Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Имом ким томонидан тайинланади?(1)

Имом ким томонидан тайинланади?(1)

Аҳли суннат деб аталмиш бир гуруҳ мусулмонларнинг этиқодича, Ислом пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дунёдан риҳлат қилаётганларида ҳеч кимни ўзларидан сўнг халифа, ворис ва раҳбар этиб тайинламаганлар.

  Уларнинг айтишларича, бу вазифа, яъни умматга халифа ва раҳбар тайин қилмоқ мусулмонларнинг зиммасига юкланган ва умматнинг ўзи раҳбар ва йўлбошчини сайлаб олиши керак. Бунинг учун шариат далилларидан бири бўлмиш «мусулмонлар ижмоси[1]»дан фойдаланилади.

  Суннийлар этиқодича, худди шу йўсинда амал қилинди ва биринчи халифа «умматнинг ижмоси» билан халифалик мансабига сайланди. Ўз навбатида биринчи халифа ҳам шахсан ўзи иккинчи халифани ушбу мансабга тайинлади. Ва иккинчи халифа эса учинчи халифани сайлаш учун олти кишидан иборат шўро (кенгаш) тайинлади. Ушбу шўро (кенгаш) қуйидаги саҳобалардан ташкил топган эди: Али (алайҳис салом), Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон бин Авф, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Авом, Саъд бин Аби Ваққос.

  Бу шўронинг кўпчилигидан иборат уч нафари; Саъд бин Аби Ваққос, Абдураҳмон ва Талҳа Усмонга овоз беришди. Зеро, иккинчи халифанинг буйруғига кўра, агар уч киши бир тарафда ва қолган уч нафар бошқа томонда бўлса, Усмоннинг куёви бўлмиш Абдураҳмон тарафидаги учликнинг раъйи инобатга олиниб, шунга биноан халифа сайланаши керак эди! Усмон халифалик даврининг охирига келиб маълум сабабларга кўра, мусулмонлар халифага қарши бош кўтаришди ва Усмон ўзидан кейинги халифани шахсан ўзи ёки шўро (кенгаш) ташкил этиш орқали тайинла олмай ўлдирилди.

  Шундан сўнг мусулмонларнинг аксари ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг ёнига бориб ул зотга халифа ва раҳбар бўлишни таклиф этиб Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг халифаси ва вориси сифатида ул ҳазратга байъат этишди. Аммо Шом диёрининг ҳукмдори бўлмиш Муовия ибн Абу Суфён эса ҳазрат Али (алайҳис салом) га байъат қилишдан бўйин товлади. Зеро, у яхши билар эдики, агар Али (алайҳис салом) ҳукумат тепасига келса Муовияни ўз лавозимидан четлаштиради. Шунинг учун Муовия халифага қарши чиқиб очиқдан очиқ мухолифат қилди ва Ислом тарихида оғир ва ўлимли ҳодисаларни келтириб чиқариб, минглаб бегуноҳ инсонларнинг қони ноҳақ тўкилишига сабаб бўлди. Бу ўринда кўплаб илмий ва тарихий масалалар мавжуд бўлиб уларни ёритиш мақсадида айрим муҳим саволларни илгари суриб уларга жавобларимизни берамиз:

1. Уммат Пайғамбарнинг ўринбосари ва ворисини тайинлашга қодирми?

  Бу саволга жавоб бермоқ унчалик қийин эмас. Агар «имом» ва «халифа» деганда Ислом умматига зоҳирий ва ташқи томондан раҳбарлик ва йўлбошчилик қилишни назарда тутсак, у ҳолда халқнинг берган овозига таяниб бирор шахсни халифа ва раҳбар қилиб тайинлаш мумкин ва услуб дунёда кенг тарқалган. Аммо имомат ва хилофатга олдинги дарсда Қуръони Карим оятига асосланиб изоҳлаганимиз маънода қарайдиган бўлсак, у ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким «имом» ва «халифа»ни тайинлашга қодир эмас ва ҳатто Пайғамбар ҳам Аллоҳнинг йўллаган ваҳйи асосидагина ўзларидан кейинги «имом» ва «халифа»ни эълон қила оладилар.

  Зеро, мазкур маънога биноан, «имом» ва «халифа» ақоид ва аҳкомдан иборат барча Ислом таълимотини чуқур ва юксак даражада билиши шарт. Унинг илми самовий ва илоҳий манбадан илҳом олиб, Пайғамбарнинг илмларига таянган бўлмоғи лозим, то шариати исломияни қўриқлай олиш қувватига эга бўлсин. Яна бошқа шарти шундан иборатки, «имом» ва «халифа» Аллоҳнинг мадади билан барча гуноҳ ва саҳв-хатолардан пок ва маъсум бўлмоғи даркор.

  То умматга моддий ва маънавий, зоҳирий ва ботиний жиҳатдан раҳбарлик ва йўлбошчилик қилиш вазифасини олий даражада шарафли ўтай олсин. Ва шунингдек раҳбарлик ва йўлбошчилик масъулияти учун зарур бўлган зоҳидлик (дунёга рағбатсизлик), тақводорлик, парҳизкорлик, шижоат ва довюраклик хусусиятларига эга бўлмоғи лозим. Ушбу шароит ва хусусиятлар кимда бор ёки йўқлигини аниқлай олиш фақат Аллоҳ ва Пайғамбарнинг воситаси билангина мумкиндир ва бу ҳақиқат улардан бошқасига аён эмас.

  Шунга биноан, Аллоҳнинг Ўзигина кимнинг ботинида маъсумлик нури ва ҳақиқати борлигини билади ва Унинг Ўзигина раҳбарлик ва имомлик мансабини эгаллаш учун зарур бўлган улкан илм, зоҳидлик, тақводорлик, шижоат ва жасурлик хусусиятлари кимда мавжудлигини ва ким бу мансабни эгаллашга лойиқ эканини билади ва бундай инсонни Ўзи йўллаган Пайғамбари орқали бошқаларга эълон қилади.

  «Имом» ва Пайғамбарнинг «халифа ва ворис»ини умматнинг ўзи тайинлаши керак дейдиганлар, аслида Қуръонда келган «имом» тушунчасини ўзгартиришган. Улар «имом» ва «халифалик» мақомини одатдаги дунёвий ишлар бўйича ҳукмронлик қилиб халқнинг дунёвий ишларини бошқариш даражасига индириб, шу миқдорга чеклаб қўйишган. Акс ҳолда имом ва халифаликнинг шарт-шароити ва хусусиятлари тўла-тўкис ҳолда фақат Аллоҳ таоло воситаси билангина аниқлай олиш мумкинлиги шубҳасиздир.

  Пайғамбарни инсонларнинг овоз бериши орқали танлаш мумкин бўлмай, балки Аллоҳ таоло томонидан танланиши зарур бўлгани каби имомни ҳам одамларнинг назарига таяниб танлаш мумкин бўлмаган ишдир. Зеро ҳам пайғамбарда ҳам имомда керакли бўлган сифатларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким белгила олмайди.

2. Наҳотки, Пайғамбаримиз ўзларидан кейин ҳеч кимни халифа ва пешво этиб тайинламаган бўлсалар?

  Шубҳасиз, Ислом дини «жаҳоний» ва «мангу» диндир, Қуръони Карим оятларининг очиқ-ойдин таълимотига кўра, Ислом дини маълум бир макон ва замонга ёки бирор бир миллатга хос эмас. Шу нарса ҳам маълумки, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафот этган чоғларида Ислом дини Арабистон ярим оролидан ташқарига чиқмаган эди.

  Бошқа тарафдан эса Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муборак умрларининг 13 йили Маккада мушриклар эътиқодига қарши кураш олиб бориш билан ўтган бўлса, ул зотнинг қолган 10 йил умрлари эса ҳижратдан кейин Мадинада Ислом ҳукуматини барпо этиш ҳамда мушрикларга қарши «ғазотлар» ва жанглар ташкил қилиш билан сарф бўлган эди.

  Шу боис, Мадинада кўпинча душманларга қарши жанглар рўй берар ва шунинг учун аксар вақтлар динни мудофаа қилиш учун сарфланар эди. Гарчи Пайғамбаримиз кечаю кундуз умматга Ислом дини таълимотларини ўргатиш ва тарғиб этиш билан машғул бўлиб эндигина юзага келган Исломни кенг қамровли таништирган бўлсалар-да, бироқ у пайтда Исломнинг кўпгина масалаларини таҳлил қилиб ёритиб бериш учун кўпроқ вақт лозим эди.

  Мана шунинг учун ҳам Пайғамбардан кейин ул зотнинг ўзлари сингари бу оғир масъулиятни ўз зиммасига ололадиган, Пайғамбарнинг илмларини мукаммал ўзлаштирган ва умматнинг келажакда туғилиши мумкин бўлган савол ва масалаларини еча оладиган инсон бўлмоғи лозим. Булардан ташқари, келажакда юз берадиган ҳолат ва вазиятларни олдиндан кўра олиш қобилияти ҳамда ўз мафкура ва ғояси давом этиши учун шароит ва замин яратиш ҳам раҳбар ва етакчи учун зарур ва муҳим ҳисобланади.

  Ҳар бир раҳбар ва йўлбошчи ушбу масала хусусида фикр юритади ва бу ўта муҳим ва асосий масала унутилишига йўл қўймайди. Булардан кўз юмадиган бўлсак, ҳаётнинг ҳар бир оддий ва содда масалаларга аҳамият бериб уларга хос ҳукмларни баён этган Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) наҳотки, мусулмонларга халифа, раҳбар, йўлбошчи тайинлаш масаласига келганда ҳеч қандай йўл-йўриқ ва дастуриламал кўрсатмаган бўлсалар-а?!

  Юқорида айтилган муҳим уч масалалар ушбу ҳақиқатга, яъни Пайғамбаримиз ўзларининг ўринбосарлари ва ворисларини тайинлаш масаласида чора-тадбир кўрганликлари шубҳасиз эканлигига ёрқин далил бўлади. Бу ҳақда ворид бўлган қатъий ҳадисларни Худо хоҳласа келгуси дарсларда кўриб чиқамиз. Шунда маълум бўладики, ҳаргиз Пайғамбаримиз бутун умрлари давомида халифалик ва раҳбарлик масаласига нисбатан ғафлатда бўлмаганлар ва ҳамиша бу ҳаётий масалага чуқур аҳамият берганлар.

  Бироқ афсуски, ул зотнинг вафотларидан сўнг сиёсий мухолиф жараён бу ҳақиқатни беркитиб Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларидан кейинги халифа ва раҳбарни тайин этмаганлар, деган тушунчани Ислом умматининг онгига сингдиришга ҳаракат қилишган.

  Табук ғазоти каби бир неча кунлик «ғазотлар»га борган Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шу қисқа муддат учун Мадина раҳбарсиз ва йўлбошчисиз қолмасин, деб ўринбосар ва раҳбар тайин қилган бўлсалар-у, аммо риҳлатлари яқинлашганида бус-бутун умматни турли ихтилоф ва келишмовчиликлар орасида раҳбарсиз ва йўлбошчисиз ўз ҳолига ташлаб қўйиб, Ислом дини йўли келажакда давом этишини таъминлаш учун халифа, ворис ва йўлбошчи тайинламай кетишлари мумкинми?! Шу нарсага қандай қилиб ишона оламиз?

  Қандайига Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз умматларининг бахт-саодатини кафолатламай тарк этиб кетишлари мумкин?! Бешак, Ислом умматига раҳбар ва йўлбошчи тайин қилмаслик эндигина оёққа турган Ислом учун буюк хатар ва таҳдид ҳисобланар эди, шунинг учун Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бундай хатога йўл қўйишлари мумкин эмаслигини ақл ва мантиққа асосланиб айтишимиз мумкин. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳеч кимни халифа ва ворис этиб тайинламаганлар ва бу ишни умматнинг ўзига ташлаб қўйганлар, деб айтадиганлар ҳеч бўлмаса гапларига далил ва ҳужжат келтирсинлар. Ваҳоланки, уларнинг иддаоларини тасдиқловчи ҳеч қандай далил ва ҳужжат йўқдир.


[1] «Мусулмонлар ижмоси» деб мусулмонлар ўзаро ҳамжиҳатлик ва якдиллик билан қилган қарори ва танловига айтилади.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.