Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Маъсум имом қандай шароит ва хусусиятларга эга бўлмоғи лозим?

Маъсум имом қандай шароит ва хусусиятларга эга бўлмоғи лозим?

Энг аввало ушбу масалада ўта муҳим нуктага таважжуҳ қилмоқлик зарурдир, у эса қуйидагидан иборат:
  Қуръони Карим таълимоти бўйича, «имомлик мартабаси» бир инсон ета олиши мумкин бўлган энг юқори ва улуғ мақомдир.

Ҳаттоки «имомлик мартабаси» «расуллик» ва «набийлик» мақомидан ҳам юксакроқдир. Зеро, ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) ҳақларида нозил бўлган оятда ушбу ҳақиқат яққол намоёндир:

(وَإِذِ ابْتَلَى إِبْرَاهِيمَ رَبُّهُ بِكَلِمَاتٍ فَأَتَمَّهُنَّ قَالَ إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَاماً قَالَ وَمِن ذُرِّيَّتِي قَالَ لاَ يَنَالُ عَهْدِي الظَّالِمِينَ)

  «Эсланг: Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қилганида, у уларни мукаммал ва батамом адо этди. Шунда (Аллоҳ): «Мен албатта, сени одамларга имом (пешво) қилгувчидирман» – деди. (Иброҳим) «Зурриётимдан ҳамми? (зурриётимдан ҳам бундай улуғ ва юксак мақомга эришишларини истайман)» – деб сўради. (Аллоҳ) айтди: «Золимлар Менинг аҳдимга ҳаргиз эриша олмаслар. (сенинг зурриётинг орасидаги золим кимсалар Менинг имомат аҳдимга эриша олмаслар.)» (Бақара сураси, 124-оят.)
  Ширк ва гуноҳга йўл қўйган шахслар золим саналиб, бундай юксак ва олий мақомга ҳеч қачон эриша олмайдилар. Шунга биноан, ояти кариманинг маъно-мазмунидан қуйидагича хулоса чиқариш мумкин: Имомлик мансаби юқори лавозимлардан бўлиб, ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) нубувват ва рисолат мартабасига ноил бўлгач, оғир ва мушкул имтиҳон ва синовлардан аъло даражада муваффақиятли ўтгандан сўнг ушбу арзирли ва юксак мақомга, яъни халққа зоҳирий ва ботиний ҳамда моддий ва маънавий раҳбарлик ва пешволик қилиш мартабасига кўтарилганлар.
  Демак, ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) набий ва расул бўлган ҳолларида оғир ва мушкул имтиҳонлар билан синалганлар. Бу имтиҳонлардан муваффақият билан ўтган ҳазрат Иброҳимга Аллоҳ таоло иноят қилиб «имомлик мансаби»ни ато этди.
  Бизнинг азиз ва севикли пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) набий ва расул бўлиш билан бирга «имомлик ва пешволик мартабаси» га ҳам эга эдилар. Баъзи пайғамбарлар ҳам шундай юксак мақом соҳиби бўлганлар, бу масала бир тарафдан.
Бошқа томондан эса маълумки, ҳар бир мақом ва мансабни қабул қилиб олиш учун керакли бўлган шароит ва хусусиятлар ўша мансабга оид вазифалар ва масъулиятларга муносиб ва уйғун бўлмоғи лозим ва маълум шахс ўша мансабни ўз зиммасига олгач, вазифа ва масъулиятларни амалга ошириш учун керакли бўлган шароит ва хусусиятларга эга бўлмоғи даркор. Демак, мақом ва мансаб юқорилашган сари масъулият ва вазифа ҳам оғирроқ бўлади ва ўшанга қараб керакли бўлган шароит ва хусусиятлар шиддатлашади.
  Масалан; Ислом таълимотида қозилик ва муҳокама қилиш мансабини зиммасига олган шахс ёки намозга имомлик қилувчи одам ҳатто маҳкамада шаҳодат берувчи оддий шахс ҳам одил бўлиши шарт қилинган. Шундай экан, шаҳодат бериш учун ёки ҳамд ва сура ўқиб намозга имомлик қилиш учун одиллик шарт бўладиган бўлса, маълумки, ўта муҳим ва фавқулодда аҳамиятга эга бўлган имом ва пешво бўлишдек юқори мартабага ноил бўлиш учун ҳам маълум шарт-шароитлар кераклиги шубҳасиздир.
  Қуйидаги шароитлар тамомила имомда мавжуд бўлмоғи зарур:

1. Саҳв-хато ва гуноҳдан пок ва маъсум бўлмоқ

  Имом ҳам пайғамбар каби маъсумлик даражасига эга бўлиши шарт, яъни саҳв-хато ва гуноҳлардан йироқ ва пок бўлмоғи лозим. Акс ҳолда умматга раҳбар, йўлбошчи, намуна ва ўрнак бўла олмай, халқнинг ишончи ва эътимодини қозона олмайди.
  Имом инсонларнинг бутун вужудини, руҳ ва қалбини забт этган бўлиши керак ва одамлар унинг ҳар бир фармонига сўзсиз бўйин сунишлари лозимдир. Агар имомнинг ўзи саҳв-хато ва гуноҳга йўл қўядиган бўлса, ҳеч қачон одамларнинг ишончи ва эътимодини ҳар жиҳатдан қўлга кирита олмай, уларни ҳидоят сари бошлай олмаяжак.
  Ўзининг кундалик ҳаётида саҳв-хато ва адашишларга дучор бўладиган шахсни қандайига бошлиқ ва йўлбошчи қилиб олиб, жамиятга назорат қилиш ва уни бошқаришни унга топшириб, унинг буйруқларини сўз-сиз бажариш мумкин?
  Шубҳасиз, пайғамбарлар маъсум бўлишлари шарт ва шунингдек имомлар ҳам юқорида келтирган далилимизга кўра, маъсум (барча хато ва гуноҳлардан пок ва йироқ) бўлишлари лозим.
Ушбу масалани бошқа йўл билан ҳам исботлаш мумкин, у эса «Лутф қоидаси» бўлиб, пайғамбар ва имом мавжуд бўлишининг зарурлиги ушбу қоидага асосланганидек, имомнинг маъсумлиги ҳам мазкур қоидага биноан исботланади. Негаки, пайғамбар ва имомнинг мавжуд бўлишидан кўзланган мақсадлар маъсумлик даражасига эришмай туриб амалга ошмайди. Олдинги дарсда айтганимиз ҳикматлар маъсумлик хусусиятисиз тугаллан-май ноқис ва чала бўлиб қолади.

2. Улкан илму-маърифатга эга бўлмоқ

  Имом ҳам пайғамбар каби умматнинг илмий паноҳгоҳи-дир. У ақоид ва аҳкомдан иборат диннинг барча таълимотидан, Қуръоннинг зоҳир ва ботинидан ва пайғамбар суннатлари ҳамда Ислом дини билан боғлиқ ҳамма масалалардан хабардор бўлмоғи лозим. Чунки, у ҳам шариатни муҳофаза қилувчи ва ҳам умматга раҳнамолик қилувчидир.
  Ҳаётда учрайдиган мураккаб масалаларга дуч келганда саросимага тушадиган ёки бошқаларга муҳтожлик қўлини узатадиган ва Ислом жамиятининг талабларига жавоб бера оладиган илм ва билимга эга бўлмаган шахслар ҳеч қачон умматга йўлбошчилик ва раҳнамолик қилиш масъулияти-ни зиммаларига қабул қилиб ололмайдилар.
  Хулоса қилиб айтганда, имом- Аллоҳнинг динини билишда умматнинг энг билимдони ва энг доноси бўлмоғи лозим ва бу илмий етуклиги билан Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг бўш қолган ўринларини дарҳол тўлдириб, ҳар қандай оғиш ва саҳв-хатодан йироқ бўлган ҳақиқий Исломни олдинга давом эттириб умматни залолатга учрашдан сақлаб қолиши керак.

3. Шижоат

  Имом Ислом жамиятида энг қўрқмас ва шижоатли шахс бўлиши керак. Зеро, ҳаётнинг турли қийинчиликларида ва оғир ҳодисалар рўй берганда умматни олға сари етакловчи раҳбар шижоатли бўлмай иложи йўқ. Золим ва зўравонлар, бўйин товловчи қайсарлар ҳамда Ислом умматининг ички ва ташқи душманлари қаршисида қўрқмай жасурлик ва шижоат билан жавоб қайтара олиш имомнинг хусусият-ларидан биридир.

4. Зоҳидлик ва дунёга рағбатсизлик

  Бизга маълумки, дунёга ва унинг зебу-зийнатига ўч ва асир одамлар тез дунёга алданиб, ҳақ ва адолат йўлидан оғиб кетишларининг эҳтимоли жуда каттадир. Гоҳида тамагирлик йўли билан ва баъзан эса таҳдид орқали бу дунё асирларини асл тўғри йўлдан оғдириш мумкин.
  Лекин имом дунё ва унинг неъматлари ва имкониятлари қаршисида «асир» эмас, балки «амир» бўлиши керак.
  У моддий жаҳоннинг турли хил жилваларидан қутилган ҳамда ҳавойи нафсга тобе бўлмай, молу-давлат ва мансаб-амалга боғланмаган озод инсон бўлмоғи лозим. Токи, ҳеч ким уни бу нарсалар билан алдай олмасин ва унга ўз нуфузини ўтказиб, таслим ва муросачилик ҳолатига келтиролмасин.

5. Жозибадорлик ва юқори ахлоқ соҳиби бўлмоқ

  Қурони Карим ҳазрат Пайғамбаримизнинг юксак ахлоқ-лари ҳақида бундай дейди:

(فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظّاً غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ)

  «Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойим бўлдингиз. Агар дағал, тошбағир бўлганингизда эди, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Демак, уларни афв этинг, (гуноҳлари сабабли) улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва улар билан маслаҳатлашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар.» (Оли Имрон сураси; 159-оят)
  Юксак ахлоққа эга бўлмоқ нафақат Пайғамбаримиз учун балки имом учун ҳам зарурдир. Зеро, имом ҳам умматнинг раҳбари сифатида одамларни ўзи томон жалб эта олиш қудратига эга бўлмоғи лозим. Одамларни эса яхши хулқ-атвордан ўзга ҳеч бир нарса бунчалик ўзига жалб қилиш қудратига эга эмасдир.
  Шубҳасиз, инсонларни тарқоқликка дучор этиб, уларни нафратлантирадиган одобсизлик, қўпполлик ва сержаҳллик хусусиятлари пайғамбар ва имом учун буюк айб-нуқсон ҳисобланади ва улар бундай нуқсон ва камчиликдан муназзаҳ ва покдирлар. Акс ҳолда улар мавжудлигининг кўпгина ҳикматлари натижасиз ва бемаъно бўлиб қолади.
  Имом учун айтиб ўтилган шароит ва сифатлар буюк уламолар тарафидан энг муҳим ва зарурий деб уқтирилган.
  Албатта юқорида баён этилган беш сифатдан ташқари бошқа сифатлар ҳам имомда мавжуд бўлиши шарт, аммо айтиб ўтганларимиз асосий шартлардан эди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.