Home / Ақоид ва Калом / Имомат / Явмуд-дор ҳадиси

Явмуд-дор ҳадиси

Ислом тарихининг гувоҳлик беришича, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даъватлари-нинг учинчи йили Аллоҳнинг амри билан хуфёна даъватларини ошкор этишга буюрилдилар. Шуаро сурасининг 214-оятига биноан; <وَأَنذِرْ عَشِيرَتَكَ الْأَقْرَبِينَ>

«Ўз яқин қариндош-уруғларингни (Исломга даъват қилиб, Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргин» Пайғамбаримиз ошкора даъват қилишга амр қилиндилар.

  Шунда сарвари олам ўз яқин қариндошларини амакилари ҳазрат Абу Толибнинг уйларига таклиф этдилар. таомланиб бўлишгач, шундай деб марҳамат қилдилар:

  «Эй Абдул Муталлиб авлодлари! Аллоҳга қасамёд этиб айтаманки, араблар орасида ўз қавми учун мен сизларга келтирган нарсадан яхшироғини келтирган бирор бир шахсни танимайман. Мен сизлар учун дунё ва охиратнинг хайр-саодатини келтирдим. Аллоҳ менга сизларни бу динга даъват этишимни буюрди. Демак, қайси бирингиз менга бу ишда ёрдам бергайсиз, токи, менинг биродарим, ворисим ва ўринбосарим бўлсангиз?»

  Ҳеч ким бу даъватга жавоб бермади, илло ҳаммадан ёши кичик бўлган Али ўрнидан туриб: «Ё Расулаллоҳ! Мен бу ишингизда сизга ёрдамчи ва ёру ёварингиздирман»– деди. Шунда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муборак қўлларини Алининг бўйнига қўйиб:

«إِنَّ هَذَا أَخِي وَ وَصِيِّي وَ خَلِيفَتِي فِيکُمْ، فَاسْمَعُوا لَهُ وَ أَطِيعُوهُ»

  «Бу (Али) сизларнинг орангизда менинг биродарим, ворисим ва ўринбосаримдир. Унинг айтганларини эшитингиз ва фармонига бўйин сўнингиз» – деб буюрдилар. Аммо нодон ва гумроҳ одамлар нафақат сарвари оламнинг сўзларини қабул қилишмади, балки ул зотни масхара ҳам қилишди.

  Юқоридаги «Явмуд-дор» (уйда қилинган даъват куни) номи билан машҳур бўлган ушбу ҳадис маъно-мафҳум нуқтаи назаридан етарли миқдорда тушунарли ва аниқ бўлиб, санад жиҳатидан ҳам бу ҳадисни аҳли суннатнинг кўпгина уламолари, жумладан Ибн Аби Жарир, Ибн Аби Хотам, Ибн Мардавайҳ, Абу Наим, Байҳақий, Саълабий, Табарий, Ибн Асир, Абул Фидо ва бошқалар нақл қилишган.[1]

  Қачонки, юқоридаги ҳадисни ҳам бетарафона ва холислик билан кўздан кечирсак, имом Али (алайҳис салом) нинг хилофати ва вилояти (пешволиги)га оид ҳаққоният бизга ошкора аён бўлади. Негаки, ушбу ҳадисда имом Али (алайҳис салом) нинг халифа, ворис ва ўринбосар эканликлари ёрқин тарзда баён этилган.


[1]. Батафсил маълумот олиш учун Ал-Мурожаот китобининг 130-бетидан у ёни ва Иҳқоқул ҳақ китобининг 4-жилди, 62-бетидан у ёнига мурожаат қилинг.

Share

Check Also

Qayta tirilishning fitratdagi o`rni

 O`tgan darslarda aytib o`tganimizdek, хudоshunоslik insоnning fitrati va tabiatida jоy оlgan. Agar insоnning ichki dunyosidagi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.