Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нимага «Имомат» мақоми «Рисолат» ва «Нубувват» мартабасидан юқорироқ ҳисобланади? (2)

Нимага «Имомат» мақоми «Рисолат» ва «Нубувват» мартабасидан юқорироқ ҳисобланади? (2)

 БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

«Имомат» мақомининг юксакроқ эканлиги ҳақида

Олдинги суҳбатимиздан маълум бўладики, ваҳийни қабул қилиб олиб, уни етказувчи бўлган «набий» ва «расул» вазифасининг ҳудуди фақат ёруғ йўлни кўрсатиш ва огоҳлантиришдир, xолос. Қачонки, «набий» ёки «расул» «имомат» ва «пешволик» даражасига етишса, унинг зиммасига оғирроқ масъулият юкланади. Чунки, у илоҳий кўрсатмалар ва муқаддас шариатнинг йўл-йўриқларини намунали ва бахтли жамият яратиш учун ҳаётга татбиқ этиши керак бўлади. У бу билан ўз умматини икки жаҳон саодатини таъминлаш йўлидан олиб бориши лозим бўлади.

Маълумки, фақат юқори маънавий қудратга эга бўлган салоҳиятли инсонларгина бундай оғир масъулиятни ўз зиммаларига олиб, унинг уддасидан чиқа оладилар. Зеро, бундай оғир вазифани тўла-тўкис амалга ошириш ҳар доим қийинчиликларга ва турли нафсоний ҳою ҳавасларга қарши курашишлар билан тўлиб тошган бўлиб, ушбу «имомат» ва «пешволик» мақоми Яратганнинг розилигини қўлга киритиш, Унинг йўлида жонкуярлик, юқори даражали сабр ва чидамлилик, илоҳий ишқ-муҳаббат ва фидокорлик каби xислатларга эга бўлмоқни тақозо этади. Аллоҳга бўлган ишқ-муҳаббатга тўлиб тошмай ва Унинг ризолигида фоний бўлмай туриб бундай масъулиятни амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун, ҳикмат эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло ушбу «имомат» ва «пешволик» мақомини ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)га ўта машаққатли имтиҳонлар ва синовлардан муваффақиятли ўтганидан сўнг кексалик чоғида ато этган эди. Шунга кўра, Аллоҳ таоло ўзининг энг холис ва пок бандаси бўлмиш ҳазрати xотамул анбиё Муҳаммад Мустафо (сoллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни ҳам ислом умматига имом, йўлбошчи ва пешво бўлиш шарафига муяссар этди ва ул буюк зотни ушбу мақомга лойиқ кўрди.

«Нубувват» ва «Имомат» ўртасида доимий боғлиқлик мавжудми?

Бу саволнинг кетидан бошқа бир савол ҳам туғилади: Кимки «нубувват» мақомига эришиб пайғамбар бўлса, албатта, имом ва пешво ҳам бўладими? Ва шунингдек, «имомат» ва «пешволик» мақомига молик бўлганлар пайғамбар бўлишлари шартми?

Ҳар иккала саволнинг жавоби салбийдир. Яъни ушбу иккала мақомнинг ўртасида доимий боғлиқлик мавжуд эмас.

Энди эса ваҳий бўлмиш Қуръони Карим оятлари ёғдусида ушбу масалага ойдинлик киритамиз. Қуръонда Толутнинг мустабид ва золим Жолутга қарши олиб борган курашуви тасвирланган. Унда ҳазрати Мусо (алайҳис салом)нинг риҳлатидан сўнг, Аллоҳ таоло «нубувват» мақомини Самуил номли бир пайғамбарга топширади. Ҳолбуки, бани Исроил қавмига «пешволик» ва «раҳнамолик» қилиш мақомини эса ҳазрати Толут зиммасига юклайди. Шу ўринда диққатингизни қиссанинг изоҳига жалб этамиз:

Ҳазрати Мусо (алайҳис салом)нинг вафотидан сўнг бани Исроилдан бир гуруҳ одамлар ўз замонасининг пайғамбари, яъни Самуил пайғамбар олдига келиб: «Бизга бошлиқ ва йўлбошчи тайинланг, токи унинг раҳнамолигида Аллоҳ йўлида душманларга қарши курашайлик», дейишади. Шунда уларнинг пайғамбари уларга айтади:

﴿وَقَالَ لَهُمْ نَبِيُّهُمْ إِنَّ اللَّهَ قَدْ بَعَثَ لَكُمْ طَالُوتَ مَلِكًا قَالُوا أَنَّى يَكُونُ لَهُ الْمُلْكُ عَلَيْنَا وَنَحْنُ أَحَقُّ بِالْمُلْكِ مِنْهُ وَلَمْ يُؤْتَ سَعَةً مِنَ الْمَالِ قَالَ إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَاهُ عَلَيْكُمْ وَزَادَهُ بَسْطَةً فِي الْعِلْمِ وَالْجِسْمِ وَاللَّهُ يُؤْتِي مُلْكَهُ مَنْ يَشَآءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ﴾

«Пайғамбарлари уларга деди: «Аллоҳ сизларга Толутни ҳукмдор этиб юборди.» Улар [пайғамбарларига жавобан]: «У қандайига бизнинг устимиздан ҳукмронлик қила олади, ҳолбуки, биз ҳукмронликда ундан ҳам ҳақлироқмизку ва [бундан ташқари] унга мол-мулк ҳам мўл-кўл берилмаган», дейишди. Пайғамбар айтди: «Аллоҳ уни сизларга Ўзи танлаб, уни илмда ва жисмда [жисмоний куч-қудратда] зиёда қилди. Аллоҳ ҳукмронлигини Ўзи xоҳлаган кишига беради. Аллоҳ [фазлу карами] кенг ва огоҳдир» (Бaқaрa сурaси, 247-oят)

Юқоридаги ояти каримадан қуйидаги хулосаларга келамиз:

1. Ояти каримадан маълум бўлишича, айрим масалаларнинг тақозосига биноан, «имомат» мақоми «нубувват»дан ажралиб, бу иккала мақом бир инсонда жам бўлмай, бир пайтнинг ўзида бир киши «нубувват» мақомига ва бошқа бир киши эса «ҳукмронлик» ва «раҳбарлик» мартабасига эга бўла олади. Ушбу икки мартабанинг бир-биридан ажралиши мумкинлигига бани Исроил зинҳор норозилик билдирмай: «Йўқ, сиз пайғамбарсиз, ўзингиз имомат ва раҳнамолик мартабасига ҳақлироқсиз», деб ўз пайғамбарларига мурожаат қилишмаган. Балки уларнинг эътирозлари: «бу мақомга Толутдан кўра биз ҳақлироқ эдик», деган сўзлар бўлган.

2. Толут эгаллаган ушбу «имомат» ва «пешволик» мақоми Аллоҳ таоло томонидан унга ато этилган эди. Юқоридаги ояти каримада бу ҳақда шундай дейилади:

﴾إِنَّ اللَّهَ قَدْ بَعَثَ لَكُمْ طَالُوتَ مَلِكًا﴿ «Аллоҳ сизларга Толутни ҳукмдор этиб юборди» Бу борада яна шундай дейилади:

﴾إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَاهُ عَلَيْكُمْ﴿ «Аллоҳ уни сизларга Ўзи танлади».

3. Аллоҳ таоло томонидан ҳазрати Толутга берилган мақом фақат жангга раҳбарлик ва қўмондонлик қилиш билан чекланиб қолмаган, балки ушбу оятнинг гувоҳлик беришича, бани Исроилга ҳар томонлама ҳукмронлик ва йўлбошчилик қилиш масъулияти ҳазрати Толутга топширилган эди. Бу хулосамиз «Аллоҳ сизларга Толутни ҳукмдор этиб юборди», дейилган жумладан келиб чиқади. Гарчи ўша замон тақозоси бўйича, Толутнинг бани Исроил қавми устидан ҳукмронлик ва раҳнамолик қилиши Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш шаклида намоён бўлган бўлса-да, аммо унинг ушбу илоҳий мақоми ҳокимият қуришга доир барча ишларни ўз ичига қамраб олганди. Ушбу фикрни юқоридаги оятнинг охирида келган сўз ҳам тасдиқлайди:

﴾وَاللَّهُ يُؤْتِي مُلْكَهُ مَنْ يَشَآءُ﴿ «Аллоҳ ҳукмронлигини Ўзи xоҳлаган кишига беради»

4. Жамиятга йўлбошчилик ва раҳнамолик қилишнинг энг муҳим шарти, кенг қамровли илм соҳиби ва шунингдек жисмоний ва маънавий куч-қудрат эгаси бўлишдан иборат ва бундай мақомга эга бўлган шахсдан ҳокимият яратиб жамиятни бошқариши учун мазкур хусусиятларни тақозо этади. Айниқса, ўша замонда қўшин билан биргаликда ҳаракатда бўлган ҳукмдорлар учун бу xусусиятлар зарур бўлган.[1]

Демак, юқорида юритган илмий баҳсларимиздан маълум бўлдики, «имомат» билан «нубувват» ўртасида доимий боғлиқлик бўлмай, бу иккиси бир-бирига боғлиқ бўлмаган алоҳида мансаблар ҳисобланади. Шу боис, гоҳида бир киши пайғамбар бўлиши мумкин, лекин одамларни бошқариш, уларга йўлбошчилик ва раҳнамолик қилиш вазифасига эга бўлган имом ва пешво бўлмаслиги ҳам мумкин. Юқоридаги ояти каримага кўра, бани Исроил қавмига юборилган ҳазрати Самуил пайғамбар «нубувват» ва пайғамбарлик мақомига эга бўлган бўлса-да, бироқ бани Исроилни бошқариш, уларга йўлбошчилик ва раҳнамолик қилиш учун Аллоҳ таоло томонидан «имом» ва «пешво» этиб танланмаган. Ёки аксинча, бирор шахс агарчи пайғамбар бўлмаса-да, аммо Аллоҳ таоло томонидан одамларга йўлбошчи ва раҳнамо этиб тайинланиши мумкин. Юқоридаги ояти каримада ҳазрати Толут бани Исроилни бошқариш, уларга йўлбошчилик ва раҳнамолик қилиш учун Аллоҳ таоло томонидан «имом» ва «пешво» этиб танланган эди. Худди шундай Аҳли-Байт издошлари бўлган шиаларнинг эътиқодига кўра, сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (сoллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳаққоний ворис ва ўринбосарлари бўлган ўн икки имом ислом умматини ҳидоят сари бошқариш, уларга ҳар томонлама йўлбошчилик ва раҳнамолик қилиш учун Аллоҳ таоло томонидан «имом» ва «пешво» этиб танланган ҳақиқий раҳбарлардир.

Гоҳида эса Тангри таоло бу иккала мақомни ҳақли ва лойиқ кўрган бир инсонга ато этади ва бу эса ўша инсоннинг ушбу оғир масъулиятга сазовор ва муносиб эканлигидан дарак беради. Шиаларнинг эътиқодига биноан, Аллоҳ таолонинг энг холис ва пок бандаси бўлмиш сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (сoллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) набий ва расул бўлишлари билан бирга, Аллоҳ таоло томонидан ислом умматининг имоми, пешвоси ва йўлбошчи этиб ҳам танланганлар. Ва шунингдек, Қуръони Карим оятларига кўра, ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) ва ул зотнинг зурриётидан бўлган ҳазрати Юсуф, Довуд, Сулаймон пайғамбарлар ҳам пайғамбарлик мақомига эга бўлиш билан бирга, Аллоҳ таоло томонидан ўз умматларига имом ва пешво этиб танланганлар. Чунончи, ҳазрати Довуд пайғамбар ҳақларида Қуръони Каримда шундай дейилади:

﴿فَهَزَمُوهُمْ بِإِذْنِ اللَّهِ وَقَتَلَ دَاوُدُ جَالُوتَ وَآتَاهُ اللَّهُ الْمُلْكَ وَالْحِكْمَةَ وَعَلَّمَهُ مِمَّا يَشَآءُ وَلَوْلَا دَفْعُ اللَّهِ النَّاسَ بَعْضَهُمْ بِبَعْضٍ لَفَسَدَتِ الأرْضُ وَلَكِنَّ اللَّهَ ذُو فَضْلٍ عَلَى الْعَالَمِينَ﴾

«Шундай қилиб, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар. Ва Довуд Жолутни ўлдирди ва Аллоҳ унга [Довудга пайғамбарликдан ташқари] ҳукмронлик ва ҳикмат ато этди ва Ўзи xоҳлаган нарсаларни унга ўргатди. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан дафъ этмаганида эди, шубҳасиз, Ер фасодга [ва бузғунчиликка] тўлган бўлур эди, лекин Аллоҳ бутун оламлар узра фазл эгасидир» (Бaқaрa сурaси, 251-oят)

Фойдаланилган манба: 

[1]. Жaъфaр Субҳoний, «Қуръoннинг мгу низоми» китoбидaн иқтибос қилинди.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.