар, лекин ҳеч қачон шариъат чегарасидан ошиб ўтмас ва ёлғон сўзламас эдилар. Бир куни кекса ёшли бир аёл ул зотга: «Мен учун дуо қилиб, Аллоҳдан жаннатни сўранг»,- деди. Сарвари коинот унга: «Кекса ёшдагилар жаннатга кирмайдилар»,- деб марҳамат қилдилар. Кекса аёлнинг ғамгин бўлганини кўрган Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) табассум билан шундай қўшимча қилдилар: «Аввал ёшарадилар, кейин жаннатга кирадилар»[6].

Юзма-юз бўлган одамга, ҳаттоки бола бўлса-да, ундан олдин салом бермоқлик, қўл бериб кўришганда қарши томон қўлини тортмагунча қўлни тортмаслик Расули Акрамнинг ахлоқий хусусиятларидан бири эди. Бирор бир эҳтиёжманд киши ул ҳазратдан бирор нарса сўраса, унинг истагини амалга оширар, имкони бўлмаганда эса яхши ва чиройли сўзлар билан кўнглини кўтарар эдилар[7].

Муҳаммад пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) одамларнинг ҳидоят бўлишини чин қалбдан хоҳлар, кофирларнинг ҳолига эса ачинар эдилар. Ул ҳазрат жаҳолат гирдобига шўнғиб ҳақдан қочган кишилар учун у қадар қайғуриб азоб чекардиларки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ул зотга қарата шундай марҳамат қилади:

لَعَلَّكَ بَاخِعٌ نَّفْسَكَ أَلَّا يَكُونُوا مُؤْمِنِينَ ﴿٣﴾ إِن نَّشَأْ نُنَزِّلْ عَلَيْهِم مِّنَ السَّمَآءِ آيَةً فَظَلَّتْ أَعْنَاقُهُمْ لَهَا خَاضِعِينَ

«Улар иймон келтирмайдилар деб, балким ўзингни ҳалок қилмоқчидирсан?! Агар истасак, уларга самодан оят-мўъжиза туширурмиз, шунда уларнинг бўйинлари унинг қаршида эгилиб қоладир (ва сассиз-жим ҳаққа тобе бўлурлар)» (Шуаро сураси, 3 ва 4-оятлар).

Ул зот кофир ва мунофиқлардан қанча азият-озор кўрган бўлсалар-да, ҳатто бир марта ҳам уларни қарғамаган, уларга Аллоҳ таолодан азоб сўрамаган эдилар. Уҳуд жангидан кейин ул ҳазратнинг жуда кўп тан жароҳати олганини кўрган бир киши: «Эй Расулуллоҳ (с.а.о), душманни қарғаб лаънатламайсизми?»,- деди. Бу саволдан сўнг Пайғамбарнинг қилган дуоси шундай бўлди: «Аллоҳим, менинг қавмимни ҳидоят қил, чунки, улар нима қилаётганларини тушунмайдилар!»[8]

Бир сўз билан айтганда, оламларга раҳмат этиб юборилган Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ижтимоий ва сиёсий раҳбарларга зарур бўлган одоб-ахлоқ ва хулқ-атворнинг энг гўзал шаклига эга эдилар. Ул ҳазрат одамларга нисбатан меҳрибон, хушмуомала ва камтарин эдилар, ҳамманинг шахсиятига ҳурмат кўрсатар, ўзлари учун ҳеч кимнинг машаққатга тушишига рози бўлмас, худбинлик ва такаббурликдан эса мутлақо узоқ эдилар.

2. Шаффоф ўтмиш;

Сиёсий лидерлар ҳақида билдирилган фикрларнинг баъзиси уларнинг ўтмиши билан боғлиқ масалалардир. Уларнинг кимлиги, миллати, қаерлик бўлиши ва шунга ўхшаш саволлар одамлар учун улкан аҳамиятга моликдир. Шунинг учун ҳам, ҳар бир шахснинг жирканч ва ёхуд қоронғу ўтмиши унинг ижтимоий фаолияти олдида турган энг катта тўсиқлардан ҳисобланади.

Муҳаммад пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрат Иброҳим ва ҳазрат Исмоил пайғамбарларнинг наслидан эканлигига ҳеч бир шубҳа йўқдир. Ул зотнинг барча ота-боболари монотеист (фақат битта Худога сиғунувчи) бўлиб, ҳеч бир сохта илоҳларга ибодат қилмаганлар. Ул ҳазрат Макканинг туб аҳолиси ва энг нуфузли тоифаси бўлган Қурайшга ҳамда ушбу тоифанинг энг шарафли, энг ҳурматли ва энг саховатли қабиласи бўлган бани Ҳошимга мансуб бўлганлар.

Муҳаммад пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўз илоҳий ҳаракатларини бошлашдан олдинги 40-43 йиллик ҳаёти тўлиқ шаффофлиги ва ойдинлиги билан ҳаммага маълум эди. Ёшлигидаёқ ул зотни «Муҳаммад Амин» деб номлаб, энг ишончли кишилардан бири деб танирдилар[9]. Йигирма ёшлик чоғида ул ҳазрат мазлумларни ҳимоя қилиш мақсадида тузилган «Ҳилфул-фузул» иттифоқининг аъзоси бўлгандилар[10].

Муҳаммад пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир муддат тижорат билан шуғулланганлар ва 25 ёшда ҳазрат Хадичага уйланиб оила қурганлар. Ул ҳазрат бутун умри давомида Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаган, жоҳиллик даврининг чиркинликларига булғанмаган эдилар. Бошқа ёшлардан ва ўз ёшидагилардан фарқли ўлароқ, ҳеч вақт май ичиш, қимор ўйнаш, зино қилиш ва шунга ўхшаш фасод ва бузғунликларга мутлақо мойил бўлмаган Пайғамбар (с.а.о), гоҳида Макка муҳитидан сиқилиб, Ҳиро ғорига паноҳ тортар ва у ерда бир муддат ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилиш билан машғул бўлиб шаҳардан узоқлашишга мажбур бўлар эдилар.

Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўтмиши у қадар шаффоф ва покиза эдики, ул зот пайғамбарлигининг аввалларида Сафо тоғига чиқиб Қурайш мушрикларига: «Агар бу тоғнинг орқасидан душман қўшинларининг сизга ҳужум қилишини айтсам, ишонасизларми?» деганида, улар бир овоздан: «Ҳа, ишонамиз. Биз ҳеч қачон сенинг ёлғон сўзлаганингни кўрмаганмиз», дейишди[11].

3. Адолатпарварлик;

Адолатли бўлмоқлик ижтимоий ва сиёсий раҳбарларнинг махсус имтиёзларидан ҳисобланади. Золим кишилар фақат зўравонлик кучига таяниб раҳбарлик ва ҳукмронликни амалга оширадилар. Ҳақиқий раҳбарлик эса инсонларнинг ботинига раҳбарлик қилиш, қалб ва руҳларга ҳукмрон бўлишдан иборат ва бундай раҳбарлик қилиш эса адолат сифатига ва бошқа маънавий қадриятларга юқори даражада эга бўлмай туриб мумкин бўлмагай.

Тарихий далиллар ўзининг буткул ойдинлиги билан сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўта адолатли бир раҳбар бўлганига гувоҳлик беради. Ул ҳазрат яшаган 63 йил давомида ҳеч кимга нисбатан адолатсизлик қилмаган, ноҳақлик кўрсатмаган, зулму зўравонлик қилмаганлар, куч ишлатмаганлар ва эгаллаб турган мавқеини суиистеъмол қилмаганлар. Ул зот энг оддий масалаларда ҳам адолатли муносабат кўрсатар, ҳамма қатори ишлар, меҳнат қилар ва баъзида эса очлик кунларни бошдан кечирардилар.

Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қарашларига кўра, миллатчилик қилиш, ирқчилик, айирмачилик, ошна-оғайнигарчилик, уруғ-аймоқчилик ва шунга ўхшаш ишлар жамиятни нобуд бўлишга етаклайдиган, нормал бошқарувни бузадиган омиллардан саналади. Ул ҳазрат одамларга уларнинг тақво ва ахлоқ, лаёқат ва қобилиятларига қараб баҳо берар, қора танли Билолни, Салмон Форсийни ва Яманлик Амморни бошқалардан ажратмас эдилар.

Ул ҳазрат Макка шаҳрини фатҳ этгандан сўнг Ҳошим авлодларини, яъни ўз қавм-қариндошларини тўплаб шундай марҳамат қилдилар:

«Эй Ҳошим ва Абдул Мутталиб авлодлари! Мен Аллоҳнинг сизларга йўллаган элчисиман, ҳаммангизни яхши кўраман. Муҳаммад (с.а.о) биздан деманг. Аллоҳга онт бўлсинки, менинг дўстим сизнинг орангиздан бўлиши ёки бўлмаслиги билан тайин этилмайди. Менинг дўстларим фақат тақволи бўлганлардир. Қиёмат куни сизларни ўзи билан дунёни олиб келган ҳолда, бошқаларни эса охиратни олиб келган ҳолда кўрмайин. Огоҳ бўлингизким, менинг амалларим фақат ўзим учун, сизнинг амалларингиз ҳам ўзингиз учундир»[12].

Бадр жангига тайёргарлик кўрилаётиб Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Савод ибн Ғазиянинг чизиқдан чиққанини кўрдилар. Шунда ул зот найза билан секин қорнига уриб, унга тўғри туришни буюрдилар. Шу пайт Савод эътироз билдириб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизни ҳақ ва адолат учун юборган, сиз эса мени ранжитдингиз»,- деди. Сарвари олам унга: «Кел, қасос ол!»,- деб марҳамат қилдилар. Шунда Савод қасос оладиган жойдан ўпди ва Пайғамбарнинг таажжубига жавоб ўлароқ: «Мен бу урушда ўлишим мумкин, сўнгги маротаба муборак баданингиздан ўпай»,- деди у[13].

4. Омонатдорлик;

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ёшликларидаёқ «Амин», яъни ишончли ва омонатдор номи билан танилгандилар. Сафарга чиқмоқчи бўлган маккаликлар қимматбаҳо нарсаларини ул зотга топширардилар. Ул ҳазратнинг омонатдорлиги ва аҳдга вафоси пайғамбар этиб танланганларидан кейин ҳам давом этганди. Шундай қилиб, ул ҳазрат эгаси ким бўлишидан қатъий назар, барча омонатларни ўз эгаларига қайтариб берар, ҳеч кимнинг сирини фош этмас, ҳатто мушрик ва яҳудийлар билан тузган битимларга ҳам содиқ қолар эдилар. Ул ҳазрат шунингдек бу борада марҳамат қилганлар:

«(Ўзига топширилган) омонатга нисбатан диққатсизлик қилган киши биздан эмас»[14].

5. Жозиба ва алоқа яратмоқ;

Ижтимоий муносабатларда зарур бўлган хусусиятлардан бири шубҳасиз, одамларни ўзига жалб қилиш қобилияти ва улар билан меъёрида алоқа тузиш маҳорати ва нотиқликдир. Ўзи билан жамият орасида нормал алоқа яратиб, уларни ўз мақсадининг зарурийлигига ишонтирмоқ, ўша мақсад амалга ошиши йўлида курашишга жалб этмоқ ва кучли нутқи билан одамларга таъсир кўрсатиб, уларни муайян бир томонга йўналтирмоқ раҳбарларнинг муваффақият қозонишида алоҳида рол ўйнайди.

Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)да кучли жалб этиш кучи, одамларнинг фикр ва ғояларига максимал таъсир кўрсатиш қобилияти ҳамда уларнинг замирида жиддий уйғониш, ўзини англаш ва ўзига қайтиш ҳиссини яратиш қудрати бор эди. Шунинг учун, мушриклар ул зотни сеҳргар деб атар, одамларни сеҳрлаб қўйганини айтишар эди. Ҳақиқатан ҳам, ҳақ йўлни излаган, соғлом фикрлай олган ва мавжуд эътиқодларга нисбатан кўр-кўрона мутаассиблиги ва ўжарлиги бўлмаган кишилар Сарвари олам билан фақат бир марта учрашиш ва бир неча дақиқа суҳбатлашишлари биланоқ Ислом динини қабул қилишга чоғланардилар. Фақат бунинг олдини олиш мақсадида Макканинг зодагонлари Каъбанинг зиёратига келган бутпараст маслакдошларига ул зотнинг сўзларига қулоқ солишни ман этгандилар[15]. Баъзи зиёратчилар эса шу мақсадда ҳатто қулоқларига пахта тиқиб қўйишдан ҳам қолмасдилар[16].

Ҳудайбия сулҳи вақтида Макка зодагонларининг вакили сифатида Пайғамбар билан суҳбатлар ўтказиб музокара қилган Урва ибн Масъуд ул ҳазратнинг ёнидан қайтиб келгач, ул зот ҳақида ушбу сўзларни айтганди:

«Мен шу кунга қадар Рим, Эрон ва Эфиопия подшоҳларининг ёнида бўлганман, аммо уларнинг ҳеч бири Муҳаммад (с.а.о) сингари севикли эканини кўрмаганман. Муҳаммад (с.а.о) ҳар қандай буйруқ берганида, дарҳол ижро этиларди ва таҳорат олаётганда, унинг сувидан [табаррук мақсадида] олиш учун талашиш бўларди. У гапирганда, ҳамма жим бўлар ва чексиз ҳурмат юзасидан кўзларини унга тикар эдилар»[17].

Турли гуруҳларни Ислом байроғи остида бирлаштириш, уларни соғлом ва тўғри ғояларга жалб қилиш учун Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нафақат ўз фитрий истеъдодидан, балки бошқа воситалардан ҳам фойдаланганлар. Мисол тариқасида, ул зотнинг баъзи қабилалардан ўйланишлари, шунингдек воситачилик вазифасини бажариб иймонли ёш йигитларни нуфузли шахсларнинг қизларига ўйлантиришлари, айни пайтда бу иш жалб этиш хусусиятига ҳам молик эди.

Қуръони Каримда алоҳида таъкидланган «таълифул-қулуб» тамойили[18], яъни беғараз кофирларга моддий ёрдам кўрсатмоқ-ла уларда Исломга нисбатан мойиллик яратиш ва рағбатлантириш ва шунингдек Макка фатҳидан кейин Абу Суфён, унинг хотини Ҳинд, ҳазрат Ҳамза Саййидуш-шуҳадо (алайҳис салом)нинг қотили Ваҳший ва бошқа қатъий душманларнинг кечирилиши ҳам фақат ушбу мақсадда амалга оширилганди.

6. Эҳтиёт, назорат ва ғамхўрлик

Мусулмонларга тегишли бўлган ҳеч бир нарсага бефарқ бўлмаган Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) зарур бўлган тақдирда, айниқса қалтис ҳолатларда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилганлар ва жамиятда юз берган жараёнларни, шунингдек ўз ҳокимлари ва вакилларини ҳам жиддий назорат қилганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг эҳтиёткорлик билан иш юритишлари ҳақида бир миқдор олдин суҳбатлашгандик. Ул ҳазрат айрим жангларга отланаркан, душман жосусларидан эҳтиёт бўлиб ўз мақсадини билдирмас ва фақат сўнгги лаҳзаларда бу борада маълумот берар эдилар. Мадина шаҳрига ҳижрат қилаётган пайт ҳам ўз ниятини яширинча сақлаган ва махфий шаклда Макка шаҳрини тарк этган эдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бутун умрлари давомида лоқайдлик ва бепарволикдан узоқ тургандилар. Лекин афсуслар бўлсинки, баъзи мусулмонлар ул зот ўзидан кейин ҳеч бир ворис ва ўринбосар тайин қилмаганлигини айтиб, у ҳазратни ўз умматининг тақдирига нисбатан бефарқ ва лоқайд бир раҳбардек қилиб кўрсатадилар. Ҳолбуки, кўплаб исбот-далилларда кўрсатилганидек, у ҳазрат бир неча бор бу ҳақда маълум қилгандилар ва ҳазрати Али (алайҳис салом) Аллоҳ таоло томонидан ворислик ва ўринбосарлик лавозимига танланганини айтгандилар.

7. Маслаҳат

Сиёсий раҳбарлар учун зарур саналган навбатдаги масала маслаҳатлашув масаласидир. Одам қанчалик ақлли, билимли ва тажрибали бўлса-да, бироқ у ҳеч қачон бошқалар билан маслаҳатлашишдан беҳожат бўлмайди. Маслаҳатлашишдан бўйин товлаган раҳбарлар ўзларининг кибр-ҳаволи эканликларини исботлаш билан бир бирга, идеал ва прогрессив (илғор) қарорлар қабул қилишдан маҳрум бўладилар ҳамда ўз тарафдорларининг муҳим бир қисмини осонлик билан қўлдан бериб қўядилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га иймон келтирган кишилар билан маслаҳатлашишни буюрган[19] ва табиийки, у ҳазрат ҳам муносиб шаклда Аллоҳнинг амрига бўйсунганлар. Лекин шак-шубҳасиз, бу ерда кетаётган суҳбат шаръий ҳукмларда эмас, балки амалий ва ижроий масалаларда қилинадиган маслаҳат ҳақидадир. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Бадр уруши пайтида мусулмонларни сувдан узоқда бўлган ҳарбий қароргоҳга жойлаштиришни буюрганларида, Ҳубоб ибн Манзар у ҳазратдан сўради: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизнинг бу танловингиз Аллоҳнинг фармони эдими ёки ўз фикрингиз?» Пайғамбар (с.а.о): «Бу борада махсус фармон йўқ», дедилар. Ҳубоб деди: «Бу жой муносиб эмас, буюринг, то Бадр қудуқларига яқинроқ бўлган жойни танлашсин». Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) унинг фикрини маъқул кўриб, муносиб шаклда фармон чиқардилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мусулмонлар билан маслаҳатлашар, деспотлар ва золимлардан фарқли равишда кўпчиликнинг қабул қилган қарорига биноан иш тутар эдилар (буни исломий демократиянинг кўриниши сифатида ҳам баҳолаш мумкин). Шу йўсинда Уҳуд жанги олдидан Макка мушрикларининг Мадина томон йўл олгани ҳақидаги хабарни эшитган Пайғамбар (с.а.о) ҳарбий кенгаш ташкил этдилар. Гарчи ул ҳазратнинг ўзлари мусулмонларнинг шаҳарда қолиб ҳимоя қилинишини яхшироқ деб ҳисобласалар-да, кенгаш аъзоларининг кўпчилиги билдирган фикрга рози бўлиб, шунга мувофиқ кўрсатма бердилар[20]. Бироқ кейинги ҳодисалар ва мусулмонларнинг бу жангдаги нисбий мағлубияти Мадинада қолиш ижобий натижаларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатди.

Булардан ташқари, Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бошқа жойларда ҳам, жумладан, Аҳзоб, Табук, Бани Назир ва Бани Қурайза урушларида ва шунингдек Ҳудайбия сулҳи ва Маккани фатҳ қилиш вақтида ҳам ўз саҳобалари билан маслаҳат қилиб иш кўрганлар.

8. Ижтимоий бирлик ва гуруҳлар ўртасида бирдамлик яратиш

Ижтимоий-сиёсий ва социал бошқарувдаги асосий масалалардан бири турли шахслар ва гуруҳлар орасидаги ваҳдат ва бирдамлик масаласидир. Бирлик бўлмаган жойда муваффақиятдан гапириш ярамайди. Бирлаша олмаган жамият мағлубиятга маҳкумдир. Тафриқа ва ихтилофга учраган халқнинг ички гуруҳлари ўз кучларидан бир-бирларига қарши фойдаланадилар ва натижада душман баробарида кучсиз бўлиб қоладилар. Тарих бўйлаб кўпгина халқлар фақат тафриқа ва айримачилик сабабли емирилиб, ёт истеълочиларга ем бўлганлар.

Энг кичик гуруҳ бошлиқларидан тортиб энг нуфузли байналхалқ лидерларга қадар бутун ижтимоий-сиёсий раҳбарлар ўз тарафдорларининг бирлик ва бирдамлик масаласига имкон қадар жиддий ёндашишлари ва бу соҳада кутилган ҳар қандай хавф-хатарга қарши зарур чора-тадбирлар кўришлари керак. Агар бу чора-тадбирлар кечиктирилса, олдинги вазиятга қайтиш, кучларни ягона раҳбарлик остида сафарбар этиш ва уларни умумий мақсадлар томон тўғри йўналтириш учун бир мунча ортиқча энергия сарфлаш, вақт ва молия манбаи зарур бўлади.

Маълум бўлганидек, Пайғамбар (с.а.о) замонларида Мадина шаҳрида яшаган араблар асосан иккита катта қабила «Авс» ва «Хазраж» қабилаларидан ташкил топган эдилар. Бу икки қабила ўртасида узоқ йиллардан бери давом этиб келган қонли тўқнашувлар тинчимас эди. Улар Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни ўз шаҳарларига чақирганларининг асосий сабабларидан бири ҳар икки томоннинг жонига тегиб кетган урушларга барҳам бериш эди.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳижратлари билан, Мадина шаҳрининг уйғун муносабатига Макка арабларининг оммавий миграцияси ҳам қўшилганди. Эслатиб ўтиш лозимки, маккаликлар шимолий, мадиналиклар эса жанубий араблар ҳисобланардилар. Шунга асосан, муҳожирларнинг келиши билан Мадина шаҳрининг демографик вазияти анча оғирлашганди. Ҳаддан зиёд қизғониш ва мутаассибликни ҳам назарга оладиган бўлсак, шахслар ўртасидаги ҳар қандай конфликт ва зиддият жуда катта кўламда юзага келиши ва олдини олиб бўлмайдиган аччиқ натижаларга олиб келиши кутиларди.

Бу орада Пайғамбар (с.а.о) барча гуруҳларни расмий ҳолда тан олишлари, турли фикр ва тушунчаларни бир-бирига яқинлаштиришлари, рақобатларни тўғри томонга йўналтиришлари ва жамиятда умумий бирлик ва уюшқоқлик муҳитини яратишлари керак эди.

Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шу мақсадда бир қатор чора-тадбирларни амалга оширдилар. Жумладан, мусулмонларни алоҳида-алоҳида ҳолда намоз ўқишдан қайтариб, ваҳдат ва бирдамликнинг рамзи бўлган жамоат намозини ташкил этдилар. Шимоллик ва жанублигидан, аднонлик ва қаҳтонлигидан, бой ва камбағаллигидан қатъий назар, ҳамма мусулмонлар жамоат намози сафларида баробар ҳолда турар ва бир-бирларидан ажралиб турмас эдилар.

Ижтимоий бирликнинг яралишида «мен»лардан «биз»га ва ёхуд алоҳида ҳолдаги «биз»лардан ягона «биз»га тўғри ўтиш жараёнида ҳар кунлик намозларда бир неча маротаба такрорланиб келган зикр ва дуоларнинг кўплик ҳолда ўқилиши ҳам муҳим рол ўйнаган. Барча мусулмонларнинг намоз ўқиганда айний ҳолда Аллоҳ таолога «Иййака наъбуду» (ёлғиз Сенга ибодат қиламиз), «Иййака настаъийн» (ёлғиз Сендан ёрдам сўраймиз) деб юзланишлари ва бошқа ибодатларда ҳам Унга юз тутишлари уларга бирлик руҳини сингдирарди. Шунингдек, Пайғамбар (с.а.о) мусулмонларга дуо қилганда фақат ўзлари учунгина эмас, балки бошқа мусулмонлар учун ҳам дуо қилишлари кераклигини айтардилар[21].

Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Қуръон мантиқига асосланиб, фазилат ва устунликни қурайшлик ва маккалик бўлишда, Пайғамбар (с.а.о)га бошпана берган фидокор ансор гуруҳига мансуб бўлишда ёки шу каби бошқа ишларда эмас, балки фақат иймон ва тақвонинг юқори даражасига эга бўлишда билар ва шу йўл билан уларнинг ўртасида мавжуд бўлган рақобатларни тўғри томонга ва арзигули ишларга йўналтирардилар.

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳижратнинг дастлабки ойларидаёқ, мусулмонлар орасида «биродарлик аҳд-паймони»ни туздилар[22]. Кутилган тафриқа ва ихтилофларнинг олдини олиш мақсадида тузилган бу аҳд-паймон ушбу махсус алоқа; «Биродарлик алоқаси» ила амалга ошириларди. Ушбу чора-тадбир ила маккалик ва мадиналик мусулмонлар ҳамда авс ва хазражлилар ўртасида шахсий ва ижтимоий алоқалар мустаҳкамланди, Маккадаги уй-жойларини ташлаб Мадинага келган муҳожирларнинг иқтисодий вазияти нисбатан яхшиланди ва улар танҳоликдан чиқиб, Мадина ҳаётига кўника бошладилар.

Пайғамбар (с.а.о)нинг шу йўсинда олиб борган сиёсатларидан яна бири «Жоме масжид», яъни умумий масжиднинг қурилишига асос солиш эди. Ўша пайтда Қубо масжиди, ансор масжиди ва Бани Абдул-Ашҳал масжидлари ҳам бор эди. Лекин уларнинг ҳаммаси маҳалла ва қабила масжидлари ҳисобланарди. Ушбу вазиятдан юзага келадиган хавф-хатарларни ўта сергаклик ва зукколик билан сеза олган Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) барча мусулмонлар иштирокида Мадина шаҳрида умумий ва марказий Жоме масжидининг қурилишини бошладилар[23].

Гуруҳлар ўртасида бирдамлик яратиш мақсадида амалга оширилган ишлардан яна бири турли-туман қабилалар ўртасида ижро этилган никоҳ маросимлари эди. Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз нуфузларидан фойдаланиб, бўйдоқ йигитларни турли қабилаларнинг ва ҳатто қабила бошлиқларининг қизларига ўйлантирар, оила муносабатлари асосида уларни бир-бирларига яқинлаштиришга ҳаракат қилар эдилар.

Англиянинг турли ўлкаларни босиб олиб мустамлака қилиш учун амалга оширган «Тарқоқлик ярат-у, ҳукмронлик қил» сиёсати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларидан ҳозирга қадар Ислом душманларининг қўлида «ҳимоясиз ханжар» ва «зангламаган қурол» сифатида қўлланиб келмоқда.[24] Сарвари олам (с.а.о) бу масалага ўта ҳассослик ила ёндашганлар ва кутилган хатарларга қарши профилактика чораларини кўрганлар.

Ислом душманлари ва мустамлакачи (истеълочи) кучларнинг бу кунимизга қадар мусулмонларга қарши қўлланган энг катта тафриқа ва ихтилоф солиш воситаларидан бири Миллатчилик ва Ирқчилик масаласидир. Ислом динида ватанга муҳаббат ҳисси қанчалик ижобий қадрланмасин, аммо кескин мутаассиблик, бошқа миллатларга нисбатан националистик айирмачилик ва агрессив муносабатлар сира мақбул саналмайди. Бир вақтлар Отатурк ва унинг издошлари томонидан илгари сурилган: «Биз биринчи навбатда туркмиз, ундан кейин мусулмонмиз» – деган тезиснинг акси ўлароқ, Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) биринчи навбатда ўзини мусулмон ва Аллоҳ таолонинг бандаси деб атарди. У ҳазратнинг муборак фикрларига кўра, мусулмонларнинг ваҳдат (бирлик) ва иқтидори бутун миллатлар фақат ягона Ислом байроғи остида бирлашган вақтдагина шакллана олади.

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ушбу мавқеини ҳам ул зот ўзларининг ҳамда муқаддас диннинг географик ва этник муносабатлари устида турганлари билан изоҳлаш мумкин. Чунки, Ислом дини фақат арабларгагина хос бўлмай, бутун инсониятга тааллуқли бўлган оламшумул қонунлар динидир. Шунинг учун, Қуръони Каримда ҳам, Пайғамбаримиз (с.а.о)нинг сўзларида ҳам «миллат» эмас, «уммат» сўзи ишлатилган[25]. Уммат деганда эса, барча мусулмонларни ўз ичига олган ягона Ислом уммати назарда тутилади.

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қурган янги давлатда ҳам ваҳдат ва бирдамлик принциплари ҳоким бўлган. Бироқ давлатнинг ҳудудлари алоҳида-алоҳида штатларга ва федерал бирликларга эмас, унитар давлат қурулиши асосида маъмурий бирликларга бўлинган эди.

Буларнинг барчасига қўшимча, Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) барча мусулмонларни бирдамликка, ораларидаги адоват ва гина-кудуратларни четга суриб қўйишга, бир-бирларига нисбатан ёмон гумонсирашлардан сақланишга, меҳрибон бўлишга, шунингдек бир-бирларига ёрдам қўлини чўзмоқ, салом бермоқ, хатоларни кечирмоқ ва шулар каби бошқа ахлоқий қадриятларни сақлаб қолишга ва ҳамма қабул қилган муштарак ишонч-ақидалар атрофида бирлашишга чақирганлар. Ул ҳазрат бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«Мусулмоннинг ўз мусулмон биродари зиммасида олтита ҳаққи бор: (Мусулмон мусулмонни) кўрганда унга салом бериши, бемор бўлиб қолганида уни бориб кўриши, аксирганида унинг саломатлиги учун дуо қилиши, вафот этганида мажлисига бориши, унинг чақириғини қабул қилиши, ўзига орзу қилган нарсаларни унга ҳам орзу қилиши ва ўзига маъқул кўрмаган нарсаларни унга ҳам раво кўрмаслиги керак»[26].

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Абдулмалик Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», 2-жилд, 78 ва 79-бетлар.

[2]. Юқоридаги манба, 2-жилд, 79-бет.

[3]. Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул-анвор», 73-жилд, 273-бет.

[4]. Разийюддин Табарсий, Макоримул-ахлоқ, Маншуротуш-шариф Разий, 1972-йил, 25-бет.

[5]. Яъқубий, «Тарихи Яъқубий», 2-жилд, 88 ва 89-бетлар.

[6]. Муҳаммад ибн Али Ибн Шаҳр Ошуб, «Маноқибу Али ибн Абий Толиб», 3 жилдли, ал-Мактабатул-Ҳайдария нашриёти, Нажаф, 1956-й, 1-жилд, 128-бет.

[7]. Яъқубий, «Тарихи Яъқубий», 1-жилд, 116-бет.

[8]. Фазл ибн Ҳасан Табарсий, «Иъломул-варо», 2 жилдли, Қум, Алул-Байт нашриёти, 1417-ҳижрий йили, 1-жилд, 179-бет.

[9]. Абдулмалик Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», 1-жилд, 143-бет.

[10]. Юқоридаги манба, 1-жилд, 99-бет.

[11]. Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий, Ас-Сиротул-Ҳалабийя, 3 жилдли, Даарул-маърифа нашриёти, Байрут, 1400-ҳижрий қамарий йили, 1-жилд, 459 ва 460-бетлар.

[12]. Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул-анвор», 68-жилд, 188-бет.

[13]. Муҳаммад ибн Жарир Табарий, «Тарихи Табарий», 2-жилд, 27-бет.

[14]. Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул-анвор», 72-жилд, 172-бет.

[15]. Фуссилат сураси, 26-оят;

وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَا تَسْمَعُوا لِهَـٰذَا الْقُرْآنِ وَالْغَوْا فِيهِ لَعَلَّكُمْ تَغْلِبُونَ

«Куфр келтирганлар: «Бу Қуръонга қулоқ солманглар ва унга халақит беринглар, шоядки ғолиб бўлсангиз», дедилар».

[16]. Абдулмалик Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», 1-жилд, 285-бет.

[17]. Муҳаммад ибн Умар ал-Воҳидий, «Ал-Мағозий», икки жилдли, Ал-Аъломул-Ислаамий, Қум, 1414-ҳижрий йили, 1-жилд, 598 ва 599-бетлар; Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», 3-жилд, 180-бет.

[18]. Тавба сураси, 60-оят;

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّـهِ وَابْنِ السَّبِيلِ ۖ فَرِيضَةً مِّنَ اللَّـهِ ۗ وَاللَّـهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

«Албатта, садақалар [закотлар] фақир-муҳтожларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгиллари улфат қилинадиганларга [қалблари Исломга мойил қилинадиганларга], қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир».

[19]. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу борада шундай марҳамат қилган:

وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ ۖ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّـهِ ۚ إِنَّ اللَّـهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ

«… ва улар (мусулмонлар) билан ишларда маслаҳат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севади». (Оли Имрон сураси, 159-бет)

[20]. Муҳаммад ибн Умар ал-Воҳидий, «Ал-Мағозий», 1-жилд, 210-213-бетлар; Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», 3-жилд, 35 ва 36-бетлар.

[21]. Муҳаммад ибн Яъқуб Кулайний, «Усули Кофий», Аъламий нашриёти, биринчи чоп, Байрут, 2005-йил, Дуода умумийлик боби, 573-бет.

[22]. Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», 2-жилд, 88-90-бетлар.

[23]. Муҳаммад ибн Саъд, «Ат-Табақотул-кубро», саккиз жилдли, Даару Содир нашриёти, Байрут, 1-жилд, 239-бет.

[24]. Ҳайдарнинг «Ҳимоясиз Ханжар» ва Аҳмад Собирий Хамадонийнинг «Зангламаган қурол» китобларининг номларидан олинди.

[25]. Ушбу маъно қуйидаги ояти карималарда баён қилинган:

وَلَوْ شَاءَ رَبُّكَ لَجَعَلَ النَّاسَ أُمَّةً وَاحِدَةً ۖ وَلَا يَزَالُونَ مُخْتَلِفِينَ

«Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди. Улар ихтилоф қилишда бардавом бўлурлар.» (Ҳуд сураси, 118-оят)

وَتَقَطَّعُوا أَمْرَهُم بَيْنَهُمْ ۖ كُلٌّ إِلَيْنَا رَاجِعُونَ

«Улар эса ишларини парчаладилар. Барчалари Бизга қайтувчидирлар» (Анбиё сураси, 93-оят).

وَإِنَّ هَـٰذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاتَّقُونِ

«Албатта, сизнинг бу умматингиз ягона умматдир. Ва Мен эса Раббингизман. Демак, Менга [қарши чиқишдан] сақланинг». (Мўъминун сураси, 52-оят)

[26]. Шайх Муҳаммад ибн Ҳасан Тусий, «Ал-Амолий», Даарус-сақофа, биринчи чоп, Қум, 1414-ҳижрий қамарий йили, 478-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Расулуллоҳ (с.а) риҳлатлари ҳақида юрак сўзи

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Ушбу юрак сўзимизни тўртинчи имомимиз Зайнилобидин (алайҳис …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.