Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Аллоҳнинг сўнгги элчиси Муҳаммад Мустафо (с.а.в)нинг саодатли таваллуд айёмлари

Аллоҳнинг сўнгги элчиси Муҳаммад Мустафо (с.а.в)нинг саодатли таваллуд айёмлари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг энг сўнггиси бўлган Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) “Фил йили” деб номланган 570-милодий йили, Рабиул аввал ойининг 17 куни, жума кунида Макка шаҳрида таваллуд топганлар. Ул зотнинг оталари Абдуллоҳ ибн Абдул Муталлиб ва оналари эса Омина бинти Ваҳаб бўлган. Биз ушбу суҳбатимизда ул зотнинг юксак ахлоқий хислатлари ва олий фазилатлари борасида мухтасар шаклда сўз юритамиз.

Саодатли ҳаётни яхшироқ тушинишнинг муҳим йўлларидан бири ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг чиройли хулқ-атворлари ва намунали сийратлари, яъни юриш-туришлари билан танишишдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ул ҳазратни барча инсонлар учун комил намуна сифатида таништириб шундай марҳамат қилган:

﴿لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا﴾‏

«Дарҳақиқат, сизлар учун – Аллоҳга ва охират кунига умид қилганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ақл ва камолнинг намунаси, ҳикмат ва доноликнинг булоғи, шижоат ва тақводорликнинг тимсоли ҳамда барча юксак хислатлар ва қадриятларга эга инсон эдилар.

Аллоҳнинг охирги Пайғамбарининг ҳаётидан ўн тўрт асрдан ортиқроқ вақт ўтмоқда. Аммо ул зотнинг ҳаётларини ҳар вақт яхшироқ ўрганмоқчи бўлсак, ул ҳазратнинг сўз булоқларидан томчилаган қатралардан янги-янги тароват ва маънавий шодликни бор вужудимиз билан ҳис этамиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг халойиқ билан меҳр-муҳаббатга тўла муносабатлари ва инсонларни юксак даражада қадрлашлари кўплаб инсонларга ўзига хос жозиба бахш этган. Одамларнинг барча қайғу ва шодликларига ҳамроҳ бўлган ва ҳамма вақт турли ҳолатларда улардан ажралмаган киши инсонлар қалбининг чўққисини фатҳ эта олади, албатта. Аллоҳнинг Расули ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ижтимоий алоқаларда шу даражада самимий ва такаллуфдан узоқ эдиларки, ҳамма ул ҳазратни ўзига энг яқин инсон деб биларди. Бировнинг хатосини кечириш, узрини қабул қилиш, кўнглини ранжитмаслик ҳамда эҳсону яхшилик қилиш хусусиятига эга бўлиш буларнинг ҳаммаси юксак руҳ ва каримона ахлоқнинг нишонасидир. Ушбу фазилатларнинг барчасини том маънода Пайғамбаримиз сийратларида кузатиш мумкин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг махсус тарбияларини кўриб улғайган ҳазрат Али (алайҳис салом) бу борада айтадилар:

«Аллоҳнинг Расули (с.а.в) ҳаммадан кўпроқ бахшида этувчи ва муомалада барчадан кўра улуғвор эдилар. Ул ҳазрат узр сўраган ҳар бир кишини кечирар эдилар».

Аллоҳнинг Расули ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг буюкликлари – Аллоҳ таоло ҳали инсониятни яратмай туриб, у зот нурини яратиши, у зотни ҲАБИБИМ деб аташи, улкан тақволари, энг гўзал инсоний фазилатлари, бошқа пайғамбарларга берилмаган мўъжизаларнинг у зотга ато этилиши, алалхусус Аллоҳнинг қиёматгача давом этадиган мислсиз мўъжизаси бўлмиш Қуръони Каримнинг ул ҳазратга нозил бўлиши ҳамда у зотнинг охирги замон пайғамбари этиб танланишлари билан изоҳланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳаётлари Куръони Карим таълимоти асосида яшаш тарзининг энг олий намунасидир. Ул ҳазратнинг ҳаёт тарзларини ўрганиш, ибрат олиш, ўз ҳаёт тарзини Пайғамбар (с.а.в) ҳаёт тарзларидек бўлишига ҳаракат қилиш инсонни икки дунё саодатига етаклаши шубҳасиздир.

Улуғ Пайғамбаримизнинг ҳар бир хатти-ҳаракатлари ва сўзларида эзгу ғоялар ва нуроний таълимотлар ёрқин кўриниб туради. Биргина мисол, ул зот ўз ҳаётларининг сўнгги дамларида атрофидаги кишиларга қарата бундай дейдилар:

«Сизлар Парвардигорингиз билан мулоқот қилгайсизлар. У эса сизлардан қилган ишларингиз ҳақида сўраб, сизлардан ҳисоб олажакдир. Эҳтиёт бўлинглар, мендан кейин бир-бирингизни ўлдирадиган бўлманглар ва бу йўлларингдан озмангларки, адашган кофирларга ўхшаб қоласизлар. Диққат қилинглар, бу ерда ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга сўзларимни етказсин! Умид қиламанки, ушбу сўзларим етказилганда, мендан эшитганлардан кўра яхшироқ англаб етишар… Сизларга қора танли бир қул амир этиб тайинланса-да, агар Аллоҳнинг китоби билан сизларни бошқарса, унга қулоқ солиб, бўйсунинглар! Ушбу тўрт муҳим буйруққа риоя қилинглар:

Аллоҳга ҳеч бир нарсани шерик тутманглар! Аллоҳ ҳақсиз ўлдиришни ҳаром қилган жонни ўлдирманглар! Зино қилманглар! Ўғирлик қилманглар!».

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таоло бошқа пайғамбарларга берилмаган кўплаб мўъжиза ва фазилатларни Муҳаммад Расуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га берган. Ул ҳазрат қиёматгача бутун инсу жин оламининг пайғамбаридир ва шунингдек, қиёмат куни умматларига шафоат қилиш ҳуқуқи фақат Муҳаммад Расуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га берилган.

Пайғамбаримизнинг барчаникидек кўз-қошлари, қалблари, туйғулари, хоҳиш-истаклари ва қувонч-қайғулари мавжуд бўлган. Ҳамма қатори еб-ичадиган, ухлайдиган, чарчайдиган инсон эдилар. Лекин шулар билан бирга, Аллоҳга энг мақбул ва энг гўзал шаклда қуллик қилишни ишда, амалда, сўзда ва юриш-туришда бутун инсониятга кўрсатиб бердилар ва пайғамбаргагина хос бўлган беназир ва ўхшаши йўқ ажиб хислатлари ҳам бор эди. Энг муҳими – ул зот нуқсон ва иллатлардан холи эдилар. Тасаввур этинг, ғийбатни ўзига ҳаром деб билмаган одам бошқалардан бу ишни талаб қилса! Яъни ўз нафсини енга олмаган инсон ўзгаларни бу ишга даъват этса! Маълумки, натижа бермайди. Лекин Сарвари коинот бундай бўлмаганлар.

Қалам сурасининг 4-оятида Аллоҳ таоло ўз элчисига хитобан:

وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٍ ﴿٤﴾

«Эй Расулимиз, шак-шубҳасиз, сен улуғ хулқ соҳибисан», деб марҳамат қилади.

Ояти каримадаги “улуғ хулқ”нинг маънолари ҳақида турли тафсирлар мавжуд. Бу ўринда “хулқ” ўзининг асл маъносини тушуниб етиш маъқулроқ кўринади. Қуръонда баён этилган барча олий хулқ-атворлар билан хулқланган, яъни яхши одоб-ахлоқларни ўзига сингдирган пайғамбаримиз Муҳаммад Расуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилганман», деб марҳамат қилганлар.

Ул ҳазрат ҳеч қачон ўзининг шахсий фаровонлиги ҳақида ўйламас, балки у зот доимо одамларнинг ғам-қайғусини чекар ва мўмин-мусулмонларга ўта меҳрибон ва жонкуяр эдилар. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли каломи бўлмиш Қуръони Каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَّحِيمٌ ﴿١٢٨﴾

«Дарҳақиқат, сизларга ўзингиздан бўлган бир Пайғамбар келди. Сизнинг азоб ва машаққат чекишингизни кўриш унинг учун оғир, сизларнинг ҳидоят топишингизга ҳорис-ташна ва мўминларга жонкуяр, меҳрибондир» (Тавба сураси, 128-оят).

Сийрат ва шамоилларга доир асарларда келган маълумотларга кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) биров у зотга озор етказса, унга жазо бериш ўрнига Аллоҳ таолодан унга инсоф ва тавфиқ сўраб, ҳақига дуо қилар эдилар. Тоиф шаҳрига борганларида, ул зотга тош отганларни лаънатламай, дуо қилганлари барча мўъминлар учун ибратдир. Лекин Аллоҳ таоло қайтарган ишлардан тийинилмаса ёки Яратганнинг буйруқлари бажарилмаса, шариат қонуни бўйича жазо берардилар. Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг «КОМИЛ ИНСОН ВА БУЮК ХУЛҚ ЭГАСИ», деб аталишга лойиқ зот эканликларига ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Сарвари коинот ҳазрат Муҳаммад Расуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саодатли таваллуд кунлари билан барча мўмин-мусулмонларни муборакбод этиб, ушбу улуғ кунга бағишланган суҳбатимизни шу ерда якунлаймиз.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Расулуллоҳ (с.а) риҳлатлари ҳақида юрак сўзи

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Ушбу юрак сўзимизни тўртинчи имомимиз Зайнилобидин (алайҳис …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.