Home / Ислом тарихи / Пайғамбаримиз меросларининг тортиб олиниши

Пайғамбаримиз меросларининг тортиб олиниши

  Пайғамбарнинг меросларини ул ҳазратнинг аҳли-байтлари (хонадонлари)дан зулм-зўравонлик билан тортиб олишди. Умар бин Хаттоб бу борада шундай дейди: Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) оламдан кўз юмганларидан сўнг, мен Абу Бакр билан бирга Али(алайҳис салом)нинг ёнига бориб, шундай дедик:

  Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)мерослари борасида нима дейсиз? Али(алайҳис салом) дедилар: Биз Расулуллоҳнинг меросларини олишда барча кишилардан кўра сазовордирмиз. Мен дедим: Хайбарга тегишли бўлган нарсани назарда тутаяпсизми? Имом Али(алайҳис салом) дедилар: Ҳа шундай, Хайбарга тегишли бўлган нарса назаримдадир.

  Дедим: Фадакка оид бўлган молу-мулкчи? Шунда дедилар: Ҳа шундай, Фадакка оид бўлган молу-мулкни ҳам назаримга олгандирман. Буларнинг барчаси бизга, яъни: Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг аҳли-байтлари (хонадонлари)га тааллуқли бўлган молу-мулклардир. Дедим: Шуни билингизки; Аллоҳга қасамки, агар қилични бўйнимизга қўйсангиз ҳам, сиз истаган бундай нарса амалга оша олмас ва бу молу-мулкларни сизларга бермагаймиз.

  Ҳазрати Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо) Абу Бакрга шундай марҳамат қилдилар: Расулуллоҳдан қолган менинг меросимни қайтариб беринглар. Абу Бакр деди: Уй жиҳозларини истайсизми ёки экиладиган ерларни ва Пайғамбарнинг боғлариними? Ҳазрати Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо) дедилар: иккаласини ҳам истайман. Сендан сўнг қизларинг меросхўринг бўлганидек, мен ҳам Пайғамбар.а.о)нинг меросхўридирман.

  Абу Бакр деди: Аллоҳга қасамки, Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) мендан яхшироқ эдилар, сиз ҳам менинг қизимдан яхшироқдирсиз, лекин нима қилайки, Пайғамбар.а.о) бу борада шундай марҳамат қилганлар: «Биз Пайғамбарлар тоифаси ўзимиздан сўнг мерос қолдирмаймиз, қолдириб кетган нарсамиз садақадир».

  Ибн Абул Ҳадид, аҳли суннат олими «Шарҳу Наҳжул-балоға» номли китобининг 4-жилд, 82-бетида ушбу ҳадис ҳақида шундай дейди: «Пайғамбарлар ўзларидан сўнг мерос қолдирмайдилар», деган ҳадисни Абу Бакрдан бошқа ҳеч ким ривоят қилмаган.

  Аҳли суннатнинг буюк алломаларидан бири Жалолиддин Суютий, ўзининг «Ал-хулафо» номли китобининг 89-бетида Абу Бакрнинг мазкур ривояти борасида шундай дейди: Кейинчалик «Биз Пайғамбарлар тоифаси ўзимиздан сўнг мерос қолдирмаймиз» деган мазмунда ҳадислар тўқиб чиқарилди ва Абу Бакрдан ўзгалар ҳам мазкур ҳадисни ривоят қилганлар, деб кўрсатиш учун Абу Бакрдан бошқаларга ҳам нисбат берилди.[1]

  Бухорий ўзининг «Саҳийҳул Бухорий» номли китобида ҳазрати Фотима(саломуллоҳу алайҳо) Абу Бакрга ғазаб қилган ҳолда дунёдан ўтганликлари борасида шундай ривоят қилган:

حَدَّثَنَا عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ: حَدَّثَنَا إِبْرَاهِيمُ بْنُ سَعْدٍ عَنْ صَالِحٍ عَنْ ابْنِ شَهَابٍ قَالَ: أَخْبَرَنِى عُرْوَةُ بْنُ الزُّبَيْرِ أَنَّ عَائِشَةَ أَمَّ الْمُؤْمِنِينَ رَضِىَ اللهُ عَنْهَا أَخْبَرَتْهُ: أَنَّ فَاطِمَةَ عَلَيْهَا السَّلَامُ إِبْنَةَ رَسُولِ اللهِ (ص) سَأَلَتْ أَبَا بَكْرٍ الصِّدِّيقَ بعدَ وَفَاةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ أَنْ يَقْسِمَ لَهَا مِيرَاثَهَا مَا تَرَكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ مِمَّا أَفَاءَ اللهُ عَلَيْهِ.

فَقَالَ لَهَا أَبُو بَكْرٍ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: »لا نُوَرِّثُ، مَا تَرَكنَاهُ صَدَقَةٌ« فَغَضِبَت فَاطِمَةُ بِنتُ رَسُولِ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ فَهَجَرَتْ أَبَا بَكرٍ، فَلَمْ تَزَلْ مُهَاجِرَتُهُ حَتَّى تُوُفِّيَتْ وَ عَاشَتْ بَعْدَ رَسُولِ اللهِ سِتَّةَ أَشْهُرٍ. قَالَتْ: وَ كَانَتْ فَاطِمَةُ تَسْأَلُ أَبَا بَكْرٍ نَصِيبَهَا مِمَّا تَرَكَ رُسُولُ اللهِ1 مِنْ خَيْبَرَ وَ فَدَكَ و صَدَقَتَهُ بِالْمَدِينَةِ، فَأَبَى أَبُو بَكْرٍ عَلَيْهَا ذَلِكَ.

  «Абдул Азиз ибн Абдуллоҳ ривоят қилиб, дедики, Иброҳим ибн Саъд Солиҳдан ва у эса ибн Шаҳобдан ривоят қилиб, дедики, Урват ибн Зубайр менга шундай хабар берди: Уммул мўъминин Оиша унга шундай хабар берди: Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг қизлари Фотима (саломуллоҳу алайҳо) Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафотларидан сўнг, у зот ўзларидан кейин қолдирган меросларини Абу Бакрдан тақсим қилишини талаб қилдилар.

  Абу Бакр у ҳазратга шундай деди: Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) марҳамат қилдиларки, «Биз мерос қолдирмаймиз, биз қолдирган нарса садақадир». Шунда Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг қизлари Фотима (саломуллоҳу алайҳо) Абу Бакрга ғазаб қилиб, вафот этгунларига қадар Абу Бакрдан узоқлашдилар ва ҳаргиз унинг ёнига бормадилар. Ҳазрати Фотима(саломуллоҳу алайҳо) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг, фақатгина олти ой яшадилар.

  Оиша деди: Фотима, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)қолдирган Хайбар ва Фадак ҳамда Мадинадаги садақаларини Абу Бакрдан талаб қилардилар. У эса ушбу меросларни Фотимага қайтариб беришдан бўйин товлар эди».[2]

Аҳли суннатнинг буюк олими бўлмиш Ҳоким Нишобурий, ҳазрати Фотима(саломуллоҳу алайҳо)ни дарғазаб этиш борасида қуйидаги ҳадисни Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан нақл қилган:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ لِفَاطِمَةَ عَلَيْهَا السَّلامُ: إِنَّ اللهَ يَغْضِبُ لِغَضَبِكِ وَ يَرْضَى لِرِضَاكِ.

  «Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)Фотима(саломуллоҳу алайҳо)га хитоб қилиб, шундай марҳамат қилдилар: Албатта, Аллоҳ сенинг ғазаб қилишинг туфайли ғазаб қилур ва рози бўлганлигинг учун, рози бўлур».[3]

  Ушбу ривоятдан маълум бўладики, ҳазрати Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо) Абу Бакр ва Умарга ғазаб қилган ҳолда бу оламдан кўз юмдилар. Шубҳасиз, ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) ҳар кимга ғазаб қилган бўлсалар, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари.а.о)ҳам у кимсага дарғазаб бўлурлар.

  Шуни айтиб ўтиш лозимки, Абу Бакр ҳазрати Фотима .а)нинг ҳақларидаги ҳадисни эшитганидан сўнг, ўзини йиғлаш ҳолатига келтириши, ҳақиқий эмас эди. Чунки, ушбу мазкур ҳадисни эшитиб туриб ҳам Фадакни ўз эгасига қайтариб бермади.

  Бошқа ривоятга кўра, Абу Бакр йиғламсираланиб турганда, Умар уни бу иши туфайли маломат қилди ва шундан сўнг, у иккаласи ўринларидан туриб, йўлга тушишди.

 


Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Ушбу сўзнинг манбаи:

  1. Ибн Саъд,»Ат-табақотул кубро«, 2-ж, 316-б.
  2. Ибн Абил Ҳадийд, «Шарҳи наҳжул балоға», 4-ж, 85-б.
  3. Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 9-ж, 39-б.

[2].Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий» 57-Китобу фарзил хумус, боб фарзил хумус, 3092 ва 3093-ҳадисларда. Шуниндек, «Саҳийҳул Бухорий», Китобул фароиз, 6725 ва 6726-ҳадисларда шундай қўшиимча қилинган:

فَهَجَرَتْهُ فَاطِمَةُ، فَلَمْ تُكَلِّمْهُ حتَّى مَاتَتْ.

  «Ҳазрати Фотима(саломуллоҳу алайҳо) оламдан ўтгунга қадар, Абу Бакрдан узоқлашиб, у билан сўзлашмадилар».

[3] Ҳоким Нишобурий, «Ал-мустадраку алас-саҳийҳайн», 34-Китобу маърифатис-саҳобаҳ, бобу «нидои явмил маҳшар, ғаззу абсоракум ан Фотимата ҳатто тамурра», 4783-ҳадис ва шунингдек, 4787- ва 4805-ҳадислар.

Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.