Home / Ислом тарихи / Расулуллоҳ(с.а.о) вафотларининг инкор этилиши

Расулуллоҳ(с.а.о) вафотларининг инкор этилиши

  Сарвари олам Муҳаммад Мустафо(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) душанба кунининг тушлик вақтида фоний оламдан кўз юмиб, боқий диёрга сафар қилдилар. Шу пайт Умар Мадинада ва Абу Бакр эса Мадина шаҳридан ташқарида бўлган Сунҳ минтақасида жойлашган ўз уйида эди.[1]  Оиша бу ҳақида шундай дейди: Умар ва Муғайра ибн Шўъбаҳ Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) уйларига киришга рухсат сўрагач,

ичкарига киришди ва у зотнинг аҳволлари қандай деб сўрашди-да, ул ҳазратнинг юзларига тортилган матони олишди. Умар Расулуллоҳни кўриши биланоқ фарёд этиб, «Вой Расулуллоҳ жуда ҳам қаттиқ ҳушдан кетибдилар» дедию яна юзларини ёпиб қўйди. Сўнгра улар ўринларидан туриб, уйдан ташқарига чиқиб кетишди.

  Уйдан ташқарига чиқиб кетаётганларида Муғайра эшикнинг ёнида туриб, Умарга қараб: «Эй Умар, Расулуллоҳ оламдан ўтганлар» деди.

  Умар унинг бу сўзига жавобан; «ёлғон сўзлаяпсан, ҳаргиз Расулуллоҳ мунофиқларга қарши жанг қилиб, уларни нобуд қилмагунча вафот этмагайлар. Бироқ, сен фитна ва қўзғолон қилишни истайсан, холос» деди.[2]

  Умар мазкур сўзга кифояланмай Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафотлари тўғрисида сўз очган ҳар бир шахсни таҳдид қилиб шундай дер эди:

   «Мунофиқ шахслар Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) оламдан ўтдилар, деб гумон қилмоқдалар, ҳолбуки, ул зот вафот этмаганлар. Балки Мусо ибн Имрон(алайҳис салом) қирқ кун ўз қавмининг кўзидан ғоиб бўлиб, Парвардигорнинг ҳузурига бориб, унинг қавми Мусо пайғамбар оламдан ўтди, деб айтганидан сўнг қайтиб келганидек, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) ҳам Парвардигор ҳузурига борганлар. Аллоҳга онт ичаманки, шубҳасиз, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) бизнинг орамизга қайтиб келиб, Пайғамбар оламдан ўтганлар, деб гумон қилган шахсларнинг қўл ва оёқларини кесгайлар».[3]

  Сўнра Умар ўз ҳаддидан ошиб, Пайғамбар(с.а.о) вафот этдилар, деган шахсларни ўлдиришга таҳдид қилиб шундай дер эди:

لَمَّا قُبِضَ النَّبِيُّ صلی علیه و آله وسلم، قَالَ عُمَرُ بْنُ خَطَّاب: مَنْ قَالَ: إِنَّ رَسُولُ اللهِ صلی علیه و آله وسلم،  مَاتَ عَلَوْتُ رَأسَهُ بِسَيْفِي هَذَا، وَ إِنَّمَا ارْتَفَعَ إِلَي السَّماءِ

  «Кимки, Расулуллоҳ оламдан ўтдилар, деса, қўлимдаги қиличим билан бошини танидан узгайман. Расулуллоҳ фақатгина осмонга кўтарилганлар, холос».[4]

   Умар саҳобаларни таҳдид қилаётган вақтда Ибн Умми Мактум Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) масжидларининг охида туриб қуйидаги ояти каримани Умарга қироат қилди:

﴿وَمَا مُحَمَّدٌ إِلا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِنْ مَاتَ أَوْ قُتِلَ انْقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ﴾

  «Муҳаммад фақат бир пайғамбардир, холос. Шубҳасиз, ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган. Демак, агар у вафот этса ёки қатл қилинса, орқангизга (кофирлик ҳолатига) қайтасизларми?!» (Оли Имрон сураси 144-оят).[5]

  Расулуллоҳнинг амакилари Аббос(разияллоҳу анҳу) ҳам Умарнинг сўзига қаршилик кўрсатиб шундай деди:

«إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ قَدْ مَاتَ وَ إِنِّي قَدْ رَأَيْتُ فِي وَجْهِهِ مَا لَمْ أَزَلْ أعْرِفُهُ فِي وُجُوهِ بَنِي عَبْدِ الْمُطَّلِبِ عِنْدَ الْمَوْتِ».

  «Шубҳасиз, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) оламдан ўтганлар ва албатта мен ул зотнинг сиймоларида ўлим пайти Абдул Мутталиб фарзандларининг юзида намоён бўладиган белги ва нишоналарини кўриб турибман».[6]

  Умар ўз ишидан орқага чекинмади. Шунда Аббос ибн Абдул Мутталиб(разияллоҳу анҳу) Умарга қарши ўлароқ у ерда тўпланган халоиққа қарата шундай деди:

  «Сизлардан бирор бирингиз Расулуллоҳнинг вафотлари ҳақида ул ҳазратдан ҳадис эшитганмисиз ва агар бу борада ҳадис эшитган бўлсангиз, бизга айтиб берингиз?» Уларнинг ҳаммаси «йўқ», деб жавоб беришди. Шунда Аббос(разияллоҳу анҳу) Умарга қараб: «Сен бу хусусида бирор нарсани биласанми?», деб ундан сўради. У ҳам «йўқ», деб жавоб берди.

  Шунда Аббос(разияллоҳу анҳу) у ерда тўпланганларга хитоб қилиб, деди: «Эй халоиқ, огоҳ бўлингизки, ҳеч ким Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) бирор бир шахсга ўз вафотлари ҳақида аҳд-паймон топширганликлари тўғрисида гувоҳлик бермади. Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга онт ичаманки, шубҳасиз, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) ўлим шарбатини тотганлар».[7] Умар эса ўкириб, таҳдид қилар эди.

  Шунда Аббос(разияллоҳу анҳу) Умарнинг таҳдид қилишига қарамай, ўз сўзини давом эттириб шундай деди:

  «Шубҳасиз, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) бошқа инсонлар каби офат ва ҳодисаларга учраб, оламдан ўтганлар. Демак, у зотни тезроқ тупроққа топширингиз. Аллоҳ сизнинг жонингизни бир марта ва юборган элчисининг жонини икки марта оладими? Ул ҳазрат Аллоҳнинг ҳузурида икки марта ўлим шарбатини тотишдан азиз ва улуғдир. Сизнинг сўзингиз тўғри бўлиб чиққан тағдирида ҳам Аллоҳга у зотнинг устидаги тупроқни чекага суриб, уни қабр ичидан чиқариши қийин эмас. Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)саодат ва нажот йўлини инсонларга кўрсатмай, оламдан кўз юммадилар».[8]

  Бироқ, Умар Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафот этмаганлар деган сўзини шу қадар такрорладики, унинг оғизининг икки томони кўпикланиб кетди.[9]

  Ушбу ҳодисадан сўнг, Солим ибн Абид Сунҳ минтақасига жўнаб, Абу Бакрни Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафотларидан хабардор этди.

  Абу Бакр Мадинага кириб келганида Умарни; Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)тирик, вафот этмаганлар. Пайғамбар(с.а.о) қайтиб келиб,  у зот дунёдан ўтганлар, деган шахсларнинг қўл ва оёқларини кесиб, уларни дорга осгайлар, деб таҳдид қилаётган ҳолда кўрди.

  Абу Бакр Умарга сукут сақлашини буюрди. Умар эса унга эътибор бермай, ўз сўзини давом эттираверди. Шунда Абу Бакр у ерда тўпланган халоиққа юзланди. Халоиқ унинг сўзини эшитиши биланоқ, Умарни тарк этиб Абу Бакрга қулоқ тутишди.

  Абу Бакр Аллоҳга ҳамду сано айтиб, шундай деди:

قال الزهري وحدثني أبو سلمة عن عبد الله بن عباس أن أبا بكر خرج وعمر بن الخطاب يكلم الناس فقال اجلس يا عمر فأبى عمر أن يجلس فأقبل الناس إليه وتركوا عمر فقال أبو بكر: أَمَّا بَعْدُ فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ يَعْبُدُ مُحَمَّدًا صلی علیه و آله وسلم،  فَإِنَّ مُحَمَّدًا قَدْ مَاتَ وَمَنْ كَانَ يَعْبُدُ اللهَ فَإِنَّ اللهَ حَيٌّ لا يَمُوتُ.

  «Кимки, Муҳаммадга ибодат қиладиган бўлса, шубҳасиз, Муҳаммад вафот этгандир. Кимда ким Аллоҳга ибодат қиладиган бўлса, У доим тирик ва ҳаргиз ўлмайди. Кейин у қуйидаги оятни тиловат қилди:

﴿وَمَا مُحَمَّدٌ إِلا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِنْ مَاتَ أَوْ قُتِلَ انْقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ﴾

  «Муҳаммад фақат бир пайғамбардир, холос. Шубҳасиз, ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган. Демак, агар у вафот этса ёки қатл қилинса, орқангизга (кофирлик ҳолатига) қайтасизларми?!» (Оли Имрон сураси 144-оят)».[10]

  Умар мазкур оятни Абу Бакрдан эшитиши биланоқ ором топиб, тинчланди. Ҳолбуки, Ибн Умми Мактум ушбу оятни Абу Бакрдан олдин Умарга ўқиган эди, лекин Умар уни қабул қилмаганди. Умар Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафотлари хусусидаги ўз раъй-фикрини Муғайранинг Пайғамбар вафот этганлар, деган сўзини эшитиши ва Ибн Умми Мактум мазкур оятни тиловат қилиши ҳамда Расулуллоҳнинг амакилари Аббос ибн Абдул Мутталиб(разияллоҳу анҳу)нинг далил ва ҳужжат келтириши билан ҳам ўзгартирмади ва уларнинг ҳеч бирларининг сўзига парво қилмай, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) оламдан ўтмаганлар, деб қаттиқ туриб олди. Лекин Абу Бакр Мадинага кириб келиб, нутқ сўзлаши биланоқ, орқага чекиниб, тезлик билан унинг сўзини қабул қилди.

  Умар нима сабабдан ортга чекиниб, Абу Бакрнинг Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг вафот этганликлари тўғрисидаги сўзини қабул қилиб ором топгани ҳақида шундай дейди:

فَأَخْبَرَنِي سَعِيدُ بْنُ الْمُسَيِّبِ أَنَّ عُمَرَ قَالَ وَاللهِ مَا هُوَ إِلَّا أَنْ سَمِعْتُ أَبَا بَكْرٍ تَلَاهَا فَعَقِرْتُ حَتَّى مَا تُقِلُّنِي رِجْلَايَ وَ حَتَّى أَهْوَيْتُ إِلَى الأَرْضِ حِينَ سَمِعْتُهُ تَلَاهَا عَلِمْتُ أَنَّ النَّبِيَّ صلی علیه و آله وسلم،  قَدْ مَاتَ.

  «Аллоҳга онт бўлсинки, Абу Бакр ушбу оятни тиловат қилганини эшитишим биланоқ, оёқларим шу даражада сусайиб қолдики, жойимдан қимирла олмай ерга йиқилдим ва оёқларим мени кўтара олмай қолди ва шу пайт Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) оламдан ўтганларига ишондим».[11]

  Умар ибн Хаттобнинг айрим тарафдорлари унинг Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафотларини инкор этганини оқлаш мақсадида қуйидаги сўзларни айтганлар:

  Умарнинг Пайғамбар(с.а.о)га бўлган муҳаббати жуда ҳам чуқур бўлгани ва шунингдек, Расулуллоҳ(с.а.о)ни қўлдан бериш натижасида унда пайдо бўлган ғам-қайғунинг шиддатли бўлгани сабабли, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафот этдилар, деган ҳар бир мусулмонга қарши қилич тортиб, уни ўлимга таҳдид қилар эди!!

  Айрим тарихчи олимлар эса Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафот этган кунлари Умар ақлдан озиб, мазкур бемаъни  сўзларни айтган эди!![12]

  Аммо юқорида айтилган сўзларнинг барчаси ҳақиқатдан узоқдир. Зероки, Умар Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг халифалик мансаби борасида Абу Бакр билан келишиб олгани сабабли, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафот этган вақтда Абу Бакр Мадинада ҳозир бўлмагани туфайли, мабодо Бани Ҳошим ва Ансор гуруҳи[13] ул ҳазратдан сўнг мусулмолар устидан халифа ва пешво тайинласинлар учун Абу Бакр Мадинага етиб келгунига қадар Умар уларни йўлдан оздириш мақсадида Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) тирик, оламдан ўтмаганлар, деган сўзлар билан уларни чалғитиб турди.

  Аҳли суннатнинг йирик олими бўлмиш Ибн Абул Ҳадид бу борада шундай дейди:

إِنَّ عُمَرَ لمَّا عَلِمَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ6 قَدْ مَاتَ، خَافَ مِنْ وُقُوعِ فِتْنَةٍ فِي الإِمَامَةِ، وَ تَغَلُّبِ أَقْوَامٍ عَلَيْهَا، إِمَّا مِنَ الأَنْصَارِ أَوْ مِنْ غَيْرِهِمْ، فَاقْتَضَتِ الْمَصْلَحَةُ عِنْدَهُ تَسْکِينَ النَّاسِ بِأَنْ أَظْهَرَ مَا أَظْهَرَ مِنْ کَونِ رَسُولِ اللهِ صلی علیه و آله وسلم،  لَمْ يَمُتْ، وَ أَوْقَعَ تِلْکَ الشُّبْهَةَ فِي قُلُوبِهِمْ، حِرَاسَةً لِلدِّينِ وَ الدَّوْلَةِ إِلَي أَنْ جَاءَ أَبُو بَکْرٍ.

  «Умар Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафот этганликларини пайқаб қолгач, имомат ва хилофат масаласи хусусида фитна ва қўзғалон юз беришидан ва Ансор гуруҳи ва бошқа саҳобалар халифалик амалини қўлга киритишларидан қўрқди. Шу боис, халоиқни тинчитиб, уларни ором ҳолда сақлаб туришни маслаҳат кўрди ва Абу Бакр келгунига қадар дин ва давлатни қўриқлаш мақсадида Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)оламдан ўтмаганлар, деган сўзларни изҳор қилиб, инсонлар онгида ушбу шубҳани юзага келтирди».[14]

  Умар хилофат мансаби Ансор гуруҳининг қўлига ёки Ҳошим зурриётидан бўлган имом Али(алайҳис салом)нинг қўлига тушиб қолишидан қаттиқ хавфсираб турар эди. Балки, Умарни қўрқувга солган ягона масала, имом Али(алайҳис салом)нинг халифалик мансаби устига келишлари эди. Негаки, Ансор гуруҳининг номзоди бўлмиш Саъд ибн Убода хилофатни қўлга киритиш учун унчалик ҳам омадга эга эмас эди. Зероки, Ансор гуруҳидан бўлган Авс қабиласи Саъд ибн Убодага қарши эди ва муҳожирлар орасидан эса унга байъат қиладиган бир киши ҳам топилмасди.

  Шу боис, агар Абу Бакрнинг издошлари хилофатни эгаллаш учун имом Али(алайҳис салом)га қарши чиқишмаганида ва ҳатто Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг муборак жасадлари дафн этилишидан олдин хилофатни қўлга киритиш учун саъй-ҳаракат қилишмаганида эди, шубҳасиз, хилофат амали имом Али(алайҳис салом)нинг қўлларига тушиш билан якунланар эди.

  Шу ҳақиқатни айтиб ўтмоқ лозимки, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)га бўлган муҳаббат ва у зотни қўлдан бериш қайғуси Умарни шу даражада таъсирлантириб, Абу Бакр Мадинага етиб келгунига қадар Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафот этмаганлар, дейишга ундаган бўлса, нима учун ул ҳазратнинг муборак жасадларини дафн этишда иштирок этмай, уни у зотнинг мусибат кўрган хонадони орасида қўйиб кетиб, Абу Бакр билан биргаликда шошган ҳолда Сақифаи бани Соида томон йўл олишди ва Ансор гуруҳи билан халифалик тахти устида талашишди?

  Ансор гуруҳи Сақифаи бани Соида номли маконда йиғилишиб, Саъд ибн Убодани Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг халифа этиб танламоқчилар, деган хабар Умар ва Абу Бакрга етиб келгач, Умар Абу Бакрга шундай деди:

  «Келгин биродарларимиз бўлмиш Ансор гуруҳи томон йўл олайлик ва улар қандай иш қилаётганларига бир назар солайлик. Улар шундай ҳолда Сақифага боришдики, ҳануз Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг муборак баданларига ғусл берилмаган, кафан қилинмаган ва дафн этилмаган эди ва у зотни шундай ҳолда тарк этиб, уйларининг эшигини ул ҳазратнинг устидан ёпиб кетишди».[15]

  Аҳли суннатнинг йирик тарихчи олими Табарийнинг айтишича; «Абу Бакр ва Умар Сақифаи бани Соида номли маконда Ансор гуруҳи билан халифалик тахти устида талашаётган вақтда имом Али(алайҳис салом) бутун жидду жаҳдлари билан Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг муборак баданларига ғусл бериш, кафан қилиш ва дафн этишга машғул эдилар».[16]

 


 Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Ушбу воқеани ўз китобида келтирган аҳли суннатнинг тарихчи олимлари қуйидагилардан иборат:

  1. 1. Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий», 11-йил, Ҳадисус-сақифаҳ, Ливан нашрида 2-ж, 232-б, Қоҳира нашрида эса 2-ж, 442-б.
  2. 2. Ибн Асир Ал-Жазарий, «Ал-Комилу фит-тарих», 2-ж 185 ва 186-бетлар, Асру хулафоир-рошидийн.
  3. 3. Ибн Ҳишом, «Сирату Ибн Ҳишом ёки Ас-Сийратун-набавийяҳ», 4-ж, 304-б.
  4. 4. Аш-Шайх Ҳусайн ибн Муҳаммад Ад-Диёрбакрий, «Тарихул хомийс фий аҳволи анфуси нафийс», 2-ж, 167-б.
  5. 4. Абу Зайд Аҳмад ибн Саҳл Ал-Балхий, »Китобул бадъи ват-тарих«, 2-ж, 137-бет.

[2]. Ушбу ҳодисанинг манбаи қуйидагилардан иборат:

  1. Байҳақий,» Далоилун-нубувваҳ ва маърифату аҳволи соҳибиш-шарийъаҳ«, 5-ж, 256-бетдан 264-бетгача.
  2. Ибн Саъд, »Ат-табақотул кубро«, 1-ж, 534-бет, зикру калаамин-нааси ҳийна шакку фий вафаати Расулиллоҳ(с.а.о).
  3. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснаду Аҳмад ибн Ҳанбал», 7-ж, 313 ва 314-бетлар, 25313-ҳадис, бошқа нашрида эса 6-ж, 219 ва 220-бетлар.
  4. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Тарихул ислом ва вафаётил машоҳийр вал-аълом», 1-ж, 563 ва 564-бетлар.

[3]. Ушбу воқеани келтирган манбалар қуйидагилардан иборат:

  1. Ибн Саъд, «Ат-табақотул кубро», 1-ж, 533-бет, зикру калаамин-нааси ҳийна шакку фий вафаати Расулиллоҳ(с.а.о).
  2. Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий», 11-йил, Ҳадисус-сақифаҳ, Ливан нашрида 2-ж, 232-б, Қоҳира нашрида эса 2-ж, 442-б.
  3. Яъқубий, «Тарихул Яъқубий», Муассасатул аъламий лил-матбуот нашрида; 1-ж, 445-б, дору содир нашрида эса 2-ж, 114-б.
  4. Аш-Шайх Ҳусайн ибн Муҳаммад Ад-Диёрбакрий, «Тарихул хомийс фий аҳволи анфуси нафийс», 2-ж, 167-б.
  5. Ибн Ҳишом, «Сирату Ибн Ҳишом ёки Ас-Сийратун-набавийяҳ», Дору иҳёит-туросил арабий нашрида 4-ж, 305-б, Ал-Мактабатул асрийяҳ нашрида эса 4-ж, 270-б.
  6. Ибн Асир Ал-Жазарий, «Ал-Комилу фит-тарих», 2-ж 185 ва 186-бетлар, Асру хулафоир-рошидийн.
  7. Али ибн Бурҳониддин Ал-Ҳалабий, «Ас-сийратул ҳалабия», 3-ж, 354-б.
  8. Ибн Абул Ҳадид, «Шарҳи наҳжул балоға», 1-ж, 178-б ва шунингдек, 2-ж, 40-б.

[4]. Ушбу воқеанинг манбаи қуйидагилардан иборат:

  1. 1. Имодуддин Абул Фидоъ Исмоил ибн Али, «Тариху Абул Фидоъ; Ал-мухтасар фий ахборил башар, деб ном олган», 1-жилд, 219-бет.
  2. 2. Ибн Ал-Вардий, «Тариху Ибн Ал-Вардий», 1-жилд, 134-бет, Ахбору Аби Бакр ва хилофатиҳи.

[5]. Ушбу ҳодисанинг манбаи:

  1. 1. Ибн Касир,»Ал-бидаяту ван-ниҳаяҳ«, Дору иҳёит-туросил арабий нашрида 5-ж, 228 ёки 263-бет ва Дорул фикр нашрида эса4-ж,212-б
  2. 2. Байҳақий,» Далоилун-нубувваҳ ва маърифату аҳволи соҳибиш-шарийъаҳ«, 7-ж, 217-бет.

[6]. Мазкур воқеанинг манбаи:

  1. 1. Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий», 11-йил, Ҳадисус-сақифаҳ, Ливан нашрида 2-ж, 229-б, Қоҳира нашрида эса 2-ж, 436 ва 437-бетлар.
  2. 2. Қози Абу Бакр Ал-Боқилоний, «Тамҳийдул авоил ва талхийсуд-далоил», 489 ва 490-бетлар.

[7]. Ушбу воқеанинг манбаи:

  1. Ибн Саъд, »Ат-табақотул кубро«, 1-ж, 537-бет, зикру калаамин-нааси ҳийна шакку фий вафаати Расулиллоҳ(с.а.о).
  2. Байҳақий,» Далоилун-нубувваҳ ва маърифату аҳволи соҳибиш-шарийъаҳ«, 7-ж, 217-бет.
  3.  Ибн Касир,» Ал-бидаяту ван-ниҳаяҳ«, Дору иҳёит-туросил арабий нашрида 5-ж, 228 ёки 263-бет ва Дорул фикр нашрида эса 4-ж,212-б

 [8]. Ушбу воқеанинг манбаи:

  1. 1. Ибн Саъд, »Ат-табақотул кубро«, 1-ж, 533 ва 534-бетлар, зикру калаамин-нааси ҳийна шакку фий вафаати Расулиллоҳ(с.а.о).
  2. 2. Аш-Шайх Ҳусайн ибн Муҳаммад Ад-Диёрбакрий, «Тарихул хомийс фий аҳволи анфуси нафийс», 2-ж, 167-б.

[9]. Мазкур ҳодисанинг манбаи:

  1. 1. Ибн Саъд, »Ат-табақотул кубро«, 1-ж, 533 ва 534-бетлар, зикру калаамин-нааси ҳийна шакку фий вафаати Расулиллоҳ(с.а.о).
  2. 2. Аш-Шайх Ҳусайн ибн Муҳаммад Ад-Диёрбакрий, «Тарихул хомийс фий аҳволи анфуси нафийс», 2-ж, 167-б.
  3. 3. Али ибн Бурҳониддин Ал-Ҳалабий, «Ас-сийратул ҳалабия», 3-ж, 354-б.

 [10]. Мазкур воқеанинг манбаи:

  1. 1. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, »Саҳийҳул Бухорий«, 64-Китобул мағозий, 83-бобу маразин-Набиййи ва вафаатиҳи, 4454 ёки 4187-ҳадис.
  2. 2. Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий», 11-йил, Ҳадисус-сақифаҳ, Ливан нашрида 2-ж, 229-б, Қоҳира нашрида эса 2-ж, 436 ва 437-бетлар.
  3. 3. Ибн Касир,»Ал-бидаяту ван-ниҳаяҳ«, Дору иҳёит-туросил арабий нашрида 5-ж, 228 ёки 263-бет ва Дорул фикр нашрида эса 4-ж, 212-б.
  4. 4. Ибн Асир Ал-Жазарий, «Ал-Комилу фит-тарих», Дору китобил арабий нашрида 2-ж 186-б, ва Дорул кутубил илмийяҳ нашрида эса 2-ж, 9 ва 10-бетлар, зикру марази Расулиллааҳи ва вафаати.

 [11]. Мазкур воқеанинг манбаи:

  1. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, »Саҳийҳул Бухорий«, 64-Китобул мағозий, 83-бобу маразин-Набиййи ва вафаатиҳи, 4454 ёки 4187-ҳадис.
  2. Байҳақий,» Далоилун-нубувваҳ ва маърифату аҳволи соҳибиш-шарийъаҳ«, 7-ж, 215 ва 216-бетлар.
  3. Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий», 11-йил, Ҳадисус-сақифаҳ, Ливан нашрида 2-ж, 233-б, Қоҳира нашрида эса 2-ж, 442 ва 443-бетлар.
  4. Ибн Саъд, »Ат-табақотул кубро«, 1-ж, 536-б, зикру калаамин-нааси ҳийна шакку фий вафаати Расулиллоҳ(с.а.о).
  5. Ибн Касир, »Ал-бидаяту ван-ниҳаяҳ«, Дору иҳёит-туросил арабий нашрида 5-ж, 227 ва 228-бетлар ва Дорул фикр нашрида эса 4-ж, 212-б, Ал-Мактабатул асрийяҳ нашрида эса 4-ж, 337 ва 338-бетлар.
  6. Ибн Асир Ал-Жазарий, «Ал-Комилу фит-тарих», Дорул китобил арабий нашрида 2-ж 186-б, ва Дорул кутубил илмийяҳ нашрида эса 2-ж, 9 ва 10-бетлар, зикру марази Расулиллааҳи ва вафаатиҳи.
  7. Ибн Ҳишом, «Сирату Ибн Ҳишом ёки Ас-Сийратун-набавийяҳ», Дору иҳёит-туросил арабий нашрида 4-ж, 306-б, Ал-Мактабатул асрийяҳ нашрида эса 4-ж, 271-б.
  8. Абу Зайд Аҳмад ибн Саҳл Ал-Балхий, «Китобул бадъи ват-тарих», 2-ж, 138-бет.

[12].  Али ибн Бурҳониддин Ал-Ҳалабий, «Ас-сийратул ҳалабия», 3-ж, 354-б.

 [13]. Яъни; Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ни Мадинаи мунавварага даъват қилиб, у ҳазратга мадад берган мусулмонлар. Ансор гуруҳи Авс ва Хазраж қабиласидан ташкил топган инсонлар бўлиб, мусулмон бўлишларидан олдин ўзаро келиша олмай, доим уларнинг орасида қонли урушлар юз берар эдилар. Ислом нури Мадинаи мунавварага кириб келиши баракоти туфайли, бир-бирлари билан биродар бўлиб, уларнинг орасидаги келишмовчиликлар ўртадан кўтарилганди.

[14]. Ибн Абул Ҳадид, «Шарҳи наҳжул балоға», 2-жилд, 43-бет.

[15]. Мазкур воқеанинг манбаи:

  1. Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий», 11-йил, Ҳадисус-сақифаҳ, Ливан нашрида 2-ж, 242-б, Қоҳира нашрида эса 2-ж, 456 ва 457-бетлар.
  2. Ибн Ҳишом, «Сирату Ибн Ҳишом ёки Ас-Сийратун-набавийяҳ», Дору иҳёит-туросил арабий нашрида 4-ж, 306 ва 307-бетлар, Ал-Мактабатул асрийяҳ нашрида эса 4-ж, 272-б.
  3.  Аш-Шайх Ҳусайн ибн Муҳаммад Ад-Диёрбакрий, «Тарихул хомийс фий аҳволи анфуси нафийс», 2-ж, 167-б.
  4.  Абу Зайд Аҳмад ибн Саҳл Ал-Балхий, »Китобул бадъи ват-тарих«, 2-ж, 139-бет.

[16]. Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий», 11-йил, Ҳадисус-сақифаҳ, Ливан нашрида 2-ж, 242-б, Қоҳира нашрида эса 2-ж, 456 ва 457-бетлар.

Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.