Home / Шариат қонунлари / Рўза / Гуноҳларнинг кечирилиши Рамазон ойининг туҳфаси

Гуноҳларнинг кечирилиши Рамазон ойининг туҳфаси

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Одамзот турли шароит ва ҳолатлар тақозоси ёки таъсири остида эҳтимол турли хато ва гуноҳларни содир этади. Гоҳида ўз Парвардигорига эътиборсизлик билан қарайди ва гоҳида эса ғафлатга чўмиб, ўз ибодатларини бажаришга вақт топмайди. Гоҳида бошқа инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол этади. Айрим ҳолларда эса, закот ва хумс каби инсон ўз молу мулкидан ажратиши вожиб этилган шаръий тўловларни тўлашдан қўл тортади. Бу гуноҳларнинг такрорланиши эса қалбни хиралаштиради ва одамни яратувчи Парвардигори оламдан узоқлаштиради.

Азиз рўзадор мўминлар, келинг, ушбу нуроний лаҳзаларда қўлларимизни осмон сари дуога кўтариб муборак Рамазон ойининг охирги кунларида Аллоҳ таолодан гуноҳларимизни мағфират қилишини сўрайлик. Шубҳасиз, У барча гуноҳларни кечиргувчидир.

Кафолат берувчи чеклар-у асосий ҳужжатлар, агар ёзувлари хиралашиб қолсаю бошқатдан ёзилмаса, албатта, ўз эътиборини йўқотади. Биз инсонлар ҳам, худди шундай. Агар арзимайдиган ва кичик бир гуноҳга йўл қўйсак, Аллоҳ таоло наздида ўз эътибор ва ҳурматимизни қўлдан бой берамиз. Агар тавба қилмасак, ўша йўқотган эътибор ва обрўйимизга қайта эга бўлолмаймиз.

Шунинг учун Аллоҳ таоло муборак Нур сурасининг 21- ояти каримасида шундай деб буюради:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ ۚ وَمَن يَتَّبِعْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ فَإِنَّهُ يَأْمُرُ بِالْفَحْشَاءِ وَالْمُنكَرِ ۚ وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّـهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ مَا زَكَىٰ مِنكُم مِّنْ أَحَدٍ أَبَدًا وَلَـٰكِنَّ اللَّـهَ يُزَكِّي مَن يَشَاءُ ۗ وَاللَّـهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

«Эй муминлар, шайтоннинг изидан эргашманглар! Кимки шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, шайтон бузуқлик ва ёмонликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, сизлардан бирор киши бирор гуноҳдан пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ фазлу марҳамати билан Ўзи хоҳлаган кишини поклагай. Аллоҳ эшитувчи, билгувчидир.»

Қандай ҳам гўзалки қуёш ботган чоғида рўзадорликнинг ошиқлари бўлмиш мўмин бандалар яратувчи Эгамнинг ризолиги билан ўз рўзаларини очишади ва Унга муножот айлаш улфатининг лаззати билан ифтор қилишади. Ўша вақтда улар меҳрибон Аллоҳ таолонинг даргоҳида меҳмон бўлишади.

Чиндан ҳам, қуёш ботган вақтида ҳақиқатни кўрувчи орифларнинг дуо қилиш ва ошиқларнинг мукофот олиш лаҳзаларидир. Ярим кечалар ва эрта тонг вақти нақадар гўзал лаҳзалар ҳисобланади.

Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок невараларидан бўлмиш олтинчи пешвоимиз имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) муборак Рамазон ойида Парвардигори каримнинг даргоҳига шундай илтижо қилардилар:

«Аллоҳим, менга насиҳат-мавъизалар буюрдинг, аммо мен улардан панд олмадим. Гуноҳлардан мени сақладинг, аммо мен гуноҳ қилишда давом этдим. Эндиликда, мен Сени даргоҳингга ҳеч қандай узр ва баҳона келтира олмайдиган бандангман. Мени гуноҳларимдан кеч, эй меҳрибон ва кечиримли Аллоҳ.

Аллоҳим, бандаларинг Сенинг чексиз илмингдан огоҳ эмаслар ва Сенинг манзилат ва қадр-қимматингни англаб етиш учун қудратга эга эмаслар. Ҳолбуки, ҳаммамиз Сенинг чексиз раҳматингга муҳтожмиз. Бас, Сен биздан юз ўгирма!»

Муборак Рамазон ойи гуноҳларнинг кечирилиш ва илоҳий раҳмат нурининг ёғилиш ойи ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг раҳмати бандаларига эҳсон ва неъмат ато этиш маъносидадир.

Ягона яратувчининг кенг раҳмати барча мавжудотларни ўз ичига қамраб олади. Ва ҳатто кофир ва гуноҳкор бўлган кишилар ҳам илоҳий раҳматдан бенасиб қолишмайди. Аммо Парвардигори карим наздида бошқа бир раҳмат ҳам бор бўлиб, бу раҳмат эса ҳазрати Ҳақ таолонинг лойиқ ва солиҳ бандаларига тегишлидир.

Муборак Рамазон ойи мўминларнинг сабр-тоқатли ва бардошли бўлишга, поклик ва парҳезкорликка етакловчи ҳамда эзгу амалларга эга бўлганларнинг ойи ҳисобланади.

Қандай ҳам гўзалки, бу муқаддас ойда Аллоҳ таолонинг бандалари илоҳий раҳматнинг зилол чашмаларидан ўз жисм ва руҳларини сероб айлашади. Улар бу ойда умид ва интизорлик билан буюк Аллоҳ таолонинг афв этиши ва мағфират қилишини кутишади.

Рамазон ойи нафсониятни тозалаш, ўзидаги айбларни бартараф этиш ва гуноҳлардан ўзини сақлаш ойидир.

Рамазон ойи қалбларимизни ёмон хусусиятлар ва ёвузликлардан пок этиш ойидир.

Ушбу ой душманликлар, гина-кудуратлар, хафачиликлар, ҳасад, кўра олмаслик, бахиллик ва шуларга ўхшаш бошқа ахлоқий разилликлардан покланиш ойидир.

Бу ой гуноҳларнинг ёмонлигидан қутулиш, нажот топиш, парҳезкорлик, саодат ва руҳий ором топиш учун ҳаракат қилиш ойидир. Бу ойда мўмин бандалар ўзларининг қалблари-ю руҳларини поклайдилар.

Рамазон ойи тавба қилиш ва Аллоҳ таоло томонига қайтиш қилиш ойидир. Ўз ҳаётларида бирон-бир гуноҳ ёки хатога йўл қўйган кишлар рўза тутиш билан ўз жонларини тозалайдилар.

Шубҳасиз, бу муборак ойда Аллоҳ таоло томонидан ваъда қилинганидек гуноҳлар кечирилади ва бу эса хато-камчиликларга йўл қўйган ёки турли гуноҳларни содир этган кишилар учун буюк бир мужда ҳисобланади. Ҳамда ўз нафсларига таслим бўлган кишилар бу ойнинг баракотларидан баҳра олиб, Аллоҳ таоло ҳузурига қайтишлари мумкин.

Пушаймон бўлган гуноҳкор киши муборак Рамазон ойида Парвардигори карим учун рўза тутса, ўз ўтмишидан ўкиниб тавба қилса ва шуниндек, Аллоҳ таолодан кечирим сўраса, шубҳасиз, у Аллоҳ таолонинг кечириши ва афв этишига эришажак.

Расули Акрам (саллалоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида шундай марҳамат қиладилар: «Ва ҳува шаҳрул мағфирати», яъни Рамазон ойи Парвардигорнинг мағфират ойидир.

Рамазон ойи гуноҳларнинг кечирилиши ва Аллоҳнинг азобларидан озод этилиш ойидир.

«Ва ҳува шаҳрул инаабати», яъни Рамазон ойи тавба қилиш ойидир.

Умид қиламизки, Аллоҳ таоло бу ойда ҳаммамизга тавфиқ бериб қилган тавбаларимизни қабул айлаган бўлсин!

Ўзимизнинг яратилишдаги пок фитратимизга қайтишимиз учун бизга иноят қилган бўлсин!

Аллоҳ таоло бизларни ҳам Ўз мағфирати ва афвига лоиқ деб билсин! Омин.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.