Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / АЛЛОҲНИНГ АНБИЁ ВА АВЛИЁЛАРИГА ТАВАССУЛ ҚИЛМОҚЛИК ШИРК ВА БИДЪАТ БЎЛАДИМИ?

АЛЛОҲНИНГ АНБИЁ ВА АВЛИЁЛАРИГА ТАВАССУЛ ҚИЛМОҚЛИК ШИРК ВА БИДЪАТ БЎЛАДИМИ?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Тавассул – бу Аллоҳга яқинлашиш мақсадида Унинг xос бўлган юксак мартабали ва азиз бандаларини ўртага қўйиб, Унинг даргоҳига восита қилмоқ демакдир.

Ибн Манзур ўзининг «Лисонул араб» номли луғат китобида «тавассул» ҳақида айтади:

«تَوَسَّلَ إِلَيْهِ بِكَذَا، تَقَرَّبَ إِلَيْهِ بحرمةٍ آصِرَةٍ تَعْطِفُهُ عَلَيْهِ»

«Бирор шахсга фалончи нарсани васила ва восита қилди, деган сўзнинг маъноси ўша шахснинг назарини ўзига жалб қиладиган фалончи нарсанинг ҳурматэҳтироми орқали унга яқинлашди, демакдир».[1]

Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилган:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَابْتَغُواْ إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ وَجَاهِدُواْ فِي سَبِيلِهِ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга [яқинлаштирувчи] васила [восита] излангиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз. Шоядки, нажот топсангиз» (Мoидa сурaси, 35-oят).

Йирик луғатшунос олим Жавҳарий ўзининг «Сиҳоҳул луғаҳ» номли китобида «васила»ни қуйидагича тушунтиради:

«أَلْوَسِيلَةُ مَا يُتَقَرَّبُ بِهِ إلَى الْغَيْر»

«Васила шундай нарсаки, унинг орқали бошқага яқинлашиб бўлади».

Бинобарин, тавассул қилмоқлик – бу бизларни Аллоҳнинг даргоҳига яқинлаштирувчи восита ва василани излаш бўлиб, гоҳида қиладиган солиҳ амалларимиз ва холисона тоату ибодатларимиз бизни Парвардигори оламнинг даргоҳига яқинлаштирувчи кучли восита бўлса, баъзан эса Аллоҳ наздида юқори ва юксак мартабага эга бўлган обрў-эътиборли солиҳ ва пок бандалар бизлар учун Ҳақ таолонинг ҳузурида восита ва васила бўла оладилар.

Тавассулнинг турлари ҳақида

Тавассулни уч қисмга бўла оламиз:

1. Солиҳ амалларни Аллоҳнинг даргоҳига восита қилмоқлик.

Аҳли суннатнинг буюк тафсиричи олими Жалолиддин Суютий тавассул қилмоқлик ҳақида وَابْتَغُواْ إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ﴿ оятининг тафсирида қуйидагича ривоят қилади:

«عن قتادة في قوله تعالي ﴿وَابْتَغُواْ إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ﴾ قَالَ: تَقَرَّبُوا إِلَى اللهِ بِطَاعَتِهِ وَالْعَمَلِ بِمَا يُرْضِيهِ»

Қатода وَابْتَغُواْ إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ﴿ ояти борасида айтади: «Аллоҳга итоат қилиш ҳамда Уни рози қиладиган амалларни бажариш билан Унга яқинлашинглар».[2]

2. Аллоҳнинг солиҳ ва пок бандаларининг дуоларини Унинг даргоҳига васила ва восита қилмоқлик.

Чунончи, Қуръони Каримда ҳазрати Юсуф (алайҳис салом)нинг оға-инилари тилидан шундай дейилган:

﴿قَالُواْ يَا أَبَانَا اسْتَغْفِرْ لَنَا ذُنُوبَنَا إِنَّا كُنَّا خَاطِئِينَ. قَالَ سَوْفَ أَسْتَغْفِرُ لَكُمْ رَبِّيْ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ﴾

*Улар дедилар: «Эй ота, Аллоҳдан бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг. Албатта, бизлар xато қилувчилардан бўлдик».

*У (Яъқуб (алайҳис салом)) деди: «Албатта, зудлик билан Раббимдан сизларни мағфират қилишини сўрагайман. Шубҳасиз, У кечирувчи ва раҳмли Зотдир» (Юсуф сурaси, 97 вa 98-oятлaр).

Ояти каримадан яққол кўриниб турибдики, Яъқуб пайғамбарнинг фарзандлари оталарининг дуолари ва истиғфорларига тавассул қилиб, уни Парвардигори каримнинг даргоҳига қилган гуноҳлари кечирилиши учун восита ва васила қилишди. Бунга жавобан ҳазрати Яъқуб (алайҳис салом) нафақат уларнинг тавассулига эътироз билдирмадилар, балки фарзандларига улар ҳақига дуо қилиб мағфират сўрашни ваъда қилдилар.

Худди шундай мусулмонлар ҳам гуноҳга йўл қўйиб ўзларига зулм қилганларида, баъзан тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг даргоҳига юзланмай, балки Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларига келиб, ул ҳазратнинг дуо ва истиғфорларини Аллоҳ таолонинг даргоҳига восита қилишарди ва Пайғамбар ҳам улар учун дуо ва истиғфор қилардилар. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилган:

﴿وَلَوْ أَنَّهُمْ إِذ ظَّلَمُوا أَنفُسَهُمْ جَاءُوكَ فَاسْتَغْفَرُوا اللَّهَ وَاسْتَغْفَرَ لَهُمُ الرَّسُولُ لَوَجَدُوا اللَّهَ تَوَّابًا رَّحِيمًا﴾

«Агар улар ўз жонларига зулм қилган пайтларида, дарҳол сенинг олдингга келиб, Аллоҳдан мағфират сўрасалар ва Пайғамбар ҳам улар учун мағфират сўраса, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зот эканлигини топган бўлур эдилар» (Нисо сурaси, 64-oят).

  1. Аллоҳнинг даргоҳига яқин бўлган ва Унинг ҳузурида обрў-эътибор ва юксак мақом-мартабага эга бўлган буюк инсонларни ўртага қўйиб, Аллоҳга яқинлашиш учун уларга тавассул қилиш, яъни уларни Аллоҳнинг даргоҳига восита қилиш.

Бу турдаги тавассул ҳам Исломнинг илк давриданоқ саҳобалар орасида кенг тарқалган эди ва ушбу тавассулга амал қилинар эди. Энди эса ана шу иддаомизни исботлаш учун бу хусусдаги ҳадислардан ҳамда Расулулуллоҳ (сoллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобаларининг ва Ислом оламининг буюк шахслари рафтору кирдорларидан намуналар келтирамиз:

  1. Аҳмад бин Ҳанбал ўзининг «АлМуснад» номли асарида Усмон бин Ҳунайфдан ривоят қилиб айтади:

«إنَّ رَجُلًا ضَرِيرَ الْبَصَرِ أَتَى النَّبيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ [وَآلِهِ] وَسَلَّمَ فَقَالَ ادْعُ اللهَ أن يُعَافِينِي، قَالَ: إنْ شِئْتَ دَعَوْتُ لَكَ وَإِنْ شِئْتَ أَخَّرتُ ذَاكَ فَهُوَ خَيْرٌ، فَقَالَ: ادْعُهُ. فأَمَرَهُ أَنْ يَتَوَضَّأَ فَيُحْسِنَ وُضُوئَهُ فَيُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ وَيَدْعُوَ بِهَذَا الدُّعَاءِ: أَللَّهُمَّ إنِّي أَسْئَلُكَ وأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بنَبِيِّك مُحَمَّدٍ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ يَا مُحَمَّدُ إِنِّي تَوَجَّهْتُ بِكَ إِلَىٰ رَبِّي فِي حَاجَتِي هَذِهِ، فَتَقْضِيَ لِي اللَّهُمَّ شَفِّعْهُ فِيَّ»

«Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларига келиб деди: Аллоҳдан менга шифо ато этишини дуо қилиб сўранг. Шунда ул зот: «Истасанг сен учун дуо қилай ва агар xоҳласанг дуо қилишни кечиктирай ва мана шу сенинг учун яxшироқдир», дедилар. Лекин ҳалиги киши: Йўқ, дуо қилинг, деди. Шунда Пайғамбар оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) унга яxшилаб вузу [таҳорат] олишни, сўнгра икки ракъат намоз ўқиб бундай дуо қилишни буюрдилар:

Эй Аллоҳим, мен Сендан дуо қилиб сўрайман ва раҳмат Пайғамбаринг бўлмиш ҳазрати Муҳаммад оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни восита қилиб Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад, ушбу ҳожатим хусусида сизни восита ва васила қилиб, ўз Парвардигорим томон юзланаман, токи, менинг ҳожатимни раво қилгин! Эй Аллоҳим, ул зотни менга шафоатчи қилиб қўйгин!»[3]

Мазкур ҳадиснинг саҳиҳ ва тўғри эканлиги муҳаддисларнинг иттифоқларига биноан қабул қилинган бўлиб, Ҳоким Нишобурий ўзининг «Ал-Мустадрак» номли китобида мазкур ҳадисни ривоят қилгач, уни саҳиҳ ҳадис деб таърифлаган ва Ибн Можа эса ушбу ҳадисни Абу Исҳоқдан ривоят қилиб айтади: «Бу ҳадис саҳиҳдир». Термизий эса «Абваабул адъийяҳ» китобида бу ҳадиснинг саҳиҳлигини тасдиқлаган. Муҳаммад Насиб Ар-Рафоъий ўзининг «Аттавассул илаа ҳақиқатит-тавассул» номли китобида шундай дейди:

«لا شكَّ أنَّ هذا الحديث صحيحٌ ومشهورٌ… وقد ثبت فيه بلاشكٍّ ولاريبٍ ارتداد بصر الأعمي بدعاء رسول الله صَلَّى اللهُ عليه [وآله] وسلَّم له»

«Ушбу ҳадис саҳиҳ ва машҳур эканлигида ҳеч шакшубҳа йўқдир. Дарҳақиқат, шак-шубҳасиз, бу ҳадисда ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг дуолари билан кўзи ожиз кишининг кўзлари очилгани исботланган»[4].

Юқорида келтирилган ҳадисдан ёрқин тарзда маълум бўладики, азиз Пайғамбаримиз орқали исталган ҳар қандай ҳожат раво бўлиши учун ул ҳазратга тавассул қилмоқ, яъни ул зотни Аллоҳнинг даргоҳига восита ва васила қилиб сўрамоқ жоиз ва тўғри ишдир. Мазкур ҳадисда келганидек, Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзлари ўша кўзи ожиз шахсга ушбу тарзда дуо қилишни ва ул ҳазратни Аллоҳнинг даргоҳига восита ва васила қилиб сўрашни буюрдилар. Бунинг маъноси – Аллоҳнинг азиз авлиёларига ҳамда Унинг холис ва пок бандаларига тавассул қилмоқлик жоиз дегани.

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Буxорий ўзининг «Саҳиҳ» деб номланган китобида ёзади:

«إنَّ عمرَ بْنَ الخَطَّاب رضي الله عنه كان إذا قحطوا استسقَىٰ بِالْعبَّاس بنِ عبدالمطلب فقال: أللَّهُمَّ إنَّا كُنَّا نَتَوَسَّلُ إلَيْكَ بِنَبِيِّنا فَتَسْقِينا وإنَّا نتوسَّلُ إلَيْكَ بِعَمِّ نَبِيِّنَا فَاسْقِنا. قَالَ فَيُسْقَوْنَ»

«Қачонки, қурғоқчилик юз берса, Умар ибн Ал-Xаттоб Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) амакилари Абдул Муталлиб ўғли Аббосга тавассул қилиб, яъни уни Аллоҳнинг даргоҳига восита ва васила қилиб ёмғир ёғишини сўраб дуо қилар ва шундай дер эди: Эй Аллоҳим, Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаётлик даврларида ул зотни Сенинг даргоҳингга восита ва васила қилиб Сендан ёмғир ёғишини сўрар эдик ва Сен бизларга раҳмат ёмғирини ёғдирар эдинг. Энди эса ул зотнинг амакиларига тавассул қилиб, амакиларини Сенинг ҳузурингга восита ва васила қилиб Сендан ёмғир ёғдиришингни сўраймиз. Бизларни сувга сероб қил. Бу дуонинг натижасида улар сувга қондирилиб, қурғоқчиликдан қутулар эдилар».[5]

Энди ушбу мавзуга доир ўта ингичка масала шундан иборатки, ТАВАССУЛ қилишни ширк деб билган Салафийлар ёки тўғрироғи Ваҳҳобийлар тоифаси ТАВАССУЛ қилишни мутлақ шаклда инкор қилишмайди, балки уларнинг ақидасига кўра, ТАВАССУЛ қилмоқлик, яъни кишининг солиҳ амалларини, Аллоҳнинг солиҳ ва пок бандаларининг дуоларини ҳамда юксак мақом-мартабага эга бўлган буюк инсонларни Аллоҳнинг даргоҳига васила қилиб сўрамоқ жоиз ва мумкин иш ҳисобланади. Яъни улар ҳам ТАВАССУЛнинг ушбу уч қисмини қабул қилишади, лекин улар вафот этган инсонни ёрдамга чақириш ёки унга ТАВАССУЛ қилиш жоиз ва тўғри иш эмас, дейишади. Зеро, оламдан ўтган киши эшитмайди ва агар ўлган киши ҳам эшитади, деб айтсак, унда Аллоҳнинг «Самийъ», яъни Эшитувчи сифатини Аллоҳнинг бандаларига нисбат берган бўламиз ва бу эса Аллоҳга ширк келтириш бўлади.

Демак, Ваҳҳобийлар тоифасининг эътиқодига кўра, вафот этган инсонни Аллоҳнинг даргоҳига васила қилиб ҳожат сўрамоқлик ширк келтириш бўлади деган натижа олинади.

Ушбу ақидаги жавобан дастлаб шуни таъкидлаб айтмоқлик лозимки, Қуръони Карим нигоҳидан вафот этган ҳар бир инсонни ўлган ҳисоблаб, у эшитмайди деб айтиш тўғри эмас. Зеро, Аллоҳ таоло йўлида қатл этилган кишилар тирик ҳисобланиб, уларга Аллоҳнинг ҳузурида махсус ризқ ато этилади ҳамда улар бу дунёда яшайдиган мўминларга хушхабар берадилар:

وَلَا تَحْسَبَنَّ الَّذِينَ قُتِلُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ أَمْوَاتًا ۚ بَلْ أَحْيَاءٌ عِندَ رَبِّهِمْ يُرْزَقُونَ ﴿١٦٩﴾‏ فَرِحِينَ بِمَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِن فَضْلِهِ وَيَسْتَبْشِرُونَ بِالَّذِينَ لَمْ يَلْحَقُوا بِهِم مِّنْ خَلْفِهِمْ أَلَّا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ ﴿١٧٠﴾‏

«Аллоҳнинг йўлида ўлдирилган кишиларни зинҳор ўлганлар деб ҳисобламангиз! Балки улар тирикдирлар! Улар Парвардигорлари ҳузурида ризқланурлар. Улар Аллоҳ Ўз фазлу-раҳматидан уларга берган нарсалардан хурсандлар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига, уларга ҳеч хавф-хатар йўқлиги ҳамда ғамгин ҳам бўлмасликлари ҳақида хушхабар берурлар» (Оли Имрон сураси, 169 ва 170-оятлар).

Бинобарин, ушбу ояти каримага кўра, Аллоҳ таоло йўлида жонини фидо қилган ШАҲИДЛАР бу дунёдан ўтган бўлсалар-да, лекин улар тирик бўлиб, Аллоҳнинг ҳузурида ризқланиб турадилар ҳамда бу дунёда яшаётган мўмин биродарларига хушхабар берадилар.

Биз пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳамда ул ҳазрат Аҳли-Байтларидан бўлган ўн икки маъсум имомларнинг даража ва мартабаларини Аллоҳ йўлида жонини фидо қилган шаҳидлардан ҳам юқори деб биламиз. Демак, Аллоҳ танлаган бу буюк инсонлар оламдан ўтганлари учун уларга юзланган одамларнинг нидоси ва чақириқини эшитмайдилар ва шу боис, бу буюк зотлардан ёрдам сўраш ёки уларни Аллоҳнинг даргоҳига васила қилиб ҳожат сўрамоқ Аллоҳнинг «Самийъ», яъни Эшитувчи сифатини Унинг бандаларига нисбат бериш бўлиб, бу иш ширк келтириш ҳисобланади деб айтиш Аллоҳнинг юқоридаги каломига буткул зид ва қарама-қарши бўлган ақидадир.

Бундан ташқари, Сарвари оламнинг буюк саҳобаларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда ул ҳазрат шундай марҳамат қиладилар:

«حياتي خيرٌ لكم وموتي خيرٌ لكم تُعرَضُ عليَّ أعمالُكم فما كان من حسَنٍ حمَدتُ اللهَ عليه وما كان من سيِّءٍ استغفرتُ اللهَ لكم».

«Менинг ҳаётим сизлар учун яхшидир ва ўлимим ҳам сизлар учун яхшидир. Менинг вафотимдан сўнг сизларнинг амалларингиз менга кўрсатилади. Сизларнинг нима яхши амалларингиз менга кўрсатилса, Аллоҳга ҳамд айтаман ва ёмон амалларингиз учун эса Аллоҳдан сизлар учун мағфират сўрайман».[6]

Демак, ушбу саҳиҳ ҳадисга кўра, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафотларидан кейин ҳам умматларининг амаллари у ҳазратга кўрсатилади. Сарвари коинот ўз умматларининг яхши амаллари учун Аллоҳга ҳамд айтадилар ва ёмон амаллари учун эса Аллоҳдан уларга мағфират сўрайдилар. Демак, Пайғамбаримиз вафотларидан кейин ҳам умматларини кўрадилар ва уларни эшитадилар.

Бунга қўшимча, ҳар бир мусулмон киши ўқийдиган намозининг охирги ракъатида ташаҳҳуд айтганидан кейин Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га мурожаат қилиб: «Ассалому алайка айюҳан-Набиййу ва раҳматуллоҳи ва барокотуҳу» деб ул ҳазратга салом беради. Агар Пайғамбар (с.а.в) унинг саломини эшитмайдиган бўлсалар, намознинг охирида у ҳазратга салом бериш беҳуда амал ҳисобланади. Ҳолбуки, ҳикматли зот бўлмиш Аллоҳ таоло зинҳор бизни беҳуда бўлган амалга буюрмайди.

  1. Аллоҳнинг холис ва пок бандалари ва азиз валийларига тавассул қилиш масаласи Исломнинг дастлабки йиллардаёқ мусулмонлар орасида шу даражада кенг тарқалган ва одат тусига кирган эдики, ўша даврлардаги уларнинг ёзиб-битган шеърларида ҳам азиз Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни ўзлари билан Аллоҳнинг ўртасида восита ва васила деб таништирар эдилар.

Шулардан бири Савод бин Қориб бўлиб, у Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) учун қасида битиб унда қуйидаги байтларни айтган:

«وَأَشْهَدُ أَنَّ لا رَبَّ غَيْرَهُ                                          وأَنَّكَ مَأْمُونٌ عَلَىٰ كُلِّ غَالِبٍ

وَأَنَّكَ أدْنَى الْمُرْسَلِينَ وَسِيلَةً                                  إلَى اللهِ يَا بْنَ الْأَكْرَمِينَ الْأَطَائِبِ»

«Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга Парвардигор йўқ ва Сиз барча яширин ва махфий нарсаларга амин [ишончли]дирсиз. Ва гувоҳлик бераманки, Сиз эй улуғвор ва пок инсонларнинг фарзанди, пайғамбарлар орасида Аллоҳнинг даргоҳига энг яқин васила ва воситадирсиз».[7]

Сарвари олам ушбу шеърни Савод бин Қорибдан эшитсалар-да, аммо ҳаргиз ул зот уни тавассулга оид бундай сўзларни айтишдан қайтармадилар ва уни ушбу ўқиган шеъри учун «ширк» ва «бидъат»да айбламадилар.

«آلُ النَّبِيِّ ذَرِيعَتِي                                                 هُمْ إلَـــــيْهِ وَسِيلَتِي

أَرْجُو بِهِمْ أُعْطَىٰ غَدًا                                              بِيَدِي الْيَمِينِ صَحِيفَتِي»

«Пайғамбаримиз (сoллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг xонадонлари аҳли менинг Аллоҳ ҳузурида василам ва воситамдирлар.

Умид қиламанки, эртага [қиёмат кунида] улар туфайли менинг номаи аъмолим ўнг тарафдан тутқазилади».[8]

ХУЛОСА ВА НАТИЖА

Гарчи Аллоҳнинг азиз анбиё ва авлиёларига ҳамда Унинг холис ва пок бандаларига тавассул қилиш, яъни Парвардигори олам даргоҳига уларни васила ва восита қилмоқликнинг жоизлиги ҳақида Пайғамбаримиздан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган ҳамда саҳобаларнинг сийратларидан кўпгина намуналар мавжуд бўлса-да, бироқ биз зикр қилган ҳадислар ва айний намуналар ёғдусида тавассул масаласи Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари ва саҳобаларнинг ҳамда йирик алломаларнинг сийратлари нуқтаи назаридан саҳиҳ ва мақбул эканлиги яққол маълум бўлди ва бу ҳақда узоқ сўз юритишнинг ҳеч ҳожати йўқ, деб ўйлаймиз.

Ушбу баёнимиз билан, Аллоҳнинг даргоҳида азиз ва севимли бўлган пок ва юксак мартабали инсонларга тавассул қилиб, ушбу масалага эътиқод қилувчиларни «бидъатчи» ва «мушрик» деб айблайдиганларнинг гаплари нақадар асоссиз ва пуч эканлиги ошкора исботланди, деб ўйлаймиз.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ибн Манзур Ифриқий, «Лисoнул aрaб», 11-жилд, 724-бeт.

[2]. Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», 2-жилд, 280-бeт, Байрут нaшри, мaзкур oят тaфсиридa.

[3]. Aҳмaд ибн Ҳaнбaл, «Ал-Муснaд», 4-жилд, 138-бeт, Усмoн бин Ҳунайф ривoятлaри бoбидa ва шунингдек, ушбу ҳадис қуйидаги манбаларда ҳам келтирилган:

  • Ҳoким Нишoбурий, «Ал-Мустадраку алас-соҳиҳайн», «Сoлaтут-тaтaввуъ» китoби, 1-жилд, 313-бeт, Байрут нaшри.
  • «Сунaни Ибн Мoжa», 1-жилд, 441-бeт, Дoру иҳё aл-кутубил aрaбийяҳ нaшри.
  • «Aт-тoж», 1-жилд, 286-бeт.
  • Жалолуддин Суютий, «иъус сaғийр» китоби, 59-бeт.
  • Ибн Тaймийя, «aвaссули вaл вaсийлaҳ», 98-бeт, Байрут нaшри.

[4]. Муҳаммад Насиб Ар-Рафоъий, «тaвaссул илaа ҳaқиқaтит-тaвaссул», 158-бeт, Байрут нaшри.

[5]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Сaҳиҳул Буxoрий», 2-жилд, Жумъa китoби, Истисқo бoби, 27-бeт, Миср нaшри.

[6]. Ушбу ҳадиснинг Аҳли суннат наздидаги манбалари қуйидагилардан иборат:

  • Аҳмад ибн Шуайб Ан-Нисоий, «Сунанун-Нисоий», 1-жилд, 189-бет.
  • Табароний, «Ал-Мўъжамул Кабийр», 3-жилд, 81-бет, ривоят рақами: 2.
  • Ибн Асокир, «Тарихи Дамашқ», 9-жилд, 189-бет.
  • Жалолуддин Суютий, «Ал-Хасоисул кубро», 2-жилд, 281-бeт, Байрут, Дорул китобил арабий.

[7]. Сaййид Aҳмaд бин Зaйний Дaҳлoн, «дурaрус санийя», 29-бeт, Тaбaрoний нaқлига биноан.

[8]. Ибн Ҳажар Асқалоний, «Ас-Савааъиқул муҳриқаҳ», 178-бет, Қоҳира нашри.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi. 

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.