Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Ҳақ тарафдори бўлмиш ҳазрати Зайнаб (а) нинг таваллуд кунлари

Ҳақ тарафдори бўлмиш ҳазрати Зайнаб (а) нинг таваллуд кунлари

  Қодир ва ёлғиз парвардигоримизнинг тинчлик ва раҳмат элчиси ҳазрат Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га салому салавот йўллаб, ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) таваллуд кунларига бағишлаган мақоламизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

  1430 йил олдин ҳижрий қамарийнинг 5–йили, жамодиюл аввал ойининг бешинчисида Али (алайҳис салом) ва Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ҳазратларнинг севимли қизи ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) дунёга келадилар. Бу муносабат билан барча мусулмонларни муборакбод этамиз!

  Ислом динининг тарихида юксак шахсиятга эга, ахлоқий фазилатларга бой, ўта меҳрибон, қалби турмушнинг ўта оғир юкига дош бера олган, бироқ иродаси, ҳақиқатни ҳимоялаш йўлида заррача ҳам титрамаган муҳтарама бир аёлнинг номи ислом умматига нур таратиб келмоқда. Албатта, бу ерда сўз ўз қимматли умрини исломнинг ҳаётбахш таълимотлари ва унинг ҳақиқий қадриятлари йўлида бағишлаган ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) ҳақида бормоқда. Ҳикмат ва ўгитлардан иборат ўз сўзлари билан даврининг адолатсизлик негизларини титратган бу шижоатли ва азиз аёлга Аллоҳ таборак ва таоло Ўзининг салом ва салавотларини йўллансин, деймиз.

  Ул ҳазратнинг шарофатли исмлари имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг Карбало даштидаги шукуҳли қиёмларида ўзгача нур ва шаҳомат ила гавдаланади. Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) нинг Карбало даштидаги фаол ва таъсирчан иштироклари Карбало тарихининг ҳар бир лаҳзаси, Ошуро асрининг қонли саҳифаларида мангу битилган. Ва барча насллару асрлар учун садоқат ва фидокорликнинг олий намунаси сифатида хизмат қилиб келмоқда.

  Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) барча жабҳаларда ибрат намунаси эдилар. Ул зот шарафли нубувват Аҳли- Байтининг покиза этагида вояга етган, Аҳли- Байт мактабида таълим- тарбия олган баркамол бир аёл эдилар. Илм, ибодат, иффат, ҳаё, тақво, фасоҳат ва балоғат, собитқадамлик, сабр-чидамлик, ҳақни холисан лиллоҳ ҳимоя қилиш, ўз имоми ва пешвосига иззат-эҳтиром кўрсатиш ва вафодорлик каби хислатлар ўта баркамол кўринишда ул ҳазратнинг шахсиятларида мужассам бўлганди.

  Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳиалайҳо) оталари амирал мўъминин (мўъминларнинг амири) Али (алайҳиссалом), оналари ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)дан покиза, ҳар доим барқарор, кучли иймонни мерос олганлар. Суҳбатлари самимий, хулқу атворлари меҳр-муҳаббат, ишонч ва садоқат зеварлари билан безалган эди. Ўзгалар жонини асраш учун ўз ширин жонларини фидо этишга ҳар доим тайёр эдилар. Карбало можароларида ҳатто ўзларига тегишли бўлган сувни, бир болакайка ичириб, ўзлари жазирама саҳрода чанқоқлик азобига мардларча чидаганлар. Ўша замонларнинг даҳшатли воқеалари, азоб – уқубат, кўз кўриб қулоқ эшитмаган мусибатлари мана мен деган инсоннинг ҳам руҳини синдириб, уни кураш майдонидан чиқариб юборарди. Аммо ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) нинг покиза ва қудратли руҳларини, иймон-эътиқодларини синдира олмади. Ул ҳазрат ўзларига хос ирода ва мавқешунослик билан курашни давом эттирардилар, турли вазифаларни комил тарзда бажарардилар. Ул ҳазрат гоҳида душманга қахшатгич маънавий зарбалар бериб, гоҳида имом Сажжод (алайҳис салом) нинг жонларини асраб-авайлаб, имом Ҳусайн (алайҳис салом) дан кейинги воқеаларга бош-қош бўлдилар. Ва бу ўта хатарли ва даҳшатли йўлда ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидангина мадад сўрардилар.

  Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) Карбалодан қайтиб келганларидан сўнг, Ибн Зиёд ва Язидларга қарши Кўфа ва Шом шаҳарларида хутбалар ўқидилар. Ул ҳазратнинг оловли даъватлари Аҳли- Байт (алайҳиссалом)лар учун ўта оғир бўлган бир сиёсий даврда, душманларнинг қудрати авж олган пайтда янграрди. Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) ўз таъсирчан ва комил сўзлари билан душманлар тинчини бузардилар. Ул ҳазрат томонидан амалга оширилган ушбу ўта таъсирли ва алангали сўзлар ва маърузалар барча азоб-уқубат ва чидаб бўлмас қийинчиликлар ул ҳазратнинг руҳларини синдира олмаганидан далолат берарди. Таъкидлаш лозимки, ўша мураккаб ва оғир замонда бир кўнгли синиқ аёлнинг ўта таъсирчан ва оташин хутбалар ўқиши Аллоҳнинг мададисиз амалга ошиши мумкин эмас эди, албатта. Бу воқелик ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) нинг каромотларидан саналади.

  Асирлар карвонини имом Ҳусейн (алайҳис салом) нинг суюкли фарзандлари ҳазрат имом Сажжод (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг сингиллари ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳиалайҳо) раҳбарлик қилишарди. Язид аскарларидан кўп зўлм кўрган ушбу бузрукворлар, Кўфа шаҳрида очиқ – ойдин тарзда ҳукумат жиноятлари ва зулмларини фош этадилар ва бу шаҳар халқини ҳазрат имом Ҳусейн (алайҳис салом) га ёрдам қилмаганлари учун маломат ва танқид қиладилар. Имом Сажжод (алайҳис салом) ва ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) ушбу шаҳар аҳлида имом Ҳусейн (алайҳис салом) мурожаатларини олий даражада етказишга муваффақ бўладилар.

  Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳиалайҳо) хутбаларида чуқур диний маърифат, ижтимоий ҳаётнинг асл чеҳраси ва золим халифаларнинг асл башаралари баралла намоён бўларди. Ваҳий мактабининг йирик шогирди бўлган ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) ўз сўзларини ҳар доим қодир ва меҳрибон Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошлардилар.

  Карбалонинг фожеали ҳодисасидан сўнг, асоратга олинган Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадонининг карвони Язид Бин Муовия ҳукуматининг маркази бўлмиш Шомга келдилар. Шомда, сарвари олам Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг Аҳли- Байтлари, айниқса ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) ва имом Сажжод (алайҳис салом) турли нуқталарда, жумладан Язид саройи ва Шом масжидида Умавийларнинг золим ҳокими Язидни фош этишга киришадилар ва Карбало шаҳидлар қонининг маъно ва моҳиятини халққа етказадилар. Шом аҳолиси Язиднинг Карбалода амалга оширган қонли жиноятлари ҳақида маълумотга бўлишади ва унга нисбатан нафратлари ошиб, ғазабга келишади. Ушбу мавзу Язид имом Ҳусейн (алайҳис салом) ва ул зотнинг ёронларини қатл этишлари учун чиқарган фармонини ёлғонга чиқариб, гуноҳни Кўфа ҳокими Убайдуллоҳ бин Зиёд бўйнига қуйишига сабаб бўлади. Оқибат, жамоатчилик фикрининг босими натижасида, Расули Акрам (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли – Байтларини Мадинага қайтиб кетишларига рухсат беради.

haram hazrat zeynabhazrat-Zaynab(s.a)2hazrat-Zaynab(s.a)310092010353-2

Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.