Home / Қурони Карим / Қуръон мўъжизалари / Қуръон Мўъжизасига Яна Бир Назар

Қуръон Мўъжизасига Яна Бир Назар

 Муқаттаъа ҳарфлари ҳақида
 Биз биламизки, Қуръони Каримнинг баъзи суралари муқаттаъа ҳарфлари билан бошланади: Масалан; «алиф лом мим», «алиф лом мим ро», «ёсин»  ва бошқалар.

Сураларнинг бундай муқаттаъа ҳарфлари билан бошланишининг ҳикмат ва сир-асрорлари ҳақида турли хил назариялар мавжуддир. Шуларнинг бири ҳадисларга кўра, Аллоҳ таоло қандайига буюк ва мангу қолажак мўъжиза бўлмиш Қуръони Каримни «алифбо»нинг оддий ҳарфларидан юзага келтирганини барчага намоён этган. Ахир Аллоҳнинг мўъжизали буюк каломи қандай қилиб содда «алифбо» ҳарфларидан ташкил топгани чиндан ҳам ажабланарлидир. Нимага деганда «алифбо»нинг бундай оддий ҳарфларини ҳатто кичкина бола ҳам айта олганда Аллоҳнинг каломи улардан юзага келгани ҳақиқатан энг юксак мўъжиза экани яққол аён бўлади.
  Энди шундай савол туғилиши мумкин: Қуръон қайси жиҳатдан мўъжиза ҳисобланади? Фақат тилнинг мукаммаллиги ҳисобланмиш фасоҳат ва балоғат жиҳатиданми? Бошқа таъбир билан айтганда: Қуръон ибораларининг тушунарли ва жозибадорлиги ва унинг фавқулодда таъсири жиҳатиданми ёки бошқа жиҳатлар ҳам борми?
  Аслида Қуръонга қайси томондан назар солмайлик, унинг мўъжизавий қирраларини кўришимиз мумкин. Жумладан:
  1. Фасоҳат ва балоғат (адабий нуқтаи назардан баркамоллиги) Қуръон иборалари ва унинг маъноларининг ғоят даражада етуклиги ва жозибадорлиги.
  2. Қуръоннинг ҳар жиҳатдан юқори ва юксак маъно ва мазмунга эга бўлиши, айниқса ҳар қандай хурофотлардан пок бўлган эътиқодга асосланганлиги.
  3. Илмий мўъжизалари; яъни ўша пайтгача инсонларга номаълум бўлган илмий масалаларни фош этиши.
  4. Ғайбий илмлардан хабардорлиги; яъни келажакда рўй берадиган ҳодисаларни олдиндан аниқ ва равшан шаклда айтиб берганлаги
  5. Қуръон оятларида ўзаро зиддият ва ихтилофнинг йўқлиги, бошқача айтганда; Қуръоннинг яхлитлиги… ва бошқа мўъжизавий томонлари.
  Бу беш жиҳатлар хусусида сўз юритиш узоқ давом этади, аммо биз кейинги дарслар асносида уларнинг қизиқарли томонларини кўздан кечирамиз:

1- Фасоҳат ва балоғат

  Маълумки, ҳар каломнинг икки жиҳати бўлади; бири- «сўзлар» бўлса, иккинчиси- унинг «маъно-мазмунлари»дир.
  Ҳар вақт содир этиладиган каломнинг сўзлари чиройли ва муносиб шаклда уйғун ва тароватли бўлиб, мураккаблик ҳолатидан холи бўлса ва шунингдек жумлаларнинг тузулиши маъно ва мақсадни тўлиқ ва мукаммал етказадиган жозибали бўлиб, эшитувчини ўзига ром этадиган бўлса, бундай каломга «фасоҳатли ва балоғатли калом» дейилади.
  Қуръон ушбу икки хусусиятга энг юқори даражада эга бўлган калом бўлиб, ҳозиргача ҳеч ким худди Қуръон оятлари ва суралари каби ўзига жалб қиладиган тароватли, гўзал ва ўзига хос ёқимли оҳангга эга бўлган бир каломни келтира олмаган.
  Олдинги мақолада кўриб ўтганимиздек, мушрик арабларнинг танлаган вакили «Валид бин Муғайра» Қуръон оятларини эшитиши билан ҳаяжонланган ҳолда қаттиқ таъсирланиб кетади ва маълум бир муддат қандай қилиб Қуръонга қарши курашиш кераклиги тўғрисида фикрга чўмади ва ахир-оқибат Қуръонни «сеҳр» ва ҳазрат Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ни эса «сеҳргар» деб аташни ҳамма Қурайш раҳбарларига буюради!
  Шундан кейин ҳам, жуда кўп мартаба ул зотни сеҳргарликда айблашади. Гарчи мушриклар Пайғамбаримизни бу йўл билан койимоқчи бўлсалар-да, лекин аслида ул зот қаршиларида ожиз эканлиларини тан олиб бу билан ҳазратга катта хизмат қилдилар.
  Дарҳақиқат, мушрикларнинг бундай айблаши Қуръоннинг фавқулодда таъсири баробарида ожиз қолганларини тан олиш эди. Негаки, оддий равишда бу юксак каломни таҳлил қилиш мумкин эмас эди ва уни «жумбоқли ва номаълум жозиба» деб номлашдан ўзга илож йўқ эди.
  Бироқ улар ушбу ҳақиқатни қабул қилиб, Аллоҳнинг каломи мўъжиза эканлигини эътироф этиб имон келтиргилари келмади. Унинг ўрнига «сеҳр» деб туриб олдилар-да, гумроҳлик йўлини тутдилар ва Ислом пайғамбарига «сеҳргар» деб ном қўйдилар!
  Ислом тарихда бу ҳақиқат кўплаб юз берган; баджаҳл, қўпол ва жоҳил одамлар ҳазрат пайғамбаримизнинг ҳузурларига шарафёб бўлиб, Қуръон оятларининг тиловатини эшитишлари биланоқ қалблари юмшаб ислом нури қалбларига йўл топган ва шу билан яшаш тарзларини ҳам ўзгартирганлар. Бунинг ўзи Қуръоннинг жозибадор эканлиги ва унинг фасоҳат ва балоғати «ёрқин мўъзижа» эканидан далолат беради.
  Узоққа бормайлик, ҳозирги кунда ҳам араб тили ва унинг адабиётини ўрганганлар Қуръоннинг ҳайратга солувчи адабий камолоти ҳақида айтадилар ва Қуръони Каримни қайта-қайта ўқиб, ундан лаззатланадилар ва уни ўқишдан туймай толиқиб ҳам қолмайдилар.
  Қуръон иборалари жуда аниқ ва маълум ўлчов ва ҳисобга эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида ор-номусли, вазмин ва матонатли баён билан очиқ-ойдин, шаффоф ва аниқдир ва керакли ўринда эса қатъий ва кесувчандир.
  Шуни ҳам қўшимча қилмоқ лозимки, жоҳилият даврида араб тили адабиёт нуқтаи назаридан жуда ривожланган эди, ҳаттоки ҳозирги кунда ҳам жоҳилият давридаги араб шеърлари етуклиги жиҳатидан машҳур бўлиб, улар араб тили шеърларининг энг яхши намуналаридан саналадилар.
 Қуръон нозил бўлишидан олдин ҳар йили арабларнинг энг буюк ва машҳур шоирлари йиғилишиб, ўзларининг энг олий даражали шеърларини «Адабий тижорат маркази» деб номланган Уккоз бозорида ўқиб беришар эди ва уларнинг энг яхши асарлари «йилнинг энг яхши шеъри» унвонини олар эди, кейин ана шу танланган шеърларни ёзиб Каъбага осиб қўйишар эди. Ҳазрат Расулуллоҳ пайғамбар этиб танланган даврда намуна сифатида еттита шундай шеър мавжуд эди, уларни «Муаллақотус сабъа» деб аташар эди.
  Аммо Қуръон нозил бўлгач, бу шеърлар Қуръон фасоҳати ва балоғати қаршисида ўз жозибасини қўлдан бой берди. Шунинг учун мушрик араблар бу шеърларни бирин-кетин Каъбадан олиб ташлашди ва ахир-оқибат улар онгидан мутлақо унутилиб кетди.
  Исломнинг буюк тафсирчи уламолари қўлларидан келганча Қуръон оятларининг ажойиб ингичка томонлари ҳақида кўплаб китоблар битганлар. Агар истасангиз бу китобларга мурожаат қилиб, биз юқорида айтиб ўтган Қуръони Каримга оид бўлган маълумотлар ҳақида ўз билим савиянгизни оширишингиз мумкин.
  Қуръони Карим билан танишсак, Ислом пайғамбарининг Қуръон ҳақида жуда аниқ таъриф билан буюган қуйидаги сўзлари муболаға эмаслигига ишонч ҳосил қиламиз:

ظاهره انيق و باطنه عميق لا تحصي عجائبه و لا تبلي غرائبه:

   «Қуръоннинг ташқи кўриниши ораста ва гўзалдир, ички олами эса чуқурдир ва фикру андишага тўлиқдир.»
  Пайғамбаримизнинг яқин шогирди бўлмиш ҳазрат Али (алайҳис салом) эса ўзининг Наҳжул балоға китобида Қуръони Карим ҳақида шундай дейди:

وفيه ربيع القلب، وينابيع العلم، وما للقلب جلاء غيره،

  «Қалблар баҳори Қуръондир, илм булоқлари унинг бағридан қайнаб чиқади, у-қалблар сайқали учун энг яхши воситадир!» (Наҳжул балоға; 175-Хутба).

Share

Check Also

Qur’оn va bugungi ilmiy kashfiyotlar!

Shubhasiz, Qur’оni Karim – bu tabiiyot, tibbiyot, ruhshunоslik yoki riyoziyot (matyematika) kitоbi emas. Qur’оni Karim …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.