Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.в) Сиёсий Раҳбар Сифатида (3-қисм)

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.в) Сиёсий Раҳбар Сифатида (3-қисм)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг таваллуд кунлари муносабати билан «Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида» номли мақоламизнинг сўнгги қисмини ҳам эътиборингизга ҳавола этамиз.

9. Қатъият

Бошқарувда раҳбарларни уч гуруҳга бўлиш мумкин:

А. Масохистик раҳбарлар: Бу турдаги раҳбарлар журъатсиз ва боши эгилган кишилар бўлиб, улар ўз ҳис-туйғуларини ифода этишда қийналадилар ва қатъиятсизликлари туфайли ўз мақсадларига эриша олмайдилар.

Б. Садист раҳбарлар: Бундай раҳбарларнинг шафқатсизликка бўлган ғайритабиий иштиёқлари боис, улар бошқаларни азоблашдан завқланишади. Улар бошқаларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш билан мақсадларига эришиб, нисбий муваффақият қўлга киритадилар.

В. Кескин раҳбарлар: Бундай раҳбарлар жасоратли ва мард бўлишлари билан бирга, ҳеч кимнинг ҳуқуқини бузмасдан ўз мақсадларига етадилар ҳамда олдиларидаги тўсиқларни енгиб ўта оладилар.

Тарихий манбаларга кўра, Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) на журъатсиз ва қатъиятсиз бўлганлар ва на бировларнинг ҳақ-ҳуқуқига тажовуз қилишдан лаззатланганлар. У ҳазрат ўзининг қатъий ва кескин раҳбарлиги билан ҳукуматни ва жамиятни бошқарганлар ҳамда энг қалтис дамларда ҳам мустабидлик ва диктатурадан узоқ турганлар.

Ушбу мавзуга яҳудийлар қабиласидан бўлган Бани Қайниқо жангининг рўй бериши сабабларини мисол қилиб келтириш мумкин. Тарихдан маълумки, Қайниқо қабиласи Мадина шаҳри атрофида яшайдиган катта яҳудий қабилаларидан бири эди. Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Мадинага ҳижрат қилинганларидан сўнг ушбу қабиланинг одамлари турли баҳоналар билан у зотнинг ишига тўсқинлик қилишга уринар ва у зотга қаршилик кўрсатиб, тортишар эдилар.

Бир куни бир муслима аёл Бани Қайниқо қабиласига тааллуқли бозорда ўтирганди. Шу пайт бир яҳудий заргар яширинча унинг кийимини ўтирган жойига боғлаб қўйди. Ўрнидан тураётиб кийими тортилган аёл яҳудий эркакларнинг кулгисига қолди. Шунда ушбу манзаранинг шоҳиди бўлган бир мусулмон эркак аёлни ҳимоя қилиб, яҳудий заргарни ўлдирди. Унинг бу ишига жавобан бошқа яҳудийлар уни ўлдиришди.

Яҳудийларнинг фитнасидан ҳамда улар томонидан шартнома ва сулҳ битимларининг бузилишидан ранжиган Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) бу хабарни эшитган заҳоти жанг қилиш буйруғини бериб, уларни қамал қилдилар ва уларнинг ҳаммасини шаҳарни тарк этишга мажбур этдилар.[1]

«Бани Қурайза» яҳудийлари билан ҳам худди шундай ҳолат юз берди. Чунки, Аҳзоб (Хандақ) жанги пайтида Пайғамбар билан тузган битимларини бузиб, Макка қўшинларига ёрдам берган бу яҳудийлар жанг тугаганидан кейин у зотнинг қатъий чора-тадбирлари натижасида қуролсизлантирилди.[2]

Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шаръий ҳукмларни ижро этишда ҳам улкан қатъият кўрсатганлар. Ҳукми фақат Аллоҳга тегишли бўлган, афв этишга ижозат берилмаган масалаларда уларнинг амалга оширилишини зарур деб билган Пайғамбар бу йўлда ҳеч нарсадан қайтмаганлар. Тоифликларнинг Ислом динини қабул қилиб, мусулмон бўлишлари учун намоз ўқишдан озод этилишни ёки бутларини бир муддат ўз ёнларида сақлаб қолишни ўртага шарт қилиб қўйишганда, Пайғамбар (с.а.в) уларнинг бу шартига рад жавоб беришлари ҳам у зотнинг қатъий раҳбар эканликларидандир.[3]

Кунларнинг бирида жиноят содир этган бир аёл жазоланиши керак эди. Шунда бир неча одамлар Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳузурларига келиб, бу аёл обрў-эътиборли оиладан бўлгани учун кечирилишини сўрашди. Бироқ, Аллоҳнинг ҳукмини ижро этиши керак бўлган Пайғамбар буни имконсиз деб билиб шариатнинг жазосини унга нисбатан амалга оширдилар.

У зотнинг бундай кескинлигини Қонун устуворлиги деб аташ мумкин. 

10. Фасодга қарши кураш 

Инсон табиатан яхшилик ва ёмонликка мойил бўлганлиги сабабли, фасод ва бузғунликка қарши курашиш сиёсий раҳбарлар учун ўта аҳамиятли масала ҳисобланади. Ҳар қандай жамиятни нобуд этиш, уни ўз илдизидан ажратиш, унинг мафкуравий қадриятларига путур етказиш ва содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва эътиборсиз бўлиб, натижада унинг моддий ва маънавий бойликларини эксплуатация қилиш учун энг ибтидоий усуллардан бўлган фасод ва бузғунлик бутун тарих давомида энг буюк цивилизацияларнинг таназзулга учрашига сабаб бўлган. Бир пайтлар олис Хитойдан тортиб Испаниягача бўлган ҳудудларни қамраб олиб, у ердан Шимолий ва Ғарбий Европага қадар кенг тарқалган Ислом маданиятининг қулашини ҳам фасод омили билан изоҳлаш мумкин.

Ушбу нуқтаи назардан, бугунги кунда Ироқда, Афғонистонда ва бошқа мусулмон мамлакатларида, ҳаттоки Фаластин қочқинларининг лагерларида тарқаб улгурган фасод ва бузғунликларнинг, порнографик киноларнинг, тарғибот қилинаётган актёрлар, қўшиқчилар ва раққосаларнинг, эфирга узатилаётган телеканалларнинг, Ислом ва Шарқ маданиятига тубдан зид бўлган телесериаллар ва бошқа кўплаб нарсаларнинг ортида беркинган яширин мақсадлар тўлиқ ойдинлик билан ошкор бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ғамхўр ва узоқни кўра олувчи бир раҳбар сифатида ўз умматининг келажакдаги тақдирини ўйлаб, уни кутаётган муаммолар ҳақида олдиндан хабар берганлар. У зот бу борада: «Мендан кейин фитналар қоронғу тун каби умматимни қоплайди. Ўша пайт эрталаб мўмин бўлганлар кеч пайти кофир бўлгайлар, кеч пайти мўмин бўлганлар эса эрталаб кофир бўлурлар. Одамлар ўз динларини оз ва арзимас бўлган дунёга сотадилар», деб марҳамат қилганлар.[4]

Европа ҳамда Шарқ мамлакатларининг тажрибасида кузатилган бир тенденция мавжуд: Молу-давлат ортган сайин ахлоқий меъёрлар ва ахлоқий қадриятлар орқага сурилади. Буни жуда яхши тушунган пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фасод ва бузғунчиликка қарши тинмай курашиб, бу соҳадаги диққат-эътиборларини борган сари ошириб борардилар.

У зотнинг сўзларига кўра, жамиятда фаровонлик ва ибодат мувозий (параллел) шаклда ривожланиши, фаровонлик ортган сари ибодат ва маънавиятга кенгроқ ўрин берилиши керак. Шариат ҳукмларининг аста-секин юборилиши масаласини қисман бўлса ҳам шу мавзу билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек, Рамазон ойи рўзасининг Бадр жангидан сўнг, яъни ҳижратнинг иккинчи йилида[5] ҳамда ўша йилнинг охирларида ҳайит намози ўқилишининг ва баъзи ҳукмларнинг кейинроқ фарз деб эълон қилиниши ҳамда вақт ўтиши билан мустаҳаб дуо ва намозларнинг кўпайиши ва ҳоказолар шу қабилдандир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳаддан ошиш ва экстремизмга қарши қарашларини ҳам фасод ва бузғунлик билан курашиш деб аташ мумкин. Баъзи аёллар у зотга эрларининг кечаю кундуз ибодат билан машғул эканини, оила ва оилавий ҳаётга совуққонлик билан ёндашишларини айтиб арз қилишса, у зот ниҳоятда ранжиб, уларни бундай ишлардан қайтарардилар. Яҳудийларнинг келажакда фасод ва бузғунчилик қилишидан эҳтиёт бўлиб турган Пайғамбар (с.а.в) мусулмонларга яҳудийларга хос кийимларни киймасликни ва улардан ажралиб туриш учун сочларини бўяшни буюрдилар. Сарвари олам Маккани фатҳ этгандан кейин бутларнинг юзага келтириши мумкин бўлган фитна-фасодларнинг олдини олиш ва мусулмонларни бу жиҳатдан суғурталаш мақсадида барча бутларни синдириб ташладилар[6] ва ҳайкал ясашни тақиқладилар.[7]

11. Таълим-тарбия ва кадр тайёрлаш

Шак-шубҳасиз, ҳар бир ижтимоий-сиёсий ҳаракат ва ушбу ҳаракатнинг раҳбари кучли кадрларга эҳтиёж сезади. Кучли кадрлар раҳбарни янада кучлантиради, аммо заиф кадрлар эса уни заиф ва кучсиз қилади. Сиёсий етакчи ва мафкурачилар ўз ҳаракатлари учун кучли кадрлар тайёрлашлари ва шунинг билан биргаликда ўзларининг сиёсий майдондаги мавқеларини мустаҳкамлашлари керак.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қисқа муддатда шундай шогирдлар тарбияладиларки, уларнинг ҳар бири қаҳрамонлик достони яратиб, тарихда чуқур излар қолдирган.

Ул ҳазратнинг тарбиялаган саҳобаларидан бири бўлган Салмон Форсий халифа Умар ибн Хаттоб томонидан Мадина шаҳрига ҳоким этиб тайинланади. Ўз ҳокимини кутиб олиш учун шаҳар ташқарисига чиққан Мадина аҳли узоқдан соч-соқоли оқарган бир кекса ёшли кишининг келаётганини кўрдилар. Ориқ бир от минган бу одамнинг юки бир дастурхон ва сув кузасидан иборат эди. Унинг Салмон эмаслигига амин бўлган Мадиналиклар ундан «Салмонни йўлда кўрдингизми?» деб сўрадилар.[8]

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг яна бир шогирди Абу Зар бўлиб, у умрининг охиригача золимларга қарши курашди ва ниҳоят «Рабаза» деган жойга (бугунги Ливан ўлкасига) сургун қилиниб, у ерда вафот этди.[9]

Ул ҳазратнинг тарбиялаган шогирдларидан яна бири Хойсама исмли кекса ёшли бир киши бўлиб, бир куни Сарвари коинотнинг олдиларига келиб деди:

«Бадр жанги пайти ўғлимга: Сен ёшсан, кучингни Аллоҳнинг розилиги бўлган бошқа жойларда ҳам ишлата оласан. Сен оиламиз билан қолгин! Мен эса урушга борай. У менинг бу гапимга рози бўлмади. Ниҳоят биз қуръа ташлашга мажбур бўлдик. Шунда қуръа унинг номига чиқди. У Бадр жангига бориб шаҳид бўлди. Энди сиздан дуо қилиб, Аллоҳдан мен учун ҳам шаҳид бўлишимни сўрашингизни хоҳлайман».[10]

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) жоҳилият даврида ижтимоий ва иқтисодий маҳрумликлар билан ўсиб улғайган, ҳатто умри давомида қул бўлиб яшаган инсонларни ҳам 180 даражага ўзгартириб, озод, қўрқмас, курашувчан инсонларга айлантиргандилар. Бу ерда тарихдаги энг йирик қуллар қўзғолонига бошчилик қилган Спартакнинг сўзларини эслатиб ўтиш ўринли бўлади. У айтади:

«Менинг қуролим ва жисмонан юқори тайёргарликка эга бўлган кўп сонли инсоний кучларим бор эди. Лекин бу одамлар қул эдилар ва афсуски, бундай қисқа бир вақт ичида Қул психологиясини уларнинг онгидан олиб ташлашнинг иложи бўлмади».

Аммо Пайғамбар тарбия қилган қуллар эса ҳеч бир золимга бўйсунмас, жанглардан қочмас ва охиргача жанг қилишар эди. Эфиопиялик қора танли қул бўлган Билол мана шундайлардан бири эди. Унинг Ислом динини қабул қилиб мусулмон бўлгани учун қўл-оёғини боғлаб, Ҳижознинг куйдирувчи қуёши остида ёниб турган ўта иссиқ қум устига ётқизиб, унинг кўкрагига катта бир тош қўйдилар. Бу тош Билолни иссиқ қумларга сиқиб, терисини куйдирар ва танасини қовурар эди. У эса яккахудолик эътиқодидан қайтмай: «Аҳад, Аҳад!», яъни «Аллоҳ ягонадир!», дерди. Кейин эса унинг оёқларини боғлашди ва қўлларини ҳам узун арқон билан боғлаб, арқоннинг учини бир неча кишига беришди. Шунда улар бор кучлари билан югуриб, Билолни орқаларидан судрай бошладилар. Билол эса ўзининг муқаддас тавҳид шиорини такрорлар эди.[11]

Сиёсий раҳбарлар кучли кадрлар тайёрлашдан ташқари, ўз ўринларини кимгадир топшириш учун махсус кадр етиштириш ҳақида ҳам ўйлашлари керак. Бу ҳар бир сиёсий ва ижтимоий ҳаракатнинг келажаги учун ўта муҳим масаладир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шу мақсадда тарбиялаган кадр ҳазрати Али (алайҳис салом) эди. Агарчи ҳазрати Али (алайҳис салом) бу лавозимга Аллоҳ томонидан танланган бўлса-да, лекин бир муаллим ва устоз сифатида Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ролини инкор этиб бўлмайди. Ҳазрат Али (алайҳис салом) ўн ёшидан, яъни Беъсатнинг бошланишидан бошлаб, доимо ўз амакиваччаси билан бирга бўлиб, у зотнинг энг яқин сирдоши ва энг намунали шогирди сифатида танилганди.

УЧИНЧИ БОБ:

ШАХСИЙ ХУСУСИЯТЛАР

Ҳар бир инсоннинг муваффақият қозонишида унинг психологик характерларининг ҳамда шахсий хусусиятларининг ролини инкор этиб бўлмайди. Биз ушбу қисқача мақоламизда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг шахсий психологиясини тадқиқ этиш ниятида бўлмасак-да, у зотнинг сиёсий ҳаётида муҳим бўлган баъзи шахсий хислатларига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг шахсиятларида ўзига ишонч ҳисси жуда кучли бўлган. У зот ҳали даъватининг бошланишидаёқ, қўли бўш, яккаю ёлғиз ҳолда фақат Аллоҳгагина таяниб жаҳолатга ғарқ бўлган бутун бошли бир халқни қутқара олишига ишонарди. У зот ушбу ишончдан пайдо бўлган умид билан ўз ҳаракатини бошлаб, барча машаққат ва қийинчиликларга бардош бериб, жоҳилият даври одатларига барҳам берди ва бутпарастлик илдизларини кесиб ташлаб, инсон саодатининг ташувчиси бўлган Ислом динини бошқа юртларга кенг ёйди ҳамда дунёни цивилизацияли, маданий ва идеал қонунлар билан муждалади.

Ихлос ва самимийлик ҳам Муҳаммад пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг шахсий хислатларидан ҳисобланади. У зот ўз миссиясини ўрнига ҳеч бир мақсадни кўзламас ва қилган иши эвазига ҳеч кимдан ҳеч нарса кутмас эди. Аслида бу барча пайғамбарларга хос бўлган хусусиятдир. Қуръони Каримда айтилганидек, пайғамбарлар ўз умматларига шундай деганлар:

وَمَا أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ مِنْ أَجْرٍ ۖ إِنْ أَجْرِيَ إِلَّا عَلَىٰ رَبِّ الْعَالَمِينَ ﴿١٠٩﴾

«Мен бу ишим эвазига сизлардан ҳеч бир ажр-мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақатгина оламлар Парвардигорининг зиммасидадир» (Шуаро сураси, 109, 127, 145, 164 ва 180-оятлар).

Ул ҳазрат ҳеч қачон ўзининг шахсий фаровонлиги ҳақида ўйламас, балки у зот доимо одамларнинг ғам-қайғусини чекар эди. У зотнинг жуда оддий яшаш тарзи ул ҳазратнинг самимийлигини исботлаш билан бирга, иқтисодий имкониятларининг энг эҳтиёжманд одамларникига тенг эканлигини ҳам кўрсатади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) жуда меҳнаткаш ва толиқмас инсон бўлиб, қийинчилик ва маҳрумликларга бардош бера олганлар. Одатда тез чарчайдиган, ҳар қандай тўсиққа дуч келганда тушкунликка тушадиган ва умидини йўқотадиган одамлардан фарқли ўлароқ, у зот оғриқ ва дардларни ҳис қилмасликка ўргангандилар. У зотнинг ҳаётига бир назар ташласак, ул ҳазратнинг бошларига тушган мусибатларни очиқ-ойдин ҳолда ҳис этиш мумкин. Бунга мисол қилиб, у зот даъватларининг бошланишидаёқ Макка мушрикларнинг, Абу Лаҳаб каби яқинларининг[12] ва шунингдек, баъзи авом инсонларнинг у зотга етказган азият-озорларини, мушриклар томонидан у зотнинг бошига ҳайвонлар ичакларини тўкиб ташланишини,[13] жисмоний тазйиқ ва камситишларни, мусулмонларга қарши шафқатсиз битим тузилишини, уч йил давомида Абу Толиб водийсидаги оғир иқтисодий вазиятни, у зотнинг Абу Толиб ва Хадича вафотидан кейин ёлғиз қолишларини, Тоиф шаҳрига борганларида дуч келган таҳқир ва қийноқларни, ҳижрат пайти тўқнаш келган тўсиқларни, ҳижратдан кейинги муаммоларни, мунофиқлар томонидан берилган зарбаларни, ички ва ташқи жангларни, турли инқирозли вазиятлар ва бошқаларни айтиш мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзлари бу ҳақда шундай деганлар:

«Менинг Аллоҳ йўлида чеккан азобларим каби ҳеч ким азоб чекмаган».[14]

Абу Толиб ва Хадичанинг вафотидан кейин Макка мушриклари у зотни ўлдиришга қарор қилишди. Шунда у зот бошқа қабилалар бошлиқларига мурожаат қилиб, қандайдир сиёсий бошпана сўрашга мажбур бўлдилар ва ниҳоят ул ҳазрат Тоиф шаҳрига боришга қарор қилдилар. Йўлда учраган тоифликлардан бири у зотга: “Аллоҳ шунчалик ожизмикан сени юборган бўлса?!” деди. Шаҳарда эса у зотни масхара қилиб, устидан кулишди ва йўлда икки қаторга бўлиниб ул ҳазратни тошбўрон қила бошлашди.[15]

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг индивидуал хусусиятларидан бири сифатида у зотнинг шижоат ва қўрқмаслигини алоҳида таъкидлаб айтиш лозим. У зот Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмас, энг оғир дамларда ҳам саросимага тушмас, доим совуққонлигини сақлаб ўзини хотиржам тутар эди. Севимли раҳнамо, олий қўмондон ва енгилмас саркарда сифатида у зотнинг бу хусусияти мусулмонларнинг кофир ва мушрикларга қарши курашда ғалаба қозонишига замин яратарди. Ҳазрат Али (алайҳис салом) ўз раҳбарининг шижоати ҳақида айтадилар:

«Жанг шиддатли бўлганда, биз Аллоҳнинг Расулига паноҳ тортардик. Бизнинг орамизда душманга энг яқин бўлган ул зот эди».[16]

Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг нафис дидга ҳамда юксак маънавий руҳга эга эдилар. У зот ўз Парвардигорининг бандаси ва элчиси бўлиши билан бирга, юксак муҳаббат ва чексиз ишқ билан ҳам Унга боғлиқ эдилар. Балки рисолат (пайғамбарлик) йўлида барча қийинчиликларни осонлаштирган, ўзини сиқувлар ва машаққатлар гирдобига, ҳатто ўлим оғушига ташлашга ундаган ҳам айнан мана шу ҳис-туйғулар эди. Ул ҳазрат ушбу ҳис-туйғулардан пайдо бўлган эҳтиёжга жавобан, тез-тез Аллоҳ таолога дуо-илтижо ва муножот қилардилар. Лекин бу муножотлар одатда туннинг қоронғусида мустаҳаб намозлар ва Қуръон тиловати билан намоён бўлар ва Аллоҳ билан бўлган ошиқона ва орифона “мулоқотлар” у зотни жамиятдан ажратиб қўймас ва прагматик ҳаётдан узоқлаштирмас эди.

ХОТИМА

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳаётини сиёсий бошқарув тамойиллари нуқтаи назаридан ўрганиб чиққанда, у зотнинг жуда кучли сиёсий раҳбар бўлганига гувоҳ бўламиз. У зот нақадар диний, маданий ва ижтимоий сиймо бўлсалар-да, шу қадар сиёсий арбоб ва идеал раҳбар ҳам бўлганлар. Ислом дини умуминсоний бир мактаб бўлиб, инсоният ҳаётининг барча соҳаларини ўз ичига қамраб олганидек, Сарвари коинот жонкуяр муаллим, енгилмас саркарда, кучли сиёсатчи, адиб ва ориф ҳам бўлганлар. Ул ҳазрат инсонпарварлик тамойилларига асосланган аниқ усуллар билан ўз давлатига асос солиб, уни бошқардилар ҳамда соғлом жамият қуришга эришдилар. У зотнинг ижтимоий-сиёсий бошқаруви бугун ҳам инсонлар учун энг гўзал ўрнак, ижтимоий ва сиёсий лидерлар учун энг идеал намунадир.

Аллоҳ таоло инсонларга ўрнак қилиб кўрсатган ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг сиёсий ҳаёти ҳақида бундан ҳам кўпроқ сўз юритиш мумкин. Бироқ ушбу қисқача маълумот билан кифояланиб, буюк шоир Низомийнинг у зотга бағишлаб ёзган бир неча байтлари билан мақоламизни якунламоқчимиз:

Эй борлиқ мулкига буюк шаҳсавор,

Ақлнинг султонисан, заковатинг бор.

Сўнгисисан у мурсал пайғамбарларин,

Сўнгги ҳалвосисан, тўғриси аввалин.

Борлиқ боғчасининг илк гули сенсан,

Замоннинг охирги саркардасисан.

Кифоят мулкига сенсан ҳукмдор,

Вилоят ҳукмидир берган қароринг.

Кўзлар ёруғлик олур оёқ тўзингдан,

Олам ёруғланир доимо ундан.

Эй ақлнинг ва жоннинг устида турган,

Сенга сажда қилур ер-у осмон.

Ақл сенсиз бўлса не чиқар ундан,

Сенсиз яшаса ўликдир ҳар жон.

Муҳаммад ишқида ёнмаса юрак,

Ишқин чаманида очилмас чичак.

Фойдаланилган манбалар ва кўрсаткичлар: 

[1]. Абдулмалик Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», 3-жилд, 26-бет.

[2]. Муҳаммад ибн Жарир Табарий, «Тарихи Табарий», 2-жилд, 87-бетдан 92-бетларгача.

[3]. Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», 4-жилд, 107 ва 108-бетлар.

[4]. Алоуддин Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», Ўн олти жилдда, Рисолат, Байрут чопи, 1989-йил, 11-жилд, 127-бет, 30893-ҳадис ҳамда Муҳаммад Муҳаммадий Рейшаҳрий, «Мийзонул-ҳикмат», тўрт жилдда, Дорул-ҳадис нашри, биринчи чопи, Қум, 1416 ҳижрий йил, 3-жилд, 2366-бет.

[5]. Яъқубий, «Тарихи Яъқубий», 2-жилд, 42-бет ҳамда Абулҳасан Али ибн Ҳусайн ал-Масъудий, аш-Шофеий, «Муружуз-Заҳаб», 2-жилд, 448-бет.

[6]. Муҳаммад ибн Умар ал-Воқидий, «Ал-Мағозий», 2-жилд, 832-бет.

[7]. Шайх Ҳур Омилий, «Васоилуш-шиа», Йигирма жилдда, Дору иҳёит-туросил-арабий, Байрут, 12-жилд, 220 ва 221-бетлар.

[8]. Жавод Муҳаддисий, «Салмон Форсий», (Ғоялар билан танишиш), Таржимон: Муҳаммад Турон, Фоиз, Қум, 2005-йил, 42-бет.

[9]. Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул-анвор», 22-жилд, 397-бет.

[10]. Юқоридаги манба, 20-жилд, 125-бет.

[11]. Ибн Ҳишом, «Ас-Сиротун-набавийя», 1-жилд, 234-бет ва шунингдек, Ибн Асийр Ал-Жазарий, «Усудул ғобаҳ фий маърифатис-саҳобаҳ», беш жилдда, Даарул-китабил-арабий, Байрут, 1-жилд, 206-бет.

[12]. Яъқубий, «Тарихи Яъқубий», 2-жилд, 24-бет.

[13]. Юқоридаги манба.

[14]. Алоуддин Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 3-жилд, 130-бет, 5817 ва 5818-ҳадислар ҳамда 11-жилд, 461-бет, 32160 ва 32161-ҳадислар.

[15]. Яъқубий, «Тарихи Яъқубий», 2-жилд, 36-бет.

[16]. Наҳжул Балоға, 9-ҳикмат.

Ушбу маълумотни қуйидаги тугманинг устига босиб қўйиш билан ўзингизга юклаб олишингиз мумкин: 

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Расулуллоҳ (с.а) риҳлатлари ҳақида юрак сўзи

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Ушбу юрак сўзимизни тўртинчи имомимиз Зайнилобидин (алайҳис …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.