Home / Долзарб мавзулар / Ваҳҳобийлик ёки салафийлик / Ҳазрати Али (а)нинг ИШИД гуруҳи Ислом оламида пайдо бўлиши ҳақида бундан 1400 йил муқаддам берган хабарлари

Ҳазрати Али (а)нинг ИШИД гуруҳи Ислом оламида пайдо бўлиши ҳақида бундан 1400 йил муқаддам берган хабарлари

34936_FGXITH31_picАҳли суннат ровийларидан бўлган имом Бухорийнинг устози Нуайн бин Ҳаммоднинг Ал-Фитан китобида (1 – жилд, 210 – бет) 573 – ҳадисда ҳазрати Али (алайҳис салом)дан қуйидагича нақл қилади:

حَدَّثَنَا الْوَلِيدُ بْنُ مُسْلِمٍ، وَرِشْدِينُ بْنُ سَعْدٍ، عَنِ عَبْدِ اللهِ ابْنِ لَهِيعَةَ، عَنْ أَبِي قَبِيلٍ، عَنْ أَبِي رُومَانَ، عَنْ عَلِي بْنِ أَبِي طَالِبٍ، رَضِي اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: «إِذَا رَأَيتُمُ الرَّاياتِ السُّودَ فَالْزَمُوا الْأَرْضَ فَلَا تُحَرِّكُوا أَيدِيكُمْ، وَلَا أَرْجُلَكُمْ، ثُمَّ يظْهَرُ قَوْمٌ ضُعَفَاءُ لَا يؤْبَهُ لَهُمْ، قُلُوبُهُمْ كَزُبَرِ الْحَدِيدِ، هُمْ أَصْحَابُ الدَّوْلَةِ، لَايفُونَ بِعَهْدٍ وَلَا مِيثَاقٍ، يدْعُونَ إِلَى الْحَقِّ وَلَيسُوا مِنْ أَهْلِهِ، أَسْمَاؤُهُمُ الْكُنَى، وَنِسْبَتُهُمُ الْقُرَى، وَشُعُورُهُمْ مُرْخَاةٌ كَشُعُورِ النِّسَاءِ، حَتَّى يخْتَلِفُوا فِيمَا بَينَهُمْ، ثُمَّ يؤْتِي اللَّهُ الْحَقَّ مَنْ يشَاءُ»

Валид ибн Муслим ва Ришдийн ибн Саъд Абдуллоҳ ибн Лаҳийъадан ривоят қилади, у эса Абу Қабийлдан, у эса Абу Румондан ва Абу Румон Али ибн Абу Толибдан шундай ривоят қилади:

«Қачон қора байроқларни кўрсангиз, жойларингиздан қўзғалманг, қўлларингизни қимирлатманг, оёқларингизни ҳам (бу – уларнинг чақириғи пуч ва ботилдир, уларга ёрдам беришга шошилманг, деган маънодадир). Сўнгра бир заиф қавм пайдо бўлур, (бу ердаги заифликдан дин маърифатидаги заифлик ва ахлоққа амал қилишда заифлик назарда тутилган) улар эътиборга сазовор эмаслар, уларнинг қалблари темир бўлаклари каби қаттиқдир, улар давлат соҳибларидир, (яъни давлат тузишга иштиёқмандлар) улар бирор аҳд ва келишувга вафо қилмаслар, ҳаққа чақирурлар, лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар (яъни ислом дини кўрсатмаларига чақиришади-ю, лекин уларнинг ўзлари унга амал қилишмайди), исмлари кунядир, (яъни Абу Бакр, Абу Мусъаб, Абу Ал-Бароъ, Абу Муҳаммад кабилар) нисбатлари шаҳарлар номигадир, (яъни Бағдодий, Ҳарроний, Тунисий, Яманий, Зарқовий кабилар), сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради. Ахир-оқибат, улар ўзаро ихтилофга борадилар. Сўнгра Аллоҳ таоло ҳақни Ўзи хоҳлаган кишиларга беради.»

Албатта, шуни эслатиб ўтиш лозимки, ушбу ҳадис бундан 400 йил олдин яшаб ўтган Аҳли-Байт мазҳаби олими тарафидан битилган «Иҳқоқул-Ҳақ» китобининг 29 – жилд, 410 – бетида ҳам келтирилган.

Ҳадиснинг маъно-мазмуни;

Барча дин уламолари ушбу ҳадис мавжудлигини қабул қилиб, бу борада ихтилофга бормаганлар. Аммо Робитату уламааис-Суриййин (Суриялик уламолар робитаси) сайти ва аҳли суннатга тегишли бир неча сайтлар мазкур ҳадисни «жуда заиф» деб айтишган.

Манба: http://www.islamsyria.com/portal/consult/show/624

Аҳли суннатдан тортиб то Аҳли-Байт мазҳаби уламоларининг аксарияти ушбу ҳадисни баён қилиб, бу ҳадис яшаб турган давримизда пайдо бўлган ИШИД гуруҳига тегишли эканини айтганлар. Зеро, ушбу ҳадисда баён этилган хусусиятлар том маънода экстремистик ИШИД гуруҳига мувофиқ келади. Негаки, улар қора байроқ эгалари бўлиб, исмлари Абу Бакр, Абу Мусъаб, Абу Ал-Бароъ, Абу Муҳаммад сингари кунядир ва нисбатлари эса шаҳарлар номигадир.

Ҳозирги Ироқ давлатининг мудофаа вазири тарқатган маълумотга кўра, ИШИД гуруҳидан ўлдирилган энг машҳур бошлиқларининг исми қуйидагилардан иборат:

Абу Айюб Ас-Сумолий, Абу Ямома Ад-Дусарий, Абу Зайна Ал-Либий, Абу Ҳафса Ал-Анборий, Абу Анас Аш-Шомий, Абу Бакр Аш-Шишоний (чеченлик)

Уларнинг қалблари темир бўлаклари каби қаттиқ бўлиб шафқатсизларча ўзларига қарши бўлганларнинг бошини кесадилар. Ҳатто бунга ҳам чекланиб қолмай, улар эндиликда ўзаро ихтилоф қилиб турли оқим ва фирқаларга бўлиниб бир-бирларини ўлдиришгача бориб, кўплари бир-бирларининг ҳаётига зомин бўлмоқдалар ва ичидан емирилиб ўз-ўзларини ҳалок этмоқдалар. Бу хусусиятларнинг барчаси бундан 1400 йил муқаддам мўминлар амири Али (алайҳис салом) томонларидан бизга баён қилинган. Токи, биз хушёрлик ва сергаклик билан тўғри йўлни тутиб, адашиб қолишдан сақланайлик.

Ҳадиснинг санади;

Ушбу ҳадисни заиф деб айтадиганлар уни «Салоҳиддин ибн Аҳмад Идлибий» исмли бир кишидан нақл қилишади. Ушбу ҳадисни заиф деганларнинг далилларини шу ўринда хулоса шаклда келтирамиз:

Биринчи далил; ҳадис санадидаги Абу Румон мажҳул ва номаълум шахс эканлиги جهالة أبي رومان

Иккинчи далил; Абдуллоҳ ибн Лаҳийъа ҳадис нақл қилишда заиф деб айтилган. ضعف ابن لهيعة

Учинчи далил; Ришдийн ибн Саъд ҳадис нақл қилишда заиф деб тавсиф этилган. Аҳли суннатнинг ҳадисшунос ва рижол олими Заҳабий у ҳақида айтади:

قال عنه الذَّهَبِي: ضعيف، كان صالحًا عابدًا محدِّثًا سيِّئَ الحفظ

«Ришдийн ибн Саъд ҳадис нақл қилишда заифдир, аммо у солиҳ, обид ва ҳадисни ёмон ёдга оладиган шахс эди.»

Тўртинчи далил; Валид ибн Муслимнинг ҳадис тўқиш шубҳаси. Заҳабий у ҳақида айтади:

كان مُدَلِّسًا، فَيُتَّقَى مِن حَدِيثِهِ

«Валид ибн Муслим ҳадис тўқир эди, шу боис, унинг ҳадисидан сақланилади.»

Бешинчи далил қуйигича баён қилинган:

خامسها: أنَّ هذا مِن الإخبار عن الْمُسْتَقْبَل، والْمُسْتَقْبَل غَيبٌ، إلّا أن يقال: له حُكم الرفع. هذا لو ثَبَت.

Бундай хабар келажакка тааллуқлидир ва келажак эса ғайб саналади. Фақат шуни айтиш мумкинки, агар ушбу хабар исбот бўлган тақдирда ҳам рад этиш ҳукмига эга.

  1. Манбалар:  http://al-ershaad.net/vb4/showthread.php?t=12706
  2. http://almaqtari.net/?p=8256

Натижа ва хулоса;

Ушбу ҳадис заиф бўлган тақдирда ҳам ўн тўрт аср бундан олдин баён этилган бўлиб, ИШИД гуруҳига буткул мос келади. Ушбу ҳадисни танқид қилувчилар бу ҳадис исломий манбаларда мавжуд эмас деб уни мутлақо инкор қилмоқчи эмаслар. Балки беш далил ёрдамида ҳадиснинг заиф эканлигини исботламоқчилар, холос. Бу ўринда икки савол илгари сурилади. Биринчи савол: Ушбу ҳадис тарих ва ҳадис китобларида келганми ёки йўқми? Жавоб ижобий бўлиб, бу ҳадиснинг исломий манбаларида келганини ҳеч ким инкор қилгани йўқ. Иккинчи савол: Ушбу ҳадиснинг маъно-мазмуни бугунги ИШИД гуруҳига мувофиқ ва тўғри келадими ёки йўқми? Бу саволга ҳам бир овоз билан ижобий жавоб берилади. Демак, бу икки саволнинг жавоби ижобий бўладиган бўлса, бу ҳадисни ким ривоят қилганлиги қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкин? Аммо нима бўлганда ҳам ушбу ҳадис мўминлар амири Али (алайҳис салом)га нисбат берилган. Балким ушбу ҳадисни заиф қилиб кўрсатишнинг остида бир мунча мазҳабий мутаассиблик ётгандир.

Айримлар тарафидан айтилган қуйидаги ибора ушбу масалада таассуб борлигидан далолат беради:

«وإن كان هذا الوصف أقرب لِلدِّقة لمايحدث في العراق والشام من الحرب بين مايسمَّى بتنطيم الدولة (دولة الإسلام في العراق والشام) من جهة و بين نظام بشار الأسد و الشيعة في العراق والتحالف الدولي ضد تنظيم الدولة من جهة أخرى فلايعول عليه كون هذا من علم الغيب وعلم الغيب لابُدَّ فيه من نص صحيح وصريح آيةٍ قرآنيَّةٍ أو حديثٍ نبويٍّ وهو مالم يتوفَّر هاهنا والله الموفق.»

«Агар ушбу тавсифлар бироз аниқ бўлса эди, Ироқ ва Шомда бир томондан ИШИД (Ироқ ва Шомдаги Ислом Давлати) билан Башшор Асад тузуми ўртасида иккинчи томондан эса ИШИД билан Ироқдаги шиалар ва ИШИДга қарши халқаро коалиция ўртасида уруш рўй бермаган бўларди. Бундай хабар ғайбни билишдан ўзга нарса эмас ва ғайбни билиш учун эса, албатта, Қуръон оятлари ва Пайғамбарнинг ҳадисларидан иборат саҳиҳ ва ошкора далил бўлмоғи зарур. Ҳолбуки, бу ерда бундай далил мавжуд эмас.»

Кўриб турганингиздек, «агар ушбу ҳадис тўғри ва саҳиҳ бўлганида эди, ИШИД гуруҳи билан бошқалар ўртасида уруш рўй бермаган бўларди ва … » деб айтиш мутаассиблик бўлиб кўринади.

Яна бир сунний олим ҳам худди шу йўсинда ўзининг видио лавҳасидаги чиқишида бошқа бир нигоҳдан ушбу ҳадис борасида назар билдирган. Унинг эътиқодига кўра, шиалар ушбу ҳадисни қора байроқ соҳиби бўлган Аббосийлар ҳукуматига нисбатан тўқиб чиқарганлар. Унинг айтишича, ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг шиалари халқни Аббосийлар ҳукумати томон интилишининг олдини олиш учун мана шундай ҳадисни тўқиганлар. Шу боис, қора байроқлардан Аббосийлар назарда тутилганлар.

Манба: http://www.youtube.com/watch?v=wEjlkBkmV2g

Бу олимнинг билдирган назари ҳам ҳақиқатга уйғун ва мос келмайди. Зеро, биринчидан, шиалар бани Аббос ҳукмронлиги даврида жуда озчиликни ташкил этиб, ҳадис тўқиб чиқаришга қодир бўлмаганлар. Иккинчидан, ҳадисни ривоят қилганларнинг ҳеч бири шиа бўлмаган ва шунинг учун мазкур ҳадиснинг ровийлари бани Аббос ҳукмронлигига қарши ҳадис тўқиш учун бирор эҳтиёж сезишмаган. Учинчидан, қора байроқ соҳиби бўлишдан ташқари ушбу ҳадисда баён қилинган хусусиятларнинг ҳеч бири Аббосийларга тўғри келмайди.

Сўзимиз пировардида шуни айтиш жоизки, бир ҳадиснинг санади (ровийлари) заиф бўлса, демак, бу ҳадис мутлақо содир бўлмаган ва уни четга суриб қўйиш керак дегани эмас. Балки заиф ҳадисларнинг қиймати саҳиҳ ҳадисларга қараганда, жуда оз бўлиб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ёки имомлардан содир бўлганлик эҳтимоли жуда заиф ва оз деб қабул қилинади. Агар санади заиф бўлган ҳадислардан бирортаси юз берган ҳодисага ёки воқеликка тамоман монанд келса, ўша ҳадиснинг маъсумлар томонидан содир бўлганлик қиймати ошади. Шу қоидага биноан, ушбу ҳадис ҳазрати Али (алайҳис салом)дан содир этилганлигига ишонч ҳосил қилса бўлади.

Share

Check Also

Салафийларнинг такфирчилик ақийдалари кенг ёйилишида Саудия Арабистонининг роли

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Араб баҳорида халқларнинг улкан ҳаракати Ўрта Шарқ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.