Home / Савол-жавоблар / ТАҚИЯ НИМА ВА У ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА ҚЎЛЛАНАДИ?

ТАҚИЯ НИМА ВА У ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА ҚЎЛЛАНАДИ?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Тақия дегани бу – дунёвий, диний ва маънавий зарарларнинг олдини олиш мақсадида ўз ботиний эътиқоди ва иймонини муxолиф шахслар олдида пинҳон тутиб, уни сир сақлаш демакдир. Демак, тақия динни муҳофаза этиш, мол-мулкка зарар етиши xавфи бўлганда ҳамда инсон жонига қасд қилиниши мумкин бўлган ҳолатлардагина қўлланиб, ҳар бир мусулмоннинг шаръий вазифаларидан бири ҳисобланади ва ушбу масаланинг Қуръонда асос ва негизи бордир.

Тақия масаласи Қуръон нуқтаи назаридан

Қуръони Каримда тақия бобида бир неча оятлар мавжуд бўлиб, шу ўринда уларнинг айримларини келтирамиз:

الف: ﴿لا يَتَّخِذِ الْمُؤْمِنُونَ الْكَافِرِينَ أَوْلِيَآءَ مِن دُونِ الْمُؤْمِنِينَ وَمَن يَفْعَلْ ذَلِكَ فَلَيْسَ مِنَ اللَّهِ فِي شَيْءٍ إِلَّا أَن تَتَّقُوا مِنْهُمْ تُقَاةً وَيُحَذِّرُكُمُ اللَّهُ نَفْسَهُ وَإِلَى اللَّهِ الْمَصِيرُ﴾

«Мўъминлар мўъминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, унга Аллоҳдан ҳеч нарса йўқ. Магар, улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз [тақия қилсангиз] мумкиндир. Аллоҳ сизларни «Ўз азобидан» огоҳлантиради. Аллоҳ ҳузурига, албатта, қайтиш бордир» (Оли Имрон сураси, 28-оят).

Ушбу оятда очиқ-ойдин айтилганидек, кофирлар билан дўст бўлиш жоиз ва тўғри иш эмас, илло агар тақия юзасидан жонни сақлаб қолиш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш учун бўлса жоиздир. Шу ҳолатдагина улар билан юзаки муомала қилиб, дўстлик ва бир эътиқодлиликни изҳор қилиш мумкин.

ب: ﴿مَن كَفَرَ بِاللَّهِ مِنْ بَعْدِ إِيمَانِهِ إِلَّا مَنْ أُكْرِهَ وَقَلْبُهُ مُطْمَئِنٌّ بِالْإيمَانِ وَلَكِنْ مَنْ شَرَحَ بِالْكُفْرِ صَدْرًا فَعَلَيْهِمْ غَضَبٌ مِنَ اللَّهِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ﴾

«Кимки Аллоҳга иймон келтирганидан кейин [яна иймонидан қайтиб] кофир бўлса [унинг ҳолига вой!] Лекин қалби иймон билан ором топа туриб [куфр калимасини тилда айтишга] мажбур қилинганлар бундан мустаснодирлар. Аммо кимки кўнглини куфрга очса, бас, ундайларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улкан азоб бордир!» (Нaҳл сурaси, 106-oят).

Муфассирлар юқоридаги оятнинг нозил бўлиши сабаби ҳақида шундай дейдилар:

Бир куни буюк саҳобалардан бўлган Аммор ибн Ёсир ўзининг ота-онаси билан кетаётиб, душманлар қуршовига учраб қолишади. Шунда кофирлар улардан Исломдан юз ўгириб, мушрик ва кофирлар қаторига қўшилишларини талаб қилишади. Аммор ёнидаги ҳамроҳларининг барчаси Аллоҳнинг ягоналигига ва Муҳаммад Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пайғамбар эканликларига гувоҳлик бериб, Ислом динида барқарор эканликларини изҳор этишади. Шунинг учун, уларнинг баъзилари кофирлар томонидан шаҳид қилинадилар ва айримлари эса қийноқ ва азобларга тутиладилар. Бироқ Аммор қалбида ўз иймонини сақлаган ҳолда тақия қилиб, юзаки кўринишда кофирларнинг айтган сўзларини тилига жорий этиб, қайтараверади ва натижада улар тарафидан озод қилинади.

Аммор ибн Ёсир ўзининг тилда айтган сўзларидан хавотирланган ва ранжиган ҳолда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларига қайтади ва бошидан ўтган воқеани ул ҳазратга сўзлаб беради. Бироқ ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Амморни юпатиб унинг кўнглини кўтарадилар. Шунда юқоридаги ояти карима бу ҳақда нозил бўлади.[1]

Аммор ибн Ёсир ва унинг ота-онаси ҳақида юқоридаги оятнинг нозил бўлганлиги борасида барча муфассирларнинг қилган иттифоқи ва ижмоси ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Амморнинг бу қилган иши тўғри эканлиги ҳақида айтган сўзлари тақия ҳамма томонидан қабул қилинган масаласи эканлигини кўрсатади. Чиндан ҳам бунча мустаҳкам Қуръоний ҳужжатлар ва Аҳли суннат муфассирларининг бу борадаги сўзлари бўла туриб ҳам яна шиаларни тақияни қабул қилганликлари учун танқид остига олиш нақадар ажабланарли ҳолат.

Қуръонда Фиръавн хонадонидаги имонини сир тутган мўмин киши ҳақида шундай дейилган:

ج: ﴿وَقَالَ رَجُلٌ مُّؤْمِنٌ مِّنْ آلِ فِرْعَوْنَ يَكْتُمُ إِيمَانَهُ أَتَقْتُلُونَ رَجُلًا أَن يَقُولَ رَبِّيَ اللَّهُ وَقَدْ جَاءَكُم بِالْبَيِّنَاتِ مِن رَّبِّكُمْ ۖ وَإِن يَكُ كَاذِبًا فَعَلَيْهِ كَذِبُهُ ۖ وَإِن يَكُ صَادِقًا يُصِبْكُم بَعْضُ الَّذِي يَعِدُكُمْ ۖ ﴾‏

«Фиръавн хонадонидан бўлган, ўзининг иймонини яшириб юрадиган бир мўмин киши: «Бир одамни, «Парвардигорим Аллоҳдир», дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизларга Парвардигорингиз томонидан очиқ-ойдин ҳужжатлар келтирган. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўзига зарар. Агар ростгўй бўлса, унда у ваъда қилаётган баъзи мусибатлар сизга етади», деди» (Ғофир сурaси, 28-oят).

Шундай қилиб, Фиръавн хонадонидаги мўмин киши “тақия қилиши” ва “ўз иймонини яшириши” билан бирга, Аллоҳнинг пайғамбари бўлмиш Мусонинг қонини тўкишга қарор қилган ўша ўжар ва мутаассиб тоифага керакли насиҳатларни берди.

Юқоридаги ояти карима ва тафсирчи олимларнинг сўзларидан яққол маълум бўладики, ўз жонини сақлаб қолиш ҳамда моддий ва маънавий зарарларнинг олдини олиш мақсадида ўзининг ботиний эътиқодини пинҳон тутиб, сир сақлаш олдинги умматларда ҳам, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг даврларида ҳам бўлган ва Ислом бу йўлни қўллаб қувватлаган.

Ҳадиси шарифларда тақия масаласи

Ҳадиси шарифларда ҳам тақия кенг акс эттирилган бўлиб, бу ерда баъзи ҳадисларни кўздан кечирамиз:

“Маснади Абу Шайба” Аҳли суннатнинг машҳур маснадларидан бири бўлиб, ушбу китобда пайғамбарликни даъво қилувчи “Мусайлама Каззоб” ҳақида шундай ривоят қилинган:

Мусайлама Каззоб Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобаларидан икки кишини ўзининг ҳукмронлик ҳудудида ҳибсга олиб у иккисидан: «Мен Аллоҳнинг Расули эканлигимга гувоҳлик берасизми?!», деб сўради. Шунда улардан бири гувоҳлик бериб, нажот топди, лекин иккинчиси гувоҳлик бермагани боис бошини кесишди. Бу хабар Пайғамбар оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га етиб боргач, у зот: «Ўлдирилган киши ростгўйлик ва тўғрисўзлик йўлида қадам ташлади. Иккинчиси эса Аллоҳнинг берган рухсатни қабул қилди. Шу боис, унинг зиммасида ҳеч гуноҳ йўқдир», дедилар.[2]

Аҳли-Байт имомларининг ҳадисларида, айниқса, Умавийлар ва Аббосийлар ҳукмронлиги даврида яшаган имомлар ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг шиаларини қаерда топишлари билан ўлдирганларини кўриб шиаларга тақия қилишни кўп буюрардилар. Зеро, шиалар ўша шафқатсиз қотил ва жинояткорларнинг ёмонлигидан ўз жонларини сақлаб қолиш учун тақия қалқонидан фойдаланишлари керак эди.

Тақия фақат кофирларга қарши амалга ошириладими?

Тақияга мухолиф бўлган айрим кимсалар юқоридаги очиқ-ойдин оятлар ва ҳадисларни кўриб, Исломда тақиянинг борлигини ва шаръий эканлигини қабул қилишдан бошқа чора қолмагач, энди тақия фақат “кофирлар”га қарши амалга оширилади ва мусулмонларга нисбатан тақия қилиш шариатга мувофиқ эмас, дейишади. Ҳолбуки, юқорида келтирилган далил-исботларни эътиборга олсак, тақия қилиш масаласида мусулмон билан кофирнинг ўртасида фарқ йўқлиги ошкора маълум бўлади. Зеро:

  1. Агар тақия тушунчаси жон, мол ва обрўни мутаассиб ва хавфли кимсалардан ҳимоя қилиш бўладиган бўлса, унда жоҳил ва мутаассиб мусулмон билан кофир ўртасида қандай фарқ бор? Агар ақл бу айтганларни асрашга ва уларни беҳуда қўлдан бермасликка ҳукм қиладиган бўлса, унда бу икки ҳолат ўртасида нима фарқ бор?

Биз айрим кимсаларни биламизки, ўта кетган жаҳолат ва нодонлик юзасидан ҳамда ёмон тарғиботлар туфайли шиаларнинг қонини тўкишни Аллоҳга яқинлашиш деб ўйлашади! Энди агар мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг шиаларидан бўлган бир киши мана шундай хавфли одамларнинг орасига тушиб қолса ва ундан мазҳабинг нима? деб сўрашганида, очиқ-ойдин: “Мен шиаман, деб жавоб берса, у ҳолда бўғизини жаҳолат ва жиноят тиғига топшириб қўйган бўлади-ку!

Ҳеч бир ақли расо ва фаросатли киши шундай ҳукм қиладими?!

Бошқа таъбир билан айтганда, араб мушриклари Аммор ибн Ёсирга нисбатан ёки Мусайлама Каззобнинг одамлари Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг икки саҳобасига нисбатан амалга оширган ўша ёвуз ишларни айнан бани Умайя ва бани Аббос ҳукмдорлари ҳамда уларга ўхшаган замонамиздаги ИШИД гуруҳи бўлмиш жоҳил мусулмонлар ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг шиаларига нисбатан амалга оширишди. Хўш, ҳатто юзлаб ёки минглаб Аҳли-Байт издошларининг нобуд бўлишига сабаб бўладиган бўлса ҳам, шундай ҳолда тақия қилиш ҳаром деб ҳукм қилишимиз тўғрими?! Чунки ушбу ҳукмдорлар зоҳиран мусулмонлар кўринишидадир!

Агар Аҳли-Байт имомлари тақия масаласига катта эътибор қаратиб:

«تِسْعَةُ أعْشَارِ الدِّينِ التَّقِيَّةُ».

«Диннинг ўндан тўққиз қисми тақиядир»,[3] деб урғу бермаганларида эди, шояд Умавийлар ва Аббосийлар даврида ўлдирилган шиаларнинг сони юз минглаб ёки миллионлаб одамларга етган бўларди. Яъни улар ўзларининг амалга оширган шафқатсиз ва ваҳший қотилликларнинг ўнлаб баробари юз берган бўларди.

Бундай бир шароитда тақия диннинг узлуксиз бир бўлаги эканлигида энг оз шубҳа бўлиши мумкинми?

Биз тарихда Аҳли суннат орасида ҳам мазҳабий ихтилофлар сабабли, жумладан Қуръоннинг ҳодис, яъни пайдо бўлганлиги ёки қадимийлиги масаласи бўйича узоқ йиллар давомида ўзаро кучли ихтилофлар ва тўқнашувлар бўлганини ва бу тортишувларда кўп мусулмонларнинг қони тўкилганини унутмаймиз! Ўша низо ва тўқнашувлар бугунги кунда тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, мутлақо беҳуда ва маъносиздир.

Ўзини тўғри ва ҳақ деб билган бир гуруҳ агар мухолиф кишиларнинг чангалига илиниб қолса, уларнинг ақидаси ҳақида сўралганда, бизнинг ақидамиз мана шундан иборат, деб очиқчасига айтишлари керакми?! Агарчи уларнинг қони тўкилиб ўлдирилсалар-да ва уларнинг қони тўкилишида заррача фойда ва таъсир бўлмаса ҳам!

  1. Аҳли суннатнинг йирик тафсирчи ва илоҳиётчи олими Фахриддин Ар-Розий إِلَّا أَن تَتَّقُوا مِنْهُمْ تُقَاةً «Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз [тақия қилсангиз] мумкиндир» Оли Имрон сурасининг 28-ояти тафсирида шундай дейди:

«Оятнинг зоҳирий маъноси ғолиб келган кофирларга нисбатан тақия қилишнинг жоиз эканлигини англатади». Сўнг сўзида давом этиб айтади:

«إلّا أنّ مذهب الشافعي (رض) أنّ الحالة بين المسلمين إذا شاکلت الحالة بين المسلمين و المشرکين حلّت التقيّة محاماةً على النَّفس».

«Шофеий мазҳаби ақидаси шундан иборатки, агар мусулмонлар ўртасидаги вазият худди мусулмонлар билан кофирлар ўртасидаги вазиятга ўхшаб қолса, ўз жонини сақлаб қолиш учун тақия қилиш жоиздир».

Сўнгра Фахри Розий мол-мулкни сақлаш учун ҳам тақия қилиш жоизлигининг далили сифатида Пайғамбар (с.а.в)нинг ушбу ҳадисларини келтиради:

«حُرْمَة مَالِ الْمُسْلِمِ کَحُرْمَةِ دَمِه»

«Мусулмон молининг ҳурмати унинг қонининг ҳурмати кабидир».

«مَنْ قُتِلَ دُونَ مَالِهِ فَهُوَ شَهِیدٌ»

«Ўз молини ҳимоя қилиш йўлида ўлдирилган киши шаҳиддир».[4]

Табарий тафсири ҳошиясида келган Нишобурий тафсирида ҳам тақия бобида шундай дейилган:

«قال الإمام الشافعي: تجوز التقية بين المسلمين کما تجوز بين المسلمين و الکافرین محاماةً عن النَّفس».

«Тақия мусулмонлар билан кофирлар ўртасида жоиз бўлганидек, ўз жонини сақлаб қолиш учун мусулмонлар ўртасида ҳам тақия жоиздир».[5]

  1. Қизиғи шундаки, бани Аббос халифалиги даврида бир гуруҳ Аҳли суннат муҳаддислари “Қуръоннинг қадим эканлигига” эътиқод қилганликлари учун бани Аббос ҳукмдорлари уларга босим ўтказа бошлашди. Шунда ўша ҳадисчи олимлар тақия юзасидан Қуръоннинг ҳодис-пайдо бўлувчи эканлигини эътироф этиб, нажот топдилар.

Машҳур тарихчи олим “Ибн Саъд” ўзининг “Ат-Табақот” китобида ва шунингдек таниқли тарихчи олим “Табарий” ўзининг “Тарихул умами вал-мулук” номли китобида” бу борада Аббосийлар халифаси бўлмиш “Маъмун” томонидан Бағдод миршаби бошлиғи “Исҳоқ ибн Иброҳим”га йўллаган икки мактубига ишора қилганлар.

Биринчи мактуб ҳақида Ибн Саъд шундай ёзади: Маъмун миршаб бошлиғига еттита машҳур муҳаддисларни; Воқидийнинг котиби Муҳаммад ибн Саъд, Абу Муслим, Яҳё ибн Муъин, Зуҳайр ибн Ҳарб, Исмоил ибн Довуд, Исмоил ибн Абу Масуд ва Аҳмад ибн Ад-Дурқийларни махсус ҳимоя остида менинг ёнимга юбор, деб мактуб ёзди. Улар Маъмуннинг олдига келганларида, Маъмун уларни синаш учун: «Сизнинг Қуръонга бўлган ақидангиз қандай?», деб сўради. Ҳаммалари: “Қуръон яралган”, деб жавоб қайтаришди. Ҳолбуки муҳаддислар орасида кенг тарқалган ақида бунинг акси эди, яъни ҳадисчи олимлар Қуръоннинг қадим эканлигига эътиқод қилардилар.[6]

Ҳа, мазкур ҳадисчи олимлар Маъмуннинг оғир жазоларидан қўрқиб, тақия қилишди ва Қуръоннинг яралганлигини эътироф этиш билан ўз жонларини сақлаб қолишди.

Табарий ўзининг тарих китобида келтирган Маъмуннинг Бағдод миршаби бошлиғига қарата ёзган иккинчи мактубида ҳам шундай қайд қилинган:

Маъмуннинг мактуби Бағдод миршаби бошлиғига етиб боргач, у бир гуруҳ муҳаддисларни, эҳтимол, уларнинг сони 26 киши етарди чақиртириб, уларга Маъмуннинг мактубини ўқиб берди. Сўнг уларни бирма-бир олдига чақириб, Қуръон ҳақидаги ўз ақидаларини билдиришларини сўради. Тўрт кишидан ташқари уларнинг ҳаммаси Қуръоннинг яралганлигини тан олдилар ва тақия қилишлари билан қутулдилар.

Қуръон яралганлигини тан олмаган тўрт киши: Аҳмад ибн Ҳанбал, Сажжода, Ал-Қаворирий ва Муҳаммад ибн Нуҳ эди. Миршаб бошлиғи уларни занжирбанд этиб, қамоққа ташлашни буюрди. Эртаси куни яна ҳаммасини чақириб, улардан Қуръон ҳақидаги ўз қарашларини айтишларини сўради. Сажжода Қуръоннинг яралганлигини эътироф этиб озод бўлди, аммо қолганлари эса қаршилик кўрсатишда давом этишди ва миршаб бошлиғи ҳам уларни қамоққа қайтарди.

Эртаси куни яна қолган уч кишини ҳузурига олиб келтириб, улардан Қуръонга бўлган ақидалари ҳақида сўради. Шунда “Ал-Қаворирий” ўз ақидасидан қайтгани учун озод қилинди. Лекин Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Нуҳ ўз қарашларида туриб олишда давом этдилар. Шу боис, Бағдоднинг миршаб бошлиғи уларни “Тартус” шаҳрига сургун қилди.[7]

Баъзи одамлар тақия қилган ўша ҳадисчи олимларга эътироз билдирганларида, ҳадисчи олимлар Аммор ибн Ёсирнинг кофирлар қаршида тақия қилганини асос қилиб келтиришди.[8]

Юқорида айтилганларнинг барчасидан ошкора маълум бўладики, қачонки инсон оғир тазйиқлар ва босимлар остида қолса ва золимлар чангалидан қутулишнинг ягона йўли тақия бўлса, у ҳолда тақия қила олади, хоҳ кофирлар қаршида бўлсин ёки мусулмонга нисбатан бўлсин, фарқ қилмайди.

Тақия қилиш ҳаром бўлган ҳолатлар

Айрим ҳолларда тақия қилиш ҳаром бўлади, яъни агар бирор шахс ёки гуруҳ тақия йўлига ўтиб, ўзининг диний ё мазҳабий эътиқодини яширган тақдирда, асл Ислом дини хавф остида қоладиган бўлса ёки бутун мусулмонларга қаттиқ зарба уриладиган бўлса, ундай ҳолда тақия қилиш ҳаром бўлади. Бундай ҳолларда, киши ўзининг ҳақиқий ақидасини ошкор этиши керак, агарчи унинг учун хавфли ёки зарарли бўлса ҳам.

Юқоридаги ҳолатларда тақия қилмай ўз ақидасини ошкор қилса, “ИЛҚОУН-НАФСИ ИЛАТ-ТАҲЛУКАҲ”, яъни ўз қўли билан ўзини ҳалокатга ташлаган бўлади, ваҳоланки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ишдан очиқ-ойдин қайтариб:

﴿وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ﴾‏

«Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг!» (Бақара сураси, 195-оят), деган деб ўйлаган айрим кишилар эса катта хатога йўл қўйганлар. Зеро, бу гапнинг маъноси жиҳод майдонида ҳозир бўлиб курашиш ҳам ҳаромдир. Ҳолбуки, ҳеч бир ақли расо одам бундай гапни айтмайди.

Бундан маълум бўладики, Имом Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб (алайҳимус салом)нинг Язидга қарши оёққа туриб курашишлари ул ҳазратнинг аниқ диний бурчлари бўлиб, Имом ҳатто тақия сифатида исломий хилофатни ноҳақ эгаллаб олган Язидийлар ва Умавийлар билан муроса қилишга рози бўлмадилар. Зероки у ҳазрат Язидийлар билан муроса-мудора йўлига ўтсалар, бутун Исломга қаттиқ зарба берилишини, лекин зулму ноҳақликка қарши оёққа туриб, шаҳид бўлишлари эса мусулмонларнинг уйғонишига ва Исломнинг жоҳилият ботқоғидан қутулишига олиб келишини билардилар.

Муроса-мудора асосида қилинадиган тақия

Тақиянинг яна бир тури – дин ва мазҳаб асосига зиён етказмайдиган масалаларда мусулмонлар сафларининг бирлигини сақлаб қолиш учун бир ақида ёки мазҳаб тарафдорларининг бошқа ақидага эга бўлган мусулмонлар билан ҳамжиҳатлик бўлиш қилинадиган тақиядир.

Мисол тариқасида, Аҳли-Байт мактаби тарафдорлари гиламга сажда қилиб бўлмайди, албатта тупроққа ёки тош каби ер жинсидан бўлган нарсаларга сажда қилиш керак, деб эътиқод қиладилар. Улар ўз ақидалари тўғри эканлигини исботлаш учун Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ушбу машҳур ҳадисларини:

«جُعِلَتْ لِيَ الْأَرْضُ مَسْجِداً وَطَهُوراً»

«Ер мен учун саждагоҳ ва таяммум воситаси қилиб қўйилди»[9] далил қилиб келтирадилар.

Энди Аҳли-Байт мактаби издошлари бошқа мусулмонлар сафларининг бирлигини сақлаш учун уларнинг масжидларида ёки Масжидул-Ҳаром ва Масжидун-Набий оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)да намоз ўқимоқчи бўлсалар, тақия юзасидан бошқалар сингари ўша гиламларга сажда қиладилар.

Бу амал жоиз бўлиб, мусулмонлар ўртасидаги бирдамликни сақлаш учун бундай гиламга сажда қилиб ўқилган намоз бизнинг ақидамизча саҳиҳ ҳисобланади ва бунга “МУРОСА-МУДОРА ТАҚИЯСИ” дейилади. Чунки унда жон-у молга зарар етишидан қўрқиш масаласи мутлақо мавжуд эмас, балки бундай тақия қилишда Ислом динидаги бошқа ақидага эга бўлган мусулмонларга нисбатан бағрикенглик ва муроса-мудора масаласи кўтарилган.

Тақия масаласи шиалар нуқтаи назаридан

Тарих бўйлаб мустабид ва золим бани Умайя ва бани Аббос xалифаларининг шиаларга қарши шафқатсизлиги, уларга нисбатан қилган жабру-ситамлари ҳамда уларни аёвсиз қатл ом қилишга бел боғлаганликлари туфайли[10] шиалар Қуръони Каримнинг кўрсатмасига биноан, тақия қилиб, ўзларининг тўғри ва барҳақ эътиқодларини сир тутардилар ва шу йўсинда ўз жонлари ва бошқа мусулмон биродарларининг жонини ўша оғир шароитда нажот берадилар.

Аниқки, бундай оғир ва сиқиқ ҳолатга тўлиб тошган бир муҳитда шиаларни йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилаётган тўфондан фақатгина тақия қилиш нажот бера олар эди. Шу боис, агар золим ҳукмдорлар ва уларнинг гумашталари шиаларга шафқатсизларча қирғин қилишни ўз олдиларида мақсад қилиб қўймаганларида эди, шиалар ҳам тақия қилишга мажбур бўлмаган бўлур эдилар.

Шуни ҳам эслатиб ўтишимиз лозимки, тақия қилиш фақат шиаларгагина xос бўлмай, балки бошқа мазҳабдаги мусулмонлар ҳам, қирғин солувчи шафқатсиз душман билан юзма-юз бўлишганда, агар душманга қарши курашиш учун етарли куч-қудратга эга бўлмасалар, тақия усулини қўллаб, ўз жонларини муҳофаза этиш мақсадида ўзларининг ички эътиқодларини пинҳон тутадилар.

Шундай экан, агар Исломдаги ҳамма мазҳаблар мавжуд бўлган фиқҳий иxтилофларга аҳамият бермай, ўзаро дўстона ва тотув муносабатда бўлиб, бирдамлик ва уюшқоқлик билан ҳаёт кечиришса, мусулмонлар орасида тақия қилишга сира ҳам ҳожат қолмайди.

НАТИЖА ВА ХУЛОСА

Юқорида олиб борилган баҳслардан келиб чиқиб, қуйидаги хулосаларга келишимиз мумкин:

  1. Тақия масаласи борасида Қуръони Каримда ҳам айтилган бўлиб, Пайғамбаримизнинг саҳобалари ҳам ўз ҳаётларида бу усулдан фойдаланганлар ва ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг тақия амалини қўллаб қуватлашлари Исломнинг илк давридаёқ унинг жоиз ва мумкин эканлигига ёрқин далил бўла олади.
  2. Ислом динининг илк даврларида шиаларнинг тақия қилишларидан кўзланган мақсад, ўз эътиқод ва мазҳабларини сақлаб қолиш эди. Зеро, тақия қилиш усули уларни шафқатсизларча ва аёвсиз қатли ом ва қирғин қилинишларидан қутқариб, ушбу мазҳабни йўқ қилиш билан таҳдид қилаётган зулму ситам тўфонининг олдини олган эди.
  3. Тақия қилиш фақат шиаларга xос бўлибгина қолмай, балки бошқа ислом мазҳабларида ҳам мавжуддир.
  4. Тақия фақат мушрик ва кофирлар муқобилида ўз исломий эътиқодини пинҳон тутиш билан чекланибгина қолмай, балки кенг маънода қўлланиб, ҳар қандай хунрез золимлар баробарида уларга қарши чиқиб курашиш шароити мавжуд бўлмаганда, жонини сақлаб қолиш мақсадида ўз ботиний эътиқодини сир тутиб яшириш лозим ва зарур бўлади. Ҳатто агар бу қон тўкар золимлар Xавориж ва ёки шунга ўxшаган бошқа қонxўр гуруҳлар каби ислом дини ичидан чиққан бўлсалар ҳам. Демак, тақия қилишнинг мезони мусулмон инсоннинг жонини муҳофаза этишдан иборат бўлиб, ушбу маъно-мафҳум кенг қамровли хусусиятга эгадир. Шунга биноан, ҳар қандай золим ва мустабид амалдор ёки шахс муқобилида, агар унга қарши курашишнинг имкони бўлмаса, тақия қилмоқ вожиб ва зарур бўлади.

5. Агар Исломдаги барча гуруҳ ва мазҳаблар бир-бирларини тушуниб, ўзаро тинч ва тотув яшасалар, тақия қилишга сира ҳам ҳожат қолмайди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБАЛАР: 

[1] Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», 4-жилд, 131-бeт, Байрут нaшри.

[2]. «Муснади Абу Шайба», 12-жилд, 358-бет.

[3]. Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 109-жилд, 254-бет.

[4]. Фахриддин Ар-Розий, «Ат- тафсирул Кабийр ва Мафаатийҳул Ғайб», 8-жилд, 13-бет, Оли Имрон сурасининг 28-ояти тафсирида.

[5]. Шофеий Ашъарий олими бўлган Низомиддин Ҳасан Нишобурий, «Ғароиб ал-Қуръон ва Рағоиб ал-Фурқон» «Тафсири Нишобурий» номи билан танилган (Тафсири ат-Табарий ҳошиясида келган), 3-жилд, 118-бет.

[6]. «Табақот Ибн Саъд», 7-жилд, 167-бет, Байрут чопи.

[7]. Шом диёридаги денгиз бўйида жойлашган шаҳар: Абу Абдуллоҳ Ёқуд бин Абдуллоҳ Ҳаммуий Бағдодий, «Муъжамул Булдон», 4-жилд, 30-бет.

[8]. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихул-умами вал-мулук» ёки «Тарихут-Табарий», 7-жилд, 197-бет.

[9]. Ушбу ҳадиснинг Аҳли суннат наздидаги манбалари:

  • Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий Ал-Жуъфий, «Ал-Жомиъус-Саҳийҳ» ёки «Саҳийҳул Бухорий», 1-жилд, 168-бет, 11-Китоб: Абвобул масжид, 23-боб: Қовлун-Набиййи жуъилат лиял арзу масжидан ва тоҳуро, 427-рақамли ҳадис.
  • Муслим ибн Ҳажжож, Ал-Қушайрий Ал-Нисобурий «Саҳиҳи Муслим», 5-Китобул-Масожиди ва мавозиъис-солаати, 1-жилд, 370 ва 371-бетлар, 521 ва 523-ҳадислар.
  • Ҳофиз Байҳақий Шофеий, «Сунани Байҳақий» ёки «Ас-Сунанул Кубро» номи билан танилган, 2-жилд, 433-бeт. Ушбу ҳадис Аҳли суннатнинг бошқа китобларида ҳам ривоят қилиб келтирилган.

[10]. Бу ҳaқдa кўпрoқ мaълумoт oлиш учун, яъни бaни Умaйя вa бaни Aббoс ҳукмронлaри томонидан шиaлaрнинг бeрaҳмoнa ва шафқатсизларча қирғин қилингaни борасидa билиш учун; «Муқoтилуттoлибиййин», Aбул Фaрaж Исфaҳoний китoби, aллoмa Aминийнинг «Шуҳaадaул фaзилa», Муҳaммaд Жaвoд Муғниянинг «иъa вa aлҳoкимун» нoмли китoблaрига мурожаат қилишингиз мумкин.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.