Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Ошуро ғояси бизга нимани ўргатади?

Ошуро ғояси бизга нимани ўргатади?

images451Ошуро мактабининг раҳнамоси имом Ҳусeйн (алайҳис салом) 626 – милодий йилда Арабистоннинг Мадина шаҳрида дунёга келдилар. Боболари пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), оталари мўминлар амири Али (алайҳис салом), оналари эса xоним Фотимаи Заҳро (алайҳис салом) эдилар. Шу боис, Ҳусeйн (алайҳис салом), Аҳли-Байт (алайҳимус салом) оиласида униб-ўсиб, тарбия топдилар. Ул ҳазрат 632 – милодий йилда дастлаб боболарини, кейин эса шу йилнинг ўзида оналарини ва кейинчалик оталарини қўлдан бердилар ва ниҳоят, 670 – йилда акалари имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) заҳар билан шаҳид этилганларидан сўнг умматга раҳнамолик қилишни ўз зиммаларига олдилар.

Муовиянинг ҳукмронлик даврида имом Ҳасан (алайҳис салом) у билан тузган сулҳ аҳдномасининг шартларига содиқ қолган имом Ҳусeйн (алайҳис салом), 680 – милодий йилда Муовиянинг ўлимидан ва унинг ўғли Язид xилофат тахтига ўтиришидан кейин ўзларининг тариxий инқилобларини бошладилар ва ўша йили Карбало чўлида шаҳид бўлдилар.

Ошуро мактаби қандай юзага келди?

Ошуро инқилобига қадар Ислом дунёсига шундай бир тафаккур тарзи ҳоким эдики, Мусулмон xалифага итоат этмоқ вожиб бўлиб, унга қарши чиқмоқ эса буюк гуноҳлардан саналарди.

 Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаёт кечирган 63 йил мобайнида доим зулм ва ҳақсизликка қарши кураш олиб бордилар. Лекин ул зотнинг муқобилида турганлар Макка мушриклари бўлмиш Абу Суфён ва Абу Жаҳл сингари кимсалар эди. Мўминлар амири имом Али (алайҳис салом) сукут қилган 24 йил давомида ул зотнинг илоҳий ҳаққини тортиб олган xалифаларга қарши инқилоб қилмадилар. Имом Ҳасан (алайҳис салом) ҳам Муовиянинг ҳукмдорлик даврида у билан сулҳ тузишга ночор бўлдилар. Бироқ унинг ўғли Язид xилофат таxтига ўтиргач, Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) келтирган исломни хатар остида кўрган имом Ҳусeйн (алайҳис салом) унга нисбатан ушбу фикрни изҳор қилдилар: «Ислом умматига Язид каби бир кимса раҳбарлик қилар экан, унда Исломнинг фотиҳаси ўқилиши керак».

Шак-шубҳасиз, бу ерда асосий омил Язиднинг ислом оламидаги тутган йўли бошқа xалифалардан фарқланиши ва шу боис, имом Ҳусeйн (алайҳис салом) учун яралган шароитнинг янгилиги эди. Аммо ҳар ҳолда, шаҳидлар саййиди имом Ҳусeйн (алайҳис салом) ўзларининг инқилоблари билан юқорида зикр этилган асоссиз тафаккурни ботил этиб, ҳеч бўлмаса ислом дунёсида кимлигидан қатъий назар, бутун золимларга қарши eнгилмас курашув мактабига асос солдилар. Ул зот ўз инқилоблари ва пировардида шаҳид бўлишлари билан инқилоб, курашув ва адолат рамзига айландилар ва шунинг билан Аллоҳ йўлидаги ўлимнинг саодат, золимлар баробарида бўйин эгиб, уларни тасдиқ этиш эса разиллик ва хорлик эканлигини исботладилар. Ул ҳазрат ўз амаллари билан яхшиликларга даъват этмай, ёмонликлардан қайтармаган бир мўминнинг қайси бир жамиятда яшашидан қатъий назар, унинг бўлгани билан бўлмагани орасида ҳeч бир фарқ йўқлигини бизга исбот этдилар.

Ошуро мактабининг хусусиятлари

  • Иймон, тақво ва илоҳий масъулият ҳиссига асосланмоқ.
  • Ҳидоят қилувчи, яхшиликларга чақириб, ёмонликлардан қайтармоқ.
  • Зулм билан муроса қилмаслик мавқеда бўлмоқ. Бу борада золим ва мазлумнинг мусулмон ва ё кофир бўлишининг эса фарқи йўқ.
  • Мусулмонларнинг муаммоларига нисбатан бепарво ва бефарқ бўлмаслик, уларнинг кўмагига шошилмоқ.
  • Аллоҳ йўлида ҳeч нарсадан қўрқмаслик, маломат ва койишлардан орқага чекинмаслик.
  • Динга кириб келган бидъат ва xурофотларга қарши ҳамда дин номини суиистеъмол қилувчиларга қарши кураш олиб бормоқлик.
  • Шаҳидликка бўлган иштиёқнинг чексизлиги.
  • Қоннинг қилич устидан ғолиб келиши. Шу боис, бундай юксак эътиқодга эга бўлган Ошуро мактабида ўлган ҳам, ўлдирган ҳам қаҳрамондир.

Уч рангда тус олган Ошуро

Маълумки, Ошуро фожеаси ўта оғир ва қайғули бир ҳодисадир. Карбало воқеасида ҳатто эмизикли гўдакларга ҳам раҳм қилинмаганини эшитган ҳар бир инсоннинг юраги ғам-қайғуга тўлиб тошади. Кесилган бошларнинг азизлари қаршисида, оила ва болаларининг кўз олдида оғир жиноятлар содир этиш, жонсиз жасадлар ғорат қилиниб, уларнинг устига отлар чоптирилиши, сувга ташна гўдакларнинг қамчи зарбалари ила «тинчлантирилиши», Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг номуслари бўлмиш аёлларнинг асир ҳолда шаҳарма-шаҳар олиб юрилиши ва шунга ўхшаш кўп жиноятлар Ошуро мактабининг «қора» зулматга бўянган рангини ташкил этган маълум жиноятлардан фақат бир неча нумуналардир.

Лекин юқорида рўй берган ҳодиса, масаланинг бир тарафидир. Карбало чўлида шаҳид бўлган Ошуро қўноқларига бошқа томондан назар солиб, ҳодисанинг иккинчи саҳифасини варақлаб кўздан кечирсак, уларда бўлган кучли маънавий ва ирфоний ҳис-туйғуларнинг ҳамда уларнинг Аллоҳ хоҳиш-иродаси қаршисида таслим бўлганликларининг шоҳиди бўламиз. Бу саҳифа ишқ ва муҳаббат водийсидир. Бу ерда, ўлимнинг сўнгги лаҳзалари яқинлашган сайин янада руҳланган, юзида сурур ва шодмонлик белгилари сeзилган ҳар бир шаҳид, ўз маъшуқи ҳузурида сўнгги имтиҳонини беради. Бу эса, Ошуронинг «яшил» тусли рангидир.

Ниҳоят, «қизил» алвон эса; курашув, қаҳрамонлик ва озодлик рамзи. Карбало чўлининг бу қўноқлари ўзининг диний ва ижтимоий масъулиятини чуқур фаҳмлаб, жамиятдаги салбий ҳолатларга қарши эътироз товушини юқорига кўтарган курашувчи инсонлар тўпламидир. Бу инсонлар биринчи саҳифада нақадар мазлум бўлсалар, иккинчи саҳифада қанчалик ошиқ бўлсалар-да, учинчи саҳифада эса шунчалик золимларга қарши курашувчан ва қатъиятли бўлиб, муроса-мудора қилмас эдилар. Ошуро мактаби нақадар қонли-мудҳиш бўлиб, қанчалик ошиқона экан, шунчалик ҳам оғир ва золимлар олдида эгилмасдир.

Азадорликнинг асл моҳияти

Карбало қаҳрамонларига юқоридаги уч нигоҳдан назар солмоқ самимий кўз ёшларни армағон келтиради. Ушбу ҳақиқатни назарга олмоқ лозимки, улар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), Али (алайҳис салом) ва Фотима (саломуллоҳу алайҳо) нинг фарзандлари бўлиб, муҳаббатлари бутун Ислом умматига вожиб қилинган Аҳли-Байт (алайҳис салом) дан эдилар.

Имом Ҳусeйн (алайҳис салом) га мотам тутмоқ, бу мусибат учун йиғлаб, сина (кўксига) урмоқлик ҳамда Карбало шаҳид ва асирларининг мазлумликларини, уларнинг Аллоҳ баробарида ошиқона таслим бўлишларини ёдга олмоқлик инсонларга иззат, юксаклик, довюраклик ва курашиш руҳини бағишлайди. Шу сабабдан, ҳар йил муҳаррам ойи тазиясини барпо этган миллат Ошуро инқилобининг сабабларини такрор-такрор эшитади, зулм ва тажовузга рози бўлмаслик ва унинг билан муроса қилмаслик дарсини ўрганади.

Имом Ҳусeйн (алайҳис салом) ўз инқилоб ва шаҳодатлари билан ушбу ҳақиқатни, яъни ботил ошкор бўлган замон ҳақнинг ботил билан муросага бориб, сулҳ тузиши тўғри эмаслигини бутун инсонларга тушунтирдилар. Имом Ҳусeйн (алайҳис салом) шаҳид бўлдилар, токи биз асл Исломдан беxабар қолмайлик, мунофиқларнинг ёлғонларига ишонмайлик, золимлар қўлида ўйинчоққа ва мустамлакачилар олдида хору залил бўлган одамларга айланиб қолмайлик.

Имом Ҳусeйн (алайҳис салом)га ҳар йили мотам тутиб, Ошуро куни Карбало заминида рўй берган дардли воқеаларни доимо ёдга олишнинг маъноси инсоний қадриятларни қайта жонлантириш ва уларни жамиятда тарғиб этиш демакдир. Имом Ҳусeйн (алайҳис салом)га азадорлик қилмоқ золим ва тажовузкорларга қарши фарёд этмоқ, Язид ва унинг тарафдорларига қарши нафрат ҳиссининг ҳамда имом Ҳусeйн (алайҳис салом) ва унинг тарафдорларига нисбатан юксак туйғуларнинг гуллаб-яшнашидир. Бу азадорлик маросими Ошуро мактабининг қайта жонланиши ва унинг ғояларининг давом эттирилишидир. Албатта, шуни таъкидлаш лозимки, агар азадорлик маросими уч рангли моҳиятга эга бўлиб, ҳодисанинг бутун жиҳатларини қамраб олсагина, мазкур кўзланган мақсад амалга ошади.

images22

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.