Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Ислом Пайғамбарининг Энг Буюк Мўъжизаси

Ислом Пайғамбарининг Энг Буюк Мўъжизаси

Мангу қолажак мўъжиза

 Барча ислом уламолари бирдамлик билан «Қуръони Карим Ислом Пайғамбарининг энг буюк мўъжизадир», деб эътиқод қилганлар. Бунинг сабаби:

 Биринчидан; Қуръон инсонларнинг руҳи ва ақлига уйғун келадиган ақлий мўъзижадир.
 Иккинчидан; ҳамиша сақланиб келган мангу ва абадий мўъжизадир.
Учинчидан; 14 асрдан буён: «Агар бу самовий Китоб Аллоҳ томонидан нозил этилмаган десангизлар, худди унга ўхшаганини келтирингиз», деб бутун оламни даъват этиб келмоқда.
«Беллашувга чақирмоқ» деб номланган ушбу даъват Қуръони Каримнинг бир неча жойларида очиқ-ойдин келган, жумладан бир ерда шундай буюради:

(قُل لَّئِنِ اجْتَمَعَتِ الإِنسُ وَالْجِنُّ عَلَى أَن يَأْتُواْ بِمِثْلِ هَـذَا الْقُرْآنِ لاَ يَأْتُونَ بِمِثْلِهِ وَلَوْ كَانَ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ ظَهِيراً)

 Айтинг: «Шубҳасиз, агар бутун инсонлар-у жинлар (калима ва маъно жиҳатидан) бу Қуръонга ўхшашини келтириш йўлида жамлансалар, унга ўхшашини келтира олмаслар, агарчи бу ишда уларнинг баъзилари баъзиларга мададкор бўлсалар-да.» (Исро; 88-оят)
 Қуръоннинг бошқа оятида ушбу беллашишнинг шартини енгилроқ этиб, шундай марҳамат қилади:

(أمْ يَقُولُونَ افْتَرَاهُ قُلْ فَأْتُواْ بِعَشْرِ سُوَرٍ مِّثْلِهِ مُفْتَرَيَاتٍ وَادْعُواْ مَنِ اسْتَطَعْتُم مِّن دُونِ اللّهِ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ)

 Ёки: «Уни (Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган»,- дейдиларми? Айтинг: «Шунда, агар ростгўй бўлсаларингиз, шунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга кучингиз етган кимсани (ёрдамга ёки гувоҳликка) чақирингиз!» (Ҳуд сураси; 13-оят)
 Бундан сўнг шундай қўшимча қилади: Агар ушбу даъватни ижобат қилмасалар, шунда билингизки, бу оятлар Аллоҳ таоло томонидан тушурилган.

(فَإِن لَّمْ يَسْتَجِيبُواْ لَكُمْ فَاعْلَمُواْ أَنَّمَا أُنزِلِ بِعِلْمِ اللّهِ وَأَن لاَّ إِلَـهَ إِلاَّ هُوَ فَهَلْ أَنتُم مُّسْلِمُونَ)

 «Демак, агар (улар) сизларнинг даъватингизни ижобат қилмасалар, у ҳолда билингизким, у (Қуръон) шубҳасиз, Аллоҳнинг илми билан нозил қилинган ва Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир. Демак, энди сизлар ҳақиқатга таслим бўлурмисиз?!» (Ҳуд сураси; 14-оят)
 Яна бир карра беллашиш шароитини энг кам миқдорда баён этиб, шундай буюради:

(وَإِن كُنتُمْ فِي رَيْبٍ مِّمَّا نَزَّلْنَا عَلَى عَبْدِنَا فَأْتُواْ بِسُورَةٍ مِّن مِّثْلِهِ وَادْعُواْ شُهَدَاءكُم مِّن دُونِ اللّهِ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ)

 «Ва агар бандамизга туширган нарсамиздан шубҳада бўлсангиз, агар рост сўзловчилар бўлсангиз унга ўхшаш бир сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга ёрдамчиларингизни ёрдамга чақиринг.» (Бақара сураси; 23-оят)
 Аллоҳ таоло мазкур ояти кариманинг давомида ошкора шундай буюради:

(فَإِنْ لَمْ تَفْعَلُوا وَلَنْ تَفْعَلُوا فَاتَّقُوا النَّارَ الَّتِي وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ)

 «Демак, агар қилмасангиз ва ҳаргиз қила олмайсиз ҳам, шунда ёқилғиси одамлар ва тош ]бут ва санам[лар бўлган ва кофирлар учун ҳозирлаб қўйилган оловдан сақланингиз.» (Бақара сураси; 24-оят)
 Юқоридаги маънода нозил бўлган оятлар Қуръоннинг Аллоҳ тарафидан нозил бўлганлигига ва Қуръон Пайғамбаримизнинг буюк мўъжизаси эканлигига энг ёрқин далилдир. Тарих китобларида келтирилганидек, ҳарчанд Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва саллам) бошқа кўплаб мўъжизаларни ҳам келтирган бўлсалар-да аммо Қуръоннинг мўъжиза эканлигига кўпроқ таянардилар.
 Қуръони Карим ҳамманинг ихтиёрида бўлган жонли мўъжиза бўлгани сабабли биз кўпроқ Қуръоннинг мўъжиза экани хусусида сўз юритмоқчимиз.

Қандайига Қуръоннинг даъвати қаршисида ожиз қолдилар?

 Қизиғи шундаки, Қуръон ўз мухолифларини ўта кучли даражада беллашишга чақириб, уларни қўзғатувчан иборалар билан кураш майдонига даъват этган, то ҳеч кимга узру баҳона қолмасин, деб.
 «Агар ростгўй бўлсангиз, қани Қуръон оятига ўхшаш бирон нарса келтиринг-чи», «Ҳаргиз бу ишнинг уддасидан чиқа олмайсизлар», «Бу ишда бутун оламлардан ёрдам сўрасангиз», «Ҳеч бўлмаса шунга ўхшаган биргина сура келтиринг», «Агар юз ўгириб кофир бўлсангиз, оловда ёнгайсизлар»… каби иборалар ушбу ҳақиқатни тасдиқлайди.
 Буларнинг ҳаммаси бир томон, бошқа тарафдан эса пайғамбаримизнинг дин душманларига қарши курашишлари оддий бир курашиш бўлмаган, чунки, Ислом нафақат уларнинг юрак боғлаб тутган йўлларини хатар остига қўярди, балки, уларнинг иқтисодий, сиёсий нуфузларига ва қолаверса уларнинг ҳаётига жиддий ҳавф туғдирар эди.
 Бошқа сўз билан айтганда; Исломнинг ривож топиб тарқалиши Ислом душманларининг бутун ҳаётини таг-томири билан қуритарди. Шунинг учун душманлар бор куч-қудратлари билан исломга қарши курашишга бел боғлаган эдилар.
 Улар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи ва саллам) ни мағлуб қилиш учун нима бўлганида ҳам Қуръон оятига ўхшаш бирор нарса келтиришга уринар эдилар ва бу йўл билан Ислом нуфузини тўхтатиб, ўзларини инқирозга юз тутишдан сақлаб қолмоқчи бўлганлар. Шунинг учун улар Арабларнинг гапга чечан ва уста бўлган буюк нотиқ ва шоирларининг барчасидан ёрдам сўраб, улардан Қуръонга ўхшаш бирор оят битишни сўраганлар. Лекин уларнинг ҳаммаси Қуръонга юзма-юз келганларида енглиб, унинг олдида ожиз ва нотавон қолганлар ва шу боис, зудлик билан орқага чекинганлар. Бу ҳақда тарихда кўп маълумотлар ёзиб қолдирилган.

Валид бин Муғайра достони

 Қуръонга қарши курашишга даъват этилганларнинг бири «Валид бин Муғайра» эди. У «бани Махзум» қабиласидан бўлиб, ўша замонда араблар орасида иш кўзини биладиган, фикри ўткир шахс сифатида танилган эди.
 Шунинг учун Ислом душманлари ундан Қуръон ҳақида бирор чора-тадбир кўриб, Қуръоннинг ғаройиб оятлари ва унинг фавқулодда таъсири тўғрисида ўз фикрини билдиришни сўрадилар.
 Валид Ислом пайғамбарининг ҳузурларига келиб, ул ҳазратдан Қуръондан бир неча оятни унга ўқиб беришларини сўрайди. Ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) унга «Ҳамим сажда» сурасидан қисман тиловат қилиб берадилар.
 Бу оятларни эшитган Валид жуда қаттиқ таъсирланади ва у беихтиёр ўрнидан туриб, «бани Махзум» қабиласи томонидан уюштирилган йиғилишга келиб шундай дейди: Худога онт бўлсинки, ҳозиргина мен Муҳаммаддан шундай сўзларни эшитдимки, на инсонларнинг сўзига ўхшайди ва на жинларникига… Давомида шундай деди:

(و أنّ له لَحلاوةً و أنّ عليه لَطلاوةً و أنّ أعلاه لمثمرٌ و أنّ أسفله لمغدقٌ و أنَّه يعلو و لا يعلي علیه:)

 Унинг айтганлари қалбга ҳаловат беради ва ўзгача гўзалликка эгадир, унинг юқориси бамисоли баланд дарахт каби шохларида етилган мўл-кул мевалар бор, унинг илдизи эса баракотли озуқага эга бўлиб, у ҳар нарса устидан ғолиб келади ва ҳеч нарса ундан устун бўла олмагай.
 Бу хабар Қурайш орасида тез тарқалди ва одамлар «Валид Муҳаммаднинг ошиғига айланибди», деб айтишар эди! «Абу Жаҳл» бу гаплардан огоҳ бўлиши биланоқ ҳовлиққан ҳолда шошилиб Валиднинг уйига келди-да ушбу хабар Қурайш орасида тез тарқалганини унга етказди ва уни уларнинг маслисига даъват этди.
  «Валид» уларнинг мажлисига келиб шундай деди: Сизлар Муҳаммадни мажнун, деб ўйлайсизми? Ҳаргиз унда мажнунлик белгиларини кўрдингизми?!
Мажлисда ўтирганлар: Йўқ- деб жавоб беришди.
 Шунда Валид: Сизлар уни ёлғончи, деб биласизларми? Шу пайтгача орангизда ростгўй ва омонатдор бўлиб танилмаганмиди ва уни ишончли тўғри сўз номи билан чақирмасмидингиз?!-деб сўради.
Қурайш бошлиқларининг айримлари «Муҳаммадни нима деб айблашимиз мумкин?»- дедилар.
 Валид бир оз ўйловга бориб: «У сеҳргардир!»– деб айтинглар деди.
 Гарчи Ислом душманлари Қуръондан таъсирланиб унинг ошиғи бўлган одамларни Ислом пайғамбарини сеҳргарликда айблаб ул зотдан узоқлаштирмоқчи бўлган бўлсалар-да, аммо «сеҳр» сўзининг ўзи Қуръоннинг фавқилодда жозибага молик бўлган оддий бир калом эмаслигини яққол кўрсатар ва одамларни Қуръон тарафига кўпроқ жалб қилар эди. Улар бу жозибанинг номини сеҳр деб қўйган эдилар. Ҳолбуки, Қуръон ва сеҳр орасида ҳеч қандай алоқа йўқ эди.
 Қурайш зодагонлари халқ орасида юриб: «Муҳаммад моҳир сеҳргардир ва бу оятлар унинг сеҳридир, демак, ундан узоқлашинглар ва унинг суҳбатларига қулоқ берманглар, у сизларни ҳам сеҳрлаб қўяди!»- деб ҳар ерда овоза қила бошладилар.
 Бироқ уларнинг бу уринишлари фойда бермади ва уларнинг тузган режаси амалга ошмади. Ҳамма ёқда покиза қалбга эга бўлган ҳақиқат изловчи ташна инсонлар тўп-тўп бўлишиб Қуръони Карим томон кела бошладилар ва бу самовий Китобнинг зилол маърифатидан баҳраманд бўлдилар ва ахир-оқибат мағлубиятга учраган душманлар ортга чекиндилар.
 Бизнинг давримизда ҳам Қуръони Карим бутун оламларга бўлган ўз хитобини ўзгартиргани йўқ ва ҳануз ҳам шак-шубҳа қилувчиларни беллашувга чақириб: «Агар Қуръон оятларининг тўғри ва ҳақ эканлигида шак қилиб уни башариятнинг фикридан келиб чиққан, дейдиган бўлсангизлар, лоақал биттагина унга ўхшаш сура келтирингчи, эй донишмандлар, файласуфлар, шоир-у ёзувчилар, ҳар қандай миллат ва элатлардан бўлишдан қатъий назар!»- деб мурожаат қилмоқда.
 Бироқ ҳамма Қуръон қаршисида ожиз қолиб келмоқда. Айниқса Ислом душманлари бўлган масиҳий динининг руҳонийлари Ислом динини олий маъно-мазмунга эга бўлган инқилобчи дин сифатида ўзларининг ашаддий ва хавфли рақиби деб билганлари учун ҳар йил миллионлаб доллар пулларни сарфлаб Исломга қарши тарғибот йўлида тиришиб келмоқдалар ва улар 14 асрдан буён бир лаҳза ҳам тинч ўтирганлари йўқ. Улар маданий, илмий, инсон ҳуқуқлари, демократия ва соғлиқни сақлаш каби турли хил ниқоблар остида чиройли шиорлар билан фаолият кўрсатиб қўлларидан келганча Исломни ёмон кўрсатишга уриниб келмоқдалар. Нега улар эндигача араб тилида сўзлашадиган донишманд, шоир, ёзувчи ва файласуф насронийлардан фойдаланиб Қуръон сураларига ўхшаганини битиб, уни бутун инсонлар орасида тарқатмайдилар, то шу йўл билан Ислом ва мусулмонлар чироғини сўндирсинлар.
 Шубҳасиз, агар бундай ишнинг амалга ошиши мумкин бўлганида эди, ҳар қандай ҳолатда ҳам уни юзага келтирган бўлардилар.
 Уларнинг Қуръони Карим баробарида ожиз бўлиб қолишлари ушбу илоҳий Китоб буюк мўъжиза эканлигига очиқ-ойдин далилдир.

Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.