Home / Қурони Карим / Қуръоний сабоқлар / Қуръонда ҳижоб ва ўраниш масаласи (2)

Қуръонда ҳижоб ва ўраниш масаласи (2)

images125469Ояти кариманинг шаъни нузули (нозил этилганлик сабаби)

Юқорида келтирилган Нур сурасининг 30 – оятининг шаъни нузули ҳақида Кофий китобида бешинчи имомимиз Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан қуйидагича нақл қилинган:

Ансордан бўлган бир йигит йўлда кетаётиб бир аёл билан юзма-юз бўлади. Ўша пайт аёллар рўмолларини орқага қилиб боғлардилар ва натижада уларнинг бўйинлари, кўксилари ва кўкракларининг бир миқдори кўриниб турарди. Шунда ўша аёлнинг жамоли мазкур йигитнинг назарини ўзига жалб этади ва натижада йигитнинг кўзи унга тикилиб қолади. Аёл ўтаётганида йигит ҳам кўзи билан уни кузатиб йўл юриб борарди. Тор кўчага кирганида ҳам орқасига қараб борарди, шунда ногаҳон юзи деворга тегиб кетиб, девордаги ўткир шиша унинг юзини тешиб юборади. Аёл ўтиб кетгач, йигит ўзига келади ва қон юзидан оқиб кийимларига тўкилаётганини кўради. Йигит бу ҳолатдан қаттиқ ранжиб, ўзига шундай дейди: Аллоҳга қасамёд этаманки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларига бориб, бўлиб ўтган ҳодисани ул ҳазратга айтиб бераман. Сарвари оламнинг кўзлари унга тушиши билан нима бўлди? деб йигитдан сўрайдилар. Йигит рўй берган ҳодисани айтиб бергач, ўша заҳотиёқ ваҳий фариштаси ҳазрат Жаброил нозил бўлиб ушбу ояти каримани Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га келтирди:[1] <قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصارِهِمْ …>

Нур сурасининг 30 ва 31 – оятлари иффат, ҳаё, ҳижоб ва ўраниш ҳақида нозил бўлгани учун бу икки оятни бир жойда кўриб чиқиш лозим.

Ояти кариманинг биринчи буйруғи: «Мўминларга айт: кўзларини (номаҳрамларга қарашдан ва назар қилиш ҳаром этилган нарсаларга назар солишдан) тийсинлар ва фаржларини сақласинлар <قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصارِهِمْ وَ يَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ>

يَغُضُّوا калимаси غَضٌّ ўзагидан олинган бўлиб, қисқартириш ва тийиш маъносини англатади ва кўп ўринларда товушни пасайтириш ёки қарашни қисқартириш ва тийиш маъноларида ҳам қўлланади. Мазкур ояти каримада мўминлар кўзларини номаҳрам ва ҳаромдан юмсинлар деб айтилмаган, балки улар кўзларини тийсинлар ва нигоҳларини қисқартирсинлар деб айтилган. Бу эса ўта нозик таъбир бўлиб, агар инсон номаҳрам аёлга дуч келганда, кўзини буткул юмадиган бўлса, у ҳолда йўл юриши ёки йўлни давом эттириши мумкин бўлмай қолади. Аммо агар эркак киши кўзини номаҳрам аёл баданининг тузилиши ва зийнатидан буриб кўзини ерга олса, у ҳолда нигоҳини қисқартирган ва тийган бўлади, бу билан қарашлик тақиқланган саҳнани нигоҳи доирасидан четлатган бўлади.

Диққатга сазовор бўлган нарса шуки, Қуръони Карим кўзни нимадан тийиш кераклигини айтмаган ва бу эса қараш ҳаром бўлган барча нарсалардан кўзни тийиш зарур эканлигига далил бўла олади. Айниқса, кейинги ояти карима ҳижоб ва ўраниш ҳақида нозил бўлганини инобатга олсак, номаҳрам аёлларга қарамаслик назарда тутилгани маълум бўлади. Оят нозил бўлганлиги ҳақидаги шаъни нузул ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Ояти кариманинг иккинчи буйруғи фаржни сақлашдан иборат. Фарж сўзи арабча бўлиб, икки нарсанинг ўртасидаги оралиқ ва ёриқлик маъносини англатади. Лекин бу ўринда фарж сўзи инсон авратидан киноя қилиб келтирилган. Бу оятда фаржни сақлашдан мурод уни бошқалар нигоҳидан беркитмоқдир. Бу борада олтинчи имомимиз Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан нақл қилинган ҳадисда шундай марҳамат қилганлар:

كل آية فى القرآن فيها ذكر الفروج فهى من الزنا إلَّا هذه الآية فإنَّها من النَّظر

«Қуръони Каримда фаржни сақлаш тўғрисида келган барча оятларда зинодан сақланиш кўзда тутилган. Фақат ушбу оятдагина фаржни сақлашдан мурод уни бошқалар нигоҳидан беркитишдир.»[2]

Кўпларнинг нафсоний истак ва хоҳишларига монанд бўлган бу ишдан нима учун ислом қайтарган? деган фикр юзага келиши мумкинлиги боис, оятнинг охирида:ذَٰلِكَ أَزْكَيٰ لَهُمْ «Ана шу (нигоҳни тийиш) улар учун покроқдир» деб айтилади.

Кейин эса ҳою ҳавасга берилиб билган ҳолда номаҳрам аёлларга қарайдиган ва бу ишнинг беихтиёр рўй берганини айтадиганларни огоҳлантириб: «Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларидан хабардордир» деб уқтирилади.

Нур сурасининг кейинги оятида, яъни 31 – оятда ҳам ушбу мавзуга доир аёлларнинг вазифаси баён этилади ва дастлаб уларнинг эркакларга ўхшаш вазифасига ишора қилиниб айтилади: «Мўмина аёлларга айт: кўзларини (эркакларга бўлган шаҳватли нигоҳлардан) тийсинлар ва фаржларини сақласинлар» <وَقُلْ لِلْمُؤْمِناتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ>

Демак, Аллоҳ таолонинг Нур сураси 31 – оятдаги буйруғига биноан, шаҳватли нигоҳ эркакларга ҳаром бўлганидек аёлларга ҳам ҳаромдир ва шунингдек, аёлларга эркаклар сингари авратларини бошқалардан хоҳ эркак бўлсин ёки аёл беркитиш вожибдир.

Сўнгра ушбу ояти кариманинг давомида аёлларга хос бўлган ҳижоб ва ўраниш масаласи тўрт ибора билан баён этилади:

  1. «Аёллар зийнатларини ошкор этмасинлар, магар табиий ҳолда зоҳир бўлган зийнатлар бўлса майли» <وَلا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا ما ظَهَرَ مِنْها>

Аёллар беркитишлари зарур бўлган зийнат нима эканлиги ва шунингдек, кўрсатишлари жоиз бўлган зийнатдан нима назарда тутилганлиги ҳақида муфассирлар ўртасида турли фикрлар билдирилган.

Айримлар яширин зийнатни табиий зийнат (аёл кишининг чиройли бадани) деб айтганлар, ҳолбуки зийнат сўзи бу маънода жуда оз қўлланади.

Айрим муфассирлар эса зийнат деганда унинг жойини тушунганлар. Зеро, сирға, билакузук ва бошқа тақинчоқлар каби зийнатнинг ёлғиз ўзини ошкор этиш тақиқланмаган, балки қулоқ, бўйин, қўл ва билаклар каби зийнат жойини ошкор қилиш тақиқланган.

Баъзилар ҳам чиройли қилиб кўрсатувчи тақинчоқларни аёлнинг баданида бўлган ҳолдагина зийнат бўла олади деб айтганлар. Албатта, бундай зийнатни ошкор этмоқ тақинчоқлар тақилган баданни кўрсатиш билан бирга амалга ошади. Охирги икки тушунча, агарчи икки хил таъбир билан айтилган бўлса-да, бироқ бир натижага эга.

Агар биз мазкур оятни олдиндан муҳокама қилмай туриб унинг зоҳирий маъносига асослансак, билдирилган фикрлар орасидаги учинчи тушунча оятнинг зоҳирий маъносига тўғри келади. Демак, аёллар одатан яширин бўлган зийнатларини, агарчи баданлари намоён бўлмаса-да, ошкор этишга ҳақли эмаслар. Шунга биноан, аёллар ўзларига хос бўлган зийнатий кийимларини кийим номаҳрам эркакларга кўрсатишлари жоиз эмас ва Қуръони Карим нигоҳидан бу иш ҳаром ҳисобланади. Нега деганда, Қуръон бундай зийнатларни ошкор этишдан қайтарган. Аҳли-Байтдан бўлган имомларимиздан нақл қилинган ҳадисларда ҳам яширин зийнатни бўйинга тақадиган занжир, билакузук ва оёққа тақиладиган қўнғироқлар деб тафсир қилинган. Бошқа кўпгина ҳадисларда узук, сурма ва шунга ўхшашлар зоҳир бўлган зийнат деб айтилгани учун яширин зийнатдан мурод беркитиладиган зийнат эканлиги маълум бўлади.

  1. «Аёллар рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар.» (Токи, бўйин ва кўксилари кўринмасин.) <وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلى‏ جُيُوبِهِنَّ>

Аёлларнинг ҳижоб ва ўранишига оид бўлган ушбу ояти каримада خُمُر (хумур) сўзи кўплик шаклида келган бўлиб, унинг бирлик шакли خِمَار (химор) حِجَاب ҳижоб вазнидадир. خِمَار (химор)нинг маъноси аёлларга хос бўлган соч, бўйин ва кўкракни беркитувчи рўмолга ўхшаш бош кийим демакдир.

جُيُوب (жуйуб) сўзи кўплик шаклида бўлиб, унинг бирлиги جَيْب (жайб) غَيْب (ғайб) вазнидадир. Ушбу сўз кўйлакнинг ёқаси маъносида бўлиб, мазкур оятда томоқ ва бўйин назарда тутилган. Шунингдек, кўкрак билан томоқ ёнма-ён бўлгани учун جُيُوب сўзи кўкрак қисмининг юқорисини ҳам ўз ичига қамраб олади.

Шуни ҳам эслатиб ўтмоқ лозимки, جُيُوب (жуйуб) сўзининг бирлиги бўлган جَيْب (жайб) калимаси бир марта Намл сурасининг 21 – оятида, бошқа бир марта Қасас сурасининг 22 – оятида ва ушбу сўзнинг кўплиги эса ушбу мақолада сўз юритилаётган Нур сурасининг 31 – оятида келган.

Юқоридаги ояти каримадан маълум бўладики, оят нозил бўлишидан олдин муслима аёллар рўмолларини бошларига боғлаб, қолган қисмини елка ёки орқаларига ташлар эдилар. Шунинг учун бўйин ва кўкракларининг оз миқдори кўриниб турарди. Ушбу ояти карима нозил бўлиши билан аёллар рўмолларини бўйин ва кўксиларига ташлаб баданларининг мазкур қисмларини тўсиб юришга буюрилдилар. Токи, бўйинлари ҳам, кўкракларининг очиқ қисми ҳам номаҳрам эркаклардан беркитилсин. Албатта, ояти кариманинг юқорида баён этилган шаъни нузулидан ҳам бу маъно яққол тушунилади.

  1. Юқоридаги ояти каримада муслима аёллар ҳижоб ва рўмолларини очиб, яширин зийнатларини ошкор этишлари жоиз ва мумкин бўлган ўринлар ҳам қуйидагича баён қилинади:

Улар зийнатларини кўрсатмасинлар <وَلا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ>

Магар ўн икки жойда зийнатларини ошкор эта оладилар:

  1. Эрларига <إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ>
  2. Оталарига <أَوْ آبائِهِنَّ>
  3. Эрларининг оталарига <أَوْ آباءِ بُعُولَتِهِنَّ>
  4. Ўғилларига <أَوْ أَبْنائِهِنَّ>
  5. Эрларининг ўғилларига <أَوْ أَبْناءِ بُعُولَتِهِنَّ>
  6. Ака-укаларига (أَوْ إِخْوانِهِنَّ)
  7. Ака-укаларининг ўғилларига (أَوْ بَنِي إِخْوانِهِنَّ)
  8. Опа-сингилларининг ўғилларига (أَوْ بَنِي أَخَواتِهِنَّ)
  9. Диндош аёлларига (أَوْ نِسائِهِنَّ)
  10. Ўз қўлларида мулк бўлганларга (чўриларга) (أَوْ ما مَلَكَتْ أَيْمانُهُنَّ)
  11. Аёлларга ҳожати бўлмаган тобе эркакларга (жинсий истаги бўлмаган телба ва ақли оз эркакларга) <أَوِ التَّابِعِينَ غَيْرِ أُولِي الْإِرْبَةِ مِنَ الرِّجالِ>
  12. Аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга

<أَوِ الطِّفْلِ الَّذِينَ لَمْ يَظْهَرُوا عَلى‏ عَوْراتِ النِّساءِ>

  1. Ояти каримадаги тўртинчи ҳукм қуйидагича баён қилинган: «Улар махфий зийнатлари билинсин деб юрганда оёқларини (ерга) урмасинлар.»

<وَلَا يَضْرِبْنَ بِأَرْجُلِهِنَّ لِيُعْلَمَ ما يُخْفِينَ مِن زِينَتِهِنَّ>

Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини ўзларига жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ўша тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида эркакларнинг шаҳватини қўзғаб, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилишига ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлгани боис, Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада бундай амални тақиқлаган. Бизнинг давримизда ҳам аёлларнинг пошнаси баланд пойафзалларни оёқларига кийиб олиб, кўчаларда махсус овозларни чиқариб юришлари худди жоҳилият давридаги аёлларнинг оёқларига турли тақинчоқлар ва қўнғироқлар тақиб олиб эркакларнинг эътиборини ўзларига жалб этаётган бўлиб кўринадилар. Шунинг учун бундай пойафзалларни кийиш муслима аёлларга тўғри ва жоиз бўлмайди.

Демак, мўмина-муслима аёллар иффат ва ҳаёли бўлиш йўлини тутиб, эркакларнинг қалбида шаҳват ўтини алангалайдиган, уларнинг нопоклик ва зино томон оғишларига сабаб бўладиган ҳар қандай ишлардан сақланиб бу борада жиддий ва кескин бўлишлари лозим. Ҳатто улар оёқларидаги тақинчоқлар ва қўнғироқларнинг ёки ҳозирги даврда пошнаси баланд пойафзалларнинг овозини эркаклар қулоғига эшиттиришдан сақланишлари зарур.

Аллоҳ таоло ояти кариманинг ниҳоясида эркак ва аёллардан иборат барча мўминларни Ўзи томон қайтиб тавба қилишга чақиради: «Аллоҳга барчангиз тавба қилингиз, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар.»

<وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعاً أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ>

Оятнинг охирида тавба қилишга чақирилганининг маъноси шуки, агар авваллари Аллоҳ таолонинг ҳижоб ва ўраниш борасидаги ҳукмидан бехабар бўлганлиги сабабли ўзини номаҳрам эркаклардан ёпмаган мусулмон аёллар ҳижоб фарз қилинганлигини билгач, Аллоҳнинг бандаси ўлароқ, Унинг фармони баробарида таслим бўлсинлар ва очиқ юрганликларидан пушаймон бўлиб, қилган гуноҳларидан тавба қилсинлар. Зероки, нажот ва ютуқ фақат Тангри таолонинг даргоҳига юзланиб, Унинг ҳукмларига бўйин сунишдир, холос. Инсон ҳаётида хавли тойишлар ва адашишлар эҳтимоли кутилади, бундай ҳолатларда фақат Худонинг фазлу марҳамати билангина нажот топиш мумкин.

Фойдаланилган адабиётлар:

[1]. Шайх Ҳур Омилий, Васоилуш-шиа, 14 – жилд, 139 – бет ва шунингдек, Нурус-сақалайн ва Руҳул маоний номли тафсир китобларида бир оз тафовут билан ояти кариманинг остида баён қилинган.

[2]. Сиқатул ислом Кулайний, Усули кофий китоби ва Нурус-сақалайн тафсири, 3 – жилд, 587 ва 588 – бетлар.

Share

Check Also

Пардоз-андознинг энг моҳир устаси

Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим Дунёдаги энг моҳир пардоз устаси ким эканлигини ва унинг ишxонаси қаерда эканлигини …

One comment

  1. salomunalekum,ushbu sayt zahmatkashlariga uz minnaddorchiligimizni bildirish bilan birgalikda ulardan bir iltimosimiz ham bor. sayt yunaltiruvchilari sizlardan iltimos imkoningiz bulgan holda arabcha oya va suzlarni kiril harflari bn ham arabcha yozuv yonida qovus ichida yozib quyinglar toki biz kabi arab hariflarini tanimaganlar ham oyat yoki usha arabcha suzlarni uqa olaylik. raxmat

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.