Home / Шариат қонунлари / Рўза / Қадр кечасининг фазилати ҳақида

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ    

Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу кечани таърифи учун қалам ожизлик қилади, ақл уни тушунмай лол қолади. Бу кеча олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг сўзларига кўра:

قَلبُ شَهرِ رَمَضانَ لَيلَةُ القَدرِ

«Рамазон ойининг қалби Қадр кечасидир».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 58-жилд, 376-бет.

Қалб бу инсон танасининг асоси ҳисобланади. Шундай экан, Рамазон ойининг илоҳий файзу баркотидан имкони борича баҳраманд бўлишга азм этган киши албатта, бу муборак ойнининг қалбини, яъни Қадр кечасини эъзозлаб унинг эҳтиромини ўрнига қўяди.

Шубҳасиз, йилнинг энг яхши кечаси Қадр кечасидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу кечани баракотли кеча деб билиб, бу кеча минг ойдан яхшироқ ва қадрлироқ эканлиги таъкидланган. Бир кеча минг ойдан, яъни ўттиз минг кечадан ёки 83 йил-у тўрт ойга тенг бўлган замондан ҳам афзал ва улуғроқ экани Қуръони Каримнинг Қадр сурасида ошкора айтилган.

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан қандайига Қадр кечаси минг ойдан яхшироқ ва афзал бўлади? деб сўралганда, ул ҳазрат шундай марҳамат қилдилар:

کَیْفَ‌ تَکُونُ‌ لَیْلَةُ الْقَدْرِ خَیْراً مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ؟ قَالَ عَلَيْهِ السَّلَامُ: الْعَمَلُ الصَّالِحُ فِیهَا خَیْرٌ مِنَ الْعَمَلِ فِی أَلْفِ شَهْرٍ لَیْسَ فِیهَا لَیْلَةُ الْقَدْرِ

«Бу кечада қилинадиган солиҳ ва эзгу амал унда Қадр кечаси бўлмаган минг ойдаги амалдан афзал ва яхшироқдир».

Манба: Шайх Садуқ, «Ман лаа яҳзуҳул фақиҳ», 2-жилд, 158-бет.

Ушбу ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло Қадр кечанинг баракоти туфайли минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан ҳам яхшироқ ва устунроқ ажру савоб беришини ва бутун гуноҳларни кечиришини умид қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Қадр кечасини улуғлаб, «Қадр» номли алоҳида бир муборак сура нозил этган. Самовий Китобимизда Қадр кечаси минг ойдан яхшироқ, дея таърифланган. Шубҳасиз, Қадр кечаси Қуръон нозил бўлган кечадир.

Муборак «Қадр» сураси Қуръони каримнинг 97-сураси бўлиб, Макка шаҳрида нозил бўлган ва у 5 оятдан иборат. Бу муборак сурада Қадр кечасида Қуръони Каримнинг нозил бўлиши баён этилган. Шунингдек, Қадр кечасининг аҳамияти ва унинг баракоти ҳам ушбу муборак сурада таъкидланган.

Бу ерда Муборак «Қадр» сурасини биргаликда кўздан кечирамиз:

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ

إِنَّا أَنزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ ﴿١﴾ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ ﴿٢﴾ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ ﴿٣﴾ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍ ﴿٤﴾ سَلَامٌ هِيَ حَتَّىٰ مَطْلَعِ الْفَجْرِ

«Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), қадр кечаси нима эканлигини сизга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.

У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни ҳазрат Жаброил (алайҳис салом)) Парвардигорларининг изни ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан ерга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир».

Қадр кечаси Қуръон нозил бўлган ва фаришталар ерга тушадиган кечадир. Қуръони Каримнинг ошкора баён қилишича, Қадр кечаси муборак Рамазон ойининг кечаларидан биридир.

Аллоҳ таоло Қадр сурасида минг ойга тенглаштирган Қадр кечасида илоҳий фаришталар мўъминлар олдига тушишлари ва уларга салом беришлари ҳамда дуоларига омин айтишларини хабар беради.

Юқоридаги оятлардан Қадр кечаси Рамазон ойидаги кечалардан бири эканлигини билиб оламиз. Духон сурасининг 3-оятида Қуръони Карим муборак кечлардан бирида нозил бўлганлиги ҳақида хабар берилган.

إِنَّا أَنزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةٍ مُّبَارَكَةٍ ۚ إِنَّا كُنَّا مُنذِرِينَ

«Албатта, Биз у (Қуръон)ни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантиргувчи бўлдик».

Бошқа томондан Бақара сурасининг 185-оятида Рамазон ойи Қуръон нозил бўлган ой эканлиги маълум қилинган. Қадр сурасида ҳам «Биз Қуръонни Қадр кечасида нозил қилдик», деб марҳамат қилинган.

Ушбу оятлардан шундай хулосага келамизки, Қадр кечаси Рамазон ойида қарор топган ва бу муборак кечада Қуръон нозил бўлган. «Тафсири намуна»да Қадр кечасининг Рамазон ойи кечалари орасида махфийлиги, одамлар бу кечаларнинг ҳаммасига аҳамият беришлари учун қилинган тадбир экани айтилган. Аллоҳ таоло одамлар барча ибодатларга бирдек киришишлари учун Ўз ризосини турли ибодатлар орасида яширганидек.

Муборак «Бақара» сурасининг 185-оятида бу борада шундай марҳамат қилинган:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَىٰ وَالْفُرْقَانِ ۚ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ ۖ وَمَن كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَىٰ سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ ۗ يُرِيدُ اللَّـهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّـهَ عَلَىٰ مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

«Рамазон ойи шундай ойдирки, унда Қуръон нозил қилинди. У ҳидоятнинг очиқ-равшан далиллари ва ҳақни ботилдан ажратувчи восита билан одамларни тўғри йўлга бошловчи китобдир. Бас, сизлардан ким бу ойга етса, рўза тутсин. Ва ким бемор ёки сафарда бўлса, у ҳолда [рўза тутолмаган кунларининг] саноғича бошқа кунларда қазосини тутиб берсин. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини хоҳламайди. Токи сизлар [Рамазон ойида узрли ҳолда рўза тутмаган кунларингизнинг] саноғини тўлдирингиз ва сизларни ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғлаб ёдга олингиз. Шоядки сизлар [Худонинг бу фазл-марҳаматларига] шукр қилсаларингиз».

Юқорида келтирилган оятлардан маълумки, Қадр кечаси Рамазон ойидадир. Аммо у айнан қайси кеча эканлигини Қуръони Карим аниқ баён қилмаган. Динимизнинг маъсум пешволаридан ривоят қилинган айрим ҳадисларда Қадр кечасини 19 кечадан бошлаб, Рамазон ойининг охиригача бўлган тоқ кечалардан бирида экани айтилган.

Кўпгина ҳадисларда Қадр кечаси Рамазон ойининг ўн тўққиз, йигирма бир ва йигирма учинчи кечаларидан бири экани таъкидлаб айтилган. Бошқа бир ҳадисда эса, Қадр кечаси бу муборак ойнинг йигирма еттинчи кечаси деб ҳам айтилган.

Ривоят қилишларича, Қадр кечасида ҳар бир банданинг келгуси йилгача бўлган бир йиллик тақдири белгиланади. Шу сабабли, бу улуғ кечанинг ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ таолодан бизни бу улуғ кечанинг азаматидан огоҳ этишини, қалбларимизни Қадр кечасининг нур ва зиёси ила чарағон айлашини илтижо қилиб сўрайлик.

Аллоҳнинг сўнгги Расули Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зот Аҳли-Байтларидан бўлган маъсум имомларимиз мусулмонларни Рамазон ойининг ҳисобсиз фазилатларидан муносиб фойдаланишга чақирганлар.

Ривоят қилишларича, Расулуллоҳ (с.а.о) Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида ётадиган тўшакларини йиғиштириб қўяр, тонг отгунча ибодат билан машғул бўлар ва бу муборак лаҳзалардан фойдаланиб қолиш учун оила аҳлини ҳам уйқудан уйғотиб, шундай марҳамат қилардилар:

مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَاناً وَ احْتِسَاباً، غُفِر لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

«Кимки, иймон-ишонч билан ва Аллоҳ ато этадиган ажр-мукофотга етиш учун Қадр кечасини бедор ҳолда тоат-ибодатда қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади».

Манба: «Фазоилул ашҳурис-салосаҳ», 136-бет.

Расули Акрам Аҳли-Байтларидан бўлган тўққизинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Жавод (алайҳис салом) айтадилар:

«Аллоҳ таоло Қадр кечасини оламни яратиш пайтида яратди. Аллоҳнинг қазову қадарида шундай битилган: Ҳар йили ўша йилдаги бутун воқеа-ҳодисаларнинг тақдирини белгиловчи бир кеча бўлиши зарур».

Қадр кечасини муносиб шаклда ўтказиш учун маъсум имомларимиз томонидан жуда кўп ва хилма-хил кўрсатмалар берилган. Ана шулардан энг муҳими, бу муборак кечани уйғоқ ўтказиш, яратилиш олами ва ўзининг тақдири ҳақида тафаккур юритиш ва Қуръоннинг муборак оятларини тиловат қилишдир. Ҳадиси шарифда келтирилишича, ҳазрат Жаброил (алайҳис салом) Аллоҳнинг Ҳабиби ва Русулига деди:

«Қадр кечасида дуо ва илтижо қилган банданинг дуолари ижобат бўлади, тавба қилувчиларнинг тавбаси қабул этилади. Бу файзли кечанинг барокотидан маҳрум қолган кишилар эса чиндан маҳрумдирлар».

Қалбга сайқал бериш, кўнгилни мусаффо айлаш, уни Аллоҳ маърифати ва муҳаббатини қабул этишга шайлаш учун Қадр кечасида ибодат ва дуо-илтижо қилиш ҳамда Қуръон тиловати буюрилган.

Бу мубрак кечада Парвардигорнинг раҳмат ва мағфират эшиклари очилади. Турайлик-да, ҳозирлик кўриб, ўз жонимизни тавба-тазарруъ суви билан ва қалбимиз зангларини кўз ёшимиз билан тозалайлик.

«Эй қодир Аллоҳ, Сенинг маърифатинг ширинлиги ва лаззатини жонимиз билан ҳис этишга тайёрмиз. Худойим, бу кеча уйғоқлик ва тафаккур кечасидир, бизни Ўз чексиз баракотингдан баҳраманд этгил! Омин!».

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Даҳвул-Арз нима дегани?

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ    Зул-Қаъда ойининг 25 куни «Даҳвул-Арз», яъни ернинг кенгайиши куни бўлиб, бу кунда Аллоҳ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.