Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нимага «Имомат» мақоми «Рисолат» ва «Нубувват» мартабасидан юқорироқ ҳисобланади? (1)

Нимага «Имомат» мақоми «Рисолат» ва «Нубувват» мартабасидан юқорироқ ҳисобланади? (1)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Бу саволга жавоб бериш учун, дастлаб Қуръон ва ҳадисда келган «Нубувват», «Рисолат» ва «Имомат» тушунчалари билан яxшилаб танишиб олиш керак бўлади. Ундан кейингина нима учун имомат мартабаси нубувват ва рисолатдан ҳам юқорироқ эканлигини тушуниб олишимиз мумкин.

1. «Нубувват» мартабаси ҳақида

«Набий» сўзи «Набаъ» ўзагидан олинган бўлиб, «Набаъ» сўзи «муҳим ва ўта аҳамиятли xабар» деган маънони англатади. Шунга кўра, «набий» сўзининг луғавий маъноси ўта муҳим ва буюк xабар эгаси ёки шундай хабарни олиб келган шахс демакдир. Бизнинг тилимизда «набий» сўзи пайғамбар маъносини ифодалаб, Қуръони Карим тилида эса Аллоҳ таолодан турли йўллар билан ваҳий қабул қилиб оладиган ва ҳеч бир инсоний воситасиз Аллоҳ таоло тарафидан одамларга хабар етказиб берадиган шахсга «набий» дейилади. Донишмандлар эса «набий» сўзининг маъносини қуйидагича шарҳлаганлар:

«إِنَّهُ مُؤدٍّ مِنَ اللهِ بِلَا وَاسِطَةٍ مِنَ البَشَرِ»

«Набий деб, Аллоҳдан бирор инсон восита бўлмай туриб ваҳий қабул қилиб олиб, уни одамларга етказиб берувчи шахсга айтилади».[1]

Демак, айтилганларга асосланиб қуйидаги хулосага келамиз: «Набий»нинг вазифаси ваҳийни Аллоҳдан қабул қилиб олиб, унга илҳом қилинган нарсаларни халққа етказиб беришдан иборат. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилади:

﴿فَبَعَثَ اللَّهُ النَّبِيِّينَ مُبَشِّرِينَ وَمُنْذِرِينَ﴾

«Аллоҳ пайғамбарларни xушxабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборди». (Бaқaрa сурaси, 213-oят)

2. «Рисолат» мартабаси ҳақида

«Расул»нинг ваҳий қомусидаги маъноси ваҳийни қабул қилиб олиб, Аллоҳ таоло тарафидан одамларга бевосита хабар беришдан ташқари Аллоҳнинг рисолатини [элчилигини] ўз зиммасига олган ва ушбу илоҳий элчилик вазифасини одамларга етказишга маъмур бўлган пайғамбарлар демакдир. Қуръони Каримда бу ҳақда бундай дейилади:

﴿وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَاحْذَرُوا فَإِنْ تَوَلَّيْتُمْ فَاعْلَمُوا أَنَّمَا عَلَى رَسُولِنَا الْبَلاغُ الْمُبِينُ﴾

«Аллоҳга итоат қилингиз ва Расулига итоат қилингиз ҳамда [ман этилган нарсалардан] сақланингиз! Агар бош тортсангиз, билиб қўйингизки, Расулимиз зиммасида фақатгина ошкора етказиб қўйиш бордир, холос». (Мoидa сурaси, 92-оят)

Бинобарин, «рисолат» мақоми «набий»га ато этиладиган бошқа бир улуғ мартабадир. Бошқа сўз билан айтганда, «нубувват» ва «рисолат» мартабалари Аллоҳ таоло томонидан ваҳий қабул қилиб олган пайғамбарларнинг икки xусусияти саналади. Демак, Аллоҳ тарафидан ваҳийни қабул қилиб олган ва илоҳий хабар эгаси бўлган пайғамбарлар «набий» ҳисобланадилар. Аммо ушбу вазифа билан биргаликда Аллоҳ рисолатини [элчилигини] ўз зиммасига олиб, уни одамларга етказиш масъулиятига эга бўлган пайғамбарлар эса «расул» деб номланадилар.

Айтган сўзларимиздан келиб чиқиб қуйидаги xулосага келамиз: «нубувват» ва «рисолат» мартабасига эга бўлган пайғамбарлар одамларга ҳаром ва ҳалолни тушунтириб, саодат ва баxт йўлини уларга кўрсатган ҳидоятчилар бўлиб, Аллоҳ таоло тарафидан хабар бериш ёки уларнинг зиммасига юклатилган элчилик вазифасини бажариш масъулиятидан бошқа нарсага эга эмаслар.

3. «Имомат» мартабаси ҳақида

Қуръони Карим нуқтаи назаридан илоҳий мақом бўлмиш «имомат ва пешволик» даражаси юқорида айтиб ўтилган «нубувват» ва «рисолат» мартабасидан ҳам улуғроқ ва юксакроқдир. Зеро, «имомат» мақоми юқоридаги икки масъулият [набийлик ва расуллик]дан фарқли ўлароқ, жамиятни бошқариш ва унга раҳбарлик қилиш учун кенг кўламда иш юритиш ваколатига эга бўлган юқори даражали мартабадир.

Энди ана шу айтганимизга далил сифатида Қуръони Каримнинг нурафшон оятларига диққатингизни жалб этамиз:

Қуръони Каримда ҳазрати Иброҳим Xалилуллоҳ (алайҳис салом)га «имомат ва пешволик» мартабаси берилгани хусусида шундай дейилади:

﴿وَإِذِ ابْتَلَىٰ إِبْرَاهِيمَ رَبُّهُ بِكَلِمَاتٍ فَأَتَمَّهُنَّ قَالَ إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَامًا قَالَ وَمِنْ ذُرِّيَّتِي قَالَ لَا يَنَالُ عَهْدِي الظَّالِمِينَ﴾

«Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қилган ва у уларни мукаммал ва батамом адо этган замонни эсланг. Шунда [Аллоҳ]: «Мен албатта, сени одамларга имом [пешво ва йўлбошчи] қилгувчидирман», деди. [Иброҳим]: «Зурриётимдан ҳамми? [Менинг зурриётимдан ҳам бундай улуғ ва юксак мақомга эришадиганлар бўладими?]», деб сўради. [Аллоҳ]: «Менинг бу аҳдим золимларга етмайди», деди. [Сенинг зурриётинг орасидаги золим кимсалар Менинг имомат аҳдимга эриша олмаслар.]» (Бaқaрa сурaси, 124-oят)

Қуръони Каримнинг ушбу ояти ёғдусида икки ҳақиқат бизга равшан бўлади:

  1. Ушбу ояти карима «имомат» тушунчаси «рисолат» ва «нубувват» тушунчасидан ёрқин тарзда фарқли эканига гувоҳлик беради. Нега деганда ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) ўз фарзандлари ҳазрати Исмоил (алайҳис салом)ни қурбонлик қилишга жиддий киришиш каби оғир имтиҳон ва синовлардан муваффақиятли ўтишларидан анча йил олдин «нубувват» мартабасига ноил бўлган эдилар. Ушбу даъвомиз қуйидаги келтирган далилимиз билан исботланади.

Ҳаммамизга маълумки, Аллоҳ таоло Иброҳим Xалилуллоҳ (алайҳис салом)га кексалик чоғида ҳазрати Исмоил ва ҳазрати Исҳоқларни ато этган эди. Қуръони Каримда ул зотнинг тилидан бу ҳақда шундай дейилади:

﴿اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَهَبَ لِي عَلَى الْكِبَرِ إِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ إِنَّ رَبِّي لَسَمِيعُ الدُّعَاءِ﴾

«Менга кексаликда Исмоил ва Исҳоқни берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Албатта, Раббим дуони эшитувчидир» (Ибрoҳим сурaси, 39-oят)

Ушбу суҳбатимиздан яққол маълум бўладики, ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) ҳатто фарзандли бўлишларидан ҳам олдин набий ва пайғамбарликнинг нишонаси бўлмиш ваҳий Аллоҳ таоло тарафидан ул зотга юборилиб турарди. Шу боис, ул ҳазрат зурриётли бўлишдан анча йил бурун «нубувват» ва «рисолат» мақомига эга эдилар. Кейин эса ул зотнинг дуолари билан Аллоҳ таоло ул ҳазратга фарзанд ато этди. Сўнгра бир неча йил ўтгач, ҳазрати Иброҳим Xалилуллоҳ (алайҳис салом) умрларининг охирларида ул зотга Аллоҳ таолонинг ўта машаққатли синовлари кетма-кет кела бошлади. Жумладан, умр йўлдошлари ва фарзандларини сувсиз саҳрога қўйиб кетиш, кейинчалик эса ўғиллари ҳазрати Исмоил (алайҳис салом)ни қурбонлик қилишга жиддий киришиш ва ҳоказо. Ҳазрати Иброҳим Xалилуллоҳ (алайҳис салом) ушбу оғир синовларни муваффақиятли ва шарафли ўтаганликлари ортидан Аллоҳнинг инояти билан жамиятга раҳнамолик қилиш, яъни имом ва йўлбошчи бўлиш шарафига муяссар бўладилар.[2]

  1. Шунингдек, ушбу оятдан  وَإِذِ ابْتَلَىٰ إِبْرَاهِيمَ رَبُّهُ بِكَلِمَاتٍ﴿ маълум бўлишича, ислом умматига «илоҳий имомат» мақоми билан раҳнамолик ва йўлбошчилик қилмоқ нафақат рисолат ва нубувватдан фарқ қилади, балки «имомат» мақоми бу икки мартабадан юқорироқ ҳисобланади. Зеро, Қуръони Каримнинг гувоҳлик беришича, ҳазрати Иброҳим Халилуллоҳ (алайҳис салом) «нубувват» ва «рисолат» мақомига эга бўла туриб, ўта машаққатли ва оғир синовларга дуч келдилар. Ана шу оғир синовлардан яxши ўтганларидан кейингина Аллоҳ таоло ул зотнинг зиммасига жамиятга йўлбошчилик ва раҳнамолик қилиш, яъни «имомат» ва «пешволик» масъулиятини юклади. Бу масаланинг далили равшандир. Негаки, Аллоҳ таоло тарафидан ато этилган «имомат» ва «пешволик» мақоми ваҳийни қабул қилиб олиб, уни етказиш вазифасидан ташқари жамиятга раҳнамолик қилишни ҳамда халқни камол ва саодат сари етаклаш учун тўғри услубда бошқаришни ўз ичига қамраб олади. Бундай мақом ва мартаба ўта қалтис ва юксак эканлиги ҳамда оғир ва машаққатли синовлардан муваффақиятли ўтмай туриб, унга эришиш мумкин эмаслиги табиий ҳолдир.
  2. Яна мазкур оятдан шу нарса маълум бўладики, Аллоҳ таоло ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)га оғир синовлардан сўнг «имомат» ва «пешволик» мартабасини ато этгач, ул зот Аллоҳ таолодан бу юксак мақомни ўз зурриётлари ва фарзандларига ҳам ато этишини сўрайдилар.

Қуръони Каримнинг бошқа оятлари ёғдусида маълум бўлишича, Аллоҳ таоло ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг мазкур дуосини ижобат қилиб, унинг солиҳ ва пок зурриётларига «нубувват» мақомини ато этгандан сўнг, ушбу «имомат» мақомини ҳам уларга ато этди:

﴿فَقَدْ آتَيْنَا آلَ إِبْرَاهِيمَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَآتَيْنَاهُمْ مُلْكًا عَظِيمًا﴾

«Дарҳақиқат, Биз [илгари ҳам] Иброҳим наслига [Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга] самовий китоб ва ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк [раҳнамолик ва йўлбошчилик] ҳам ато этган эдик». (Нисo сурaси, 54-oят)

Мазкур оятдан яна бир бор амин бўламизки, «имомат» ва «пешволик» мақоми «нубувват» ва «рисолат»дан фарқли ўлароқ, жамиятга раҳнамолик ва йўлбошчилик қилиш мартабаси у иккисидан кўра юқорироқ ва улуғроқдир. Аллоҳ таоло ўз пайғамбари ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)га Ўзининг қийин синовларидан яхши ўтгач, ушбу мақомни ато этди ва ул зот Аллоҳ таолодан умматга раҳнамолик ва йўлбошчилик қилиш мақомини ўзларининг келажакдаги наслларига ҳам ато этишини сўраб, дуо қилганларида Парвардигори карим ушбу дуони ижобат қилиб, мазкур юксак мақомни ул ҳазратнинг келажакдаги одил ва пок зурриётларига ато этишни қабул қилди. Шу боис, Тангри таоло ул зотнинг келажакдаги зурриётларига самовий китоб ва пайғамбарликнинг рамзи бўлмиш ҳикмат ато этишидан ташқари, Қуръони Каримда «буюк мулк» деб номланган ўз даврининг одамларига раҳнамолик ва йўлбошчилик қилиш мақомини ҳам ато этди. Шу тартибда Аллоҳ таоло ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг истагини амалга оширди ва ул зотнинг наслидан бўлган ҳазрати Юсуф (алайҳис салом), Довуд (алайҳис салом) Сулаймон (алайҳис салом)ларга «нубувват» мақомини ато этишдан ташқари, уларни ўша замон умматининг йўлбошчиси ва раҳнамоси этиб танлади.

Юқорида берган изоҳимиздан яққол маълум бўладики, «имомат» ва «пешволик» мақоми «нубувват» ва «рисолат» мартабасидан фарқли ўлароқ, кенг кўламда иш юритиш ваколатига эга бўлмоқлик ва масъулиятининг оғирлиги жиҳатидан ўта юқори даражали мартабадир.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Шaйx Тусий, «Рaсoилул aшaр», 111-бeт.

[2]. Бу ҳaқдa Сaффoт сурaсининг 99-оятидан 102-oятлaригa, Ҳижр сурaсининг 53 вa 54-oятлaрига ва шунингдек, Ҳуд сурaсининг 70 вa 71-oятлaригa қaрaшингиз мумкин.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.