Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Баъзиларнинг гумонича, Шиалар мушрик ҳисобланишадими?!

Баъзиларнинг гумонича, Шиалар мушрик ҳисобланишадими?!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Барча мусулмонлар тавҳид (яккахудолик) масаласида бирдам бўлиб, уларнинг ҳаммалари ҳам Аллоҳ таолога ширк келтириш жоиз эмаслигини айтадилар. Лекин нима ширку нима ширк эмаслиги борасида хилма-хил назарларни илгари сурадилар.

Тавҳид бир неча қисмга бўлинади. Ваҳҳобийларнинг эътиқодича, тавҳиднинг энг муҳими «улуҳиятда тавҳид»дир. Мўтазилийлар «Тавҳиди афъолийда» ихтилоф қилсалар, ашоира тоифаси «Тавҳиди сифатий»да ихтилоф қиладилар. Лекин «улуҳиятда тавҳид» масаласида деярли ҳамма мусулмонлар иттифоқ назарга эгалар. Зеро, Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилишни ҳамма мусулмонлар бирдамлик ва якдиллик билан «шикр» деб биладилар.

Аммо «улуҳиятда тавҳид» масаласида ваҳҳобийлар билан кўпчиликдан иборат мусулмонларнинг ўртасидаги асосий ихтилоф шундаки, қайси амал ибодат (сиғиниш) ҳисобланади ва қайси бири ибодат ҳисобланмайди. Ушбу масалада ваҳҳобийлар қолган мусулмонлар билан қаттиқ тортишиб уларнинг кўпчилигини, жумладан Аҳли-Байт мазҳаби издошларини (шиаларни) ширкда айблайдилар. Ваҳҳобийлар ҳар қандай таъзим қилишни ибодат ҳисоблаб, уни «ширк» деб биладилар. Биз уларга бу ерда қуйидаги савол билан мурожаат қилмоқчимиз:

Агар сиз айтгандек, таъзим қилиш ширк бўладиган бўлса, нима учун Аллоҳ таоло фаришталарга қараб: Одам (алайҳис салом)га сажда қилинглар, деб буюрди. Агар ваҳҳобийларнинг фикри тўғри бўлса, унда Аллоҳ таоло фаришталарга: «Одамга сажда қилиб Менга ширк келтиринглар» деган бўлади (Астағфируллоҳ). Бунинг устига, Шайтон Одамга сажда қилмаганлиги учун жаннатдан ҳайдалди. Ваҳҳобийлар ақидасига кўра, гуё Шайтон ширк келтиришни истамагани учун жаннатдан қувилди. (Астағфируллоҳ). Кўриб турганингиздек, ваҳҳобийларнинг бу борадаги фикри нақадар асоссиз ва нотўғридир. Демак, ҳар қандай таъзим ва эҳтиромни ширк дейишга алсо ҳаққимиз йўқ!

Қайси амаллар ибодат ва сиғиниш ҳисобланади ва қайси бири бундай эмас, ихтилофли масала бўлиб, бу ихтилофларнинг сабаби «ибодат ва сиғиниш» тушунчасидаги айрим ноаниқликлардир. Шунинг учун, аввало ушбу тушунчага ойдинлик киритишни лозим топдик.

Сиғиниш ва ибодат сўзи турли тушунчалар билан чалкашгани сабаб, бу борада айрим чалғиш ва адашишлар юзага келиши табиий ҳол. Уларни бартараф этиш учун таҳлилий қараш асосида баҳс юритамиз:

1. Ибодат ва сиғиниш – бу эҳтиром, таъзим ва иззат-икромдир. Бундай тушунтириш баъзи луғавий китобларда келтирилган, аммо бу хато ҳисобланади. Нимага деганда, агар ушбу тушунчани тўғри деб қабул қилсак, дунёда бирор мусулмон қолмайдики, мушрик бўлмасин. Ҳаммани мушрик деб айтишга тўғри келади!

Ахир ҳамма замон ва маконда одамлар ўзларидан юқорироқ мартабадагиларга ёки ёши улуғларга эҳтиром ва таъзим қиладилар. Масалан, фарзанд ўз ота-онаси қаршисида, ўқувчи ўз устози ва мураббийси қаршисида, ёшлар кексалар қаршисида таъзим ва эҳтиромда бўладилар. Ахир Аллоҳ таолонинг Ўзи фарзандларга қарата: «ота-оналарингиз қаршисида тавозу ва хоксорлик билан туринглар», деб буюрган-ку:

﴿وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا﴾

«Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни ёйгин ва: «эй Раббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин», деб айт». (Исро сураси, 24-оят)

2. Азамат, буюклик ва камолот қаршисида таъзим ва хузуъ (хоксорлик) қилиш ибодат ва сиғинишдир, деганлар ҳам ибодат ва сиғинишнинг маъносига тўғри таъриф бермаганлар. Зероки, “Раб” сўзи фақат Аллоҳ таолога хос эмас, балки бу сўз араб тилида ҳар қандай мудаббир ва тарбиячига ҳам айтилади. Энди Қуръони Каримнинг қуйидаги оятига диққат қилсак кўрамизки, фаришталар Одамга сажда қилишга буюрилдилар. Сажда эса – бу таъзим ва хузуъ қилишнинг энг юқори чўққисидир.

﴿وَإِذْ قُلْنَا لِلْمَلَائِكَةِ اسْجُدُوا لِآدَمَ فَسَجَدُوا إِلَّا إِبْلِيسَ أَبَىٰ وَاسْتَكْبَرَ وَكَانَ مِنَ الْكَافِرِينَ﴾

«Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимиз замонни [эслагин, эй Расулимиз] Шунда, ҳаммалари сажда қилишди, фақат Иблис [сажда қилишдан] бўйин товлаб, катталик қилди ва у кофирлардан бўлди.» (Бақара сураси, 34-оят)

Бунинг устига, Аллоҳнинг анбиёларидан бири ҳазрат Яъқуб (алайҳис салом) ўғилларини ҳазрат Юсуф (алайҳис салом)га сажда қилишдан нафақат қайтармаган, балки ул зотнинг ўзи ҳам уларга қўшилиб ҳазрат Юсуф (алайҳис салом)га сажда қилган! Бунга нима дейсиз?!

﴿وَرَفَعَ أَبَوَيْهِ عَلَى الْعَرْشِ وَخَرُّوا لَهُ سُجَّدًا ۖ وَقَالَ يَا أَبَتِ هَـٰذَا تَأْوِيلُ رُؤْيَايَ مِن قَبْلُ قَدْ جَعَلَهَا رَبِّي حَقًّا ۖ

«Ва у ота-онасини тахтга кўтарди ва улар (ота-онаси ва акалари Юсуфга) сажда қилган ҳолларида йиқилдилар. Ва у: «Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир. Раббим уни ҳаққа айлантирди», деди» (Юсуф сураси, 100-оят)

3. Ибодат ва сиғиниш – бу хузуъ ва таъзимни «шу таъзим ва хузуъ қилаётган қаршимдаги буюк зот Худодир» деган ният билан бирга амалга оширишдир. Ва шиалар ушбу маънодаги таъзим ва хоксорликни сиғиниш деб биладилар ва бу фикр ҳам Қуръони Каримга ҳамда ҳадисларга мувофиқ келади.

Демак, шиаларни ҳамда бошқа мазҳабдаги мусулмонларни азиз авлиёларнинг зиёратгоҳларига бориб, ўша муқаддас мақбараларни зиёрат қилганда, ўзларидан таъзим ва хоксорлик кўрсатганлари сабаб, уларни мушрикликда айблаш мутлақо нотўғри ишдир.

Ўзингиз буни ўйлаб сўнг хулоса чиқаринг, азиз ўқувчи!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.