Home / Савол-жавоблар / Ижтимоий-иқтисодий / Ўзбекистондаги пластик карта ҳақида шаръий саволлар

Ўзбекистондаги пластик карта ҳақида шаръий саволлар

Ассалому алайкум Нажоткемаси жамоаси. Ўзбекистондаги пластик карта ҳақида сўрамоқчи эдим. Ҳозир бизда шунақа нарса борки, масалан картада 1000000 сўм пул бўлади, лекин ман шуни 830000 сўм нақд пулга сотиб оламан. Шу масала бўйича шариат аҳкомларида нима дейилган? Умуман олганда, мана шундай молиявий операцияларга шариатда рухсат берилганми?

Иккинчи саволим шуки, карта олиб сотарлар бор. Масалан сизнинг картангиз ҳисобида 1000000 сўм пул бор, лекин шу карта ҳамма жойда ўтмайди. Шунда ман сиздан шу карта ҳисобидаги маблағни оламан, фақат 1000000 сўмга эмас, балки 830000 сўм нақд пул сизга бераман, кейин эса ман шу карта ҳисобини 850000 сўм ёки 870000 сўмга сотаман. Мана шунинг ҳукми нима? агар иложи бўлса, шу саволларга шариат қонунларидан келиб чиқиб жавоб берсангиз. Чунки, ҳозирда бизда карта ҳисобидаги пул билан савдо қиламан десангиз, нақд пулга қараганда 17 фоиздан то 20 фоизгача арзон беришга тўғри келади. Агар шу карта ҳисобидаги пулни сотиб олмоқчи бўлсангиз, 10 фоиздан 15 фоизгача арзон оласиз. Шуларнинг ҳукмини айтиб ўтсангиз, олдиндан раҳмат.

Ҳурмат ила:

Камолиддин

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Ва алайкум ассалом. Бу сўраган саволингиз янги ва мустаҳдаса масалалардан бўлгани учун бунинг ҳукмини мужтаҳидлардан сўрадик. Қуйидагича жавоб берилди:

Агар ушбу молиявий муомала ўша давлатнинг қонунига хилоф бўлмаса ва мазкур муомалани амалга оширувчи шахснинг розилиги билан бўлса, бу иш шаръан ҳаром эмас. Агарчи саволда айтилган миқдорда 10 фоиз ёки 15 фоиз фойда олиш, яъни пластик картанинг ичидаги маблағни айтилган миқдорда нақд пулга қараганда бир неча фоиз кўпроқ қилиб олиш ахлоқий нуқтаи назардан саҳиҳ ва тўғри эмас.

Мазкур жавоб Оятуллоҳ Хоманаий фатволарига асосан берилган бўлиб, қолган мужтаҳидларнинг фатволари ҳам шунга яқиндир.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, имом Хумайнийнинг фатволарига биноан, молиявий операцияларда пластик картанинг ичидаги маблағни 10 ёки 15 фоиз кўпроқ қилиб олиш мижозларга зулм қилиш даражасида бўлса ёки бу иш Ислом давлати қонун-қоидаларига зид бўлса, у ҳолда бундай муомала қимматфурушлик бобидан жоиз эмас.[1]

Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, қимматфурушлик бобидан жоиз эмас деганда, фақат 10 ёки 15 фоиз кўпроқ қилиб олувчи шахсга қаратилган, аммо ночорлик юзасидан бундай молиявий операцияни амалга оширган шахсга бундай ишинг жоиз эмас, деб айтилмайди.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти


[1] Имом Хумайни, Саййид Руҳуллоҳ, Истефтоот, 2-жилд, 62-бет, Қум, исломий нашриётлар муассасаси, бешинчи чоп, 1422 ҳижрий йили.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.