Home / Аҳли-Байт / Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. Бу ойни муҳаррам ёки ҳаром ой деб айтилишининг сабаби, араб халқлари ушбу ойда урушишни ҳаром деб билишарди. Аммо ўта дардли бўлган Карбало воқеаси ушбу ҳаром ойда рўй берди. Барча мусулмонлар учун суюкли ва азиз бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг наслларидан бўлмиш саккизинчи илоҳий пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом) бу ой ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

«Жоҳилият даврида араблар ушбу ойга нисбатан ҳурмат-эҳтиром кўрсатишарди ва бу ойда урушмасдилар. Аммо ушбу ойда бизнинг қонимизни тўкишди, бизнинг ҳурматимизни поймол этишди, бизнинг болаларимиз ва аёлларимизни асирликка олишди ва хаймаларимизга ўт қўйиб, уларни ғорат қилишди. Ҳамда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг яқинларига муҳаббатли бўлишмади ва уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишмади».

Муҳаррам ойи, Ошуро кунида юз берган Карбало ҳодисасини эслатадиган ойдир. Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларининг издошлари ер юзида кенг тарқалгани сабабли ер куррасининг турли жойларида Муҳаррам ойи кириб келиши билан шаҳидлар саййиди ва сарвари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг издош ва ошиқлари юраклари тўла ғам-ғусса ила ул ҳазрат шаҳид бўлган кунда мотам ва азадорлик маросимларини шукуҳли тарзда ўтказишади. Мазкур қайғули ва аччиқ воқеа орадан неча асрлар ўтишига қарамасдан ҳеч қачон одамларнинг хотирасидан чиқмайди, балки Карбало фожеаси кундан кунга мусулмон халқлари ва Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хонадонини севадиганларнинг онг ва хотираларида қайта жонланади.

Бу мавзу ақл эгаси бўлган ҳар бир инсонни Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг буюк шахсияти, Ошуро ҳаракатининг фалсафаси нима эканлиги, ушбу воқеани қайта эслашдан кўзланган маъно-мақсад борасида ва ушбу ҳаракат йиллар давомида эскириш рангини ўзига олмагани ҳамда ушбу жараённинг ҳақиқатини топиш ҳақида фикрлашга ундайди.

Шиа мазҳабининг ақида ва ғояси Ошуро ҳаракатидан таъсир олган бир чуқур тафаккурдир. Шунга биноан, шаҳидлар саййиди ва сарвари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га аза тутиш ва мотам сақлаш шаҳодатталаблик ва шижоатлилик хусусияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, Муҳаррам ойидаги азадорлик ва мотам мажлислари юксак инсоний ва исломий қадриятларни қайта жонлантиришнинг рамзи ҳисобланади. Ушбу юксак қадриятлар учун Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг вафоли ёронлари ўз жонларини фидо қилишди. Шунинг учун, бу буюк воқеанинг маъно-моҳияти ва теран таълимоти шиа мусулмонларининг ижтимоий ва шахсий ҳаётига улкан таъсир кўрсатган.

Шиа мусулмонлари томонидан дунёнинг турли ўлкаларида ўтказиладиган маънавий мотам маросимлари, айниқса Ошуро маросими энг маъноли, энг чуқур ва энг кенг анъаналардан ҳисобланади. Турли миллатлар орасида Муҳаррам ойидаги азадорлик анъаналарининг аҳамияти ва ривожланишини эътиборга олган ҳолда ушбу қисқа мақоламизда дунёнинг турли ерларида Муҳаррам ойига бағишланган мотам мажлисларининг айрим жиҳатларига ишора қиламиз. Устоз шаҳид Мутаҳҳарий бу борада айтадилар:

«Ошуро воқеаси икки саҳифани; оқ ва нуроний ҳамда зулумот ва қаронғулик саҳифаларини ўз ичига қамраб олади. Бир қарашда фақат зулм, жиноят ва қоронғулик кўриниб, кишидан марсия ўқиб йиғлаш ва мотам тутишни талаб этади. Аммо агар ушбу воқеанинг нуроний саҳифаси устида тадқиқот олиб борилса, ушбу саҳифанинг қаҳрамонлари Имом Ҳусайн (алайҳис салом), ул ҳазратнинг хонадонлари ва ёронлари ҳисобланишади. Бу саҳифа жиноят эмас, балки қаҳрамонлик, довюраклик, шижоат, фахрланиш, нуронийлик, ҳақиқатнинг жилваланиши, инсоният ва ҳақиқатталабликдир. Агар Ошуро тарихининг нуроний саҳифасини ўқисак, ўшанда унинг таълимотларидан фойдалана оламиз».

Муҳаррам ойи яқинлашиши билан ислом дунёсининг турли ўлкаларида Аҳли-Байт издошлари бўлган мусулмонлар томонидан ғам-қайғу ва мотам мажлислари барпо этилади ва улар ўзларини бу ойнинг азадорлик тадбири учун тайёрлашади. Ислом дунёсида масжид, азадорлик масканлари ва Ҳусайния марказларини тайёрлаш ҳар бир минтақа, шаҳар ва қишлоқларда географик фарқлар ва маданий хусусиятлар билан турли кўринишларда ўтказилади. Мотам мажлисларини шукуҳли ўтказиш учун муқаддас маконларни тайёрлашда ёшлар, кекса ёшдаги кишлар ва барча мусулмонлар завқ билан иштирок этишади.

Муҳаррам ойи кириб келиши билан Ҳусайний хаймалар ва чодирлар ўрнатилиб, ушбу муқаддас маконлар тозаланади ва мотам белгиси сифатида қора байроқлар ўрнатилади. Ҳусайния маконларга байроқ ва шиорлар ёзилган турли матолар илиб қўйилади. Шунингдек, ушбу маконлар вақф этилган ва ҳадя қилинган гиламлар билан тўшалади ва мотам мажлислари шукуҳли ўтказилиши учун у жойларнинг муҳит-фазолари турли чироғлар билан нуроний этилади.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

ОШУРО КУНИ РЎЗА ТУТИШ ҲАҚИДА

Ошуро куни рўза тутиш – бу пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадони …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.