Home / Ислом тарихи / Айрим саҳобаларнинг Қиёмат кунидаги оқибати ҳақида

Айрим саҳобаларнинг Қиёмат кунидаги оқибати ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Юқорида зикр этилган айрим саҳобалар Аллоҳнинг ҳазрати Али (алайҳимус салом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг халифа ва ворис эканликлари хусусидаги фармонидан бўйин товлаганликлари учун, Қиёмат кунида қандай оқибатга дучор бўлишларини билмоқчи бўлсангиз, эътиборингизни «Саҳиҳул Бухорий»да ривоят қилинган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қуйидаги ҳадисларига жалб этамиз:

حدَّثَنَا مُوسَى بْنَ إِسْمَاعِيلَ، حدَّثَنَا أَبُو عَوَانَةَ، عَنْ مُغِيرَةَ، عَنْ أَبي وَائِلٍ قَالَ عَبْدُ اللهِ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ: أَنَا فَرَطُكُمْ عَلَى الْحَوْضِ، لَيُرْفَعَنَّ إِلَيَّ رِجَالٌ مِنْكُمْ، حَتَّىٰ إذَا أَهْوَيْتُ لِأُنَاوِلَهُمُ اخْتُلِجُوا دُونِي: فَأَقُولُ: أَيْ رَبِّ أَصْحَابِي! فَيقُولُ: لَا تَدْرِي مَا أَحْدَثُوا بَعْدَكَ.

Мусо ибн Исмоил, Абу Авонадан, у эса Муғайрадан, Муғайра эса Абу Воилдан ривоят қилиб дедики, Абдуллоҳ Пайғамбар оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай ривоят қилди:

«Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қилдилар: Мен сизлардан олдин Кавсар Ҳовузининг ёнида бўлурман. Сизлардан айрим кишилар менинг олдимдан жаҳаннам томон олиб борилгайлар. Токи, мен уларга етишиш учун интилган пайтимда, улар мендан узоқлаштириладилар. Шунда мен: Эй Парвардигорим, булар менинг саҳобаларим, дейман. Парвардигорим менга шундай жавоб қайтаргай: Сен билмассан, улар сендан сўнг, нималарни юзага келтирдилар».

Ҳадиснинг маъноси; Баъзи саҳобалар нафсоний хоҳиш-истакларига эргашганлари учун сен кўрсатган ҳидоят йўлидан оғиб, динда бўлмаган нарсаларни юзага келтирдилар.

حدَّثَنَا يحيي بنُ بُكَيرٍ، حَدَّثَنَا يعْقُوبُ بْنُ عَبْدِ الرَّحْمَنِ، عَنْ أَبِي حَازِمٍ قَالَ: سَمِعْتُ سَهْلَ بْنَ سَعْدٍ يقُولُ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ يقُولُ: أَنَا فَرَطُكُمْ عَلَى الْحَوْضِ، مَنْ وَرَدَهُ شَرَبَ مِنْهُ وَمَنْ شَرَبَ مِنْهُ لَمْ يَظْمَأْ بَعْدَهُ أَبَدًا، لَيَرِدُ عَلَيَّ أَقْوَامٌ أَعْرِفُهُمْ وَيَعْرِفُونِي، ثُمَّ يُحَالُ بَيْنِي وَبَيْنَهُمْ.

Яҳё ибн Букайр, Яъқуб ибн Абдураҳмондан ва у эса Абу Ҳозимдан ривоят қилиб дедики, мен Саҳл ибн Саъддан шундай деб айтганини эшитдим: Пайғамбар оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай деб марҳамат қилганларини эшитдим:

«Мен сизлардан олдин Кавсар Ҳовузининг ёнида бўлгайман. Кимки, ўша Ҳовузга кирса, ундан сув ичгай ва кимки, ундан сув ичса, кейин зинҳор чанқамас. Шунда баъзи кишилар менга кириб келурларки, мен уларни танийман ва улар ҳам мени танийдилар. Сўнгра эса мен билан уларнинг ўртасида тўсиқ пайдо бўлгай».

Абу Ҳозим деди: Мен ушбу ҳадисни айтаётган пайтимда Нуъмон ибн Абу Айёш эшитиб қолди. Менга қараб: Саҳлдан шундай эшитдингми? деди у. Мен: Ҳа шундай дедим. Шунда деди: Мен гувоҳлик бераманки, Абу Саид Худрий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ушбу ҳадисларига бундай қўшимча қилаётганини эшитдим:

إِنَّهُمْ مِنِّي! فَيُقَالُ: إِنَّكَ لَا تَدْرِي مَا بَدَّلُوا بَعْدَكَ. فَأَقُولُ: سُحْقًا سُحْقًا لِمَنْ بَدَّلَ بَعْدِي.

«Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): Улар мендандирлар, деб айтадилар. Шунда ул ҳазратга айтилур: Улар сиздан сўнг нималарни ҳам ўзгартирганликларини билмайсиз. Кейин мен шундай дегайман: Мендан сўнг кўрсатган йўлимни ўзгартирганлар Аллоҳнинг раҳматидан йироқ бўлсинлар[1]

Саҳиҳул Бухорий ва Саҳиҳи Муслим китобларида Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ушбу ҳадислардан маълум бўладики, Пайғамбармизнинг ҳузурларига шарафёб бўлиб, у зот билан бирга бўлган саҳобалар бир даражада бўлмаганлар, балки Аммор ибн Ёсир, Абу Зар Ғифорий, Ҳузайфа ибн Ямон, Салмони Форсий ва Миқдод ибн Асвад (разияллоҳу анҳум) каби айрим саҳобалар иймонли ва покиза инсонлар бўлиб, Ислом дини юксалиши учун арзигулик буюк ишларни бажарганлар. Уларнинг бошқа айримлари эса дилларида ғарази бўлган тақвосиз кимсалар бўлиб, Ислом динига жуда кўп зарарлар етказганлар ва турли хил бидъатларни юзага келтириш билан мусулмонларни хилма-хил оқим ва мазҳабларга бўлиниб кетишларига сабаб бўлганлар. Ислом динида вужудга келган энг катта бидъатлардан бири хилофат ва раҳбарликни макру ҳийла йўли билан ўз соҳиби бўлмиш ҳазрати Али (алайҳис салом)дан тортиб олиш бўлган.

Айрим саҳобалар дилларида нифоқ бўлган мунофиқлар бўлиб, улар Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг жонларига суиқасд қилишгача боришган. Аллоҳ таоло ушбу мунофиқларнинг ёвуз амалини фош этиб, бу хусусида Ўз Китобида шундай марҳамат қилган:

﴿يَحْلِفُونَ بِاللّهِ مَا قَالُواْ وَلَقَدْ قَالُواْ كَلِمَةَ الْكُفْرِ وَكَفَرُواْ بَعْدَ إِسْلَامِهِمْ وَهَمُّواْ بِمَا لَمْ يَنَالُواْ وَمَا نَقَمُواْ إِلَّا أَنْ أَغْنَاهُمُ اللّٰهُ وَرَسُولُهُ مِن فَضْلِهِ فَإِن يَتُوبُواْ يَكُ خَيْرًا لَّهُمْ وَإِن يَّتَوَلَّوْا يُعَذِّبْهُمُ اللّٰهُ عَذَابًا أَلِيمًا فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ وَمَا لَهُمْ فِي الأَرْضِ مِن وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍ

«Улар [яъни, мунофиқлар ножўя сўзларни] айтмаганликлари тўғрисида Аллоҳга онт ичадилар. Ҳолбуки, куфр сўзини аниқ айтгандилар ва исломга кирганларидан сўнг, кофир бўлдилар ҳамда улар ета олмаган нарсага [яъни, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) жонига суиқасд қилишга] уриндилар. Улар фақат Аллоҳ ва Унинг Расули уларни ўз фазлидан беҳожат қилгани учунгина [Аллоҳ ва Унинг Расулидан] интиқом олдилар, холос. Демак, агар тавба қилсалар, ўзлари учун яхши бўлур. Ва агар юз ўгирсалар, Аллоҳ уларни дунё-ю охиратда аламли азоб билан азоблагайдир. Ер юзида улар учун ҳеч бирор дўст ва ёрдамчи йўқдир». (Тавба сураси, 74-оят)

Аҳли суннат ва Аҳли-Байтнинг тафсирчи олимлари юқоридаги оятнинг нозил бўлганлик сабабини баён қилганда, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг жонларига суиқасд қилганини келтирганлар ва ушбу мудҳиш ҳодиса тарихий ҳужжатларга кўра, юз бергани ҳақида эътироф этганлар.

Аҳли суннат муфассирларининг аксарияти мазкур ояти кариманинг бу қисми: وَهَمُّواْ بِمَا لَمْ يَنَالُواْ [улар етолмаган нарсага уриндилар] Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) жонларига суиқасд қилиб, Табук урушидан қайтаётганларида ул зотни қатл этмоқчи бўлган мунофиқ саҳобалар назарда тутилганини ошкора баён қилганлар.

Ушбу ҳодиса қандай ҳолда юз бергани ҳақида тарихчи олимлари қуйидагича ёзиб қолдирганлар:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Табук урушидан сўнг мусулмонлар билан биргаликда Табук минтақасидан Мадинаи Мунавварага қайтаётганларида, ул зотнинг бир гуруҳ саҳобалари йўлдаги тоғли довонлардан бирида Пайғамбарни яширин ҳолда жарга йиқитиб, у ҳазратни қатл этиш қарорига келишди. Шу боис, улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан биргаликда тоғнинг довонли йўлидан боришга қарор қилишди.

Ушбу ёвуз ниятдан хабардор бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай буюрдилар:

Ҳар ким истаса саҳро-биёбон йўлидан борсин, зероки, ўша йўл кенг бўлиб, барча мусулмонлар осонлик билан у йўлдан ўтиб ўз сафарларида давом эта оладилар. Бироқ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзлари тоғлик ҳудуддаги довон йўлдан сафарларини давом эттирдилар. Шунда Пайғамбарни ўлдирмоқчи бўлган бир неча саҳобалар бу нопок ишни бажариш учун юзларини ниқоб билан ёпиб олиб, ул зотнинг йўлларини тўсишди.

Шу вақт Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз ҳамроҳларидан бири бўлмиш Аммор ибн Ёсирга: «Туянинг жиловини маҳкам тутгин», дедилар ва бошқа ҳамроҳлари Ҳузайфа ибн Ямон эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) туяларининг орқасидан ҳайдаб борарди. Тўсатдан орқа томондан ўша гуруҳнинг югуриб келаётган товуши эшитила бошлади ва улар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни ўртага қамраб олиб, ўзларининг ёвуз режаларини амалга оширмоқчи бўлишди.

Бу ҳолатни кўрган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ғазабланган ҳолда Ҳузайфага ўша кишиларни ўзларидан узоқлаштиришни буюрдилар. Шунда Ҳузайфа улар томонга ҳужум қилиб, қўлидаги ҳассаси билан уларнинг туяларининг юзига ура бошлади ва шунингдек, уларнинг ўзларини ҳам урди. Шундан сўнг, Аллоҳ таоло уларнинг юрагига қўрқув солди ва улар Ҳузайфа уларни таниб қолганини ва қилган макру ҳийлалари ошкор бўлганини пайқаб қолгач, тезлик билан шошилинч ҳолда мусулмонларга етиб олиб, уларга қўшилишди.

Ўша гуруҳ қочиб кетгандан сўнг, Ҳузайфа Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларига югуриб келиб, ул ҳазратга етиб олди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) у иккаласига: «Тезлик билан ҳаракат қилингиз», дедилар ва улар тезлик билан шошилинч ҳолда тоғнинг довонли йўлларидан ўтиб кетишди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дедилар:

«Эй Ҳузайфа, сиз бу шахсларни таний олдингизми?»

Ҳузайфа деди: Фалончи ва фалончи шахсларнинг туяларини танидим, лекин улар қоронғу кечада юзларини беркитиб олганликлари сабабли уларни таниб олишга қодир эмасдим.

Шунда Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дедилар:

«Улар нима мақсадда эканликларини ва қандай ишни амалга оширмоқчиликларини билиб ололдингизми?»

Ҳузайфа ва Аммор: Биз уларнинг мақсадларини тушуниб ета олмадик, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дедилар:

«Улар кечанинг қоронғулигидан фойдаланиб, мени тоғнинг юқорисидан пастга итариб юборишни режалаштирган эдилар».

Бу икки саҳоба ул ҳазратга: Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), мусулмонларга ўша мунофиқ шахсларни қатл этишларини амр қилинг, дейишди. Ул зот уларга жавобан дедилар:

«Инсонлар: «Муҳаммад ўз саҳобаларини айбдор қилиб, уларни қатл этади», деб айтишларини хўш кўрмайман».

Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу шахсларни бирма-бир у иккаласига танитиб шундай буюрдилар:

«Сиз бу ҳақиқатни бошқалардан яширингиз, уни ошкор этмангиз».[2]

Бироқ Пайғамбаримизнинг жонларига суиқасд қилган саҳобалар кимлардан ташкил топгани борасида Аҳли суннатнинг йирик олими Ибн Ҳазм ўзининг «Ал-Муҳалло Шарҳул Мужалло» номли фиқҳий китобида шундай деган:

إِنَّ أَبَا بَکْرٍ وَعُمَرَ وَعُثْمَانَ وَطَلْحَةَ وَسَعْدَ بْنَ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ أَرَادُوا قَتْلَ النَّبِيِّ وَإِلْقَاءَهُ مِنَ الْعَقَبَةِ فِي تَبُوكَ

«Шубҳасиз, Абу Бакр, Умар, Усмон, Талҳа ва Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбарни қатл этиб, ул зотни Табукдаги тоғли довондан пастга қулатмоқчи бўлишди».[3]

Ибн Ҳазм ушбу ҳодисани Валид ибн Абдуллоҳ ибн Жумайъдан ривоят қилган бўлиб, Муслим Нишорий ўзининг «Саҳиҳул Муслим» номли китобининг «Китобул жиҳод вас-сияр», бобул вафои бил-аҳд, 4531-ҳадисни ва шунингдек, «Китобу сифотил мунофиқийн ва аҳкомиҳим», 6931-ҳадисни ушбу шахс, яъни Валид ибн Абдуллоҳ ибн Жумайъдан ривоят қилган. Шу боис, Валид ибн Абдуллоҳ ибн Жумайъ, Муслим Нишобурийнинг ровийларидан ҳисобланиб, Муслим бу шахсдан ўз китобининг икки жойида ҳадис ривоят қилган. Аҳли суннат эътиқодига кўра, Муслим ривоят қилган барча ҳадислар саҳиҳ ва тўғри ҳадислар саналгани сабабли, ҳадисни кимдан ривоят қилиб келтирган бўлса, ўша ровийларнинг ҳаммаси ишончли-сиқа шахслар экани муқаррар.

Ушбу масалага шуни ҳам қўшимча қилмоқ лозимки, Аҳли суннатнинг буюк рижол-ровийшунос[4] олимлари ҳам ўз китобларида Валид ибн Абдуллоҳ ибн Жумайъ ишончли-сиқа ровий эканини тасдиқлаганлар, жумладан:

Имом Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Аз-Заҳабий ўзининг «Мийзонул иътидол фий нақдир-рижол» номли китобида Валид ибн Абдуллоҳ ибн Жумайъ ҳақида ўз назарини қуйигича билдирган:

وَثَّقَهُ ابْنُ مُعِينٍ، وَالْعِجلِي. وَقَالَ أَحْمَدُ وَأَبُو زُرْعَةَ: لَيْسَ بِهِ بَأسٌ وَقَالَ أَبُو حَاتَم: صَالِحُ الْحَدِيثِ

«Ибн Муъийн ва Ижлий ушбу шахсни ишончли-сиқа деб билишган. Аҳмад ва Абу Зуръаҳ «бу шахсда ҳеч бир айбу нуқсон йўқдир» дейишди. Абу Ҳотам эса «бу шахс саҳиҳ ва тўғри ҳадис соҳибидир» деган».[5]

Муҳаммад ибн Саъд ҳам ўзининг «Ат-Табақотул Кубро» номли китобида мазкур шахс тўғрисида шундай ёзади:

الوَلِيدُ بْنُ عَبْدِ اللهِ بْنِ جُمَيعٍ الْخَزَاعِي مِنْ أَنْفُسِهِمْ، وَکَانَ ثِقَةً وَلَهُ أَحَادِيثُ

«Валид ибн Абдуллоҳ ибн Жумайъ ал-Хазоъий ҳадис ривоят қилувчи шахслардан бўлиб, ишончли-сиқа ровийдир ва бир неча ҳадис ривоят қилган».[6]

Мазкур рижол-ровийшунос олимларнинг Валид ибн Абдуллоҳ ибн Жумайъ ишончли ровий эканини тасдиқлаган сўзларидан маълум бўладики, ушбу шахс ишончли ровий бўлиб, Пайғамбаримизни қатл этишни режалаштирган айрим саҳобалар хусусида қилган ривояти чиндан ҳам рост экани аён бўлади.

Ушбу ҳақиқат янада ошкор бўлиши учун пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг юқорида зикр этилган айрим мунофиқ саҳобалари Қиёмат кунида қандай оқибатга дучор бўлишларини билиш учун диққат-эътиборингизни «Саҳиҳул Муслим»да ушбу мавзу ҳақида келтирилган ҳадисга жалб этамиз:

حَدَّثَنَا أبُو بَکْرِ بْنِ أبِي شَيبَةَ، حَدَّثَنَا أسْوَدُ بْنُ عَامِرٍ، حَدَّثَنَا شُعْبَةُ بْنُ الْحَجَّاجِ، عَنْ قَتَادَةَ، عَنْ أَبِي نَضْرَةَ، عَنْ قَيسٍ قَالَ: قُلْتُ لِعَمَّارٍ: أَرَأَيتُمْ صَنِيعَکُمْ هَذَا الَّذِي صَنَعْتُمْ فِي أَمْرِ عَلِيٍّ، أَرَأْياً رَأيتُمُوهُ أَوْ شَيئًا عَهِدَ إِلَيْکُمْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ؟ فَقَالَ: مَا عَهِدَ إِلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ شَيْئًا لَمْ يعْهَدْهُ إِلَى النَّاسِ کَافَّةً، وَلَکِنْ حُذَيفَةُ أَخْبَرَنِي عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ فِي أصْحَابِي إِثنَا عَشَرَ مُنَافِقاً، فِيهِم ثَمَانِيةٌ لَا يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ حَتَّىٰ يلِجَ الْجَمَلُ فِي سَمِّ الْخِيَاطِ، ثَمَانِيَةٌ مِنْهُم تَکْفِيهِمُ الدُّبَيْلَةُ وَأَربَعَةٌ لَمْ أَحْفَظْ مَا قَالَ شُعْبَةُ فِيهِمْ

Абу Бакр ибн Аби Шайбаҳ, Асвад ибн Омирдан ва у эса Шўъбаҳ ибн Ҳажжождан, Шўъбаҳ эса Қатодадан ва у Аби Назраҳдан ва Аби Назраҳ эса Қайсдан ривоят қилиб дедики, Амморга шундай дедим: «Алининг халифа ва пешволиги хусусида тутган йўлингиз ва қилган ишингиз ўз раъй-фикрингиз асосида эдими ёхуд Расулуллоҳ сизларга буюрган аҳду паймон эдими?» Шунда Аммор деди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бутун инсонларга буюрмаган аҳду паймонни бизга ҳам айтмаганлар, лекин Ҳузайфа Пайғамбардан менга хабар бериб деди: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қилдилар: «Саҳобаларим орасида ўн икки мунофиқ мавжуд бўлиб, улардан саккиз киши туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар, [яъни, ҳеч қачон жаннатга кира олмаслар]. Ўша саккиз кишига бу буюк мусибат кифоядир. Аммо қолган тўрт киши ҳақида Шўъбаҳ нима деганини сақлаб қололмадим».[7]

Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий ҳам ўзининг «Саҳиҳул Бухорий» номли китобида бу борада қуйидаги ҳадисни ривоят қилган:

6215 حدثنا إبراهيم بن المنذر الحزامي حدثنا محمد بن فليح حدثنا أبي قال حدثني هلال بن علي عن عَطَاءِ بْنِ يَسَارٍ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ اَلنَّبِيِّ صَلَّى اَللَّهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ قَالَ: بَيْنَا أَنَا قَائِمٌ إِذْ أَقْبَلَتْ زُمْرَةٌ حَتَّى إِذَا عَرَفْتُهُمْ خَرَجَ رَجُلٌ مِنْ بَيْنِي وَبَيْنِهِمْ، فَقَالَ: هَلُمَّ، فَقُلْتُ أَيْنَ؟ فَقَالَ إِلَى اَلنَّارِ وَاَللَّهِ، قُلْتُ: مَا شَأْنُهُمْ؟ قَالَ: إِنَّهُمُ اِرْتَدُّوا بَعْدَكَ عَلَى أَدْبَارِهِمُ اَلْقَهْقَرَى. ثُمَّ إِذَا زُمْرَةٌ حَتَّى إِذَا عَرَفْتُهُمْ خَرَجَ رَجُلٌ مِنْ بَيْنِي وَبَيْنِهِمْ، فَقَالَ: هَلُمَّ، فَقُلْتُ: أَيْنَ؟ قَالَ إِلَى اَلنَّارِ وَاللَّهِ، قُلْتُ: مَا شَأْنُهُمْ؟ قَالَ: إِنَّهُمُ اِرْتَدُّوا بَعْدَكَ عَلَى أَدْبَارِهِمُ اَلْقَهْقَرَى. فَلاَ أُرَاهُ يَخْلُصُ مِنْهُمْ إِلَّا مِثْلُ هَمَلِ اَلنَّعَمِ.

Иброҳим ибн Мунзир Ҳазомий бизга ҳадис ривоят қилди, Муҳаммад ибн Фалиҳ бизга ҳадис ривоят қилди, отам ривоят қилиб деди: Ҳилол ибн Али, Ато ибн Ясордан ривоят қилди ва Ато ибн Ясор Абу Ҳурайрадан ривоят қилди ва Абу Ҳурайра эса Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ҳадис ривоят қилди. Ул ҳазрат шундай деб марҳамат қилдилар:

«Мен қиёмат кунида Кавсар Ҳовузи ёнида турган бўламан. Шунда ногаҳон бир гуруҳ менга кириб келади. Токи, мен уларни таниганимда, мен билан уларнинг орасидан бир киши чиқиб [ва улар билан учрашишимга тўсқинлик қилиб] уларга: «Келинглар», дейди. Шунда мен: «Қаерга», деб айтаман. У эса: «Аллоҳга қасамки, дўзах олови томонга», дейди. Мен: «Улар нима иш қилдилар?», деб сўрайман. У сўзимга жавобан: «Сиздан кейин улар орқаларига, жоҳилият даврига қайтдилар», дейди. Сўнгра яна бир гуруҳ менга кириб келади. Токи, мен уларни таниганимда, мен билан уларнинг орасидан бир киши чиқиб [ва улар билан учрашишимга тўсқинлик қилиб] уларга: «Келинглар», дейди. Шунда мен: «Қаерга», деб айтаман. У эса: «Аллоҳга қасамки, дўзах олови томонга», дейди. Мен: «Улар нима иш қилдилар?», деб сўрайман. У сўзимга жавобан: «Сиздан кейин улар орқаларига, жоҳилият даврига қайтдилар», дейди. Оқибат, улар орасидан ташлаб кетилган туялар каби жуда оз сонли кишиларгина дўзах оловидан нажот топгани менга кўрсатилади».[8]

Аҳли суннат биродарларимизнинг эътиқодига кўра, бизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг йўлларини, яъни нажот ва ҳидоят йўлини кўрсатадиган ва ул зотнинг Аҳли-Байтлари ўрнига шариат ва дин таълимотларининг манбаи ҳисобланган саҳобаларнинг кўпчилиги дўзах аҳлидан бўлсалар, унда ўзини дўзах оловидан қутқара олмаган саҳобалар қандайига бизга нажот йўлини кўрсатиб, бизни жаҳаннам оловидан қутқаради?! «Саҳиҳул Бухорий» ва «Саҳиҳул Муслим» китобларида дўзах аҳлидан бўлган саҳобалар ҳақида ўн еттита ҳадис ривоят қилиб келтирилган.

Энди сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобаларини чуқурроқ таниш мақсадида уларни тўрт тоифага бўлиб ушбу масалани ҳар томонлама таҳлил этароқ, бу борада ўз назаримизни қуйидагича баён этамиз:

  1. Аллоҳ таоло биринчи тоифадаги саҳобаларни барча хато-маъсият, гуноҳ ва нопокликлардан покиза этган бўлиб, улар Расулуллоҳнинг Аҳли-Байтлари, яъни хонадонлари аҳлидан бўлган кишилардир. Аллоҳ таоло Ўз Китобида уларга қарата шундай марҳамат қилган:

﴿إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُذْهِبَ عَنكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا

«Эй Пайғамбар хонадони аҳли, Аллоҳ фақатгина сизлардан нопокликни кетказишни ва сизларни буткул покиза қилишни истайди, холос». (Аҳзоб сураси, 33-оят)

Аҳли суннатнинг йирик алломалари, жумладан тафсирчи олим Жалолиддин Суютий ўзининг «Ад-дуррул мансур» номли тафсирида келтирган кўпгина ҳадислар асосида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадони аҳли «Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайн» эканликлари маълум бўлади. Бу гуруҳ саҳобалар бутун саҳв-хато ва нопокликдан йироқ ва маъсум бўлганликлари сабабли, уларнинг айтган сўзлари ва тутган йўллари бутун мусулмонлар учун ҳужжат ва далил экани муқаррар.

  1. Иккинчи тоифадаги саҳобалар доимо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг буйруқларига таслим бўлиб, у зотга бўйсунганлардир. Бу гуруҳ саҳобалар иймони холис саҳобалар бўлиб, Аллоҳ йўлида курашган зотлардир. Шунга қарамасдан, улар маъсум бўлмаганлари сабабли, улардан жуда ҳам оз хато ва камчиликлар юз берган. Шу боис, уларнинг озгина хатолари учун Аллоҳдан уларга мағфират сўраб: «رَضِي اللهُ عَنْهُمْ» Аллоҳ улардан рози бўлсин, деймиз.
  2. Учунчи гуруҳ саҳобалар; Аллоҳнинг Қуръондаги ушбу сўзига кўра:

﴿وَآخَرُونَ اعْتَرَفُوا بِذُنُوبِهِمْ خَلَطُوا عَمَلًا صَالِحًا وَآخَرَ سَيِّئًا عَسَى اللَّهُ أَن يَتُوبَ عَلَيْهِمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

«Яна бошқа бир кишилар борки, улар ўз гуноҳларини эътироф қилурлар. Улар яхши амални бошқа ёмонига аралаштириб юборганлардир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир». (Тавба сураси, 102-оят)

Яхши амални ёмон амалга аралаштириб, ислом йўлида хизмат қилган бўлсалар ҳам, хато ва гуноҳ ишларга йўл қўйганлар. Жамоат намозига қатнашиб юрган бўлсалар-да, май ҳам ичганлар, жангларда Пайғамбаримиз ёнларида туриб жиҳод қилган бўлсалар-да, зинога ҳам йўл қўйганлар, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилсалар-да, ўғриликка ҳам қўл урганлар. Гарчи бу гуруҳ саҳобалар кофир бўлмасалар-да, аммо фосиқ ва гуноҳкор саналадилар. Зино қилган ёки май ичган ёки ноҳақ қон тўккан ёхуд ўғирлик қилган шахсни одил деб айтолмаймиз. Агар бу тоифа саҳобалар одил ҳисоблансалар, унда кимни фосиқ дея оламиз?

Қандайига бу гуруҳ саҳобаларни муқаддас деб билиб, Пайғамбаримиздан сўнгги асирларда яшаб ўтган тақволи инсонлардан ҳам устун қўя оламиз?! Қандай қилиб Аллоҳнинг Қуръондаги ушбу очиқ ояти: إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُم﴿ «Шубҳасиз, Аллоҳнинг ҳузурида сизнинг энг улуғингиз, энг тақводорингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-ояти)га қарши чиқиб, тақвосиз ёки тақвоси оз бўлган бир саҳобани тақволи бўлган ғайри саҳобадан улуғ ва афзал дейиш мумкин?!

  1. Тўртинчи гуруҳ саҳобалар эса зоҳирда ва ташқи кўринишда Шаҳодатайн калимасини тилга олиб, яъни Аллоҳнинг ягоналигига ва Унинг сўнгги элчиси Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Унинг томонидан юборилган пайғамбар эканлигига гувоҳлик бериб ва ўзларини мусулмон деб билиб, Пайғамбаримиз орқаларида туриб жамоат намозини ўқиган бўлсалар-да, аммо дилларида Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) чиндан ҳам Аллоҳнинг элчиси эканига ва у ҳазратнинг сўзлари ҳақ эканига иймон келтиришмаган. Мунофиқун сураси ва Қуръони Каримнинг ўнлаб оятлари мунофиқларнинг турли хил ҳолатларини баён этиб, ушбу саҳобалар хусусида нозил бўлган.

Гарчи улар саҳоба бўлиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан ҳамнишин ва ҳамсуҳбат бўлган бўлсалар-да, биз бу тоифадаги мунофиқ саҳобаларни бошқа саҳобалардан ажратиб, Қуръони Каримга тобе бўлган ҳолда уларга нисбатан муҳаббатимиз йўқ. Бу борада эътиборингизни қуйидаги ояти каримага жалб этамиз:

﴿وَمِمَّنْ حَوْلَكُم مِّنَ الأَعْرَابِ مُنَافِقُونَ وَمِنْ أَهْلِ الْمَدِينَةِ مَرَدُواْ عَلَى النِّفَاقِ لَا تَعْلَمُهُمْ نَحْنُ نَعْلَمُهُمْ سَنُعَذِّبُهُم مَّرَّتَيْنِ ثُمَّ يُرَدُّونَ إِلَىٰ عَذَابٍ عَظِيمٍ

«Сизларнинг атрофингиздаги аъробий [кўчманчи араблар] орасида мунофиқлар бор, Мадина аҳли орасида ҳам мунофиқлар бор. Улар нифоқда бардавомдирлар. Сиз уларни билмайсиз, уларни биз билурмиз. Шубҳасиз, биз уларни икки карра азоблагаймиз. Сўнгра [Қиёмат кунида] улар улкан азобга қайтарилурлар». (Тавба сураси, 101-оят)

Юқорида келтирилган бир неча далилларга кўра, биз Аҳли-Байт издошлари ҳамма саҳобаларни бир даражада кўрмаймиз, балки уларни тўрт гуруҳга бўлиб, уларнинг ҳар бири билан ўз ўрни ва даражасига қараб муомала қиламиз. Агар лаънатлайдиган бўлсак, тўртинчи гуруҳни назарда тутамиз. Агар танқид қиладиган бўлсак, учунчи гуруҳ саҳобаларга қарата айтамиз. Ва агар улуғлаб ҳурмат қиладиган бўлсак, иккинчи гуруҳ саҳобаларга нисбатандир. Бироқ тобе бўлиб эргашадиган бўлсак, биринчи гуруҳ саҳобаларга қаратилгандир.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳиҳул Бухорий», Китобул фитан, бобу маа жааъа фий қавлиҳи таъало: ваттақу фитнатан…, 7048, 7049, 7050 ва 7051-ҳадислар.

Муслим ибн Ҳажжож Нисобурий, «Саҳиҳул Муслим», Китобул-фазоил, бобу исботи Ҳавзи Набиййино ва сифаатиҳи, 5860, 5861, 5862 ва 5863-ҳадислар.

[2]. Ушбу ҳодисани ўз китобида батафсил баён қилган Аҳли суннат алломаларидан айримларини келтирамиз:

  1. Абу Бакр Байҳақий, «Далоилун-нубувваҳ ва маърифату аҳволи соҳибиш-шарийъаҳ», 5-жилд, 256-бетдан 264-бетгача.
  2. Жалолиддин Суютий, «Ад-дурул мансур фит-тафсирил маъсур», 4-жилд, 240-бетдан 245-бетгача, Тавба сурасининг 74-ояти тафсирида.

[3]. Ибн Ҳазм, «Ал-Муҳалло шарҳул Мужалло», Миср нашрида 11-жилд, 224-бет, Ливанда чоп этилган янги нашрда эса 13-жилд, 86-бет.

[4]. Ҳадисларнинг санади билан шуғулланувчи, яъни ҳадис ривоят қилган одамларнинг кимлигини ва уларнинг қай даражада ишончли ёки ишончсиз ровий эканлигини ҳамда турли ровийларнинг ривоят қилган ҳадислари мўътабар ва асосли ёки заиф ва асоссиз эканини аниқлаш устида тадқиқот ишлари олиб борувчи илмга «Рижол илми» дейилади ва ушбу илм билан шуғулланувчи олимларга эса «Рижол олимлари» дейилади.

[5]. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий «Мийзонул иътидол фий нақдир-рижол», 4-жилд, 337-бет, 9362-рақам.

[6]. Ибн Саъд, «Ат-Табақотул Кубро», 5-жилд, 73-бет, 2560-рақам.

[7]. Муслим ибн Ҳажжож Нишобурий, «Саҳийҳул Муслим», Китобу сифотил мунофиқийн ва аҳкомиҳим, 6929-ҳадис.

[8]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳиҳул Бухорий», 81-Китобур-Риқоқ, 53-бобун фил-Ҳавз, 6215-ҳадис, аммо Байрут-Ливан Дорул фикр литтобааъати ван-нашр чопида эса 6587-ҳадис.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.