Home / Ақоид ва Калом / Нубувват / Мусулмон бўлишга мажбурмизми?

Мусулмон бўлишга мажбурмизми?

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Баъзида ёшлар тарафидан «мусулмон бўлишга мажбур қилинганмизми? Ёки бошқа динларни танлашга ҳаққимиз йўқми?» қабилидаги саволлар қулоққа чалиниб туради. Шунинг учун бугунги баҳсимизда динда мажбурлаш борми ёки йўқлиги ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу борада Қуръони Каримда:

لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ ۖ  ﴿٢٥٦﴾

«Динда мажбурлаш йўқ», – деб айтилган.

Ана шу оятдан маълум бўладики, мажбурлаб динга киргизиш Қуръонга зид бўлган амалдир. Мазкур оятнинг давомида бунинг сабабини ҳам Аллоҳ таоло қуйидагича баён қилган:

قَد تَّبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ ۚ ﴿٢٥٦﴾

«Шубҳасиз, тўғри йўл гумроҳликдан ажраб ошкор бўлди» (Бақара сураси, 256-оят)

Бошқа ояти каримада эса бундай дейилади:

وَقُلِ الْحَقُّ مِن رَّبِّكُمْ ۖ فَمَن شَآءَ فَلْيُؤْمِن وَمَن شَآءَ فَلْيَكْفُرْ ۚ  ﴿٢٩﴾

(Эй элчимиз Муҳаммад (с.а.о) уларга) айтгин: «Бу ҳақ (дин) Раббингиз томонидан (келган)дир. Демак, ким хоҳласа, иймон келтирсин ва ким хоҳласа, куфр келтирсин» (Каҳф сураси, 29-оят)

Агар Аллоҳ таоло истаганида, ер юзидаги ҳамма инсонлар иймон келтириб мусулмон бўлишарди. Бу эса Худонинг ҳикматига тўғри келмасди. Бу борада Қуръони Каримда бундай дейилади:

وَلَوْ شَاءَ رَبُّكَ لَآمَنَ مَن فِي الْأَرْضِ كُلُّهُمْ جَمِيعًا ۚ أَفَأَنتَ تُكْرِهُ النَّاسَ حَتَّىٰ يَكُونُوا مُؤْمِنِينَ ﴿٩٩﴾

«Агар Раббинг хоҳласа эди, шак-шубҳасиз, ер юзидаги кишиларнинг ҳаммаси ёппасига (мажбурий ҳолда) иймонга келар эдилар. Демак, сен одамларни мўмин бўлишларига мажбурлайсанми?!» (Юнус сураси, 99-оят)

Ахир ҳидоятга мажбур этиш бу – Аллоҳ таолонинг ҳикматига зид келадиган ишдир. Нимага деганда, агарда Худонинг Ўзи мажбурлаб ҳидоят ёки гумроҳ этганида эди, Жаннат ва Дўзахнинг нима маъноси бўларди?!

Аввало шуни айтишимиз лозимки, ҳар бир пайғамбар ўзича турли хил динга даъват этмаган, балки пайғамбарларнинг ҳаммаси тавҳид ва яккахудоликка чақиришган. Аммо замонлар ўзаро фарқ қилгани учун ҳар замоннинг пайғамбари ўша замонасининг шароитига яраша ва унинг тақозосига биноан, муайян шариат билан келган.

Одамларнинг вазифаси эса ўз замонасининг Пайғамбари келтирган динга бўйсуниб, ундан илгари ўтган ҳамма пайғамбарларга иймон келтиришларидир.

Бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) пайғамбарларнинг энг сўнггиси бўлганлари учун ҳам, ул зот келтирган динга, яъни Исломга бўйсунмоғимиз лозимдир. Мана шунинг учун ҳам Қуръони Каримда:

وَمَن يَبْتَغِ غَيْرَ الْإِسْلَامِ دِينًا فَلَن يُقْبَلَ مِنْهُ وَهُوَ فِي الْآخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ ﴿٨٥﴾

«Кимки, Исломдан ўзга динни ихтиёр этса, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўлур». (Оли Имрон сураси, 85-оят) деб марҳамат қилинган.

Сўзимиз пировардида шуни таъкидлашимиз жоизки, Биз Аллоҳ таолонинг сўнгги элчиси ва расули Муҳаммад Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га иймон келтириб, Ислом динига бўйин сунишимиз билан ҳазрат Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва Яъқубнинг наслидан бўлган пайғамбарлар ҳамда Мусо ва Ийсо (алайҳимус салом) каби Аллоҳнинг илгариги пайғамбарларига ва уларга Аллоҳ тарафидан нозил бўлган илоҳий саҳифа ва китобларга иймон келтиришимиз ва уларнинг ҳақ эканлигини тасдиқ этишимиз зарур ҳамда уларнинг ҳеч бири ўртасида фарқ қўймаслигимиз даркор.

Бу борада Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда шундай деб буюради:

قُولُوا آمَنَّا بِاللَّـهِ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنزِلَ إِلَىٰ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَىٰ وَعِيسَىٰ وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِن رَّبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ ﴿البقرة: ١٣٦﴾

[Эй мўминлар,] айтингиз: «Аллоҳга ва бизларга туширилган нарсага ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва [Яъқубнинг] набираларига туширилган нарсаларга ҳамда Мусо ва Исога берилган нарсага ва [бошқа] пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга иймон келтирдик. Уларнинг ҳеч бири ўртасида фарқ қўймасмиз [уларнинг барчасини Аллоҳ тарафидан инсонлар ҳидояти учун юборилган ҳақ пайғамбарлар деб биламиз] ва биз Унинг Ўзигагина бўйин сунувчилармиз». (Бақара сураси, 136-оят)

قُلْ آمَنَّا بِاللَّـهِ وَمَا أُنزِلَ عَلَيْنَا وَمَا أُنزِلَ عَلَىٰ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَىٰ وَعِيسَىٰ وَالنَّبِيُّونَ مِن رَّبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ ﴿آل عمران: ٨٤﴾

(Эй элчимиз Муҳаммад (с.а.о) уларга) айтгин: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва [Яъқубнинг] набираларига туширилган нарсаларга ҳамда Мусо, Ийсо ва пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга иймон келтирдик. Уларнинг ҳеч бири ўртасида фарқ қўймасмиз [уларнинг барчасини Аллоҳ тарафидан инсонлар ҳидояти учун юборилган ҳақ пайғамбарлар деб биламиз] ва биз Унинг Ўзигагина бўйин сунувчилармиз» (Оли Имрон сураси, 84-оят)

Демак, мусулмон бўлишнинг маъноси илгариги ҳамма пайғамбарларга, уларнинг тавҳид ва яккахудоликка асосланган дин ва шариатларига иймон келтириб тасдиқ этиш ҳамда Аллоҳнинг энг сўнгги пайғамбари ва элчиси Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га иймон келтириб, ул ҳазрат келтирган охирги илоҳий шариатга бўйин суниш демакдир.

Бинобарин, мусулмон бўлган киши: “Мен ҳақиқий маънода насроний ва яҳудийман”- деб айта олади. Негаки, у ҳазрат Мусо ва Ийсо (алайҳимус салом)га ҳамда бу икки пайғамбарга нозил бўлган илоҳий китоб (Таврот ва Инжил)га иймон келтириб уларни тасдиқлайди. Ва шунингдек, бу икки илоҳий пайғамбар башорат қилган Аллоҳнинг охирги пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ҳамда ул зотга нозил бўлган илоҳий китоб Қуръони Каримга иймон келтиради ва ушбу охирги пайғамбарнинг шариатига тобе бўлади.

Яна шуни таъкидлашимиз лозимки, ҳазрат Мусо ва Ийсо (алайҳимус салом) сингари илгариги пайғамбарларга нозил бўлган китоб ва шариатларга иймон келтириб уларни тасдиқ этишдан мурод, ўша ўзининг замонида нозил бўлган илоҳий китоблардир. Бироқ кейинчалик ушбу илоҳий китоблар яҳудий ва насронийларнинг олимлари томонидан ўзгартирилди ва бу ўзгартирилган китобларга эмас, балки Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган асли Таврот ва Инжилга иймон келтириб тасдиқлаймиз.

Ушбу эътиқод мусулмонларнинг бошқа дин вакилларидан устун ва юқори туришларини яққол кўрсатиб туради. Зероки, бу ақидада Аллоҳнинг ҳамма пайғамбарларига ва уларга нозил бўлган нарсаларга иймон келтириш ҳамда уларнинг ҳеч бири ўртасида фарқ қўймаслик мавжуд.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.