Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Аҳли суннат номи қачон пайдо бўлган ва кимларга Аҳли суннат дейилади? (2)

Аҳли суннат номи қачон пайдо бўлган ва кимларга Аҳли суннат дейилади? (2)

13910529000091_PhotoLБорлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Муфассал жавоб;

Ушбу мавзуни батафсил ёритиб бериш учун «Аҳли суннат» сўзининг ҳар бир қисмини алоҳида ёритиб бермоқ лозим бўлади.

Аҳл сўзининг луғавий маъноси;

Аҳли суннат ибораси икки сўз «аҳл» ва «суннат»дан ташкил топган бирикма сўз бўлиб, «аҳл» луғатда бирор нарсада шерик бўлган ёки биргалашган гуруҳ маъносини англатади. Мисол тариқасида; «аҳли байт» деганда оилавий боғлиқликда ва «аҳли ислом» деганда ақийдавий боғлиқликда бир-бирига шерик бўлган, биргалашган гуруҳ ёки тоифа тушунчасини ўз ичига қамраб олади.[1]

Суннат сўзининг луғавий маъноси;

Луғатда яхши ва маъқул кўрилган йўл, тариқа ва йўсинга «суннат» дейилади.[2] Аллоҳ таолонинг каломида ушбу сўз ҳақида шундай айтилган:

<سُنَّةَ اللَّهِ فِي الَّذِينَ خَلَوْا مِنْ قَبْلُ وَ لَنْ تَجِدَ لِسُنَّةِ اللَّهِ تَبْدِيلاً>

«Бу илгари ўтганлар хусусидаги Аллоҳнинг тутган йўлидир. Ва Аллоҳнинг йўлига эса ҳаргиз ўзгартириш топмассан.» (Аҳзоб сураси, 62 – оят)

Ушбу ояти карима Аллоҳ таолонинг илгари ўтганларга нисбатан тутган йўлини баён қилган ва Аллоҳнинг тутган йўли эса ҳаргиз ўзгармайди. Баъзан «суннат» сўзи мутлақо тутган йўл, тариқа ва йўсин маъносида ишлатилади, агарчи ушбу йўл яхши ва маъқул кўрилган бўлмаса ҳам. Бу борада ҳадиси набавийда шундай айтилган:

«وَمَنْ سَنََّ سُنَّةً سَيِّئَةً کَانَ عَلَيْهِ وِزْرُهَا وَ وِزْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا»

«Кимки, ёмон йўл-йўсинни таъсис этса, ўша йўл-йўсиннинг гуноҳи унга бўлади ва бу йўл-йўсинга амал қилувчиларнинг гуноҳи ҳам ўшанга бўлади.»[3]

Суннат сўзининг уламолар орасида қўлланиши;

«Суннат» сўзи уламолар орасида икки хил қўлланади: Биринчиси, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг сўзлари, юриш-туришлари ва ул зотнинг ҳузурларида бажарилган амални кўриб сукут қилишларига «суннат» дейилади. Ул ҳазратнинг сўзларидан мурод зарурий ва нозарурий буйруқ ва қайтаришларидир. Зарурий буйруққа «вужуб» (вожиб бўлмоқ) ва зурурий қайтаришга эса «ҳурмат» (ҳаром бўлмоқ) дейилади ва шунингдек, нозарурий буйруққа «надб» (мустаҳаб бўлмоқ) ва нозарурий қайтаришга «кироҳат» (макруҳ бўлмоқ) дейилади.[4] Иккинчиси эса «суннат»нинг «бидъат» миқобилида қўлланишидир. Ҳар бир амал ва иш шариатга асосланадиган бўлса, «суннат» ва бунинг акси бўлганда эса «бидъат» деб аталади. Бу борада мўминлар амири Али (алайҳис салом) шундай марҳамат қилганлар:

«أحْيَوُا السُّنَّةَ وأَمَاتُوا الْبِدْعَةَ»

«Улар суннатни тирилтирдилар ва бидъатни ўлдирдилар.»[5]

Аҳли суннат номининг пайдо бўлган замони;

«Аҳли суннат» номи қайси замон пайдо бўлганлиги унча маълум эмас. Аҳли суннат оламида йирик олим сифатида танилган Абу Ҳомид Ғаззолий ўзининг «Фазоиҳул Ботинийя» номли китобида нақл қилган ҳадисга кўра, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) биринчи бўлиб «Аҳли суннат» номини тилга олганлар. Ушбу ҳадиснинг мазмуни қуйидагича: «Яҳудийлар етмиш бир гуруҳга ва насронийлар етмиш икки гуруҳга бўлиндилар. Ва менинг умматим эса етмиш уч гуруҳга бўлингайдир, улардан бир гуруҳигина нажот аҳлидир ва бошқалари эса дўзах эгаларидир». Шунда ул ҳазратдан: Ўша нажот аҳли бўлган гуруҳ кимлардир? деб сўралди. Ул зот: «أهْلُ السُّنَّةِ وَالْجَمَاعَةِ» «Аҳли сунна вал жамоа» деб марҳамат қилдилар. Яна ул ҳазратдан: «Аҳли сунна вал жамоа» нима дегани деб сўралди. Шунда ул зот марҳамат қилиб дедилар: «Менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлардир.»[6]

Ғаззолий мазкур ҳадиснинг манбаини зикр этмаган ва ушбу ҳадисни у келтиргани каби мўътабар манбаларда келтирилмаган. Албатта, «жамоат» сўзи кўп ўринларда баён этилган, аммо «أهْلُ السُّنَّةِ وَالْجَمَاعَةِ» «Аҳли суннат вал жамоат» таъбири бир жойда ёнма-ён ҳолда келтирилмаган. Ислом умматининг фирқаларга бўлиниши ҳадис манбаларда баён қилинган. Лекин «нажот аҳли» бўлган гуруҳни баён қилган ҳадисларда «أهْلُ السُّنَّةِ وَالْجَمَاعَةِ» «Аҳли суннат вал жамоат» таъбири ишлатилмаган. Фақат икки муҳаддис ушбу таъбирни қуйидаги ояти карима:

<يَوْمَ تَبْيَضُّ وُجُوهٌ وتَسْوَدُّ وُجُوهٌ>

«Қиёмат кунида (мўминларнинг) юзлари оқ бўлур ва (кофирларнинг) юзлари қора бўлур.» (Оли Имрон сураси, 106 – оят) тафсирида Ибн Аббосдан нақл қилган. Жалолуддин Суютий айтади: Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мазкур оятни тиловат қилгач, шундай марҳамат қилдилар: «Суннат ва жамоат аҳлининг юзлари оқ ва бидъат аҳлининг юзлари эса қора бўлган ҳолда Маҳшарга кириб келурлар.»[7]

Тафсирчи олим Ибн Касир Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан шундай нақл қилади:

«Аҳли сунна вал жамоанинг сиймоси оқ, бидъат ва ҳаво аҳлининг сиймоси эса қора бўлур[8]

Тарихда ёзиб қолдирилган маълумотлардан маълум бўлишича, «Аҳли суннат» иборасининг ёлғиз ўзи жамоасиз шаклда илк марта ҳижрий-қамарийнинг иккинчи асри аввалларида Умар ибн Абдулазиз (вафот этган санаси: 101 – ҳижрий-қамарий йили) томонидан тилга олинди. У «Қадарийя» фирқасини рад этиш учун ёзган рисоласида «Аҳли суннат» иборасини қўллаган. У «Қадарийя» фирқасига (инсон ўз сўзи ва амалида эркин ва озод деб эътиқод қиладиганлар)га қарата шундай ёзади:

«وقد علمتُم أنَّ أهلَ السُّنَّة کانُوا يقولون: الاعتصامُ بالسُّنَّةِ نجاةٌ وسيقبَض العلمُ قبضًا سَريعًا»

«Ҳақиқатда, сизлар «Аҳли суннат»нинг Суннатга эътисом қилиш (уни маҳкам тутиш) нажот йўлидир ва илм тезда йиғиштирилади, деб айтиб келганини билдингиз.»[9]

Аҳли суннат ибораси нима маънога эга эканлиги ва бу ибора кимларга қўлланиши;

«Аҳли суннат» иборасининг маъносини аниқлаш учун музофун илайҳ (мослашмаган аниқловчи) сифатида ушбу иборага изофа бўлиб (қўшилиб) келган суннат сўзидан мурод нима эканлигига ойдинлик киритиш керак. Қачонки, суннат сўзи йўл, тариқа ва йўсин маъносида бўлса, у ҳолда «Аҳли суннат» мазҳабига мансуб уламолар ўртасида кенг қабул қилинган истилоҳга кўра, мурод саҳобаларнинг тутган йўли ва тариқаси бўлиб, уларнинг эътиқодига биноан, саҳобаларнинг тутган йўли ва тариқаси ҳақ билан ботилни бир-биридан ажратиб уларни таниб олиш учун муносиб саналади. Мисол тариқасида, Аллоҳ таолонинг қўли «يد اللّه», Аллоҳнинг кўзи «عين اللّه» ва Аллоҳнинг Аршга ўрнашиши «الاستواء علي العرش» каби Қуръони Каримда келган оятларнинг маъно-мазмунини тушунишда саҳобаларнинг тутган йўли ушбу оятларни таъвил ва тафсир қилмай, Аллоҳ таоло учун чиндан ҳам қўл, кўз ва Аршга ўрнашишни исботлаш бўлган. Ҳолбуки, бошқалар Аллоҳ таолонинг бундай сифатларини баён қилувчи оятларни таъвил ва тафсир қилиш йўлини тутиб, ушбу оятларни киноя ва мажоз услуби орқали тафсир қилганлар.

Бироқ қачонки, суннатдан мурод Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг тутган йўллари бўлиб ул зотнинг сўзлари, юриш-туришлари ва имзоларида хулоса бўладиган бўлса, унда «Аҳли суннат» номи Аҳли ҳадисга мувофиқ келади. Зеро, Аҳли ҳадис ақоид ва аҳкомда фақатгина ҳадиси набавийга таяниб, фақиҳларнинг раъй ва қиёсларини ҳамда ҳадисда келмаган қоидаларни эътиборга олмайдилар. Абу Ҳомид Ғаззолийнинг сўзидан ҳам «Аҳли суннат»дан мурод иккинчи тушунча, яъни Аҳли ҳадис эканлиги маълум бўлади. У бу борада айтади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобалари ихтилоф қилган жойларда ақл (қиёс) ва раъйга эргашиш ўрнига Пайғамбарга эргашардилар ва ул зотни ўзларига ҳакам қилардилар. Бундан маълум бўладики, ҳақ ул ҳазратга эргашишдадир, ақл (қиёс) ва раъйга эмас.[10]

Мусулмонлар орасида янгича масалалар пайдо бўла бошлагач, баъзи гуруҳлар ушбу масалаларга муносиб жавоб топиб, фиқҳ илмидан бундай нуқсонни бартараф этиш учун излана бошладилар. Улар Қуръони Карим ва Суннати Набавийяда янгича масалаларга муносиб жавоб топа олмагач, қиёс ва истиҳсон сари юзландилар ва бу ҳолат эса «Раъй мадрасаси (ғояси)» юзага келишига сабаб бўлди. «Раъй мадрасаси» гуруҳининг бошида Абу Ҳанифа турарди. Ушбу гуруҳ ҳижрий-қамарийнинг иккинчи асри ўрталарида равнақ топиб анча илдамлашди. Аммо «Раъй мадрасаси» гуруҳига зид бўлган, ўзини «Аҳли суннат» деб номлаган Аҳли ҳадис гуруҳи эса ҳадисдан қўл тортмай, пайдо бўлган янгича масалаларга нисбатан эътиборсиз эди.

Аҳли ҳадис Аҳмад ибн Ҳанбал майдонга чиқишидан олдин бирор асос ва йўл-йўриққа тобе эмас эди, турли эътиқоддаги шахслар Аҳли ҳадис номи остида тўпланган эдилар ва улар орасида муржиъа, носибий, қадарий, жуҳаний ва воқифий сингари гуруҳлар бор эди. Жалолуддин Суютий ушбу гуруҳларнинг исмларини ўз асарида келтирган.[11] Аҳмад ибн Ҳанбал Аҳли ҳадис гуруҳига етакчилик қилиши биланоқ, ҳаммани ўзи «Аҳли суннат ақийдаси» деб номлаган бир ақийда остида жамлади ва «Аҳли суннат» эътиқодига оид бир рисола битди. Ушбу рисоланинг кўп бандлари мусулмонлар орасида мавжуд бўлган фирқаларни рад этишдан иборат эди.[12] Гуё ислом ақоиди бир неча асослардан иборат бўлиб, уларнинг моҳияти бошқаларнинг ақийдасини танқид қилиш эди.

Аҳмад ибн Ҳанбал Қуръони Карим яратилганлиги масаласида Мўътазила гуруҳига қарши чиқиб, Аҳли ҳадис гуруҳига етакчилик қиларди. Шунинг учун, «Аҳли суннат» деб номлаган Аҳли ҳадис гуруҳи Аҳмад ибн Ҳанбалнинг издошларида хулоса бўлди. Аммо мутакаллимлар (илоҳиётчи олимлар), тафаккур юритувчи ва исломий ақийдаларни далиллар келтириб исботлашга ҳаракат қилувчи гуруҳлар эса «Аҳли суннат» унвони доирасидан ташқарига чиқиб қолдилар. Шу боис, «Аҳли суннат» деганда, фақатгина Аҳмад ибн Ҳанбал етакчилик қилаётган Аҳли ҳадис гуруҳи онгларда тасаввур қилинар эди.

Ҳижрий-қамарий санасининг тўртинчи асри аввалида Абулҳасан Али ибн Исмоил Ал-Ашъарий (333 – ҳижрий санада вафот этган) Басра шаҳридаги жоме масжидда Мўътазила гуруҳига тобе бўлганидан тавба қилиб, ўзини Аҳмад ибн Ҳанбалнинг издоши деб номлади[13] ва улкан саъй-ҳаракат билан Аҳмад ибн Ҳанбалдан мерос қолган ақоид мажмуини қайтадан тартибга солишга киришди. Бунинг натижасида у «Аҳли суннат» тоифаси орасида хос ўринга эга бўлди, хусусан Аҳмад ибн Ҳанбал ақоидининг айнан иккинчи нусхаси бўлган ўзининг «Ал-Ибона» номли китобини нашр этгач, янада кўпроқ танилди. Лекин шунга қарамай, унинг қарашлари Аҳмад ибн Ҳанбал билан бир хил эмас эди. Негаки, у Мўътазилийларга тобе бўлганидан тавба қилганди, калом илмидан эмас. Шунинг учун ўзининг иккинчи китоби «Ал-Лумаъ»ни таълиф этганда, «Аҳли суннат» ақийдасини калом илмининг далилларига асосланиб исботлашга ҳаракат қилди, ҳатто калом илмидан фойдаланиш зарур эканлиги хусусида рисола битди.[14]

«Аҳли суннат» номини ўзига хос деб билган Ҳанбалийларнинг кўпчилиги Абулҳасан Ал-Ашъарийни ҳаётлик чоғида ва ҳатто вафотидан кейин ҳам унинг «Аҳли суннат»га мансуб эканлигини қабул қилишмади. Шунинг учун, Абулҳасан Ал-Ашъарий Бағдодга келиб, Ҳанбалийларнинг пешвоси бўлмиш Барбаҳорий билан учрашганида, ўзининг Мўътазилийлар пешвоси бўлмиш Жубоий ва унинг ўғли Абу Ҳошимга қарши ҳамда яҳудий, насроний ва мажусийларга қарши ёзган раддиясини унга эслатади. Шунда Ашъарийнинг сўзи тугагач, Барбаҳорий унга қараб: «Мен сенинг сўзларингдан бирор нарсани тушунмадим ва Аҳмад ибн Ҳанбал айтган нарсалардан бошқасини тан олмайман», деб айтади. Шунга биноан, «Аҳли суннат»нинг буюк олими Ибн Ҳазм Андилусий Абулҳасан Ал-Ашъарийни «Аҳли суннат»дан энг узоқ бўлган шахс деб таништиради.[15] Бироқ замон ўтиши ва Абулҳасан Ал-Ашъарий тафаккури асосида тарбия топганларнинг тарғиботи билан Ашъарийнинг пешволиги «Аҳли суннат» орасида ўрнашади ва Ҳанбалийлардан бошқа ҳамма унинг раҳнамолиги ва пешволиги остида жамланади. Шунга кўра, Абулҳасан Ал-Ашъарий кейинги таълиф этган икки китобида ўзини «Аҳли суннат» ақийдасини тартибга келтирувчи ва тузувчи деб таништиради[16]. Ва унинг пешволигини тан олиб унга эргашганлар «Ашоира» номи билан таниладилар. Шунга биноан, Ашоира гуруҳидан бўлган Абдулқоҳир Бағдодий ўзининг ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадис устида юритган баҳс-музокарасидан сўнг, ўз назарини қуйидагича баён этади: «Нажот аҳли фақат Аҳли суннат ва умматнинг фақиҳлари ҳамда (Аллоҳ таоло учун) хабарий сифатларни исботловчи мутакаллимлардир, холос, бошқалар эмас.»[17]

Саъдиддин Тафтозоний ҳам ислом уммати турли фирқаларга бўлиниб кетиши ҳақида баҳс-музокара қилгандан сўнг айтади: «Абулҳасан Ал-Ашъарий ўзининг устози Жубоий билан баҳслашиб мунозара қилади. Ашъарий ва унинг шогирдлари Мўътизила мазҳабини рад этишга киришиб, Суннати Набавийяда келган нарсаларни исботлай бошлайдилар. Ва ислом жамоаси уларни тан олиб бу борада ўзларидан ҳиммат ва ғайрат кўрсатишади ва аҳли сунна вал жамоа номини олишади.»[18]

Абулҳасан Ал-Ашъарий билан бир замонда ислом оламининг машриқ томонида Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ал-Мотуридий Ас-Самарқандий (333 – ҳижрий санада вафот этган) худди Абулҳасан Ал-Ашъарий каби йўналишда фаолият кўрсата бошлади. Самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб ўша ернинг ўзида ижод қилган Абу Мансур Ал-Мотуридий Ас-Самарқандий ўзини «Аҳли суннатнинг мададкори» деб атади ва Абулҳасан Ал-Ашъарийдан кўра ақлий йўналиши чуқурроқ бўлган бир эътиқод ва ғояга асос солди. Натижада, Абу Мансур Ал-Мотуридийнинг ғояси икки ғоя, яъни Мўътазила ва Ашоира ғоялари ўртасидаги бир мўътадил ғоя бўлиб ўрин эгаллади. «Аҳли суннат» олими Баттош Куброзода (968 – ҳижрий санада вафот этган) Мифтоҳус-саъодат китобида шундай ёзади: «Калом илмида Аҳли сунна вал жамоанинг имоми ва пешвоси икки кишидир; бири Ҳанафий ва бошқаси Шофеъийдир. Ҳанафий ҳамон Абу Мансур Ал-Мотуридий бўлса, Шофеъий эса Шайхус-Сунна Абулҳасан Ал-Ашъарий Ал-Басрийдир.»[19]

Зубайдий ҳам бу ҳақда айтади: «Аҳли суннат деб айтилганда, Ашоира (Абулҳасан Ал-Ашъарийнинг издошлари) ва Мотуридийя (Абу Мансур Ал-Мотуридийнинг издошлари) назарда тутилади.»[20]

Ҳижрий сананинг саккизинчи асри аввалида Аҳмад ибн Таймия Ал-Ҳарроний (662 – ҳижрий санада туғилиб, 728 – ҳижрий санада вафот этган) яна бир бор ҳанбалийликни, яъни Аҳмад ибн Ҳанбалнинг тутган йўли, эътиқоди ва қарашларини қайта тиклашга уринди. У бу йўлда ташбиҳ (Аллоҳни инсон каби махлуқотларга ўхшатиш), тажсим (Аллоҳни ҳам жисм ёки жисмоний деб билиш) ва Худонинг Аршга ўтириши каби ақийдаларни кўтариб чиқди ва ушбу ақийдаларда мутаассиблик кўрсатиб, уларнинг устида оёқ тираб туриб олди. Мазкур ақийдаларни Шом ва Миср каби имлий бир муҳитда илгари сургани боис, ислом уламолари тарафидан рад этилди. Лекин орадан деярли уч ярим аср ўтгач, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ақийдасига асосланган ҳанбалийлик ғояси «Аҳли суннат» номи остида Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб (1115 – ҳижрий санада туғилиб, 1206 – ҳижрий санада вафот этган) томонидан яна илгари сурилди. Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб ушбу ҳанбалийлик ғоясини Арабистон ярим оролида жойлашган Нажд сарзамини каби маданиятдан узоқ бўлган муҳитда кўтариб чиққани учун саҳрода яшовчи бадавий араб қабилаларининг эътиборини ўзига жалб этди. Амир Сауд ҳам унинг бу ишида ёрдам бериши билан ҳанбалийлик тафаккури анча ривож топди. У иккаласи Нажд диёрида ҳукумат тузишди ва ушбу ҳукуматнинг асосини Муҳаммад бин Абдулваҳҳобнинг ақийдавий қарашлари ташкил этарди.

Ушбу ақийдага кўра, «Аҳли суннат» номи халифалик ва ворислик масаласида очиқ далил (Қуръон оятлари ва ҳадиси набавий) мавжуд эмаслигига ҳамда уч халифа (Абу Бакр, Умар, Усмон)нинг хилофати барҳақ эканлигига эътиқод қилувчи мусулмонларга нисбатан ишлатилади.[21] Ушбу ғояга кўра, халифалик ва ворисликни ҳазрати Али (алайҳис салом) ва ул зотнинг зурриётларига хос деб биладиган ўн икки имомлик Шиалар, Зайдийлар ва Исмоилийлардан бошқа исломдаги ҳамма фирқа ва мазҳаблар «Аҳли суннат» номи остидан жой оладилар.

Натижа ва мулоҳаза

Қачонки, «Аҳли суннат»дан мурод пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларига тобе бўлиб, ушбу суннатни нақл ва жам қилиб ёзиб қолдирган ҳамда бутун тармоқларда унга амал қилганлар бўладиган бўлса, у ҳолда «Аҳли суннат» номини Ҳанбалийлар, Ашъарийлар ва Мотуридийлар каби оқимларга хос деб билиш жуда ноўрин бўлади. Зеро, бутун жаҳон мусулмонлари, айниқса Шиалар «Аҳли суннат» бўлиб, Пайғамбаримизнинг суннатларига ҳамма ўринларда амал қиладилар, балки Шиалар бошқа мазҳаб ва оқимлардан кўра «Аҳли суннат» номига лойиқроқ ва ҳақлироқдирлар. Негаки, сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг риҳлатларидан сўнг саҳобалар ва тобеинлар орасида ҳадис нақл қилиш ва ёзиш бир аср давомида тақиқланди. Оқибат, бир асрдан сўнг Умар ибн Адулазиз хилофатга келгач, У ҳадис нақл қилиш ва ёзишнинг тақиқланганини бекор қилиб, ҳадисларни унутилишдан сақлаб қолиш учун азму ирода қилди.[22]

Лекин Шиаларнинг имомлари ҳадис нақл ва жам қилишда илғор ва пешқадам бўлиб, издошларини ҳам бу ишга тарғиб қилганлар. Шунинг учун маъсум имомлар ва уларнинг издошлари пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари ва ул зотнинг қимматли ҳадисларини муҳофазат этувчи бўлиб, бу йўлда улкан хизмат кўрсатганлар. Шиаларнинг дастлабки ҳадис китоби ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг китоблари бўлиб, ул ҳазрат ушбу китобни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг имлолари билан ёзганлар ва ул ҳазратдан кейин ҳам бутун асрлар давомида ҳадис нақл қилиш, ёзиш ва жамлаш Шиалар орасида тўхтаб қолмай, узлуксиз давом этган ва эндиликда ҳам давом этмоқда.[23]

Қўлланилган адабиётлар:

[1]. Роғиби Исфаҳоний, «Муфрадоти Роғиб», 29 – бет.

[2]. Ибн Манзур, «Лионул араб», 13 – жилд, 224 – бет.

[3]. Мирзо Ҳусайн, Муҳаддис Нурий, «Мустадракул-васоил», нашр маркази: Муассасату Олил-Байт, 1408 – ҳижрий-қамарий, 1 – жилд, 229 – бет.

[4]. Ибн Асийр, «Ан-Ниҳоя фий ғарийбил ҳадийси вал-асар», 9 – жилд, 409 – бет.

[5]. «Наҳжул Балоға», 182 – хутба.

[6]. Абу Ҳомид Ғаззолий, «Фазоиҳул Ботинийя», 78 – бет.

[7]. Жалолуддин Суютий, «Ад-Дуррул мансур», 2 – жилд, 291 – бет.

[8]. Ибн Касир, «Тафсири Ибн Касир», 1 – жилд, 398 – бет.

[9]. Абу Наим, Аҳмад бин Абдуллоҳ Ал-Исфаҳоний, «Ҳилятул авлиё», нашр маркази: Миср, 5 – жилд, 346 – бет.

[10]. Абу Ҳомид Ғаззолий, «Фазоиҳул Ботинийя», 78 ва 79 – бетлар.

[11]. Жалолуддин Суютий, «Тадрийбул ҳадис», 1 – жилд, 328 – бет.

[12]. Аҳмаб ибн Ҳанбал, «Рисолатус-суннаҳ», 44 – бетдан 50 – бетларгача.

[13]. «Феҳристи Ибн Надим», 271 – бет ва шунингдек, «Вафаётул аъён», 3 – жилд, 285 – бет.

[14]. «Буҳусун фил-милали ван-ниҳал», 2 – жилд, 51 – бетдан 60 – бетларгача.

[15]. Ибн Ҳазм Андилусий, «Ал-Фасл фил-милали ван-ниҳал», 2 – жилд, 365 – бет.

[16]. Абулҳасан Али ибн Исмоил Ал-Ашъарий, «Ал-Ибонаҳ фий усулид-диёнаҳ», 43 – бет ва шунингдек, Ашъарийнинг «Мақолотул Исломиййин» номли китоби, 350 – бетига мурожаат қилинг.

[17]. Абдулқоҳир Ал-Бағдодий, «Ал-Фарқ байнал фирақ», 318 ва 319 – бетлар.

[18]. Муҳаммад Умар Ан-Насафий, «Шарҳул ақоидин-Насафийя», 16 – бет.

[19]. Баттош Куброзода, «Мифтоҳус-саъодат ва Мисбоҳус-сиёдат», 2 – жилд, 22 ва 23 – бетлар.

[20]. Зубайдий, «Итҳофус-содатил муттақийн», 2 – жилд, 8 – бет.

[21]. Аҳмад ибн Таймия Ал-Ҳарроний, «Минҳожус-сунна», 72 – жилд, 221 – бет.

[22]. Саҳиҳи Бухорий, 1 – жилд, 27 – бет.

[23]. Масодирул фиқҳил исломий ва манаабиъуҳу, 95 – бет.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.