Home / Шариат қонунлари / Рўза / Қамарий ойининг ўзгариши ва Уфқ (Горизонт) бирлигининг таъсири ҳақида

Қамарий ойининг ўзгариши ва Уфқ (Горизонт) бирлигининг таъсири ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ   

Қуръони Каримда таъкидланишича, «ҳар бир ойнинг ҳилоли, яъни ярим ойи» одамлар ўзларининг диний ва дунёвий ишларида тўғри иш юритишлари учун «вақт ўлчови» сифатида белгиланган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилган:

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْأَهِلَّةِ ۖ قُلْ هِيَ مَوَاقِيتُ لِلنَّاسِ وَالْحَجِّ ۗ

«Сендан ҳилоллар [ярим ойлар] ҳақида сўрайдилар. «Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», деб айт» (Бақара сураси, 189-оят).

Ҳаммага маълумки, ой дастлаб ипдек нозик ҳолда кўринади, сўнгра катталашиб боради. Ниҳоят тўлиб доира шаклига киргач, яна қайтадан нозиклашади ва охири дастлабки ҳолига қайтади. «Бунинг сири нимада?», деб Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан бу борада сўрашардилар. Шунда одамларнинг саволига жавобан юқоридаги ояти карима нозил бўлди.

Ушбу ояти каримага кўра, ойнинг ўзгариб – янгиланиб туришига қараб одамлар ўзларининг деҳқончилик, савдо ва бошқа дунёвий ишларининг вақтларини ҳамда ҳаж, рўза, закот каби диний ишларнинг вақтларини аниқлайдилар. Демак, кенг омма учун вақт кўрсаткичи ва ўлчови бўлишга лойиқ бўлган нарса ҳар бир минтақанинг маҳаллий уфқида кўз билан кўринадиган ўша «Ҳилол», яъни ярим ойдир.

Аксари фуқаҳо ва мужтаҳидлар юқоридаги оятда «Ҳилол», яъни ярим ой ҳақида «вақт ўлчови» деб айтилган иборадан шундай хулосага келганларки, ярим ой вақт ва замонни ўлчаш учун умумий восита бўлиб, барча одамлар ўзларининг ҳаётдаги ишларини ҳамда дин билан боғлиқ барча амалларини тартибга келтириш учун «Ҳилол»нинг чиқиб кўзга кўриниши, турли шакллари ва ниҳоят ер куррасининг пастига тушиб ботишидан фойдалана оладилар.

Бошқа таъбир билан айтганда, ҳар бир ойда биринчи кечанинг ярим ойи ва унинг кейинги кечалардаги ҳолати соат кўрсаткичи ҳукмидадир. Соат кўрсаткичлари ўзининг доиравий айланиши билан кун ва туннинг турли вақтларини кўрсатганидек, худди шундай ойнинг турли шакллари ҳам кечаларнинг кетма-кет келиши натижасида унинг ёрқин қисми тобора кўпайиб боради ва ниҳоят тўлиб доира шаклига киради. Сўнгра бу тўлиқ доира шаклидаги ёруғ ҳолати ойнинг ўртасидан бошлаб камайиб бораверади ва натижада ой ер куррасининг пастига тушиб ботади ва ўшанда ой кўзга кўринмай қолади.

Демак, ойнинг турли шакллари соат кўрсаткичлари сингари қамарий ойлар учун замонни аниқлайдиган осмондаги «вақт ўлчови» ҳисобланади ва шу сабабли, ойнинг кўриниши умум инсонлар учун аниқ ҳолда бўлмоғи зарур.

Бу фақат баъзи одамлар фойдаланиши мумкин бўлган кўрсаткич эмас, бошқалари эса ҳилолни кўриш учун воситаларга эга бўлганларга мурожаат қилмасдан фойдаланишлари мумкин эмас.

Диққатга сазовор бўлган масала шундан иборатки, урф ва шариат нуқтаи назаридан қабул қилинган нарса Қамарий ойнинг бошланиши ҳам, тугаши ҳам оқшом пайтидандир. Яъни агар эртага Қамарий ойнинг биринчи куни бўладиган бўлса, бугун оқшом ўша эртанги янги ойнинг «Ҳилол» кўриниши керак. Демак, «Ҳилол»нинг бир кеча олдин кўриниши ҳозирги ойнинг тугашидан ва эртага янги ойнинг бошланишидан дарак беради.

Ва шунингдек, яна бир диққатга сазовор бўлган масала шундан иборатки, Қамарий ойлар асосан 29 ёки 30 кун бўлади. Изоҳ бериб айтадиган бўлсак, агар йигирма тўққизинчи куннинг оқшомида «Ҳилол» кўринса, у ҳолда бу Қамарий ойи 29 кун бўлиб, эртага янги ой бошланади. Лекин агар ҳар сабабга кўра, йигирма тўққизинчи куннинг оқшомида «Ҳилол» кўринмаса, унда бу Қамарий ойи эртага ҳам давом этиб, ниҳоят бу ой 30 кун бўлади. Қамарий ойлар мана шундай икки ҳолатдан ташқарида бўлмайди; ё 29 кун ёки 30 кун бўлади.

Қамарий ойлар ҳеч қачон 28 ёки 31 кун бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Зеро, Астрономия фанида юритилган илмий тадқиқотларга кўра, ой сайёраси ер шари атрофида айланишини ҳисобга олганда, Қамарий ойлар шаклланади ва ой сайёрасининг ер курраси атрофида айланиши ернинг қуёш атрофида айланишига қараганда тезроқ бўлгани учун ой сайёраси 350 ёки 355 кун давомида ер шарини бир марта тўлиқ айланиб чиқади. Кўрсатилган 350 ёки 355 кунни 12 ойга бўлганда, 29 кун билан 30 кун ўртасида бўлади. Ер шари эса қуёш сайёрасини 360 ёки 365 кун давомида бир марта тўлиқ айланиб чиқади ва ушбу 360 ёки 365 кунни 12 ойга бўлганда, 30 кун билан 31 кун ўртасида бўлади ва кеча-кундузларни ернинг қуёш атрофида айланиши билан ҳисобга олганда, Шамсий ойлар ёки Милодий ойлар шаклланади. Шунинг учун Қамарий ойлар Шамсий ва Милодий ойларга қараганда 10 кундан 12 кунгача озроқ бўлиши билан фарқланиб туради.

Қамарий ойнинг ўзгаришини ва унинг «вақт ўлчови» сифатида ҳаётимиздаги дин ва дунё билан боғлиқ ишларга таъсирини ҳамда унинг Шамсий ва Милодий ойлар билан фарқини ўрганиб чиққач, энди диний масалаларга боғлиқ ҳолда Қамарий ойнинг ўзгариши ва Ҳилол (ярим ой)ни кўриш масаласи ҳақида бир неча саволга дуч келамиз. Дастлаб саволларни зикр этиб сўнг уларга жавоб беришга киришамиз:

  1. Қамарий ойнинг бирор ҳудуд ва минтақада кўриниши ва унинг шу тарзда исботланиши фақат ўша ерга тааллуқлими? Яъни ойнинг кўриниши ҳам қуёш чиқиши каби бир нисбий ҳолат бўлиб, фақат ўша ҳудуд ва минтақа уфқида юз берган бўлса ва бошқа уфқларни қамраб олмаган бўлса-чи?
  2. Ёки Ҳилолнинг бирор уфқда кўриниши кенг кўламли ҳолат бўлиб муайян бир ҳудуд ва минтақага хос бўлмай, барча ҳудуд ва иқлимларни қамраб олиб Ҳилол (ярим ой) кўринган ва Қамарий ой исботланган уфқ ва иқлимга чекланмаганми?
  3. Асосан турли ҳудуд ва минтақаларнинг уфқи (горизонти) турғун ҳолдами ёки ўзгарувчан бўладими?
  4. Ва шунингдек, айрим фуқаҳо ва мужтаҳидларимиз томонидан бу борада «Иттиҳоди уфқ», яъни «Горизонт бирлиги» деб илгари сурилган қараш нима маънони англатади ва «Ҳилол» (ярим ой)ни кўриш «Иттиҳоди уфқ» билан қандай боғлиқлиги бор?
  5. «Иттиҳоди уфқ»назарига кўра, Ўзбекистон ва бошқа исломий ўлкаларда Ийдул Фитр, яъни Рамазон Ҳайити бир кунда бўлиши керакми?
  6. Маржаъи тақлиди, (яъни тақлид қилган мужтаҳиди) Рамазонни бир кун олдин бошлаган бўлса, у ҳолда тақлид қилувчиларнинг Ийдул Фитрга нисбатан вазифаси нима?
  7. Ҳилол ойни кўриш қандай ҳолда бўлиши керак? Қуролланган кўз билан (Телескоп, лензли камера ёрдамида) ҳам кўрса бўладими ёки қуролланмаган кўз билан, яъни оддий кўз билан кўриш шартми?

Қамарий ойининг ўзгариши ва Уфқ (Горизонт) бирлиги ҳақида илгари сурилган энг асосий ва муҳим саволларни юқорида келтирдик. Энди баҳоли қудрат уларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз, иншо Аллоҳ.

«Иттиҳоди уфқ», яъни «Горизонт бирлиги» ва «Уфқи бир бўлган» ҳудуд ва минтақалар деганда, бир географик узунликда ва бир чизиқда жойлашган ҳудуд ва минтақалар ёки уларнинг географик кенгликдаги масофаси оз бўлган ҳудуд ва минтақалар тушунилади. Шундай ҳудуд ва минтақаларнинг бирортасида ой кўринадиган бўлса, иккинчисида ҳам албатта, булут каби бирор тўсиқ бўлмаган тақдирда ой кўринади. Шунга биноан, агар икки ҳудуд ва минтақа бир чизиқ узунлигида жойлашган бўлса (масалан, Самарқанд ва Навоий), уларга бир уфққа эга бўлган ҳудуд ва минтақалар дейилади.

Манба: Имом Хумайний, «Тавзийҳул масоил», тўпловчи: Саййид Муҳаммад Ҳусайн Бани Ҳошимий, 1-жилд, 962-бет, 1735-масала. Оятуллоҳ Систоний назарлари остида, 986-бет, 839-савол, Исломий нашриёт муассасаси, Қум шаҳри, 1424 Қамарий йил.

Ҳилол (ярим ой)ни кўриш ва ойнинг биринчи кунини исботлаш масаласида «Иттиҳоди уфқ», яъни «Уфқ бирлиги» мавзуси кўтарилган бўлиб, бу борада баъзи назарлар билдирилган:

  1. Кўпгина маржаъи тақлид (тақлид қилинадиган мужтаҳидлар)нинг айтишларича:«Агар бирор шаҳарда ойнинг биринчи куни исботланса, бошқа шаҳарнинг аҳолиси учун бунинг фойдаси йўқ, магар бу икки шаҳар бир-бирига яқин бўлса ёки киши уларнинг уфқлари бир эканлигини билса, унда иккинчи шаҳарда ҳам ойнинг биринчи куни экани исботланади».

Манба: Юқоридаги манбалар.

  1. Бир тоифа фуқаҳолар«Иттиҳоди уфқ»масаласини қабул қилиб айтадилар:

«Икки шаҳар бир-бирига нисбатан бири шарқ томонда (Фарғона каби) ва бошқаси ғарб томонда (Нукус сингари) жойлашган бўлса, агар шарқ томондаги шаҳарда ой кўринса, ғарб томондаги шаҳар учун ҳам ойнинг биринчи куни экани исботланади».

Манба: Оятуллоҳ Арокий, Голпойегоний, Шубайрий Занжоний, Фозил Ланкароний, Макорим Шерозий.

  1. Баъзи мужтаҳидлар [Оятуллоҳ Хуъий, Табризий, Софий Голпойегоний ва Нурий Ҳамадоний] ҳам бу борада айтадилар:

«Агар айрим шаҳарлар ва мамлакатларда тун ва қоронғулик вақти бир-бирига яқин бўлса – агарда бирида кечанинг аввали ва бошқасида кечанинг охири бўладиган бўлса-да, шундай ҳолда бирор шаҳар ёки мамлакатда ойнинг биринчи куни исботланса, бошқа шаҳар ва мамлакатларда ҳам – хоҳ узоқ бўлсин ёки яқин, хоҳ уларнинг уфқи бир бўлсин ёки бир бўлмасин, ойнинг биринчи куни исботланади».

Манба: Имом Хумайний, «Тавзийҳул масоил», (кўрсаткичли шаклда), 1-жилд, 962-бет, 1735-масаланинг остги изоҳида.

Биринчи назарияга кўра, агар бирор шаҳар ёки мамлакатда ярим ойни кўриш билан ойнинг биринчи куни исботланса, у ҳолда камроқ ҳудуд ва минтақаларни ўз ичига қамраб олади ва учинчи назарияга кўра, ернинг деярли ярмини қамраб олади. Зеро, биринчи назарияда шаҳар ва мамлакатларнинг яқинлиги ҳамда «Уфқ бирлиги» мезон деб қабул қилинган, бироқ учинчи назарияда эса «тун ва қоронғулик вақти бир-бирига яқин бўлиши» мезон деб қабул қилинган бўлиб, бу ернинг деярли ярмини қамраб олади. Қандай бўлмасин, барча маржаъи тақлидлар (тақлид қилинадиган мужтаҳидлар) бир хил уфқда жойлашган шаҳар ва мамлакатларнинг бирида Ҳилол ойни кўриш билан Уфқи бир бўлган бошқа шаҳар ва мамлакатларда ҳам ойнинг биринчи кунига далил бўлади, деб қабул қиладилар.

Шуни таъкидлаш керакки, ҳар ойнинг аввалида Ҳилол ойни кўриш мустақил равишда амалга оширилади. Яъни, Ҳилол ойни кўришда ва Рамазон ойининг бошланишида ихтилофи назар бўлиши мумкин, лекин Шаввол ойининг Ҳилолини кўришда ва Ийдул Фитр (Рамазон Ҳайити) бошланишида бу ихтилоф ўртадан кўтарилади.

Бинобарин, ҳар бир тақлид қилувчига унинг маржаъи тақлиди назари ва фатвосига кўра, Ҳилол ойнинг кўрингани исботланса – ўзи Ҳилол ойни кўрадими ёки баъзи одамларнинг айтганига ишонадими, шунга кўра амал қилса, шубҳасиз, Аллоҳ ҳузурида маъзур ва маъжур (ажр-мукофотга эга) бўлгайдир.

Ушбу масала янада ойдинлашиши учун ҳозирги маржаъи тақлидларимиз ва мужтаҳидларимизнинг бу мавзуга доир назар ва фатволарини кўздан кечирамиз:

1. Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаийдан бу борада сўралган савол ва жавобларни қуйида келтирамиз:

837-савол: Агар осмонда булут борлиги сабабли ёки бошқа сабаблар юзасидан Ҳилол ойни кўриш мумкин бўлмагани учун Рамазон ойининг биринчи кунини ёки Ийдул Фитр (Рамазон Ҳайити) кунини аниқлашнинг иложи бўлмаса ва Шаъбон ойи ёки Рамазон ойи тўлиқ ўттиз кун бўлмаган бўлса, у ҳолда Японияда яшайдиган бизлар учун Эроннинг уфқига амал қилишимиз ёки тақвимга ишонишимиз жоизми? Бизнинг вазифамиз нима?

Жавоб: Агар ойнинг биринчи куни Ҳилол ойни кўриш билан, ҳатто бир Уфққа эга бўлган қўшни шаҳарларнинг уфқида кўриш билан бўлса-да ёки адолат сифатига эга бўлган икки кишининг гувоҳлик бериши билан ёки шариъат ҳокимининг ҳукми орқали исбот бўлмаса, у ҳолда ойнинг биринчи куни экани исбот бўлгунича эҳтиёт қилиш керак.

838-савол: «Иттиҳоди уфқ», яъни «Уфқ бирлиги» Ҳилол ойни кўриш учун шартми ёки йўқми?

Жавоб: Ҳа, бу шарт.

839-савол: «Иттиҳоди уфқ» деганда қандай маъно назарда тутилган?

Жавоб: Бу иборадан кўзланган маъно Ҳилол ойни кўриш эҳтимоли билан Ҳилол ойни кўрмаслик эҳтимоли жиҳатидан бир хил ва тенг бўлган шаҳарлардир.

840-савол: Агар ойнинг йигирма тўққизинчи куни Теҳрон ва Хуросонда Рамазон Ҳайити бўлса, у ҳолда Бушеҳр каби шаҳарда яшайдиган одамлар рўзаларини очишлари жоизми? Теҳрон ва Хуросоннинг уфқи Бушеҳрнинг уфқи билан бир эмаслигини ҳисобга олган ҳолда.

Жавоб: Умуман олганда, агар икки шаҳар уфқларининг ўртасидаги тафовут шу даражада бўлсаки, улардан бирида Ҳилол ойни кўриш имконияти билан бошқасида Ҳилол ой кўринадиган ҳолатда бўлмаса, у ҳолда Ҳилол ойни кўриш эҳтимоли бўлган шаҳарлар учун Ҳилол ойни кўриш қатъиян номумкин бўлса, бу етарли эмас.

Манба:

http://farsi.khamenei.ir/treatise-content?id=72#837

2. Оятуллоҳ Саййид Али Систонийдан бу борада сўралган савол ва жавобларни қуйида келтирамиз:

Савол: Ийдул Фитрни аниқлаш учун шариъат ҳокимига эргашиш керакми?

Жавоб: Ойнинг биринчи куни шариъат ҳокимининг ҳукми билан исботланмайди. Аммо агар шариъат ҳокимининг ҳукмидан ёки ой унинг наздида исбот бўлганидан ўша шаҳарда ёки ўша шаҳар билан Уфқи бир бўлган шаҳарларда ойни қуролланмаган кўз билан (оддий кўз билан) кўринганига ишонч ҳосил қилса, у ҳолда ойнинг биринчи куни исботланади.

3-савол: Бир мамлакатда ойни кўриш бошқа мамлакатлар учун мезон эмасми? Бир мамлакатнинг уфқи қаергача давом этади?

4-савол: Ҳилол ой бир шаҳарда кўриниши биланоқ ўша мамлакатнинг бошқа шаҳарлари унга эргашиши керакми?

Жавоб: Ҳа, Самарқанд ва Навоий каби агар географик кенглик жиҳатдан бир-бирига яқин бўлса, бирида ойни кўриш билан иккинчисида ҳам ойнинг кўрингани исботланади.

Манба:

https://www.sistani.org/persian/qa/0912/#12776

3. Оятуллоҳ Ваҳид Хорасонийдан бу борада сўралган савол ва жавобларни қуйида келтирамиз:

31-савол: Қамарий ойнинг биринчи куни, масалан Рамазон ойи ёки Шаввол ойининг биринчи куни эканини исботлаш учун Ҳилол ой Биз яшаётган шаҳарда ёки мамлакатда кўриниши шартми ёки агар бошқа мамлакатларда ҳам кўринса, шунинг ўзи кифоями?

Жавоб: Йўқ, шарт эмас. Бинобарин, агар бошқа мамлакатда Ҳилол ой кўрингани сизга исбот бўлса, шунда ўша мамлакатда туннинг кўп қисми сизнинг яшаш жойингиз билан бир бўладиган бўлса, шунинг ўзи кифоядир. Масалан, агар кеча 10 соат бўлса, унинг 6 соати сиз яшайдиган жой билан баробар бўлса, ойнинг биринчи куни исботланади. Ва агар кечанинг кўп соатларида бир ва баробар бўлмаса, эҳтиёти вожибга кўра, ойнинг биринчи куни исботланмайди.

Манба:

http://wahidkhorasani.com/%D9%81%D8%A7%D8%B1%D8%B3%DB%8C/%D8%B3%D8%A4%D8%A7%D9%84-%D9%81%D9%82%D9%87%D9%8A/%D9%85%D8%AD%D8%AA%D9%88%D8%A7/4500_%D8%AF%DB%8C%D8%AF%D9%86-%D9%87%D9%84%D8%A7%D9%84-%D9%85%D8%A7%D9%87-%D8%B1%D9%85%D8%B6%D8%A7%D9%86-%DB%8C%D8%A7-%D8%B4%D9%88%D8%A7%D9%84-%D8%AF%D8%B1-%D8%B3%D8%A7%DB%8C%D8%B1-%DA%A9%D8%B4%D9%88%D8%B1%D9%87%D8%A7

4. Оятуллоҳ Макорим Широзийдан бу борада сўралган савол ва жавобларни қуйида келтирамиз:

Савол: Ҳилол ойни кўриш масаласида икки минтақанинг бир Уфққа эга бўлиши деганда қандай маъно назарда тутилади? Икки минтақа қандай шароитда бир Уфққа эга деб айтилади?

Жавоб: Агар икки минтақа бир-биридан узоқ масофада бўлмаса, улар бир Уфққа эга бўладилар.

https://makarem.ir/ahkam/fa/home/istifta/259145/%d9%85%d9%86%d8%b8%d9%88%d8%b1-%d8%a7%d8%b2-%d9%87%d9%85-%d8%a7%d9%81%d9%82-%d8%a8%d9%88%d8%af%d9%86-%d8%af%d9%88-%d9%85%d9%86%d8%b7%d9%82%d9%87

Қамарий ойнинг биринчи куни, масалан Рамазон ойи ёки Шаввол ойининг биринчи куни эканини исботлаш учун Ҳилол ой Биз яшаётган шаҳарда ёки мамлакатда кўриниши шартми ёки агар бошқа мамлакатларда ҳам кўринса, шунинг ўзи кифоями? Ва шунингдек, Рамазон Ҳайити Сиз томондан эълон қилиниши сизнинг бутун дунёдаги тақлид қилувчиларингизга тегишли бўлади ёки йўқми?

Жавоб: 1. Агар бирор шаҳарда ойнинг биринчи куни экани исботланса, унга яқин бўлган бошқа шаҳарлар учун ва шунингдек, Уфқи бир бўлган узоқдаги шаҳарлар учун шунинг ўзи етарлидир.

Манба:

https://makarem.ir/ahkam/fa/home/istifta/259132/%d8%ad%da%a9%d9%85-%d8%ab%d8%a8%d9%88%d8%aa-%d9%85%d8%a7%d9%87-%d8%af%d8%b1-%d8%b4%d9%87%d8%b1%d9%89-%d8%a8%d8%b1%d8%a7%d9%89-%d8%b4%d9%87%d8%b1%d9%87%d8%a7%d9%89-%d8%af%d9%8a%da%af%d8%b1

  1. Ҳилол ойни кўрмоқлик тақлид қилишни талаб қиладиган шаръий ҳукм эмас, балки Ҳилол ойни кўриш мукаллаф, яъни зиммасида шаръий вазифаси бўлган мусулмон учун исботланиши керак бўлган мавзуни аниқлашдир. Шунинг учун ҳар кимнинг сўзидан Ҳилол ойи кўрингани инсонга исботланса, шунга мувофиқ амал қила олади.

Манба:

https://makarem.ir/ahkam/fa/home/istifta/259141/%d9%88%d8%b8%db%8c%d9%81%d9%87-%d9%85%da%a9%d9%84%d9%91%d9%81-%d8%af%d8%b1-%d8%b5%d9%88%d8%b1%d8%aa-%d8%a7%d8%ae%d8%aa%d9%84%d8%a7%d9%81-%d9%86%d8%b8%d8%b1-%d9%85%d8%b1%d8%ac%d8%b9-%d8%a8%d8%a7-%d9%88%d9%84%db%8c%d9%91-%d9%81%d9%82%db%8c%d9%87-%d8%af%d8%b1-%d8%b1%d8%a4%db%8c%d8%aa-%d9%87%d9%84%d8%a7%d9%84

Ушбу мақоламизда фуқаҳо ва мужтаҳидларимизнинг Қамарий ойининг ўзгариши ва Уфқ бирлиги хусусидаги назар ва фатволарини тўлиқ ва кенг қамровли ўрганиб чиққач, мақоланинг «Асосан турли ҳудуд ва минтақаларнинг уфқи (горизонти) турғун ҳолдами ёки ўзгарувчан бўладими? деган учинчи саволига қатъий жавобимиз шундан иборат:

Мужтаҳидлар томонидан саволларга берилган жавобларнинг бирортасида турли шаҳар ва мамлакатларнинг Уфқи ўзгарувчан бўлишига, яъни баъзида уларнинг Уфқлари бир бўлиб ва гоҳида эса маълум шароит ва сабабларга кўра, уларнинг Уфқи ўзгаришига умуман ишора қилинмаган. Демак, маржаъи тақлидларимиз қарашларида Уфқ мутлақо ўзгарувчан эмас ва ҳатто Астраномия фанида ҳам Уфқ ўзгарувчан эканлиги айтилмаган.

Бундан келиб чиқиб эслатишимиз лозимки, айрим сайтларда «турли ҳудуд ва минтақаларнинг уфқи (горизонти) ҳар доим бир хил бўлмай, балки ўзгарувчан бўлиши» ҳақидаги фикр ва мулоҳазалар тўғри ва асосли бўлмаган.

Манба:

https://www.instagram.com/tv/CAjBfK8AHW4/?igshid=1cqtrji7utmw0

Биз уларнинг фикрлари қанча тўғри ва ҳақиқатга уйғун эканини билиш учун «Уфқларнинг бирлиги ёки хилма-хиллиги» ҳақида илмий тадқиқот ва изланишлар олиб бориб, бу борада илмий-тадқиқотий услубда ёзилган мақолаларни ўрганиб чиқдик ва шунингдек Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаийнинг ушбу мавзуга доир баён қилган фикрлари ва фатволарини ҳам тўлиқ ўрганиб чиқдик. Аммо уларда «Уфқларнинг ўзгарувчанлиги»га ишора қилинмаган.

Энди мақолада келтирилган 6 ва 7-саволларнинг жавобига келсак,

Қўшимча қилиб айтадиган бўлсак, Ийдул Фитр, яъни Рамазон Ҳайити кунини аниқлашда нега мужтаҳидлар бир фатво ва назарга кела олмайдилар? Уларнинг ҳар бири бошқасидан фарқли ўлароқ алла бир кунни Рамазон Ҳайити деб белгилайди. Агар Рамазон Ҳайити куни бўладиган бўлса рўза тутиш ҳаром бўлади ва Рамазон ойининг охирги куни бўладиган бўлса, рўза тутиш вожиб бўлади! Бу ҳолда одамларнинг вазифаси нима?

Шуни айтиш лозимки, Ийдул Фитр куни рўза тутиш ҳаром эканлигида шубҳа йўқдир, аммо Ҳилол ойни кўришда ихтилоф борлиги туфайли Рамазон Ҳайити кунида ихтилоф пайдо бўлади. Бу ҳам бўлса Валий Фақиҳ, яъни Олий Рахбарнинг ҳукмига ёки маржаъи тақлидлардан бирортасининг ҳукмига очиқ қарши чиқмаслик билан ҳал қилиш мумкин.

Ҳилол ойни кўришдаги бу ихтилофлар ҳар бир мужтаҳиднинг фиқҳий тушунчалари асосида юзага келади ва ҳар бир мужтаҳид ўзининг шаръий бурчига асосланиб ҳукм чиқаради. Мужтаҳидлар бошқаларнинг диди ва ёқтиришига қараб фатво бера олмайдилар, балки улар фиқҳ (шариат қонунлари) ва Худонинг ҳукмига биноан ўз фатволарини содир этадилар ва одамлар ҳам ўз маржаъи тақлидларининг фатволарига амал қилишади. Демак, ҳар бир кишининг вазифаси маълумдир.

Аммо, фуқаҳоларимиз ўртасида биргина фатвода ихтилоф бор бўлиб, у ҳам бўлса Ҳилол ойни қандай ҳолда кўришдан иборатдир. Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаийнинг назарларига кўра, агар Ҳилол ой асбоб-ускуна билан кўринса-да, ойни кўриш ҳосил бўлган деб қабул қилинади. Оддий қилиб айтганда, агар кимда-ким камера объективи орқасидан ёки телескоп лензи ёрдамида Ҳилол ойни кўрса, ўз дўстини камера билан тоғ устида кўргандек бўлади ва бундай ҳолда кўрмоқлик амалга ошмаган деб айтиб бўлмайди.

Бироқ айрим мужтаҳидлар қуролланмаган кўз билан, яъни оддий кўз билан Ҳилол ойни кўришни қабул қиладилар ва уларнинг эътиқодича, фиқҳ (шариати исломия) маъсумлар замонида урф бўлган кўришни қўллаб қувватлайди. Урф бўлган кўриш оддий кўз билан кўриш бўлган, камера ва телескоп ёрдамидаги қуролланган кўз билан кўриш эмас.

Баъзиларнинг ўйлашича, ушбу мавзу мужтаҳид ва маржаъи тақлидларнинг замонавийлиги ёки замонавий эмаслигига қайтади. Ҳолбуки, бу мавзу фақат мужтаҳидларнинг фиқҳий асос ва тамойилларига қайтади. Шунга биноан, Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий ўзларининг фиқҳий асос ва тамойилларига мувофиқ ойнинг биринчи кунини эълон қиладилар ва бошқа мужтаҳидлар ҳам ўзларининг меъёр ва мезонларига мувофиқ амал қиладилар. Ва бу ҳолат мужтаҳидларимизнинг кўпгина фатволарида учрайди.

Яна бир диққатга сазовор масала шундан иборатки, Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаийнинг қарашларига кўра, Ярим ой қуёш ботишидан олдин ҳам кўринган тақдирда қабул қилинади. Албатта, бу қарашни баъзи мужтаҳидларимиз орасида ҳам учратиш мумкин.

Мақоламиз ниҳоясида эслатиш жоизки, сўнгги йилларда Ҳилол ойни кўриш жараёни ижобий томонга йўналмоқда ва маржаъи тақлидлар муассасаларига етиб келган хабарлар ва улар берган эълонлар ўта аниқ асосга эга ва бу ҳолат жуда муҳимдир. Бундан ташқари, ойни кузатувчилар томонидан амалга оширилган яхши фаолиятлар, жумладан чуқур кузатувлар, таълимий услублар, машғулотлар ва ҳоказолар тўплами натижасида тўғри хабар ва билдиришлар маржаъи тақлидлар идораларига етказилди.

Бунинг натижасида бу йил Рамазон Ҳайити кунини белгилашда маржаъи тақлидларимиз ўртасида деярли ихтилоф кўзга ташланмади. Деярли барча мужтаҳидларимиз томонидан якшанба куни 24-май, Шаввол ойининг биринчи куни «Ийдул Фитр» ва «Рамазон Ҳайити» деб эълон қилинди.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ МАЪЛУМ ЭМАСЛИГИ ҲАҚИДА

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Муборак Рамазон ойида эканлигига барча мусулмонлар ишонадилар ва бу масалада …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.