Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Имом ким томонидан тайинланади?(2)

Имом ким томонидан тайинланади?(2)

3. Ижмо ва шўро (кенгаш)

  Фараз қилайлик Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) халифа ва ўринбосар тайинлаш масаласи хусусида ҳеч нарса демай ва бу ҳаётий масалани эътиборга олмай, умматнинг ўзига ҳавола қилганлар ва «ижмо» йўли билан халифа ва раҳбар танламоқ мусулмонларнинг зиммасидаги вазифадир.

Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам биринчи халифанинг сайланишида мусулмонлар ижмосига мувофиқ иш кўрилмади. Зеро, мусулмонлар ижмосининг маъноси уларнинг қилган иттифоқи, ҳамжиҳатлик ва якдиллик билган қилган қарори ва танлови демакдир. Биринчи халифанинг сайланишида фақат Мадинада ҳозир бўлган бир гуруҳ саҳобаларгина бу «сайловда» қатнашишди ва уларнинг қилган қарорига кўра, Абу Бакр биринчи халифа этиб сайланди. Аммо бошқа шаҳардаги мусулмонлар бу «сайловда» қатнашмадилар. Бошқа шаҳарларни қўяверинг, ҳатто Мадинада бўлган ҳазрат Али (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг бошчилигидаги бир тоифа буюк саҳобалар ҳамда Бани Ҳошим авлодлари бу «сайловда» асло хисса қўшмаганлар.

  Шундай экан, қандай қилиб бундай сайловни «мусулмонлар ижмоси», деб айта оламиз?

  Агар «сайлов» йўли билан халифа, ўринбосар ва раҳбар танлаш саҳиҳ ва тўғри бўлса, нимага биринчи халифа ўзидан кейинги халифани тайинлаш учун бу услубдан фойдаланмай, ўзи шахсан иккинчи халифани тайинлаб кетди? Агар бир одамнинг хоҳиши ва танлови халифани тайинлаш учун кифоя қиладиган бўлса, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ишга (халифа ва ворис тайин этишга) ҳаммадан кўра ҳақлироқ ва устунроқ эмасмидилар? Агар мабода мусулмонларнинг халифа тайинланишидан сўнг унга қилган байъат-қасамёдлари бу муаммо ва мушкулни ҳал қилади, дейдиган бўлсалар, Пайғамбаримиз ҳақларида бу мушкул ва муаммо яхшироқ ҳал бўларди.

  Бундан ташқари учинчи халифани танлашда яна бир муаммо ва мушкул юзага келади. У ҳам бўлса, нега иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб ўзидан кейинги халифа ва раҳбарни танлашда на биринчи халифа сайланган йўлдан, яъни мусулмонлар сайлови ва ижмоси йўлидан ва на ўзи сайланган йўлдан, яъни бир шахснинг хоҳиши ва танлови йўлидан фойдаланмай, олти кишилик шўро (кенгаш) тузишни ихтиёр қилди ва олдинги икки йўл ва услубни чеккага суриб қўйди?

  Асосан агар шўро йўли билан халифа ва раҳбар танлаш тўғри бўлса, нима учун бу шўро фақат олти кишидан иборат бўлиши керак экан? Ва нимага энди бу олти кишидан уч кишининг берган овози етарли бўлар экан?

  Бу саволлар Ислом тарихини мутолаа қилиб рўй берган воқеаларни кўздан кечирадиган ҳар бир татқиқотчи учун туғилади. Бу саволларнинг жавобсиз қолганлиги эса имом ва халифани тайинлаш умматнинг қўлида эмаслигини ва қўлланилган йўллар ва услубларнинг нотўғри ва нодуруст эканлигини англатади.

4. Али ҳаммадан кўра лойиқроқ эди

  Фараз қилайлик Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларидан кейин ҳеч кимни халифа, ўринбосар ва раҳбар этиб тайинламаганлар ва бу оғир иш Ислом умматининг зиммасига юкланган, у ҳолда уммат ўзи учун раҳбар ва йўлбошчи танлаётганда илм, тақво ва бошқа устунликлар-да ҳаммадан юқорироқ мартабада бўлган инсонни четлаб ўтиб, ундан анча қуйироқ мартабада бўлган шахсларни етакчи ва раҳнамо этиб тайинлаш тўғри иш бўладими?!

  Уламоларнинг аксарияти ҳатто аҳли суннатдан бўлганлари ҳам ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг Ислом дини илмлари ва таълимотларини билишда саҳобалар орасида энг билимдон ва ҳаммадан кўра олимроқ, деб эътироф этишади. Ул зотдан қолган илмий ривоятлар ва тарихий воқеаларнинг гувоҳлик беришича, Али (алайҳис салом) илмда ҳаммадан кўра афзал ва устун эди ва Ислом тарихида айтилишича; қачонки, Ислом уммати илмий мушкуллар ва муаммоларга дучор бўлишса, ул ҳазрат уларнинг паноҳгоҳи бўлиб, мазкур муаммоларни ҳал қилиб берувчи эди. Ҳатто халифалардан илмий мураккаб масалалар сўралганда улар Али (алайҳис салом) га юзланар эдилар.

  Али (алайҳис салом) нинг шижоати, довюраклиги, тақвоси, зоҳидлиги ва қолган юксак сифатлари уни бошқалардан ажратиб турувчи хусусиятлар бўлиб, мазкур сифатларга эга бўлишда ҳаммадан устун эди. Шунинг учун уммат ўзига халифа, раҳнамо ва етакчи танлаб олиши керак бўлган тақдирда ҳам Али (алайҳис салом) ни танлаш зарур бўлар эди. Негаки, ул зот бу мақомга ҳаммадан кўра лойиқроқ ва сазоворроқ эди. Албатта бу даъвомизга жуда кўплаб далил ва ҳужжатлар мавжуд бўлиб, бу мухтасар баён этилаётган ўринда уларни келтира олмаймиз.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.