Home / Шариат қонунлари / Никоҳ / Вақтинчалик никоҳ қай тарзда жорий этилади? Унинг талаб ва шартлари қандай?

Вақтинчалик никоҳ қай тарзда жорий этилади? Унинг талаб ва шартлари қандай?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Савол: Вақтинчалик никоҳ амалда қандай бажарилади? Уни ким ўқиши керак? Қандай ўқиш керак? Мусулмон бўлмаган християн ва яҳудий аёллар билан ҳам вақтинчалик никоҳ қилса бўладими?

Жавоб: Вақтинчалик никоҳ ҳам худди доимий никоҳ каби жорий этилади. Имкон қадар никоҳ сийғаси араб тилида ўқилса, яхшироқдир. Аммо бунинг имкони бўлмаган тақдирда, бошқа турли тилларда ҳам никоҳ сийғасини ўқиш жоиз ва мумкин. Бу борада мужтаҳидларнинг деярли ҳаммалари ушбу масалани айтганлар.

Никоҳ сийғасини ўқиётганда, бир-бирига номаҳрам бўлган эркак ва аёлнинг ўртасида эр-хотинлик риштаси юзага келишини ният қилмоқлик шарт ва зарур. Бошқа таъбир билан айтганда, бир-бирига мутлақо номаҳрам бўлган икки нафар никоҳ ўқиш билан уларнинг ўратасида эр-хотин ва маҳрам бўлиш ҳолати юзага келишини назарда тутмоқ лозим. Акс ҳолда ўқилган никоҳ тўғри бўлмай, эр-хотинлик алоқаси юзага келмайди. Шариат таъбири билан айтганда, никоҳ ўқиётиб «Иншо», яъни ижодни назарда тутмоқ лозим.

Шунинг учун, никоҳ сийғаси ижод ва қабулдан иборат бўлиб, аёл киши ижод қилса, эркак киши уни қабул қилиб олади. Аёл киши ўзини эркакнинг никоҳига ўтганини ижод қилади ва эркак киши эса ушбу ижодни қабул қилиб олади. Агар шу йўсинда никоҳ ўқилса, қайси тилда ўқилган бўлишидан қатъий назар, ушбу никоҳ саҳиҳ ва тўғри бўлади. Натижада, икки номаҳрам ўртасида эр-хотинлик ва маҳрамлик алоқаси пайдо бўлади.

Шариат қонунларига амал қилинадиган кўп жойларда йигит ва қиз доимий турмуш қуриш учун ота-оналарнинг розилиги билан ўзаро келишиб олгач, бир-бирини яхши таниб олиш мақсадида ўзаро гаплашиб юрган ва учрашиб турган вақтларида гуноҳга йўл қўймаслик учун белгиланган тўй маросимининг куни етиб келгунга қадар вақтинчалик никоҳ ўқилади. Вақтинчалик никоҳнинг талаб ва шартларига риоя қилган ҳолда йигит ва қизнинг ўзи ҳам никоҳ сийғасини ўқишлари мумкин.

Муваққат никоҳни ўқишдан олдин вақт ва маҳр белгиланиши шарт. Белгиланган вақт тугаши билан ёки эр қолган вақтдан воз кечиши билан вақтинчалик ўқилган никоҳ барҳам топиб, яна йигит ва қиз бир-бирига номаҳрам бўлади. Кейин яна доимий никоҳни ўқиш мумкин бўлади. Вақтинчалик никоҳда вақтни белгилашда имкон қадар кун ва соат маълум ва аниқ бўлиши керак. Акс ҳолда никоҳ вақти ўтиши билан йигит ва қиз бир-бирига номаҳрам бўлганидан бехабар бўлиб қолишлари мумкин.

Тўй санаси маълум бўлгач, доимий никоҳ ўқишдан бир оз олдин, яъни бир неча дақиқа олдин эр: «Мен қолган вақтдан воз кечдим», дейиши билан доимий никоҳни ўқиш мумкин. Албатта, вақтинчалик никоҳни бир йил никоҳ тўйигача деб ҳам жорий этилса кифоядир. Чунки ҳар ҳолда бундай вақтинчалик никоҳнинг ойи, куни ва вақти маълумдир! 

НИКОҲНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТАРИҚАСИ

Аёл киши биринчи бўлиб айтади: 

«Мен муайян бир муддат (масалан; бир йил) мобайнида фалон миқдордаги (масалан; бир миллион сўм) маҳр билан ўзимни сизнинг никоҳингизга киргиздим».

Эркак киши унга жавобан: «Мен ушбу никоҳни белгиланган муддат ва маҳр асосида қабул қилдим», деб айтади.

Никоҳнинг араб тилидаги ибораси:

Аёл киши айтади: زَوَّجْتُكَ نَفْسِي فِي الْمُدَّةِ الْمَعْلُومَةِ عَلَى الْمَهْرِ الْمَعْلُومِ أَوْ عَلَى الصِّداقِ الْمَعْلُومِ

Эркак киши айтади: قَبِلْتُ التَّزْوِيجَ

Шундан кейин бу иккаласининг ўртасида маҳрамлик ва эр-хотинлик алоқаси пайдо бўлади. Диққатга сазовор бўлган нарса шуки, никоҳ ўқилганда, никоҳнинг муддати тайин этилмаса ва фақатгина маҳрни тилга олиш билан никоҳ ўқилса, ушбу никоҳ доимий бўлади, аммо агар муддати белгиланса, ушбу никоҳ муваққат саналади .Демак, доимий никоҳда فِي الْمُدَّةِ الْمَعْلُومَةِ айтилмайди.

Яна шу нарсани ҳам айтмоқ лозимки, никоҳ ўқиганда, унинг сийғасини мозий (ўтган замон) шаклида жорий этмоқ зарур, яъни «мен ўзимни сизнинг никоҳингизга киргиздим», деб айтиш шарт ва агар музореъ (келаси замон) шаклида, яъни «мен ўзимни сизнинг никоҳингизга киргизаман» деб айтса, ўқиган никоҳи тўғри ва саҳиҳ бўлмайди.

Демак, юқорида айтилган шароитларга риоя қилган ҳолда, эркак ва аёлнинг фақатгина ўзи никоҳни ўқиса ҳам жоиз ва мумкин. Бунинг бошқа йўли бирор шахсни никоҳ ўқиш учун вакил қилиш ёки эркак ва аёлдан бирортаси вакилликни қабул қилиб, у бириси тарафидан никоҳни жорий этиши ҳам жоиз ва мумкин. Албатта, вакил бўлиб никоҳни жорий этганда, никоҳ сийғаси бир оз фарқли равишда вакиллик таъбирини ишлатиш билан ўқилади.

Эркак «муваққат никоҳнинг қолган вақтидан воз кечдим», дейиши билан ёки никоҳнинг белгиланган вақти тугаши муваққат никоҳ барҳам топади ва натижада эркак ва аёл бир-бирига номаҳрам бўлади. Кейин яна доимий никоҳ ёки муваққат никоҳ ўқиш мумкин.

Юқорида келган арабча матн муваққат никоҳнинг асл ўқилиш ибораси бўлиб, ушбу никоҳни бошқа ибора ва жумлалар билан ҳам айтиш мумкин, лекин маъно нуқтаи назаридан ўзбек тилида ҳеч фарқ қилмайди.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.