Home / Шариат қонунлари / Рўза / Рамазон ҳайитининг файзли ва шукуҳли дамлари

Рамазон ҳайитининг файзли ва шукуҳли дамлари

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Мана Рамазон ҳайити ҳам етиб келди. Ушбу кун иймон аҳли ҳаётида муҳим мавқега эга. Зеро, Рамазон ҳайити Ислом динининг улуғворлигини намойиш этадиган, Аллоҳ йўлидаги йўловчилар учун саркаш нафс билан жиҳод қилиб ғалабага эришган кун ҳисобланади. Бу фараҳли кунда бутун борлиқ такбир ва шукрона садолари билан лиммо-лим. Намоз, дуо, илтижо ва муножотнинг хушбўй ҳиди замину замонни муаттар айлаган.

Исломдаги ибодат ҳар бир кишининг маънавий шаклланишида муҳим рол ўйнаши билан бир қаторда ижтимоий хусусиятларга ҳам эга. Рамазон ҳайити ҳам бундан мустасно эмас. Бу улуғ байрамнинг ирфоний хусусиятлари билан бирга унинг ижтимоий ва сиёсий томонлари ҳам мавжуд бўлиб уларни бу ерда зикр этамиз.

Ҳайит кунида мусулмонларнинг улкан йиғилиши уларнинг бирдамлиги ифодасидир. Бундай бирдамлик лаҳзаларида гина-кудуратлар ўрнини якдиллик ва ҳамфикрлилик туйғулари эгаллайди. Бир сафга тизилган мусулмонлар ўзаро ҳамдам ва ҳамнафас бўлиб, якдиллик жозибасини ҳис этишади.

Рамазон ҳайити инсоннинг ўз яратувчиси билан маънавий алоқасидан ҳикоят қилади. Бошқа томондан эса бу улуғ байрам мусулмонларнинг ўзаро тинч-тотув, ҳамдам ва ҳамнафас бўлиб яшашлари рамзидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг азиз невараларидан бири бўлмиш тўртинчи пешвоимиз имом Зайнулобидин (алайҳис салом) «Саҳифаи Сажжодия» номли дуолар тўпламининг 45-дуосида айтадилар:

«Эй Аллоҳим, биз фитр ҳайити куни Сенинг даргоҳингга юзланамиз. Сен бу кунни иймон аҳли учун байрам ва шод-хуррамлик кунига, мусулмон миллатининг якдиллик ва бирдамлик кунига айлантир.»

Бу муборак куннинг ижтимоий жиҳатлари ҳақида саккизинчи пешвоимиз имом Ризо (алайҳис салом) айтадилар:

«Фитр куни байрам сифатида белгиланган, токи, мусулмонлар ўзаро йиғилишиб, Аллоҳга берган неъматлари учун таъзим бажо келтирсинлар. Фитр куни тўпланиш ва закот бериш кунидир. Бу кун мусулмонларнинг ўзаро йиғилишиб, Аллоҳ таолога ҳамд ва сано айтишларини Парвардигори карим хўш кўради».

Фитр ҳайити куни мусулмонлар бандалик остонасига бош қўйиб, ягона Аллоҳи зулжалолга ҳамду сано айтишади. Шу билан бирга, улар ҳар қандай зулм ва зўравонликка қарши норозиликларини баён этишади.

Дунёдаги зўравон қудратлар муқаддас ислом динининг пок чеҳрасини хиралаштириб кўрсатаётган бир пайтда ислом байрамлари, жумладан Рамазон ҳайити мусулмонларнинг бирдамлиги ва уларнинг ислом душманларига қарши эътирозларини баён этишда муҳим восита саналади.

Сўзимиз сўнгида барча мусулмонларни Рамазон ҳайити билан муборакбод этиб, имом Зайнулобидин (алайҳис салом)нинг ийдул-фитр ҳақидаги дуоларининг бир қисмини келтирамиз:

«Парвардигоро, Муҳаммад (с) ва оли Муҳаммадга салому салавотлар йўллагин. Фитр ҳайитини бизга муборак айла. Уни ҳаётимизнинг энг масъуд кунларидан бирига айлантир.

Эй Аллоҳим, гуноҳларнинг маҳв этилиш куни бўлган Фитр ҳайити кунида пинҳон ва ошкора гуноҳларимизни мағфират айла!»

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.