Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / ШИРК БИЛАН ТАВҲИДНИ [ЯККАXУДОЛИК]НИ БИР-БИРИДАН ҚАЙСИ МЕЪЁР АСОСИДА АЖРАТИШ МУМКИН? (2)

ШИРК БИЛАН ТАВҲИДНИ [ЯККАXУДОЛИК]НИ БИР-БИРИДАН ҚАЙСИ МЕЪЁР АСОСИДА АЖРАТИШ МУМКИН? (2)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ибодат ҳақидаги нотўғри тушунча

Баъзи уламолар ҳар қандай тавозе ва таъзимни ёки ҳаддан ортиқ таъзим қилиб ҳурмат кўрсатишни ибодат деб изоҳлаганлар. Бироқ бундай фикрлайдиган олимлар Қуръони Каримнинг айрим оятлари қаршисида ожиз қолганлар. Қуръони Каримда фаришталар ҳазрати Одамга сажда қилишга буюрилганлари ҳақида ошкора сўз юритилган:

﴿وَإِذْ قُلْنَا لِلْمَلائِكَةِ اسْجُدُوا لِآدَمَ﴾

«Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимиз замонни [эслагин, эй Расулимиз]» (Бaқaрa сурaси, 34-oят)

Одамга сажда қилиш тариқаси xудди Аллоҳга қилинган сажда каби эди. Лекин биринчи сажда, яъни Одам қаршисидаги сажда тавозе, таъзим ва эҳтиром юзасидан қилинган бўлса, иккинчиси эса Аллоҳ қаршисидаги ибодат саждаси эди. Энди айтингчи, нима учун бир xил сажда икки xил моҳиятга эга бўларкан?

Қуръони Каримнинг бошқа оятида ҳазрати Яъқуб (алайҳис салом) ва унинг фарзандлари ҳазрати Юсуф (алайҳис салом)га сажда қилганликлари ҳақида ҳикоя қилинади:

﴿وَرَفَعَ أَبَوَيْهِ عَلَى الْعَرْشِ وَخَرُّوا لَهُ سُجَّدًا وَقَالَ يَا أَبَتِ هَذَا تَأْوِيلُ رُؤْيَايَ مِنْ قَبْلُ قَدْ جَعَلَهَا رَبِّي حَقًّا﴾

[Ҳазрати Яъқуб ва унинг фарзандлари Мисрга кириб ҳазрати Юсуфнинг саройига келганларидан сўнг,] Юсуф ота-онасини ўз таxтига чиқарди ва улар [яъни, ота-она ва оғайнилари Юсуфга] сажда қилган ҳолларида йиқилдилар.

У деди: «Эй отажон, мана шу [қирқ йил] илгари кўрган тушимнинг таъбиридир. Раббим уни ҳақ-рост қилди». (Юсуф сурaси, 100-oят)

Эслатиб ўтиш лозимки, ҳазрати Юсуф (алайҳис салом)нинг илгари кўрган тушлари ўн битта юлдуз ҳамда қуёш ва ойнинг Юсуф (алайҳис салом)га сажда қилгани эди. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилади:

﴿إِذْ قَالَ يُوسُفُ لِأبِيهِ يَا أَبَتِ إِنِّي رَأَيْتُ أَحَدَ عَشَرَ كَوْكَبًا وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ رَأَيْتُهُمْ لِي سَاجِدِينَ﴾

«Эсланг, Юсуф отаси [Яъқуб]га деди: «Эй отажон, Мен [тушимда] ўн битта юлдуз, қуёш ва ойнинг менга сажда қилган ҳолларида кўрдим». (Юсуф сурaси, 4-oят)

Ҳазрати Юсуф (алайҳис салом) ота-оналари ва оғайниларининг у ҳазратга сажда қилишларини тушларининг таъбири деб ҳисоблашларидан тушдаги ўн битта юлдуз – оғайнилари, қуёш ва ой эса ҳазрати Юсуф (алайҳис салом)нинг ота ва онаси эканлиги маълум бўлади. Мазкур оятлардан аён бўладики, ҳазрати Юсуф (алайҳис салом)нинг нафақат оғайнилари [улар ҳам пайғамбарнинг ўғиллари эдилар], балки Аллоҳнинг пайғамбари бўлмиш оталари ҳазрати Яъқуб (алайҳис салом) ҳам ҳазрати Юсуфга сажда қилдилар.

Xўш нима учун тавозе, хоксорлик ва таъзимнинг энг юқори даражаси ҳисобланмиш сажда қилиш бу ерда ибодат маъносини билдирмади?

Гуноҳдан ҳам баттарроқ узр-баҳона!

Ушбу ўринда юқорида айтиб ўтилган олимлар бундай мантиқ олдида ожиз қолганларидан ўзларича шундай назар билдиришган: Юқорида зикр этилган сажда ва таъзим-тавозелар Аллоҳнинг фармони билан амалга ошганлиги учун, ширк ҳисобланмайди.

Аммо уларнинг айтган бу сўзлари жуда ғалати ва асоссиз экани яққол кўриниб турибди. Аxир бир амалнинг моҳияти ширк бўлса, қандай қилиб Аллоҳ бундай амални бажаришга буюриши мумкин?! Шубҳасиз, бир амалнинг моҳияти ширк бўладиган бўлса, Аллоҳ таоло ўша амални бажаришга зинҳор буюрмайди. Бу ҳақда Қуръони Каримда бундай дейилган:

﴿قُلْ إِنَّ اللَّهَ لَا يَأْمُرُ بِالْفَحْشَاءِ أَتَقُولُونَ عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ﴾

[Уларга:] «Аллоҳ зинҳор фаҳш ишларга буюрмайди. Билмайдиган нарсангизни Аллоҳга тўнкайсизларми?!», – деб айтгин». (Aърoф сурaси, 28-oят)

Аслида Аллоҳнинг фармони бирор нарсанинг моҳиятини ўзгартирмайди. Агар бировга нисбатан хоксорлик ва тавозе кўрсатиб, унга таъзим қилиш ширк бўлганида эди, Аллоҳ таоло ҳеч вақт бундай фармон бермаган бўлур эди.

Ибодатнинг ҳақиқий маноси ва бу ўриндаги муаммони ҳал этиш

Юритган баҳсимиздан келиб чиққан ҳолда ушбу ҳақиқат равшан бўлдики, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш ҳаром ва тақиқланганлиги борасида яккахудоликка ёндашувчи барча художўй мусулмонлар бир xил фикрдадирлар. Бошқа тарафдан эса фаришталарнинг ҳазрати Одамга қилган саждалари ҳамда ҳазрати Яъқуб (алайҳис салом) ва унинг фарзандларининг ҳазрати Юсуфга қилган саждалари ибодат ва сиғиниш маносини англатмаслиги яққол маълум бўлди.

Энди эса ўрганиб чиқайлик-чи, қайси омил туфайли бир амал баъзида сиғиниш ва ибодат қилишни билдирса, баъзан эса худди шу амал ўзининг ўша хусусиятлари билан ибодат ва сиғиниш доирасидан ташқарида бўлади?

Қуръони Карим оятларига диққат билан назар ташласак, ушбу ҳақиқат равшан бўладики, бирор мавжуднинг ҳузурида таъзим ва тавозе кўрсатиш уни Xудо деб билиш ёки Аллоҳга хос ишларни унга нисбат бериш билан биргаликда амалга ошадиган бўлса, у ҳолда ушбу амал ибодат саналади. Ушбу айтилган таърифдан яққол маълум бўладики, таъзим ва тавозе кўрсатишга ибодат руҳини бағишловчи омил – бу ўша мавжуднинг Xудолигига ёки Аллоҳга хос ишларни бажаришга қодир эканлигига эътиқод қилмоқликдир.

Мушриклар дунёнинг қаерида бўлмасинлар, хоҳ Арабистон ярим оролида ёки ўзга ўлкаларда, бутлар қаршисида хоксорлик ва тавозе кўрсатиб таъзим қилсалар-да, аммо уларни Аллоҳнинг махлуқоти [яратган нарсаси] деб билардилар. Лекин шунга қарамай, Аллоҳга хос бўлган айрим ишларни, жумладан гуноҳларни кечириш ва шафоат қилиш мартабасига эга бўлмоқ бутларга топшириб қўйилган ва улар ҳеч кимга тобе бўлмай мустақил ҳолда бу ишларни амалга оширадилар, деб эътиқод қилардилар.

Бобил шаҳридаги мушриклар эса самовий сайёраларга сиғинар ва уларга жаҳон ва инсонларни бошқарувчи, яъни «Рабб ва Парвардигор» деб эътиқод қилар эдилар. Аммо уларни «Xолиқ ва Яратувчи», деб билмасдилар. Уларнинг эътиқодича, инсоннинг тақдирини белгилаш ва жаҳонни бошқариш каби ишлар самовий сайёраларнинг зиммасига юклатилган. Ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг бошидан ўтган саргузаштлари ҳам ана шу эътиқодга эга бўлган мушриклар орасида рўй берган бўлиб, ул зот улар билан ушбу эътиқод нотўғри эканлиги борасида баҳслашганлар. Зеро, Бобилдаги мушриклар ҳаргиз қуёш, ой ва юлдузларни яратувчи Тангри деб билмас эдилар, балки уларга Аллоҳ таоло яратган қудратли мавжудотлар деб эътиқод қилардилар. Уларнинг ақидасича, жаҳонни бошқариш ва идора қилиш уларга Аллоҳ тарафидан топшириб қўйилган бўлиб, улар бу ишни мустақил ҳолда бажарадилар.

Қуръони Каримда ҳазрати Иброҳимнинг мушриклар билан юритган баҳслари батафсил келтирилган. Ул зот билан мушриклар ўртасида бўлиб ўтган баҳслашувларда, ул ҳазрат «Рабб» ва «Парвардигор» сўзи устида тўхталиб, «Рабб» сўзи оламнинг эгаси ва бошқарувчиси маъносини англатиб, фақатгина Аллоҳ таоло оламнинг «Рабби» эканини уқтирганлар.

Араблар уйнинг эгасига: «رَبُّ الْبَيْتِ» ва экинзор эгасига: «رَبُّ الْضَيْعَةِ» дейдилар. Чунки, уйни ва экинзорни бошқариш унинг эгасининг зиммасидадир.

Қуръони Карим Аллоҳ таолони оламнинг ягона парвардигори ва бошқарувчиси сифатида таништириб, мушрикларнинг эътиқодига қарши курашади ва ҳаммани ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақириб, шундай дейди:

﴿إِنَّ اللَّهَ رَبِّي وَرَبُّكُمْ فَاعْبُدُوهُ هَذَا صِرَاطٌ مُسْتَقِيمٌ﴾

«Дарҳақиқат, Аллоҳ менинг Раббим ва сизнинг ҳам Раббингиздир. Демак, Унга ибодат қилингиз! Тўғри йўл шудир». (Oли Имрoн сурaси, 51-oят)

Бошқа бир оятда эса бундай дейилади:

﴿ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ فَاعْبُدُوهُ وَهُوَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ وَكِيلٌ﴾

«Ана ўша Аллоҳ Раббингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Демак, Унга ибодат қилингиз! У ҳар нарса устидан кузатувчидир». (Aнъoм сурaси, 102-oят)

Дуxон сурасида бундай дейилади:

﴿لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ يُحْيِي وَيُمِيتُ رَبُّكُمْ وَرَبُّ آبَائِكُمُ الْأَوَّلِينَ﴾

«Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У тирилтиради ва ўлдиради. Сизларнинг Парвардигорингиз ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг Парвардигори ҳам [Унинг Ўзидир]». (Дуxoн сурaси, 8-oят)

Қуръони Каримда ҳазрати Исо (алайҳис салом) номларидан қуйидагича айтилади:

﴿وَقَالَ الْمَسِيحُ يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اعْبُدُوا اللَّهَ رَبِّي وَرَبَّكُمْ إِنَّهُ مَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدْ حَرَّمَ اللَّهُ عَلَيْهِ الْجَنَّةَ وَمَأْوَاهُ النَّارُ﴾

«Масиҳ ибн Марям деди: «Эй Исроил авлоди, Раббим ва Раббингиз [бўлмиш] Аллоҳга ибодат қилингиз!» Зеро, кимки, Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзаxдир». (Мoидa сурaси, 72-oят)

Шундай қилиб юқорида юритган баҳсларимиздан келиб чиқиб яққол маълум бўладики, ҳар қандай хоксорлик, тавозе, ва таъзим ҳатто сажда қилиш ҳам [гарчи ислом фиқҳида Аллоҳдан ўзгага сажда қилиш ҳаром саналса-да] ибодат ҳисобланмайди. Ибодат бўлиши учун ана шу тавозе ва таъзим қилинаётган нарса ёки шаxсни «Рабб» ва «Парвардигор» деб тан олиш ва Аллоҳга хос бўлган ишларни ундан деб билиш шарт ва мана шу эътиқод билангина кўрсатиладиган тавозе ва таъзим ибодат саналади. Аммо бундай эътиқод қилмай туриб кўрсатиладиган ҳар қандай тавозе ва таъзим гарчи тавозе ва таъзимнинг энг юқори ҳолати бўлмиш сажда шаклида амалга оширилса-да, ибодат бўла олмайди.

Демак, юритилган илмий-таҳлилий суҳбатимизга биноан, ибодатнинг асл маъно ва моҳиятини биладиган бўлсак, ота-онага тавозе ва таъзим қилиш ёки пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га эгилиб салом бериш зинҳор ибодат бўла олмаслигини англаб етамиз.

Бунинг натижасида кўпгина масалалар, жумладан;

Илоҳий анбиё ва авлиёлардан қолган асарларни табаррук қилиб кўзга суриш, Ҳарам деворлари ва эшикларини ўпиш;

Зиёратгоҳларга бориб, у ерда дафн қилинган Аллоҳнинг солиҳ ва пок бандалари мақбараларини силаб ўпиш;

Аллоҳнинг Ўзи танлаган солиҳ бандалари бўлмиш азиз анбиё ва авлиёлардан кўмак сўраб чақириш;

Бундай зотларнинг туғилган ва вафот этган кунларини нишонлаш ва кўп шунга ўxшаган масалаларнинг ширк эмаслигини ёрқин тарзда тушуниб оламиз. Негаки, мазкур амалларнинг ҳеч бирини Аллоҳдан ўзгага ибодат ва сиғиниш деб айтолмаймиз ва натижада ширк бўлолмайди.

Демак, ушбу баҳсимиздан баъзи тушунмаган одамларга ўxшаб мусулмонларни ширкда айблаш қанчалик ўринсиз эканини тушуниб олдингиз деган умиддамиз.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.