Home / Шариат қонунлари / Рўза / Рамазон ҳайити – Бандалик байрами

Рамазон ҳайити – Бандалик байрами

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

index3579851bhyРамазон ҳайити куни етиб келиши, иймон аҳли тумушида улкан ўзгаришлар юз беришидан суюнчи беради. Чунки, Фитр ҳайити диннинг буюклиги намойиш этиладиган ва художўй инсонларнинг ҳавойи нафсга қарши амалга оширган жиҳодларида ғалаба қозонишлари кунидир. Ушбу қутлуғ кунда, такбир нидоси ва шукроналар ҳамма жойда қулоққа чалинади, намоз ва дуоларнинг ифори мусулмонлар ҳаётини хушбўй этади. Ушбу муборак кунда мусулмонлар тасвирлаб бўлмайдиган қувонч билан Аллоҳга боғланишнинг гўзал лаҳзаларини яратадилар.

Исломдаги ибодатлар инсонни улғайтириши билан бир қаторда, ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Шу жиҳатдан Фитр ҳайити ҳам ўзининг ибодатий, ирфоний ва хос жиҳатлари билан бир қаторда, сиёсий ва ижтимоий қирраларга ҳам эгадир. Рамазон байрами кунидаги жамиятнинг тўпланиши мусулмонлар ҳамжаҳатлиги мустаҳкамланишига ёрдам беради. Бу жамиятда гина-кудуратлар дўстликка айланади, мўъминлар бир қаторда туриб ўзларини бирдам ва якдил сезадилар. Фитр байрами бир томондан инсоннинг ўз Парвардигори билан бўладиган маънавий алоқаси бўлса, бошқа томондан унинг бошқа инсонлар билан алоқасини мустаҳкамлайди. Тўртинчи пешвоимиз имом Зайнулобидин (алайҳис салом) Рамазон ҳайити кунини мусулмонларнинг байрами, уларнинг тўпланишлари ва бир-бирларига жипслашишлари куни деб биладилар ва ул ҳазратнинг «Саҳифаи сажжодия» номли дуо китобларининг 45-дуосида шундай марҳамат қиладилар:

«Парвардигорим, биз иймон аҳли учун байрам ва қувонч, ўз миллатинг аҳлига ҳамжаҳатлик куни бўлмиш Фитр байрами кунида сенга қайтамиз.»

Имом Ризо (алайҳис салом) Рамазон ҳайити маросимлари тўғрисида айтадилар:

«Фитр куни байрам этиб белгиланган бўлиб мусулмонлар бу кунда тўпланиб Парвардигорга берган неъматлари учун таъзим қиладилар. Фитр куни закот бериш кунидир….Парвардигори карим мусулмонлар шундай кунда тўпланишлари ва Парвардигорга ҳамду санолар айтиб улуғлашларини хўш кўради.» (Васоилуш-шиъа, 7 жилд, 481- бет.)

Бу йил Фитр ҳайити ислом дунёсининг турли гўшаларида мусулмонларнинг тақдирини белгиловчи инқилоблар билан бир вақтга тўғри келди. Бугунги кунда исломий уйғониш тўлқинининг кенгайиб бораётгани ислом олами учун порлоқ келажакдан суюнчи бермоқда. Бугун исломий мамлакатлардаги айрим мусулмонлар ўзгача шароитда Рамазон ойини ўтказиб Фитр байрамини нишонламоқдалар. Миср, Тунис ва Ливия халқлари эркин фазода Ғарбга қарам бўлган диктаторлардан хавотирланмасдан Фитр ҳайитини тантана билан нишонламоқдалар. Бошқа томондан эса зулм ва истибдод остида эзилаётган Баҳрайн ва Яман халқлари ўз шаҳидларини улуғлаб келажакда золим ва мустабид ҳокимлар қўлидан қутулишни орзу қилмоқдалар ва бу йўлда белларини маҳкам боғлаганлар. Мусулмонлар тўпланишлари учун имкон туғилган ушбу буюк кун, яъни Рамазон ҳайити кунида зулм остидаги мусулмонларга ҳамдардлик қилиш ҳамда уларга маънавий ва моддий ёрдамларни кўрсатишга тайёргарлик билдириш эса ислом дини ва унинг уммати буюклигини кўрсатади. Ислом инқилобининг муаззам раҳбари Оятуллоҳ-ул узмо Хоманайи ҳазратлари ҳам Фитр байрамининг ижтимоий жиҳатига эътибор қаратиб айтадилар:

«Фитр байрами ваҳдат ва бирлик кунидир. Кучларни бирлаштириш ва уларни турмуш саҳнасига келтириш кунидир. Фитр байрами ислом ва мусулмонларнинг тараққий этиш сармояси, ислом ва мусулмонларнинг иззати ва юксаклик захирасидир.»

Фитр ҳайитида мусулмонлар художўй ва пок юраклари билан Парвардигори оламнинг остонасига бош қўядилар ва ҳар қандай тусдаги мустамлакачилик ва қарамликни инкор этадилар. Мусулмонларнинг Рамазон ҳайити намозидан олдин ва кейин айтадиган такбирлари уларнинг зулм-истибдодга қарши бўлган нафратларини кўрсатади. Жаҳондаги зўравон қудратлар ислом олами обрў-эътиборига доғ туширишга интилмоқдалар ва бунга зид ўлароқ, диний байрамлар, жумладан Фитр ҳайити мусулмонларнинг ижтимоий турмушида покиза ҳаётга интилувчанлигини вужудга келтира олади.

Фитр ҳайитининг одобларидан бири Фитр закотини беришдир. Муҳтож ва камбағал бўлмаган ҳар бир мусулмон ўз озиқасидан ёки муайян миқдордаги пулидан (ҳар бир кишига уч килограмм буғдой миқдорида белгиланган) Фитр ҳайити тонгида муҳтож ва камбағалларга бериши вожиб қилинган. Фитрия рўзадор инсоннинг шукронаси рамзидир. Фитр байрами кунида ҳар бир инсон ўз қудратига яраша муҳтож ва камбағаллар кўнглига қувонч бағишлайди.

Исломда Фитр закоти тўлана оладиган кўп ўринлар кўрсатилган. Улар жумласидан шифохона, кўприк ва йўл қуриш каби мусулмонлар жамиятига фойда берадиган ва уларнинг ҳаётдаги юмушларини осонлик билан бажаришга кўмаклашадиган ўринларни ҳам санаб ўтиш мумкин. Ҳатто Фитр закотидан ўз қарзини тўлолмайдиган қарздорларнинг қарзлари ҳамда хато йўлга кириб қамоққа тушган ва товон эвазига озод бўлишлари мумкин бўлган инсонларга ёрдам бериш мумкин. Шунингдек, ушбу маблағ ҳисобидан масжид, мактаб, кўприклар, темир йўллари, касалхоналар ва бошқа шунга ўхшаган омма ишини осонлаштирувчи иншоотларнинг қурилишида ҳам фойдаланиш мумкин. Мусулмонлар Фитр закотини тўлашлари билан Рамазон ойида қилган дуоларининг бир қисмини рўёбга чиқарадилар. Ибодат ва Аллоҳ таолога яқин бўлиш ниятида тўланадиган Фитр закоти моддиятдан фойдаланиб маънавиятга етиш йўлидир. Фитр закотини тўлаш инсоннинг моддий нарсалардан кўнгил узишга ва маънавият сари талпинишга ўргатади. Тангри таоло Аъло сурасининг 14 ва 15 оятларида шундай буюради:

<قَدْ أَفْلَحَ مَن تَزَکَّى! وَذَکَرَ اسْمَ رَبِّهِ فَصَلَّى>

«Дарҳақиқат, кимки, (гуноҳ ва исёндан) пок бўлса ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиса, нажот топибди.»

Ривоятларда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Фитр ҳайитларида масжидга боришлари олдидан, фитр закотини тақсимлаб берганликлари ва ушбу оятларни ўқиганликлари келтирилган.

Яна бир маротаба барча мусулмонларни Рамазон ҳайити билан табриклаб, имом Сажжод (алайҳис салом) дуоларидан бир лавҳани эътиборингизга ҳавола этамиз:

«Парвардигорим, Муҳаммад ва Оли Муҳаммадга салавоту дуруд йўллагин ва Фитр ҳайити кунини биз учун муборак байрам айлагин ва уни энг яхши кунларимиздан бирига айлантиргин. Парвардигорим, гуноҳлардан қутулишнинг энг яхши куни бўлган бу кунда барча ошкору пинҳон гуноҳларимизни кечиргин!» (Саҳифаи Сажжодиянинг 45 дуосидан бир лавҳа)

Аллоҳ таолодан барча мўъминларни ўз паноҳида асрашини сўраймиз. Бу қутлуғ кунда бизни ҳам дуо қилишни унутманг.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.